Юрий Подпоренко. Тоғай Мурод асарлари таржима қилиниши шарт

      Комментарии к записи Юрий Подпоренко. Тоғай Мурод асарлари таржима қилиниши шарт отключены

Минг таассуфки, мен Тоғай Мурод ҳақида мазкур жанр учун керакли бўлган хотираларни келтира олмайман. Чунки биз у билан ҳаётлигида шунчаки бир-икки оғиз гаплашиб турардик, холос. Бу суҳбатлар эса ҳеч қандай хотира учун асос бўлмайди. Лекин мен адиб номи ҳамда у яратган наср кишида қандай таассуротлар қолдирганини айтиб ўтишим жоиз.

Мен дастлаб Тоғай Мурод номини Раҳимжон Отаевнинг XX аср 80-йиллари ўрталаридаги ёш ўзбек ёзувчилари ҳақидаги мақоласи қўлёзмасида учратдим. Ўзбек адабиётшуноси биринчи маротаба ўз мақоласини рус тилида ёзишга жазм этган ва бу қўлёзма «Звезда Востока» журнали таҳририятида ишлай бошлаган кезларим мен таҳрир этган биринчи матн эди. Мақолада ҳали рус тилига ўгирилмаган Тоғай Мурод асарлари ҳақида ҳикоя қилиниб, уларга батафсил шарҳ берилар, адиб ижодининг ўзига хослиги ҳақида гап борарди. Афсуски, ана шу «ҳали» Тоғай Мурод учун ҳаддан ортиқ чўзилиб кетди. Менга маълум бўлишича, унга ўз асарларининг рус тилида нашр этилишини кўриш насиб этмади. Адиб асарлари ҳатто сўзлаб берилганда ҳам улар ўзига хос деб қабул қилинаверарди. Ана шу ўзига хослик, аввало, ёзувчининг ўзи танлаган бадиий ифода йўсинларидан келиб чиққан. Унинг қаҳрамонлари соддалиги, самимийлиги билан ягона ва ажойиб бўлиб қолаверади, бу образлар тасодифийликдаги типикликдан пайдо бўладики, мангуга киши онгига сингиб кетади.

Бу нарса Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида Тоғай Мурод асарлари асосида намойиш этилган спектаклда яна бир карра ўз тасдиғини топди. Режиссёр Олимжон Салимов инсценировка қилиш пайтида асарнинг четлаб ўтиш мумкин бўлмаган ноёб қирраларини ажратиб оладики, афтидан, айни шу жиҳатлар Тоғай Муродни кундалик турмуш реалияларида кўпроқ ҳаяжонга солган ва қийнаганга ҳамда уни ижод сари ундаганга ўхшайди.

Ҳаётдан барвақт кетган бу ёзувчининг шоирона насри у ҳаётлигида рус тилига таржима қилинмаганлигини шунчаки англашилмовчилик деб бўлмайди. Ўйлашимча, бу қисман Шарқ шеъриятининг таржима қилинмаслиги тўғрисидаги тасаввурларга, қисман эса турли маданиятларга хос бўлган қарашлардаги жиддий фарқларга боғлиқ. Афтидан,Тоғай Мурод, ўз қаҳрамонларининг она тилида аниқ сезилиб турган жозибадор кучи ўша жозибадорликни ифодалаш қувватига эга бўлмаган таржимада йўқолади, деб ҳисоблаган.

Лекин шундай бўлса-да, Тоғай Мурод насрини рус тилига таржима қилишга уриниб кўриш зарур. Чунки ўз қаҳрамонлари каби ноёб бундай ёзувчи бошқа йўқ ва афсуски, ҳеч қачон бўлмайди ҳам.