Умида Тўлаганова. Замондошлик қувончи

      Комментарии к записи Умида Тўлаганова. Замондошлик қувончи отключены

Мен машҳур ўзбек адиби Тоғай Мурод билан бир даврда яшадим, унинг бетакрор миллий руҳдаги асарларидан баҳраманд бўлдим.

Афсуски, менга у киши билан танишиш, дилдан суҳбатлашиш насиб этмади. Тоғай Мурод ҳақида хотираларим бўлмаса-да, қаламидан томган сатрлар орқали унинг диди, савияси, юрак тафтини ҳис қилиб тураман. Ҳа, гарчанд мен адиб билан кўришмаган бўлсам-да, ўзимни у билан жуда яқиндай сезаман, ёзувчи тўғрисида, унинг ўлмас асарлари ҳақида ёзишга ҳақли сезаман. Чунки мен унинг замондошиман. Ана шу замондошлик туйғуси кўнгил ҳисларимни изҳор этишга изн берди.

Талабалик даврида китоб дўконларини айланиб, янги нашр этилган бадиий асарларни харид қилишга ошиқардик. Кунларнинг бирида «От кишнаган оқшом» китобига кўзим тушди. Сарлавҳасининг ўзиёқ эътиборимни тортди. Уйга келиб, асар мутолаасига берилдим. Айтиш жоизки, бу менинг қиссалар муаллифи Тоғай Мурод билан илк мулоқотим, танишувим эди. Қиссаларни ўқир эканман, унда ёзувчи борлиғини, қалб ҳароратини сезиб турардим. Адиб қалбидаги эҳтирос асарларига жозиба, жон бағишлаган эди. Хусусан, унинг инсон ботинию зоҳирини аниқ-тиниқ ифодалаши, табиат нафосатини турфа ранг, бетакрор оҳанг­да ёритиб бериши мени мафтун этди. Тоғай Мурод илк «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида Бўри полвон образи орқали имон-эътиқод, ор-номусни талқин этди. Мен асарда кураш саҳнасини, аниқроғи, даврасини завқ билан томоша қилдим, полвонлар мард­лиги, ғурурини юксак қадрлашидан фахрландим.

Ёзувчи полвонларнинг ўзини уч бало: аёлбозлик, ичкиликбозлик, нафс балосидан асрашига урғу беришида мантиқ бор. Мазкур шартлар нафақат полвонларга, балки одамзотга, умумга тааллуқли. Зеро, бу иллатлардан холи инсонгина бу дунёда ҳалол, хотиржам кун кечиради. Тоғай Мурод олам ва одам уйғунлигини «От кишнаган оқшом» қиссасида Зиёдулла кал ва Тарлон от мисолида бадиий тадқиқ этган. Адиб отни таърифлабгина қолмай, уни ёрқин бўёқларда чизиб беради:

 «Тарлон думлари ёйилди, ёллари ҳурпайди. Ёллари бир чап бўйнида, бир ўнг бўйнида ўйнади! Бу ёл эмас, ипак, ипак! Бу ёл эмас, дўмбира тори, дўмбира тори!

Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира!»

Зиёдулла отни дарддоши, қадрдони билиб сирлашиши, сўзлашиши киши кўнглига эпкинлик олиб киради. Қисса ўқувчида отга, атроф-оламга меҳру муҳаббат уйғотибгина қолмай, жонзотлар қалбини ҳис қилишга ўргатади. Асарларини ўқиб, ўзлаштириб борар эканман, адиб ижодининг янги қирраларини кашф қилишга интилдим. «Ойдинда юрган одамлар» асарида юрак-юракдан силқиб чиққан мусиқани ҳис қилдим. Пок туйғуларни ой жилосида жилвалантирган муаллиф истеъдодига тан бердим. Қоплон ва Оймомо тимсолида вафо-садоқат, муҳаббат, сабр-бардош нозик ифодаланган. Адиб миллий қадрият, анъаналарни асар руҳига моҳирона сингдириб юборган. Гарчи асарда маҳзун оҳанг етакчи бўлса-да, ҳар бир лавҳада ўзгача тароват мужассам:

 «Кўзларингга боқишларим… боқишларимизнинг ўзи бир дос­тон, момоси. Бовужуд шоирлар билмади, билса, элга ёярди… Мен сенга айтсам, момоси, боқишлар-да ҳали ўзимизники…»

Қаҳрамоннинг дил номалари, соф муҳаббати, кўнгил розлари ўқувчида лирик кайфият туғдиради. Тоғай Мурод қиссаларидаги аниқ ва изчил ифода, мусиқийлик, сиқиқлик, маъно ва оҳанг уйғунлиги менда унинг ижодига катта қизиқиш уйғотди.

