Саид Аҳмад. Сўз заргари

      Комментарии к записи Саид Аҳмад. Сўз заргари отключены

Ҳеч бир ёзувчига ўхшамаган ажойиб адибимиз Тоғай Мурод кўп вақт Паркентда ижод қилди. Паркентнинг сўлим Кумушкон томонлари қайсидир жиҳатлари билан у туғилиб-ўсган олис Сурхоннинг Хўжасоат қишлоғини эслатиб турарди. Хўжасоатда жазирама қирқ етти даражага етади. Кумушконда эса ўттиз икки-ўттиз беш даражадан ошмайди.

Тоғай мана шу нафас олса бўғзини куйдирадиган қайноқ ҳавони, устига чиқиб тик турсанг, калишни эритиб юборадиган оловдек товатошларни соғиниб юртига талпинди. У ҳаммавақт юртини соғиниб яшади. Йилда бир марта она юртини айланиб келмаса, қайноқ ҳавосидан нафас олмаса, кўнгли жойига тушмасди.

Олисда туриб ёзган асарларида инсон юрагидек уриб турган соғинч ҳисси оппоқ қоғоз бетига томчилади.

Тенгдош болакайлар билан қувлашиб катта бўлган, кўз очиб оламни таниган Хўжасоат билан Вахшивор адирлари, бир зум бўлсин, кўз ўнгидан кетмади. Тоғайнинг жисми Паркентда-ю, кўзи, қалами ўзи ўсиб вояга етган она юртида бўлди. Паркент билан Хўжасоатни боғлаб турган соғинч ҳисси асар бўлиб қоғозга қуйилди. Шунда соғинчнинг ҳам иси, ранги, вазни бормикан, деган ўйга бордим.

Ушалмаган армонларини, тортган жабру жафоларини ичида ёнаётган оловларга қориштириб яшаётган, ҳатто тилаб олган неварасига ҳам, уй остонасигача қадамига пойандоз ёзиб, «ёр-ёр» билан тушириб олган, келин бўлиб, келинлик гаштини сурмаган, меҳнатдан боши чиқмаган, аламларини ичига ютган, умри забунликда ўтаётган келинига ҳам нафрат билан қарайдиган Болхин момо қайдан пайдо бўлди? Адабиётимизда бунақа образ биринчи марта юз кўрсатиши эди. Романда ўқувчи қалбини ларзага соладиган бундай ҳолатлар жуда кўп.

Деҳқонқулнинг хотини адолатсизликларга, бу ёлғон дунёга, аёл деган шаън-шавкатини сўндирган, топтаган, роботга айлантириб қўйган шўро тузумига исён кўтариб, ўзига ўт қўяди.

Деҳқонқул хотини эртаю кеч бағрига босиб яшаган бешикни олиб, энди бу хонадонда фарзанд туғилмайди, дейди. Гўдак бош қўйган ёстиқчадан, белбоғдан, гаврапўшдан сут ҳиди гупиллаб келиб турарди. Деҳқонқул бир зум ҳушидан кетгандек чайқалади. Бешикни чордоққа опчиқиб кетаётганда унинг ҳаммасига шеър, қўшиқлар битилганини кўриб қолади. Шунда у бу хонадон кимни йўқотганини билади. Биринчи марта юрагида санчиқ сезади.

Романнинг шу жойларини ўқиётганда китобхон кўксидан фарёд отилиб чиқади.

Бошқа адибларда қисман бўлса ҳам аввалги асари руҳи сезилиб туришининг сабаблари тўғрисида гапиргандим (бу шаккоклигим учун устозларим, дўстларим мени кечиришсин). Тоғай нега ўзини ўзи такрорламайди? Бунга сабаб — у бутунлай бошқа жойда, бошқа шароитда, маконда, бошқа руҳиятдаги, бутунлай бошқа савдоларни бошидан кечираётган инсонлар ҳаётини асарларига мавзу қилиб олади.

«Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги бутун умрини фарзанд орзусида яшаб ўтказаётган фариштадек покиза, нурга йўғрилган бир жуфт қарияга «От кишнаган оқшом» асаридаги Зиёдулла чавандоздан бирор руҳий ҳолатнинг ўтиши мумкин эмас. «Ойдинда юрган одамлар»ни ўқишингиз билан сизни аллақандай сирли, сеҳрли ойдин кеча бағрига олади. Ичингизга ажиб бир нур ўрмалаб киради, дилларингизни ёритиб юборади.

Тоғай бир-бирини бобоси, момоси, дея атаб умр ўтказаётган бир жуфт оқ каптардек покиза инсонларни ойдинда, ой нурига ўраб тасвирлайди. Оқибат, ушбу жуфтнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам, фикри ҳам, туриш-турмуши ҳам ойнинг кумуш нурларига йўғрилиб кетади.

