Неъмат Аминов. Куёв сарпоси излаб…

      Комментарии к записи Неъмат Аминов. Куёв сарпоси излаб… отключены

(Ёзувчи Тоғай Мурод ҳақидаги хотиралардан)

Оллоҳ раҳматига олган бўлсин, Тоғай Мурод ёрқин ранглар, мунис-мунис оҳанглар ёзувчиси эди. У қисса битмасди. балки бор овози билан ҳазин-ҳазин шеьр ўқирди, қўшиқ айтарди. Бу шеърда ўзига хос сирли оҳанг, жозиба оҳанрабодек жилоланиб туради.

Дарҳақиқат, Тоғай Муроднинг дастлабки қиссалари — «Ойдинда юрган одамлар», «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом» ана шундай асарлар жумласидандир. Шу хил ўзбекона тилда ёзиш учун Тоғай Муроддек кўкларга хос мағрур, мовий бир характерга, худди ўшандек ички бир камтарликка эга бўлиш лозим эди.

Эсиз одамзот! Минг афсус, энди унинг қўшиқларидан фонограмма эмас, балки ўз овозида айтилган асл нусхалар қолди.

Худо кўрсатмасин, агар уни Тургенев ва Толстой сингари айрим даҳо дуэлпараст ижодкорларга ўхшаб жангариликда айбласак, Тоғай Муроднинг руҳини ранжитиб, унинг пок номини беном қилган бўлар эдик.

Очиғи, мен бу йигитни аҳён-аҳёнда уюшма йиғилишларида учратиб қолардим. У ўзига хос бир мағрурлик билан ўнг қўлини костюми ёки шими чўнтагига солганича, залнинг энг орқа қаторидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирар ва мағрурона тингларди. У ҳақда биринчи марта ёзувчи сифатида эмас, балки шофирконлик бир шахматчи йигит билан айтишиб қолгани тўғрисида кимдир қўшиб-чатиб ҳикоя қилиб берганида орқаворатдан эшитганман. Айтишларича, ҳақиқатан ҳам, бир оз ҳавойироқ шахматчи йигит ҳам спортчи, давра кўрган Тоғай Мурод ҳам спортчи. Бу воқеани ўз кўзи билан кўрган одамларнинг ҳикоя қилишларича, шахматчининг сал-пал ҳавойилиги туфайли рақиби билан оддий «сантак-мантак» муштлашув даражасига бориб етади.

Тоғай Муроднинг ўнг қўли унинг оғиз-бурнига тўғри келади. Шўрлик шахматчи жонҳолатда унинг кўрсаткич бармоғини ғарч этиб тишлаб олиб, «пуф» деганча бир четга тупуриб ташлайди. Буни, шу жанжалнинг гувоҳи бўлган бухоролик талабалардан ҳам эшитганман…

Шу-шу, полвонсифат йигит — бўлажак машҳур ёзувчининг талабалик давридаги арзимас жанжалдан (антиқа жангда мушт ўрнига тиш ғолиб чиққанди) кўрсаткич бармоғи салкам бир бўғин чўлтоқ бўлиб қолган эди.

Бу воқеа ҳар иккала рақиб орасида сир бўлиб қолди. Мана, бугун 1984 йилнинг кузида ўн олти қаватли «Шарқ» Бирлашган нашриётининг ўнинчи қаватида «Муштум» журнали идорасида ишлаб ўтирсам, пастдан ички телефон жиринглаб қолди:

— Лаббай?!

— Алло! Мен Тоғайман.

— Қайси тоғам, дейсиз ?

— Мен ёзувчи Тоғай Муродман!

— Э, бундай денг? Хўш, хизмат?!

— Пастга тушасизми? Ёки сизни хор қилиб ўтирмай ўзим чиқиб борайми?

— Қаердасиз?

— Мелисани ёнидаман…

— Бўлмаса овора бўлиб юрманг, ўзим тушаман.

— Бўпти, кутаман.

Ҳаял ўтмай пастга тушиб келдим. Биринчи қаватда осмон­ўпар бинонинг кўланкасида, бир четда Тоғай Муродни кўрдим. Ўша-ўша кифтлари гўштдор, елкалари бир оз чиқиқ, қўллари узун-узун, сапоқ, бетлари анордек қонталаш эди. Ёнида ориққина қорача бир қиз бўлиб, ийманиб турарди. Тоғай ўзини бир оз ўнғайсиз сезгандек, ноқулай бир кайфиятда эди.

