Жуманиёз Жабборов. Ўхшаса, ўзига ўхшайди

      Комментарии к записи Жуманиёз Жабборов. Ўхшаса, ўзига ўхшайди отключены

Биз кўпинча ўтмишда ўтган буюк ижодкорларимизни табиа­тан тайёр, шаклланган ҳолда инъом этилган мислсиз зотлар деб биламиз ва бошқача бўлишини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Гўё улар шундай яралганлар-у, шу ҳолича яшаб ўтганлар. Ҳолбуки, халқ ардоқлаган ҳақиқий ижодкор бўлиш учун қанчалар меҳнат қилинади, қанча заҳмат-машаққатлар чекилади. Мен шулар хусусида ўйлар эканман, катта бир халқ адибининг ижодий ўсишига гувоҳ бўлганлигимдан ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Сурхон қишлоқларидан келган бир ўзбек фарзанди етук ёзувчи Тоғай Мурод бўлиб шаклланиши, поғонама-поғона юксалишини ўз кўзим билан кўрдим.

У янги уйланган кезлари Мирзапўлат Тошпўлатовлар билан Эгарчи маҳалласида қўшни туришди. Ўша вақтлари ҳам у билан кўп гаплашганмиз: адабиётга, адиблар ижодига баҳо беришда гаплари катта-катта, яъни дадил, ўзига хос эди.Тоғай жуда табиий, образли гапирарди. Фикрлари фавқулодда эди. Булар менинг у ҳақдаги илк таассуротларим.

Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаётган йилларимда Тоғай Муродни яна бир бор кашф этгандай бўлдим. Билсам, унинг асарлари ҳам гаплари каби «катта-катта» экан. Дунёда ўзига хос деган тушунчани Тоғай Мурод қиёфасида чуқур ҳис қилганман. Воқеани бошқача ҳикоя қилиб бериш услуби, ҳаётга янгича нигоҳ билан қараши, ҳар бир сўзга катта мазмун юклаши, гапларидаги маънолар қоришмаси — буларнинг бари Тоғай Муродгагина хос эди. Шунга қарамай, Тоғай Мурод қиссаларининг нашр этилиши осон бўлмади. Ўшанда қандайдир кераксиз назорат кучайиб кетганди. Шуҳрат аканинг бир романини чоп этишга ҳам рухсат беришмаганди. Ҳатто ўша пайтлардаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сарвар Азимов аралашиб бизга ёрдам бермоқчи бўлса-да, ижобий ўзгариш бўлмади. Қаердадир ҳамма нарсани тушунадиган, ҳаммадан кўп биладиган одам бор эди-да. «Буни нега чиқазяпсан? Нима қизиғи бор? Қани бу ерда совет кишисининг хусусиятлари? Бошига фожиа тушган одамларни нега ҳадеб чиқараверасизлар? «Зафарнома»га ўхшаш асарлар нега керак? Амирийнинг девони кимга керак?» каби устма-уст саволларни жавобсиз тинглашдан ўзга чора йўқ эди. Раҳбарлик вазифам билан шуғулланиш ўрнига куним тепадагиларга корректура ташиш билан ўтарди. Уёқда ўтирганлар босмага кетишга тайёр қўлёзмаларга йўл бермай, столлари устига қалаштириб қўяверарди…

Биз Тоғай билан тез-тез кўришиб турардик. Менинг нима дардда изтироб чекиб юрганимни у ҳам билар эди. Вақти келиб, Тоғай Мурод асарларини чоп этмасликнинг ҳеч иложи қолмаганидан кейин, улар бошқача йўл тутишди: «Тоғай Мурод яхши, истеъдодли ёзувчи экан. Унинг шунақа асарлари бор экан-а» қабилида гапларни айтиб, 180 даражали ўзгаришлар касб этдилар. Кўряпсизки, ўшандай қийин вазиятларда ҳам Тоғай Мурод асарлари дунё юзини кўра олди.

Айтмоқчиманки, чинакамига кучли асарга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмайди: на мафкура қафаслари, на сиёсат панжаралари… Ҳақиқий истеъдод ҳар қандай замонада ҳам ўзини намоён эта олади. Тоғай Мурод қиссалари казо-казолар даврида ҳам чақнаб, тўсиқларни ёриб чиқа олди.

Тоғай Мурод ижодни қандай суръатда бошлаган бўлса, ке­йин ҳам шу суръатда давом эттирди: бир-биридан гўзал қиссалар, романлар ёзди. У ҳаётдан эрта кетганига қарамай, бир ёзувчи қилиши мумкин бўлган ишларни бажара олди. Унча-мунча ижодкорга насиб этмайдиган муваффақиятга эришди: у ўз услубини яратди. Адабиётда янги йўл кашф қилди. Тоғай Мурод ижоди, шахсиятини биргина «фавқулодда» деган сўз билан ифодалаш мумкин. У бошдан-оёқ фавқулодда эди. Фавқулодда инсон, фавқулодда адиб эди у. Мен Тоғай Муродни жаҳон адабиётидаги фалончи-фалончиларга ўхшатишни хоҳламайман. Ўхшаса, у фақатгина ўзига ўхшайди. Шунинг учун ёзувчи Тоғай Муродни адабиётимизнинг катта авлодлари ҳам ҳурмат қилишарди.