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси Сурхон полвонлари ҳаётидан ҳикоя қилади. Унда на «Ойдинда юрган одамлар»дан, на «От кишнаган оқшом»дан бирор руҳият кўчиб ўтмаган. Чунки аввалги бир-бирини такрорламаган қиссалар бу асарга, заррача бўлсин, таъсир кўрсатмаган. «Юлдузлар мангу ёнади» мутлақо ўзига ташқаридан таъсир юқтирмаган, «экологик тоза» асар.

Тоғайнинг ҳамма қиссаларини эътибор бериб кузатса­нгиз, асарга шунчаки, боши айланиб кириб қолган бирорта персонажни кўрмайсиз. Ҳаммасининг асарда ўз вазифаси, қиёфаси, ўз тили, ўз дунёқараши, ўз қисмати бор. Улар ўқувчининг ёдида бир бутун шахс сифатида сақланиб қолади.

Асарни бунақа қилиб ёзиш қийин, бениҳоя қийин. Тоғай янги асарини эълон қилганда табриклаган дўстларига яна битта қиссани ёзиб қўйдим, деб ўз қувончини билдиради. Ўша «яна битта асар» ҳадеганда нашриётга келавермайди. Бирор беш йил ўтиб матбуотда пайдо бўлади. Шу беш йил давомида Тоғай «битган» асарини ўнгидан чапига, чапидан ўнгига ўқиб, саҳифаларини тимдалаб-тимдалаб, ишлайверади. Ҳар бир сўзни заргар тарозида тортиб, жумлаларнинг узун-қисқалигини чизғичда ўлчаб, саҳифаларнинг тинкасини қуритади.

Шунча йил ёзувчилик қилиб, ҳали Тоғайдек қўлёзма устида узоқ ишлайдиган ёзувчини кўрмаганман. Бир суҳбатимизда Тоғай: «Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Ҳар қандай зўравон билан тикка олиша оламан. Аммо китобхондан қўрқаман. Ўлай агар, жуда қўрқаман», деганди.

«Юлдузлар мангу ёнади» деган биринчи қиссаси унга жуда катта шуҳрат келтирди. Асар қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Бу қиссасини Тоғай ўз танасидан чиқиб кетиб, ўзини ҳам, атрофидаги жами нарсаларни, одамларни, баҳору кузларни, қишу саратонларни, осмонни тўлдирган турналарни унутиб, бир дарвеш қиёфасига кириб, далли девона бўлиб ёзди.

Ундан, шу қиссани қандай ёзганингни эслай оласанми, деб сўраганимда, у жиндек ийманиб, ўнгимда эмас, тушимда ёзгандекман, деб жавоб берганди.

Тоғай Муроднинг машҳур «Отамдан қолган далалар» романида туркийлар бирлиги тилга олинади. Асар қаҳрамони Деҳқонқулнинг ота-боболари асли Фарғона томонлардан. Чор ҳукумати Туркистонни забт қилганда, Деҳқонқулнинг ўта тақводор бобоси Жамолиддин кетмон сурбет, ахлоқсиз чор зобитлари томонидан оёқ ости қилинаётган, минг-минг йиллик урф-одатлар, водий аҳлига хос бўлган покизалик топталаётганидан, Симда (Сим Фарғонанинг аввалги номи) исловатхона очилганидан, ҳар қадам қовоқхона (кабак) бўлиб кетганидан, кофир зобитлар мусулмон аёлларига ҳирс билан тикилаётганидан дили оғрийди. Энди у Фарғонанинг пок суви, ризқ-насиба берадиган тоза тупроғи ҳаром бўлди, деб бола-чақаларини олиб боши оққан тарафга кетади. Тақдир тақозоси билан бу дарбадар оила чўлларда сарсон-саргардон бўлиб Сурхоннинг Денов тарафларидан қўним топади.

Жамолиддин кетмоннинг ўғли сурхони Ақраб босмачиларга қўшилиб, ҳақоратлар, камситишлар учун бу дунёдан ирганиб яшаган отаси учун чор ҳукуматидан ўч олишга аҳд қилади.

Ўзбекнинг бойликларини ташиб кетаётган, олтинларини қоплаб орқалаган босқинчиларни кўз очирмай ўққа тутаверади, ўққа тутаверади.

Инқилоб бўлиб, энди кўксимизга шамол тегади, деганлар тилларини тишлаб қолдилар. Чоризм бошлаган талончиликни шўро ундан ўн чандон ошириб давом эттирди. Бухородан вагон-вагон олтинлар Масков томон кета бошлади. Хонадонларда кўз қорачиғидек сақланаётган ноёб буюмлар, минг йилларнинг нари-берисида ёзилган, фанга, тарихга алоқадор қўлёзмалар ташиб кетилди. Қўмондон Фрунзе билан Куйбишев Бухорони шип-шийдам қилди. Будённий эса Бойсунни талади…

Тоғай Мурод қиссаларини ўқир эканман, ҳар гал янги бир ёзувчини кўргандек бўламан. У кечаги ҳаммани қойил қолдирган «Юлдузлар мангу ёнади» ёки «От кишнаган оқшом» қиссаларини ёзган Тоғайга ўхшамайди. «Ойдинда юрган одамлар»ни бошқа Тоғай ёзган, деб ўйлайсиз. Ҳа, унинг асарлари сира бир-бирини такрорламайди.

