Боир Холмирзаев. Сабоқ

      Комментарии к записи Боир Холмирзаев. Сабоқ отключены

Санъат оламида минг тўққиз юз етмиш саккизинчи йилдан буён хизматдаман. Айнан мусиқали драма театрида ишлай бошлаганимга ана шунча йил бўлибди… Озми-кўпми оқ-қоранинг фарқига борадиган пайтимизда мен бир ёзувчи билан ошно бўлдим. У Тоғай Мурод бўлди. Ижодий диапазонда мени энг кўп тўлқинлантирган, қалбимни ларзага солиб, қалқитган асар ҳақида гап кетганда, мен, аввало, у кишини тилга олиб, унинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини айта бошладим. Боиси…

Ўзи, аслини олгандаям Тоғай Мурод билан ғойибона танишишимга шу асар сабабчи бўлган экан.

Театрда ишлаб юрган кезларимда бир ҳамкасбим мана шу қиссанинг яқин-орада спектакл қилинишини айтиб қолди ва менга уни бир ўқиб чиқишни тавсия қилди. Унинг ўзи ўқиб, ҳатто касал бўлиб қолгани, асар жуда бақувват илдизга эга эканини айтганида, унчалик ишонмаган эдим. Ўқигандан сўнг эса… тан бердим! Ҳа, мен ҳали шунча йилдан бери ўзбек адабиётида бундай асарни ўқимаган эдим.

Қиссани мутолаа қилар эканман, ҳар сафар ёзувчи Саид Аҳмаднинг сўзлари эсимга тушаверади. У киши зап таъриф берган-да: «Тоғай Мурод қисса битмайди, назаримда бор овози билан қўшиқ айтади. Бу қўшиқларда авж пардалар бор, нолишлар бор, савт бор». Мен эса бунга яна нимадир қўшган бўлардим. Баъзан кўнгил жуда орзиқиб, юраклар ҳаприқиб кетадиган пайтлар бўлади. Бўғзингга бир нарса тиқилаверади. Тоғай Мурод ана шундай бор вужуди билан қўшиқ айтган одам… Вужудидан ўртаниб, ўкириб-ўкириб қўшиқ айтган инсон. Унинг қўшиқларини юраги бор одам борки, вужуди билан тинглайди. Мен худди шундан жуда таъсирланганман.

Тоғай Мурод қандай асар битмасин, ўзбек дардини, унинг қувонч-ғамини ўзбекона тасвирлай олган адибимиз бўлиб қолаверади. Биламизки, Абдулла Қодирийнинг ўз услуби бор. Агар асарларини ўқисангиз, бу Абдулла Қодирийники, дейсиз. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳам ўз услуби бор. Бир ўқишдан ўша асарни Қаҳҳорники эканини билиб олишингиз мумкин. Тоғай Мурод ҳам ўз услубини яратди!

Адабиётда ўзига хос, янги услубга эга бўлиш ҳазил гап эмас. Бу ўта катта янгилик. Тоғай ака шу пайтга қадар ҳеч ким ёза олмаган, ҳатто ёзиш етти ухлаб тушига кирмаган услуб яратди. Камёб услуб кашф этди. Бу — ютуқ!

Мен нуқта билан ёзган, шу тиниш белгисидан бу қадар моҳирона фойдаланган ёзувчини ҳали учратганим йўқ! Қаранг, у қандай санъаткорона гаплар тузган: «Бобомиз қарадилар. Нуқта. Қарадилар. Нуқта». Қаранг, агар матндан келиб чиқсак, мана шу жойда одамнинг кўнгли юмшаб кетади. «Бобомиз узоқ қарадилар», дейди ёзувчи. «Бобомиз қўл силтадилар», дейди. Шу десангиз, «қўл силтамоқ» ибора — бирикмасини ҳеч қайси адиб бу тарзда ишлатишга журъат қила олмаган! Қўл силташ — бу кенг қамровли тушунча. Бу ибора таг-замирида гап кўп. Бу гениал фикр.

Ўзбек севаман, ёнаман, юр, боққа борамиз, демайди. Ўзбек Қоплон ва Оймомо каби севишади, улардайин бир-бирига боғланиб севишади. Бир-бири билан руҳан қовушиб кетади. Улар устоз Саид Аҳмад айтганидек, «йўқ фарзанднинг момоси, йўқ боланинг бобоси» бўлиб яшадилар. Улар ўзбекларда энг муқаддас маъво — оила тушунчасига хиёнат қилмайди, енгил-елпи яшашга, бўлар-бўлмас сабаблар билан оила бузилишига йўл қўймайди! Асосийси, бир-бирини тушуниб яшайди. Умид билан кун кўради. Чунки улар бир-бирини севади. Мана буни ҳақиқий севги дейдилар! Момоси ўлгандан кейин бобосининг унга айтган гапини эслайлик: «Момоси, бизнинг зардолилар ғарқ пишди. Болалар девордан ошиб зардолилар шохига чиқиб қоринлари тўйгунча еяпти. Қўйинларига солиб кетишаяпти. Эшитаяпсанми, момоси, бизнинг зардолиларни болалар ейишаяпти!»