Оз ўтмай, катта шов-шувга сабаб бўлган «Отамдан қолган далалар» романини ўқишга муваффақ бўлдим. Романнинг кино талқини ҳам менга манзур бўлди, аммо барибир, ўқиш, уқиш жараёни кўпроқ эстетик завқ бағишлади. Шу пайтга қадар мен «оқ олтин» машаққатини, деҳқон, пахтакор меҳнатини билмас эдим. Матбуот орқали фақат план бажарилганию неча тонна ҳосил олинганидан бохабар бўлардим. Асарни ўқир эканман, ғўза, пахта парвариши, ўзбек деҳқонининг тинимсиз оғир меҳнати, ночор турмуш тарзидан воқиф бўлдим. Деҳқонқул тимсолида минглаб заҳматкаш, фидойи меҳнаткашлар фожиасини кўрдим. Дарҳақиқат, Деҳқонқул — шўро «синдирган», иродаси тамоман тузумга итоат эттирилган фожиий инсон. У ўз қадрини билмайди, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмайди. Шу пайтга қадар Тоғай Мурод ғурурли, ўзлигини асрай олган мард кишиларни тасвирлаган эди. Деҳқонқул эса уларга зид ифодаланган. Муаллиф инсоний ўзликни бой бериш қандай оқибатларга, хўрликларга олиб келишини кўрсатиш мақсадида Деҳқонқул образини яратган. Роман китобхонга қаҳрамон дардини туйиш, ҳис қилиш имконини беради.

Адибнинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида онгдаги мутеликни қаҳрамон руҳий-маънавий оламини ёритиш орқали акс эттирилиши моҳиятни теран англаш имконини беради. Асар қаҳрамони Ботир фирқа ҳам замон қурбони, лекин у ёшлигида дину диёнатни руҳига сингдирган. Умри давомида тийнатидаги поклик билан қўрқоқлик аро кураш давом этади. Тоғай Муроднинг руҳшунослик маҳорати киши қалб туғёнлари, изтиробларини, тафаккурдаги эврилишларни нозик таҳлил қилишида кўзга ташланади.

Асарни ўқиб тугатар эканман, миямда бир фикр чарх урарди. Китобхон асарларни ўқиб, қаҳрамон қайғусига шерик бўлса, ғамга ботса, дилдан ачинса, уни ёзган, юрак қони ила битган ижодкор қай ҳолатга тушган экан? Мен муаллиф ижодига қизиққанимдан Тоғай Мурод асарлари ритмини илмий тадқиқ қилишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Адиб қисса, романларида тез айтиш усулидаги бир хил товуш такрорига асосланган образли ифодалар анча:

«Қизиллар қулоғи қирқта бўлади.

Сурхон саратони саратонни саратони бўлди.

Аёлимиз аёллар ашуласини бошлади.

Атиргуллар атриёт анқитди.

Табиатни тўлғоқ тутди».

Мазкур сатрлар оҳанги узлуксиз, тез ва шиддатли нутқ ҳосил қилади.

«Далаларим кафтдай-кафтдай кўчди.

Далаларим муштдай-муштдай кўчди.

Далаларим тошдай-тошдай кўчди».

Жумлалар қурилиши мувозанат (вазн, ўлчов жиҳатидан тенг­дошлик) усулини ёдга солади. Жумла боши ва охирида «далаларим», «кўчди» сўзларига урғу берилиб, такрор сўзлар қофияланишида ўхшатиш санъатидан фойдаланилади.

Ёзувчи шу тарзда синчковлик билан жумладаги сўзлар аро монандлик, мувофиқлик, бўғинлар тенглиги воситасида маълум маромни юзага келтиради. Бу ўз навбатида нутқнинг ички тартиби, ритмини ҳосил қилиб, ҳар бир сўз, бўғин жарангдорлигини оширади.

Тоғай Мурод асардан-асарга улғайиб, маҳоратини, бадиий дидини ўстириб боради. У мумтоз асарларда қўлланадиган санъатлардан бири — тарди акс орқали жумла жарангдорлигини оширишга интилади:

«Саратон балолардан сариқ бўлади, балолар саратондан-да сариқ бўлади».

«Далаларим ости устун бўлди, далаларим усти остин бўлди».

Адиб биргина товушга урғу бериб, сатрдаги сўзларни янгроқлаштиришга эришган:

«Ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар, зўр келади».

Мазкур ҳолатлар оҳангдорлик, ритмдаги шиддатнинг юзага чиқишига туртки беради.

Мен мутолаа жараёнида мақол даражасига кўтарилган ибораларни учратдим, назаримда адиб қалбидаги асосий гаплар, қарашлар шу жумла, ибораларга жамлангандек туюлди:

«Қари одамни энагаси — гўрков.

Ўлим мангу яшайди.

Гул — қорни тўқларни эрмаги.

Жиннихона — тирик инсонлар қабристони».

Фалсафий теранлик, мантиқий асосланганлик ҳаётий тажриба ҳосиласидир. Адибнинг асарлари билан яқиндан танишиш асносида менда у киши билан суҳбатлашиш, ижодий изланишларидан воқиф бўлиш истаги бўлган. Афсуски, бу бахт менга насиб қилмади, ёзувчининг бевақт ўлими сабабли барча мухлислари каби мен учун ҳам армон бўлиб қолди.

Ҳа, Тоғай Мурод адабиётга лов-лов ёниб кирди. Ҳар бир асари замирига халқчиллик ва умуминсонийликни сингдиришга ҳаракат қилди. Миллат, халқ тақдирига бефарқ бўлмаган истеъдод соҳиби унинг дардини, армонларини туйиб, ҳис қилиб яшади. Тоғай Мурод мусаввир нигоҳи-ла миллат қиёфасини, халқ руҳини тиниқ тасвирлади. У озгинаю созгина умрини халқига бахшида этди. Халқ ҳам ана шу умрни бахш этишдай жасоратни муносиб тақдирлайди: миллий адибимиз хотирамизда мангу яшайди.