Саъдина Бобомуродова. Сизни бир кўрмоқ истардим…

      Комментарии к записи Саъдина Бобомуродова. Сизни бир кўрмоқ истардим… отключены

ёхуд Тоғай Мурод асарлари мухлисининг армони

Сиз тонгларда, шомларда хонадонимизга тоза эпкиндай кириб келардингиз. Болаларим тонг-ла сизни ёдларди:

— Дада, яхши бола бўлиб юрсам, «Домино тулки»ни ўқиб берасиз-а?…

— Ая, биз бугун боғчамизнинг олдида «Асл Аналастон мушуги»ни кўрдик!

 

* * *

Сизни бир кўрмоқ истардим!

«Тоғай Мурод — ўзбекнинг асл ёзувчиси» номли «Мухлис» рукнида ёзилган икки қоғозли қораламани олиб, пойтахтдаги бир неча нашр даргоҳларида бўлдим. Ҳаммасидан бир хил жавоб бўлди: «Аввал ўзларидан рухсат олинг, ҳаддимиз сиғмайди».

Остонангиз ортида қўнғироқчаларга журъат тополмай, баъзида эса ўзингизни тополмай кутиб-кутиб қайтиб кетган кунларим кўп бўлган.

 

* * *

— Мана, китобимни чиқардим! Фалон сўм, оласизми?.. Ўзи Ўзбекистонда мендай ёзадиган шоир йўғ-ей!

Йўлдош шоирнинг бу сўзларини аввалига фаҳмлаб куламан. Сўнг жиддий айтганини кўриб, балиқпаз Зиёдулла чавандознинг юзига энкайиб-энкайиб қарагандай қарайман: «Паҳлавон Даҳолар мунча кўп».

Энсам қотади:

— Ҳа, китоб ҳам кўчада қолди ўзи!.. Шу, ёзсанг, Тоғай Муроддай ёзсанг-да!

Дарров ёмонларнинг ёмонига айланаман.

* * *

— Сизни кўрсам, негадир Тоғай Муроднинг асарлари эсимга келаверади-ей, — ҳамқишлоғимиз остонадан ўтар-ўтмас шундай гап бошлайди. — Тунов куни Ўрол бовамникига борсам, бовам саданинг соясида ётиб олиб китоб ўқиётган экан. Чақирсам, эшитмайди.

— Ҳа, бова, институтга киряпсизми дейман-да, — деб олдига борсам, кўзёшлари соқолларини ювяпти: шошиб қолдим, мени сезмадиям, индамай қайтиб кетдим. Эртасига келиб қарасам, ўша китоб «Ойдинда юрган одамлар» экан. Саҳифаларида кўзёшлар — сарғиш доғлар қотган китобни варақлаётсам:

— Бу ёзувчиларинг худди мени, менинг кўкайимдагини ёзибди экан, болам, — дейди.

Шунда ҳавасларим, ҳайратларим ортади!

 

* * *

Ҳамкасбим ҳайрон бўлади:

— Тоғай Мурод зўр, зўр, дейсиз. Зўр бўлса телевизорга чиқарди-да?

— Чиқиш шартми, нодон, — дейман-у, лекин ўзим ҳам ҳар куни Сурхондарё сўзи айтилса, Тоғай Мурод чиқиб қолармикин, дея умидвор термуламан…

 

* * *

— Яхши китобларингиздан бериб туринг, ўқиб бўлиб, олиб келаман.

— Тоғай Муродни ўқиганмисиз?!.

— Йўқ.

Беихтиёр ўрнимдан туриб кетаман:

— Шунча йиллардан бери Тоғай Муродни ўқимасдан қандай яшаяпсиз-ей?!

Орадан уч-тўрт кун ўтар-ўтмас, ўша олим-шоир танишим китобларни олиб келади:

— Мен ўзбек халқининг кимлигини, қандайлигини энди танидим! Ана ёзувчи! Қайтиб қалам ушламасликка қасам ичдим!

* * *

«— Ё-Ё-Ё!.. Отамнинг пири!»

Неча-нечанчи мартадирки, Тиловберди полвон шундай деб айқирганда титраб кетаман. Асар яратилди, мана, неча-неча йилларки, Тиловберди полвон шундай дея айқиради.

Назаримда, у ростакамига чин отасининг, Тоғай Мурод отасининг пирини мададга чақириб, давра бўйлаб айқиради:

— Ё отамнинг пири!..

 

* * *

Тоғай Мурод асарларидаги қаҳрамонлар — ўзбекларнинг орияти, ғурури, ахлоқи ўта баланд. Улар ит искаган қозонлардан сира ош ичмайди:

«Мироб аёлини нақд уч талоқ қўйди!»

«Танача кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди». «Бўри полвон ичкаридан давраларда кийиб олишмиш желагини кийиб келди. Билакларини турди, чап-чаққон бўлди:

 — Номаҳрам аёл қўйнига кирадиган ундайчикин наҳс раисни ерга таппидай ёпаман, таппидай!»

Ёки бўлмаса:

«Нормурод полвон Бўри полвон қўлидан юлқиниб чиқди. Яна даврани айланди.

 — Э, мастер спорт тугул, дев бўлсаям чиқаман! — деди. — Нормурод полвоннинг кўзи очиқ бўп туриб, унинг эли ерга қарайдими?! Ушламанг мени, полвон бова, ушламанг! Э, ерга киргизиб юборсаям чиқаман!»

Ана сизга Ватан туйғусининг, иймон туйғусининг ифодаси!

Бу сўзлар, назаримда, оддийдай, лекин нега таъсири бунчалар кучли? Боиси, ғоя соғлом, миллий эътиқод бутун. Бу сўзлар самимий, тоза кўнгил изҳори, шунингдек, муаллифнинг тоза кўнгли ифодаси.

Асл ёзувчи муҳаббат бобида ҳам пок туйғуларни куйлайди: «Мен рубобий қўшиқ қўйнида қоламан!»

 

* * *

Сизни бир кўрмоқ истардим…

Неча йиллардирки, юртим қирларида илк маъсум гиёҳлар — бойчечак, рафтор, лолалар бош кўтарганда, мен — бир нотаниш мухлисингиз дилида чексиз ҳавасу ихлос билан сизга шу табаррук мўътабар баҳор гиёҳларидан тутмоқ истардим!

 

Сизни бир кўрмоқ истардим!

Сизни ижодда бургутларга менгзардим.

Гоҳ-гоҳида бу дил,

Чумчуқ, читтак каби мижғов парвозлардан,

Кеча туфлаб-туфлаб ташлаган ошни

Бугун мақтаб-мақтаб ичган «устоз»лардан,

Булбулнинг куйини зоғларга сотган,

Ақли бус-бутуну иймони озлардан,

Фаҳшни нуқул ишқ деб чалаётган

ёлғончи созлардан,

Ниҳоясиз зада-зардоб бўлиб кетганда —

Бу алам водийсидан тамом кетмоқ истардим!

Дилнинг туб-тубларида не ўй, не ғам бўлса,

Бари-барисини сезмоқ истардим,

Не ёлғон бўлса гар,

Қалам-ла бузмоқ истардим.

Бу йўлда Ҳаққа юз тутиб,

Ҳалолу покиза ёзмоқ истардим!

Сизни бир кўрмоқ истардим!

 

* * *

Афсус, бу истак, бу орзу армонга айланди.

Биз сизни асрай олмадик…

Шунда бир фикр дилга таскин беради: сизни кўраман. Ўзингиз­ ёзган асарларингизда сизни кўраман. Асарларингизга яна шўнғийман, ҳа, улар ҳамиша мен билан бирга, менинг кўнглимда.