Шу жумладан кейин учта нуқта қўйилган. Қиссанинг шу жойини оддийгина қилиб гапириб ҳам, ўқиб ҳам бўлмайди. Бунинг маъносини ҳар ким ҳам тушунавермайди, шунга аламинг келади киши…

Лекин буни оддийгина қилиб бола-чақага муносабат, деб айта олмаймиз. Бу — келажак авлодга муносабат. Катта аждодларимизнинг ўз авлодига бўлган муносабати.

«Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги бўзбола тасвири ёдингиздами?

«У мижози хуш кўрмиш одамлар билан салом-алик қилади. Борди-келди қилади.Чин дилдан гапиришади, очилиб гурунглашади. Кўнглига ўтирмаганлар билан саломлашгиси келмайди!

Шунда у тиззаларини қучоқлайди. Олис-олисларга — Боботоққа термулиб-термулиб айтади: «Чин гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади».

Қаранг, «Чин гаплар кўнгилда бўлади, тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади», деяпти. Мана, ҳаётий мушоҳадаю бақувват фалсафа! Бунга ҳар ким ҳам амал қила олмайди. Дарвоқе, ўша бўзболанинг ўзи… Тоғай Мурод! Ҳа, мен шундай деб биламан.

«Ойдинда юрган одамлар» қиссаси қаҳрамони — Бобомизнинг худога зорланган жойлари бор:

«Эй, худо, эсимни таниганимдан буён худога сиғиниб келдим, худога топиниб келдим, худога ишониб келдим. Шундай экан, ҳар не қилсанг қил, пуштикамарли қил-да, эй, худо! Дунёдан неча-неча подшолар ўтди, неча-неча ҳокимлар ўтди, неча-неча катталар ўтди… Пуштсиз умрим мобайнида кўп-кўп подшолардан қайтдим, кўп-кўп катталардан қайтдим… Аммо ёлғиз сендан қайтмадим, эй, худо! Дилимда-да худо бўлди, тилимда-да худо бўлди.

Бандаларинг қай бир подшоларга сиғинмади. Бандаларинг нималарга сиғинмади, бандаларинг нималарга топинмади… Бандаларинг динидан қайтди, бандаларинг худосидан қайтди, бандаларинг имонидан қайтди. Сен айнан ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо! Ожиз қолмишларимда, чор-ночор қолмишларимда, хокисор қолмишларимда:

— Эй, худо, ўзинг сақла! Эй, худо, ўзинг мадад бер! — дедим. Асло, асло:

— Эй, партия, ўзинг сақла… Эй, комсомол, ўзинг мадад бер! — демадим.

Аммо шундай дегувчилар кўп бўлди! Бандаларинг шу даражага-да борди! Сен келиб-келиб ана шу бандаларингни зурриётли қилиб яратдинг, эй, худо».

Фарзанд — ҳамма миллатнинг менталитетида бор. Бизда фарзандга нисбатан «қолажак жоним, оқаётган қоним, давомчим», деб қаралади. Тоғай Мурод, шу, фарзандсизликни — ўзбекнинг «кичкина» бир дардини катта майдонга олиб чиқди. Қиссада инсоният тақдирида мавжуд умуминсоний муаммо — фарзандсизлик, севги тилга олинган. Буни бир сўз билан «тилга олинган», деб айтолмаймиз. Шу умуминсоний муаммоларнинг Тоғай Муродона битилиши қиссага беқиёс мазмун ва умр­боқийликни тамға қилиб босди.

Ҳақиқатан ҳам, бу асарни, боя айтганимдек, касал бўлмасдан ўқиб бўлмас экан. Мен касал бўлдим. Тоғай акани тушуниб ўқиш керак. Биз буюкларни буюк деймизми? Аслида эса Тоғай акадек ёзувчи ҳақиқатан буюк. Мен буни доим ич-ичимдан ҳис қиламан. Чунки у инсоний ҳузур-ҳаловатдан кечиб, фақатгина адабиёт учун яшаб ўтди. Шунинг ўзига ҳайкал қўйиш керак! У — адабиётни бола-чақадан, бу дунё ҳою ҳавасларидан устун қўйган адиб!