Тоғай Мурод қиссаларида стилистик бўёқлар гўзал. Инсоннинг ички кечинмалари теран. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида фарзандсизлик балосига учраган одамнинг фожиаси орқали унинг қалб дунёси ғоят таъсирчан кўрсатиб берилган. «От кишнаган оқшом»нинг тили, услуби янада гўзал. «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидаги маънавий курашни қаранг. Бу орият учун кураш, инсонийлик учун мангу кураш…

«Отамдан қолган далалар» романида кенглик бор. Адиб олис масофаларни, асрларни бир ғоя атрофига бириктира олган. Ота-боболаримизни қаёқдан келганларини, ҳаёт ва одамлар қандай ўзгариб кетганини чуқур илдизлари билан кўрсатган. Ундаги ўзига хос, шоирона такрорий иборалар фикрни ёрқин ифодалаш учун хизмат қилади. Бу роман жуда салобатли, нодир асар. У ҳақли равишда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Мен мукофот топшириш тантаналарида ҳам қатнашганман.

«Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи эса олдингиларидан тамоман фарқ қилади. Асар фош қилувчи характерда ёзилган. Романда шўровий ғояларга берилиб кетган одамнинг фожиаси кўрсатилган. Унга раҳмингиз келади. Ҳаёти ўткинчи ғоялар билан суғорилган ва умри шу ғояларга хизмат қилиш билан ўтган инсоннинг охири ҳеч нарсасиз қолиши фожиаси ғоятда ишонарли тасвирланган ва фақат Тоғай Муродга хос, санъаткорона тарзда кўрсатилган.

Ҳукуматимиз томонидан Тоғай Муродга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони берилгани ҳам бу ҳақиқатни, унинг катта, ноёб истеъдод эгаси эканлигини тасдиқлаб турибди. Ҳали Тоғай Мурод чет элларда ҳам ўз таржимонларини, ўқувчиларини топади. Унинг асарларини хориж тилларига ўгирадиган ижодкор таржимонлар пайдо бўлади. Таржимон фақатгина ўзбек тилини эмас, ўзбек халқини ҳам бутун мукаммаллиги билан билиши керак бўлади. Тасвирланаётган одамларнинг фожиаларини ҳис қила олиши лозим бўлади. Фарзандсизлик, одамлар бир-бирини тушунмаслигидан келиб чиқадиган фожиалар… Муваффақиятли таржима Тоғай Мурод асарларига янгича ҳаёт, парвоз бахш этиши мумкин. Фақат таржимон асар руҳини бера олиши керак.

Тоғай Мурод шахсий ҳаётининг баъзи паллалари билан яқиндан танишман. Фақатгина ёзувчи Тоғай Мурод эмас, инсон Тоғай Мурод ҳам менга яхши маълум. Тоғай билан Маъсуманинг никоҳ тўйларида бош-қош бўлганман. Маъсумахон Аҳмедова бизнинг нашриётда ишларди. Тўйлари «Ширин» кафесида бўлган. Тоғай Муроддек катта адибнинг шундай бахтли дақиқаларида бирга бўлганимдан кўнглим қувонч ҳиссига тўлади.

Айрим Тоғай Муродни билмаганлар уни жуда қўрс, ўжар, гапга сира кўнмайдиган одам деб ўйлашади. Лекин тил топишсангиз, у жуда очилиб, дилдан гаплашарди. Оқни оқ, қорани қора, дер эди. Ўртада туриб уёқ-буёққа товланишларни билмасди. Ўзи жуда самимий бўлиб, олифтагарчиликка тоби йўқ эди.

Шунданми, уни тушунадиган одамлар кам топиларди. Тоғайнинг тўғрисўзлигини кўпчилик кўтара олмас эди. Кейинги йилларда ёзувчи ёлғизликни хоҳлаб қолди. Ойлаб Паркент томонларга кетиб, ижод қилди. Тоғайни бирор йиғинларда ёки Ёзувчилар уюшмаси мажлисларида учратиш мушкул эди. Баъзи ижодкорлардан «Бизни мажлисларга чақирмаяпти» қабилидаги нолишларни кўп эшитамиз. Тоғай эса бундай йиғилишларга чақиришмаса хурсанд эди. Матбуотда кўринишга, радио-телевидениеда чиқишга, умуман, ўзини кўз-кўз қилишга унинг ҳуши йўқ эди. У тоғлар билан гаплашди, боғлар билан гаплашди, тафаккур билан гаплашди. Ҳақиқий ёзувчи бўлишнинг сири — кечаю кундуз ўтириб ишлаш, изланиш, ўқиш, ёзиш… Тоғай Муродда шундай принцип бор эди. Характеридаги кескинлик, юзаки воқеаларга ва ёлғондакам ялтироқликка берилмаслик, ёлғизликка интилиш шундан келиб чиққан бўлса керак.

У ҳали халқимизга кўплаб тафаккур чечакларини туҳфа қилиши мумкин эди. Бунга кучи, илми, кўнглидаги туйғулари етарди. Минг афсуски, қанча асарлар ёзилмай қолди. Тоғай Мурод эзгуликка интиладиган, ғуборлардан холи, товламачиликлардан нафратланадиган чин инсон, сўзни ҳис қиладиган, адабиётни севадиган, ўзи ҳам унга содиқ санъаткор-ижодкор эди. У ёзувчи сифатида олдига катта мақсадлар қўйди. Мақсад катта бўлса, одам шу мақсадлар билан яшайди. Шу маънода айтиш мумкинки, Тоғай Мурод ўзбек халқи учун, адабиётнинг ривожи учун яшаб ўтди. У билан миллатимиз ҳам, адабиётимиз ҳам фахрланса арзийди.