— Кирасизми?

— Йўқ, ака Неъмат, Сизни тўйга айтиб келувдик.

— Қачон экан тўй?

— Ҳали тўйгача салкам бир қовун пишиғи бор.

— Яқин экан-ку (ўзимча ҳисоблаб чиққан бўлдим), айтмоқчи, келин маъқулми ишқилиб?

— Ҳа, ёмон эмас, — ёнидаги қизга ишора қилиб, — бир кунимизга яраб қолар. Дарвоқе, танишинг, ўзлари ёзувчи, отлари Маъсума. Тўй-ку бўлади, ака Неъмат, бир масалада бошимиз қотиб турибди. Келинингиз айтмоқчи, гўшангага кириш учун оҳори кетмаган бир костюм керак экан.

— Менга қаранг, куёв бола, — дедим ҳазилга олиб, — ахир ўзингизда ажойиб костюм бўларди, катак-катак, қизил гулли, шолга ўхшаш қалин. Ўзингизга жуда ярашарди.

— Ҳа, уми, жуда зўр костюм эди. Мени ёзувчи қилиб танитган ўша костюм. Аслида ўн йилдан ортиқроқ кийиб юрибман. Бироқ келинингиз айтмоқчи, гўшангага кириш учун бирор-бир оҳори кетмаган костюм керак эмиш. Менинг ўзимга қолса, онамдан қолган бўхчада даврабоп кураш тушадиган олача тўним ҳам бор. Ўшани кийиб бир кечалик тўйни ўтказсам ҳам бўлаверади.

Шундан кейин магазинма-магазин, таниш-билишларни излаб кетдик. Дастлаб, циркнинг кунчиқар томонидаги «Ганга» магазинига кирдик. Бу магазин янги очилган, Ҳиндистон билан қўшма магазин бўлиб, бу ерда ноёб чет эл кийим-кечаклари аҳён-аҳёнда учраб турарди. Афсус, мурод ҳосил бўлмади. Кост­юм бор экан-у, сотувчиси йўқ экан. Биз излаган ленин­ободлик Асадулла деган йигит бор эди, аксига олиб у ҳам йўқ экан, онаси бетоблиги учун кеча кечқурун қўшни республикага жўнаб кетибди. Ноилож яна йўлга тушдик. Бу гал «Жасорат» ёдгорлигининг кунчиқар тарафида жойлашган кийим-кечак магазинига йўл олдик. Магазин сотувчиси бир йигит бизнинг арзимизни диққат билан эшитгач, хушчақчақлик билан келин-куёвни самимий табриклаган бўлди.

— Тўй бўлсин, ишқилиб, бахтли бўлинглар.

— Раҳмат, ташаккур.

— Менга қаранг, куёв бола, бу келин бўлмиш қатдан ўзлари?

— Қатдан бўларди, шу Ўзбекистондан-да…

— Айтмоқчи, мен водийдан ёки ўзимиздан бўлсалар керак деб ўйлабман. Биз томонларда одатда қиз бола туғилгандаёқ куёв сарпоси тадоригини ўйлаб қўяди. Бизларда шу расм бўлган. Наҳотки шу пайтгача ўйламаган бўлсаларингиз?

Куёв боланинг турқи шу заҳотиёқ ўзгариб кетди:

— Бунинг учун келин боланинг отаси катта амалдор ёки поччаси облпотребсоюзнинг директори бўлиши керак. Бизнинг келинимиз бўлса, ўзимизга ўхшаш… Начора, бизбоп костюм топилмаса керак-да?

— Нега, топилади, излаб кўрамиз. Ҳамкасбларнинг бирортасида топилса керак…

— Хўп, қачон хабар олсам бўлади?

— Эртага обедга яқин бир хабар оласиз-а, куёв бола.

— Хўп, майли, бўлмаса эртага хабар оламан.

Албатта, эртаси куни Тоғай Мурод никоҳ костюмидан хабар олмади. Хуллас, бизлар ва сотувчи йигит ортиқча хижолатпазликдан халос бўлганимизга шукр қилиб қолавердик.