Чори Нуруллаев. Менинг ҳамқишлоғим

      Комментарии к записи Чори Нуруллаев. Менинг ҳамқишлоғим отключены

Ана шу фикрдан ҳамиша кўнглим фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Ҳа, мен машҳур адиб билан ҳамқишлоқ эканлигимдан, бир пайтлар унга укадай яқин бўлиб қолганимдан фахр­ланаман! Ҳамқишлоғимиз халқ ёзувчиси Тоғай Мурод киндикдай миттигина Хўжасоат қишлоғимизни, қолаверса, бутун Сурхон воҳасини «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» каби ўлмас, бетакрор қиссаларида санъаткорона тасвирлаб, оламга танитди. Ана шу элимизни оламга танитишдай фахр туйғуси Тоғай акани кўз олдимда юксакларга кўтарди.

Тоғай ака билан бир қишлоқдан бўлсак-да, у билан Тошкентга келиб танишдим, яқин бўлдим. Мендан илгари Назар акам Тошкентга ўқишга келган, Тоғай ака билан яқин эди. Мен ёзувчи Тоғай Мурод билан танишишимга хўжасоатча ток-вайиш, токсўри сабаб бўлган десам, балки бу гап ғалати туюлар.

Бир куни акам Тоғай ака бизни уйига ҳашарга айтди, деб қолди. Бир дам олиш куни икки-уч бола бўлиб, Тоғай аканикига ҳашарга келдик. Албатта, бу гаплар бировга қизиқ туюлмаслиги мумкин. Лекин мени ҳайрон қолдиргани шу эдики, ўзи катта ёзувчилигига қарамасдан беш қаватли уйнинг биринчи қаватида яшайдиган Тоғай ака қора меҳнатдан қочмай, уй атрофини тош-шағаллардан эринмай тозалабди, обод қилибди. Яна денг, ҳар тонг яқинларидаги «Динамо» стадионида югуриб, бадантарбия машқлари билан шуғулланадиган Тоғай ака қайтишида стадионнинг ҳар томонида сочилиб ётган темир-терсакларни олиб келиб, уйи олдига тахлаб қўйибди. Биз калта-култа темирларни кўриб, ажабландик, одатда, баландга сўри қилинажак темирлар узун-узун бўларди-да! Биз Тоғай акага буни айтиб ўтирмадик — хафа қилгимиз келмади. Чунки унинг кўнгли нозик, салга дили ранжиб қоладиган табиати бор эди. Биз қўлдан келганча шу темирларни бир-бирига улаб, пайванд қилиб, сўри кўтардик. Ана шунда Тоғай аканинг хурсандлигини кўринг. Худди отаси ўзиюрар каттакон ўйинчоқ машина олиб берганидан қувончи ичига сиғмаган ёш боладай қувонарди. У қўлларини бир-бирига ишқаб: «Ана… ана! Қойил, йигитлар, қойил!» — дерди. Ҳа, ҳамюртимиз бўлган катта ёзувчи Тоғай Мурод ана шундай боламисол кўнгли беғубор эди. Биз Тоғай аканинг кўнглини ололганимиздан хурсанд эдик.

Бир куни Тоғай аканикига борганимда биз бир пайтлар ясаб берган токсўрига кўзим тушди. Тоғай Мурод меҳр билан эккан токлар барқ уриб ўсиб, гуллаб-яшнаб, сўрини безаб турибди… Шу ўринда бир гапни айтиш керак: Тоғай ака ҳаммани ҳам уйи­га киритавермас, ҳамма билан ҳам гаплашиб кетавермас эди. У иқи суйган одам билан гаплашарди. Шунинг учун бир туйғу кўнглимни ёритиб туради: эшик қўнғироғи жирингласа, янгага: «Агар Чори бўлса, кирсин», деркан.

Ҳар борганимда Тоғай ака қишлоқдагиларни, яқинларини, айниқса, тоғасини сўрар, яна қандай янгиликлар борлигини билишни дилдан истарди. Ана шунда мен унинг шаҳарда доимо­ ўзи туғилиб-ўсган қишлоғини қўмсаб, соғинч билан яшаётганини сезардим. Ана шунда унинг катта ёзувчиларга хос, ижодкорона хаёллар оғушида яшашини, қишлоғининг самимий одамлари билан дилдан суҳбат қургиси келаётганини сезиш мумкин.

Бир куни Тоғай ака қўнғироқ қилиб қолди. У машина олар бўлибди. «Шуни олиш керак, — дейди. — Шу машинани сизлар олинг­лар. Мендан сизларга совға», — дейди. Биз акам билан ийманиб, албатта, «йўқ», дедик.Тоғай ака эса: «Мен ахир машина минишни билмайман. Олмасанглар, сотаман», деди. Хуллас, машина сотилди. Машина сотиш ҳангомаси қизиқ, пулини банкка қўйиб, ҳийла-усталик нималигини билмаган Тоғай аканинг анойилиги ундан-да қизиқ!

Вақтлар ўтиб, янги машина сотган Тоғай ака унинг пулига бир кўйлак ҳам ололмайди. Лекин машина олганлиги қувончи кўнглида қолади. Ҳа, у ҳаётнинг оддий, майда қувончларидан ҳам катта завқ олиб, гўдакдай шодлана оладиган ниҳоятда самимий, тоза қалбли инсон эди.

Яна бир куни уйимиз телефони жиринглаб қолди: Тоғай ака экан. Тез етиб кел, дейди. Билсам, Тоғай ака Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлибди. Шу куни қувонганларимиз…

Мен нафақат халқ кўнглига кира олган, катта ёзувчи бўлган ҳамюртим билан, балки беҳад тозакўнгил, катта қалб эгаси бўлган инсон билан яқин бўлганимдан ҳамиша фахрланаман.