Ёзувчига аввалги асаридан қолган ҳаяжонларини унутиш қийин кечади. Қисман бўлса ҳам ўша ҳис-ҳаяжонларни беихтиёр такрорлаётганини ўзи сезмайди.

Мен ўзим учун, балки адабиёт учун Тоғайни мана шу «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом» қиссалари баҳонасида кашф қилгандирман.

Ўзбекистон Ёзувчилари пленумида ҳамманинг назаридан нари сурилган, гўё адабиётимизда қўлга илинадиган ҳеч нарса йўқ, деб турганларида катта, мўътабар минбардан туриб, Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» ҳамда «От кишнаган оқшом» қиссалари кейинги йилларда яратилган асарларнинг энг яхшиси, деб баралла айтганман. Буни Тоғай ўлимидан роппа-роса бир ой аввал «Маърифат» газетаси мухбири журналист Ҳулкар Тўймановага берган интервьюсида миннатдорлик билан эслайди.

«Ҳурматли ёзувчимиз Саид Аҳмад бир китобингизга ёзган сўзбошида «Тоғай Мурод адабиётга тутаб эмас, ёниб кирди», деб ёзди. Сиз ушбу баҳони қанақа қабул қилдингиз?» — деган саволга у шундай жавоб қилади:

«Мен бу гапни Саид Аҳмадона мардлик ва ҳалоллик, деб қабул қилдим. Айрим адиблар асаримни ўқиб, «Қадам олишингиз ёмон эмас», «Тенгдошларингиздан кам эмассиз», «Анави асарингизни ўқиса бўлади» қабилида ёқтирмагансимон гаплар қилди. Ҳатто «Адабиётга аралашиб қолибсиз? Оббо сиз-ей», дегувчи ичиқора ёзувчилар ҳам бўлди. Саид Аҳмад эса: «Тоғай Мурод ўзбек тилини куйлатди. Ўзбек тилининг жами жилваларини офтобга солиб кўрсатди», деб ёзди. Ҳар бир асаримни ҳалоллик билан кўз-кўз этиб, улуғлади. Саид Аҳмад ана шу ҳалоллиги, ана шу мардлиги учун, мана, тўқсон ёшни қоралаб боряпти».

Болхин момонинг эри сурхони Ақраб ҳали ҳам шўро билан олишиб ётибди. Бойликларни Масков томон ташиб кетаётган шўронинг ҳали у еридан, ҳали бу еридан ўққа тутяпти. Ҳалигача оқ-қорани фарқ қилмайдиган ўғли Деҳқонқул эса тупроқни ялагудек бўлиб, бурни ерга теккунича жонини жабборга бериб ишлаяпти. У фақат ишлашни билади. Ҳосилни ким оляпти, бу билан иши йўқ. Иш мени бахтли қилади, деб ўйлайди бу содда ўзбак.

Болхин момо хонадони бундан буён рўшнолик кўрмаслигини билади. Шўрога ўқ узган босмачининг неваралари энди оёқ остида ўксиб яшашга маҳкум эканини ҳис этади. У бутун танини нафрат, алам, изтироб жингиртоб қилиб ташлаган ожиз-нотавон кимса!

Болхин момо худди мана шу қиёфада адабиётда пайдо бўлди.

Деҳқонқул хотинининг ўзига ўт қўйганини сохта ҳужжатлар билан расмийлаштираётган район катталарига қарши боради. «Бу хотин гулхан ёнидан ўтаётганида тасодифан ёниб кетган», деган ҳужжатни кўриб ғазабга келади. Энди Деҳқонқулнинг ўзига ҳужум бошланади. Қўшиб ёзиш кампаниясида уни ҳам қамоққа тиқадилар.

Гдлянчи-ивановчилар ҳўлни ҳам, қуруқни ҳам баробар ёндираётган пайтлар эди. Деҳқонқул қамоқхонада инсон боласи чидаши қийин бўлган азобларга гирифтор бўлади. Терговчилар унинг «содда»лигидан фойдаланмоқчи бўлиб, район, область, республика раҳбарларига туҳмат қилишни талаб қиладилар.

Кўпинча Деҳқонқулнинг даласига раҳбарлар келиб туришар, қилаётган ишларидан ниҳоятда қувонардилар. Мукофот тариқасида, шу бола ҳам дунё кўрсин, одам танисин деб, пленумларга, қурултойларга чақиришарди. Озми-кўпми мукофотларга ҳам лойиқ кўришарди.