Бундан беш-олти йил муқаддам «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини саҳналаштирмоқчи бўлдик. Ҳаракат бошланиб кетди. Лекин асарни спектакл қилиш учун аввало муаллиф-ёзувчидан рухсат олиш керак эди…

Йиллар ўтиб, мен бир нарсага амин бўлдимки, биз — театр жамоаси вакиллари, ёзувчининг интеллектуал мулки бўлмиш асарини спектакл қилишда, ҳатто ундан оқилона рухсат сўрашнинг ҳам уддасидан чиқа олмаган эканмиз. Ёзувчининг розилиги олинмагани боис спектакл қўйилмади. Чунки театр раҳбариятининг тўпориларча хатти-ҳаракати муаллифга жуда оғир ботди ва у спектаклни бекор қилди. Чунки биз асарини ундан ими-жимида рухсат сўраб, шартта саҳнага қўйвораверган эканмиз.

Энди бошдан дўппини олиб, ўйлаб қарасам, бу борада муаллиф ҳақ экан. Ахир бу ерда муаллифлик ҳуқуқи деган гаплар ҳам бор эди-да… Бизда цивилизацияга эришган илғор мамлакатлардаги каби муаллиф билан ишлаш, ёзувчи билан муомала қилиш тажрибаси йўқ экан. Энди билсам, буни биз — театр ходимларига Тоғай Мурод ўргатиб кетган экан!

Хуллас, спектаклни саҳналаштириш жараёни жуда қизғин давом этди. Эҳ-ҳе, ҳар бир репетиция йиғи билан бошланиб, йиғи билан тугарди. Мен Бобоси ролини ўйнадим. Қаранг, Ўзбекистонда актёрлар озмунчами? Бу ролни ижро этиш менга насиб қилди, биродарлар, менга! Гарчанд асар ортиқ саҳнада намойиш қилинмаган бўлса-да, мен ана шунинг учун ҳам бахтли ҳисоблайман ўзимни.

Репетиция жараёнида яна шуни билдимки, Тоғай Мурод асарлари қаҳрамонлари ролини образ ўйнаш техникаси ёки иқтидоринг бўлса ҳам ижро этиб бўлмас экан. То актёрнинг ўзи ўша ролларни вужудидан ҳис қилиб, уларнинг характери тўғри келмас экан, агар шу актёрнинг пешонаси етти қарич бўлса ҳамки, ўйнай олмайди! Буни мен ич-ичимдан ҳис қилдим. Мен ҳатто мақтаниш бўлса ҳам айтай, ўз синглимнинг тўйига бордим-у, тезда қайтиб келдим. Боиси, саҳнани, Қоплон ролимни қизғандим! Буни синглимнинг тўйида қатнаша олмаганимни афсус чекиб айтаётганим йўқ. Асло! Фахрланиб айтяпман. Умримда энг берилиб, чин дилдан ўйнаган ролим ҳам шу — Қоплон образи бўлиб қолди. Мен бу ролимни бошқа ролларим билан қиёслай олмайман, ҳеч қайсисига алмаштирмайман.

Биз спектаклни мутахассислар, жамоатчилик, журналистлар ва санъат усталарига тақдим этганимизда улар катта қизиқиш билан қарши олдилар. Муқимий театрига келганимга йигирма беш йил тўлаётган бўлса, бу давр мобайнида ҳали бирорта асар бу қадар олқишга сазовор бўлганини эслай олмайман. Театр тарихида ҳали бунақаси бўлмаган эди. Спектаклни томоша қилган мутахассисларнинг қарийб юз фоизи бир гапни такрорлашди: «Ўзбекнинг ҳақиқий Лайли-Мажнуни бўлибди. Ўзбекнинг севгисини куйлабди».

Мен эса энг севимли ролим рад қилинганидан сира хафа бўлмадим. Аксинча, муаллифга нисбатан ихлосим ошди.

Орадан вақтлар ўтди. Бир шум хабар тарқади…

Бу ўта қайғули хабар эди. Худди шу лаҳзада кўз олдимдан кўп нарсалар ўтади: театрда ўз мухлисларини кўра олмаган ролим — Қоплон, биз театр ходимларидан қаттиқ ранжиган ёзувчи, армонга айланган учрашув… Мен ўзимни йўқотдим. Мен адиб билан бир замонда яшаб туриб, уни бир… ҳатто бир мартагина кўролмай қолдим. Мана, менинг армоним.

Шундан сўнг, мен бор дардимни қоғозга тўкиб солдим. Матбуот, радио, телевидениеда чиқишлар қилдим, интервьюлар бердим. Уларнинг ҳаммаси Тоғай Мурод ва мухлислар кўролмаган ролим — Қоплон ҳақида бўлди.

Ҳали санъатда Тоғай Мурод ижодига кўп бор мурожаат қилинади. Мен унинг асарлари дунёдаги энг нодир асарлар қаторидан жой олишига қатъий ишонаман. Биз ҳали ўзбек адабиётининг классик адабиёт намунаси сифатида Тоғай Мурод асарларини ҳам кўрсатамиз. Улар шундай баҳога арзийди.