Энди терговчилар унга раҳнамо бўлган раҳбарларни илинтириш пайига тушадилар. Фалон вазирга қанча пора бергансан, фалон секретарга нима совға қилгансан, деб жавоб талаб қила бошлайдилар. Ўзи содда бўлгани билан иродаси кучли Деҳқон­қул уларга бўйин бермайди. Охири шундай бўладики, бегуноҳ покиза инсон узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, белгисиз «борса келмас» томонларга жўнатиб юборилади.

Деҳқонқул охирги марта далаларга қарайди. Қувонч билан, бу йил пахта мўл бўлади, деб юборади. Оёғинг ҳам, ризқ-насибанг ҳам бу далалардан узилган. Энди бу сен «жавлон» урган далаларни кўриш йўқ. Болаларингни, дунёдан «тўйган» онангни ўйласанг-чи, деб қичқиргинг келади.

Ҳосил кўп бўлса, колхоз бадавлат бўлади, одамлар тўқ бўлади… деб кўнглидан ўтказяпти шекилли… Э, содда ўзбак, сен қачон бадавлат бўласан, қачон болаларингнинг қорни тўяди, дегинг келади. Йўқ, Деҳқонқул бу гапларга тушунмайди. Шу далаларни ўзиники, ўзини шу далаларники, деб билади.

Деҳқонқул олис юртларда ҳалок бўлиб кетар. Аммо унинг руҳи ўзи севган далаларда шамолдек айланиб юради. Тонгги эпкинларда аста силкинаётган яшил япроқларни ғойибдан қўл чўзиб силаётгандек бўлади.

« Насим ошна, мен Момоқиздан улуғини кўрмадим!

Ҳар эр кўнгилнинг қиз кўнгилга айтадиган гаплари бўлади.

Кўнглида шу гапи бўлмаган йигит — йигит эмасдир. Шу гапни қайсидир йигитдан интизор бўлиб кутмаган қиз-да — қиз эмасдир. Дунёга келдим, деб юрмасинлар!

Биров, бу гапни бир сўз билан айтади. Биров, кўп сўз билан айтади. Тағин биров, айтолмай қолади…

Насим ошна, мен ўз гапимни Момоқизга айтолмай қолдим.

Насим ошна, Момоқиз ҳалиям кўнглимнинг туб-тубида яшайди. Уни биров-да билмайди. Ҳатто Тиловбердининг онаси-да билмайди…

Мен Момоқизни уйқуларимда кўраман, у жилмайиб-жилмайиб қараб туради…»

Бўри полвон бу гапларни Насимга — Момоқизнинг эрига айтяпти. Бўри полвон умр бўйи унга яхшиликлар қилди, ўз жигаридек ишонди. Юрак сирларини яширмади. Ҳатто уни Момоқиз билан ўртасида воситачи қилиб қўйди. Насим эса унинг ҳасрат тўла сўзларини атайлаб етказмасди. Аксинча, Момоқизга ўзи муҳаббат изҳор қиларди. Неча йиллардан бери илҳақ бўлиб, интизор бўлиб кутган Бўри полвоннинг бир оғизгина дил сўзини эшитолмай, кута-кута кўзлари толган Момоқиз бўзлаб-бўзлаб охири Насимнинг тузоғига илинди.

Ҳозир Бўри полвон бу гапларни тап тортмай, бақрайиб турган Насимнинг беҳаё кўзларига қараб айтяпти. Кўнглида ҳамон Момоқиз муҳаббати яшаётганини айтяпти.

Бўри полвон юрагида Момоқиз муҳаббатининг қадам излари умрбод муҳрланиб қолганди.

Тоғай Муроднинг қиссаси Сурхон полвонлари ҳақида тўлиб-тошиб ёзилган асар бўлиши билан бирга у буюк муҳаббат достони ҳамдир.

Ҳурматли Президентимиз Ислом Каримов Тоғай Муроднинг халқ олдидаги, адабиёт олдидаги ҳалол хизматлари учун уни «Халқ ёзувчиси» деган унвон билан тақдирлади. Уни Абдулла Қодирий номидаги баланд даражали мукофот лауреати деган унвонга лойиқ кўрди.

Сўз устаси, сўз заргари Тоғай Мурод чўнг чинорлар илдизларидек чуқур илдиз отиб кетган ер боласининг ҳеч қайтарилмас қиёфасини катта санъат, маҳорат билан чизди…

У она юртининг камалакдек етти ранги акс этган хонатлас сувратини чизиб кетди.

Тоғай Сурхоннинг мунгли ва шу билан бирга шўх, жўшқин қўшиқларини куйлаб ўтди. Бу қўшиқ ўлмайди, мангуга кетади.