Сулаймон Облоқулов. Кўнгли беҳад нозик эди

      Комментарии к записи Сулаймон Облоқулов. Кўнгли беҳад нозик эди отключены

— Ана, Тоғай Мурод !

Биз машинадамиз. Шоира Қутлибека Раҳимбоева машина ойнасидан ташқарига юзланиб, шундай деди. Мен шу ондаёқ ташқарига кўз ташлаган бўлсам-да, Тоғай Муродни кўра олмадим. Бизнинг машина йўлкадан боряпти. Ёзувчилар уюшмаси биноси олдида тўхтади. «Шарқ юлдузи» таҳририяти ҳам шу бинода жойлашган бўлиб, биз ҳозир шу ерга келган эдик. «Шарқ юлдузи»нинг иш фаолияти нашриётимизнинг иш фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эди. Бу — 1982-1983 йиллар, ўша вақтлари Ёзувчилар уюшмаси «Ўзбекистон» меҳмонхонаси рўпарасидаги бинода жойлашган эди.

Яқинда «Ёшлик» журналида чиққан «От кишнаган оқшом» қиссасидан ҳайратда эдим. Ҳар жойда муаллифини суриштиришни қўймасдим. Муаллифини ҳали жуда оз киши танир экан. Тез орада мен ҳам… саккиз қадам наридан кўрдим. Ёзувчилар уюшмаси залида — орамизда ўнтача қатор бор — бу масофа саккиз метрча келади. («Энг охирги қаторга ўтириб олардим», — дейди Тоғай Мурод). Ёзувчилар масжиди (Т. М.) зали ижод аҳли ва ҳаваскорлари билан лиқ тўлган. Йилнинг насрий асарлари муҳокамаси бўляпти. Минбарда — устоз Саид Аҳмад.

Улар «От кишнаган оқшом»нинг фазилатлари тўғрисида ҳаяжон билан сўзламоқдалар. Қиссанинг ғоятда таъсирчанлиги, ўзбекона иборалари…

— Тоғай Муроднинг ўзи шу ердами? — бирдан сўраб қолдилар Саид Аҳмад домла зал аҳлига юзланиб. Залнинг эшиги ёнларида ҳам иштирокчилар — кечикиб келганлар тик туришибди. Шу жойга яқинроқ — сўнгги қаторлар тарафдан Тоғай Мурод ўрнидан юксалди. Ҳамма шу томонга ўгирилди. Тоғай Мурод дарров жойига қайта ўтирди. Унга қараганларнинг айримлари негадир кулиб юборишди. Бу беозор кулги эди. «Мана мен! Қаранглар. Қалай?» — дегандай юзида табассум билан турган эди Тоғай Мурод.

Эгнида катак-катак костюм бор эди ўша куни.

Энди ўйлаб қарасам, Тоғай Муродни бундан олдин ҳам бир кўрган эканман. Ўшанда биз ҳатто битта стол атрофида ўтириб овқатланган эдик. Бу — 1978-1979 йиллар, биз Бош универмаг яқинидаги лағмонхонадамиз. Рауф Парфи, Аҳмад Аъзам ва яна бир киши ўтирган столга Аҳмад аканинг таклифи билан бошқа столдан олиб ўтган косамни аста қўйиб, тортинибгина уларнинг даврасига суқилдим. Ўша маҳаллар Аҳмад ака билан Мирпўлат Мирзаев биргалашиб «Альманах» тўпламини мунтазам равишда чиқараётган эдилар. Мен у даргоҳга бўзчининг мокисидай қатнашни одат қилган эдим. Столга ўтиб ўтиргач, Аҳмад ака мени уларга, нотаниш йигитни эса менга таништирди: «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасининг муаллифи Тоғай Мурод.

Мен бу қиссани ўқиганим йўқ эди. Шунинг учун ҳозир унинг муаллифига жилла эътибор қилмадим. Қизғин ва сергак сўзлаётган Рауф Парфига диққатим қаратилган эди.

Стул суянчиғига барваста қоматини ташлаганча Тоғай Мурод жим ўтирди. Ҳамманинг олдида пиводан бўшаган шишалар бор эди.

Кўп йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат наш­риётида ишлаган Омон Матжоннинг бир гапи бор эди. Шоир борки, ёзувчи борки, у ахир бир куни нашриётга келади.

Ҳатто Тоғай Мурод ҳам келди. Унинг бу келиши ҳаётида бурилиш ясади — шу нашриётда ишлайдиган қизга уйланди. Турмуш ўртоғи адиба Маъсума Аҳмедова шу нашриётнинг проза бўлимида муҳаррир бўлиб ишларди. Йўқ, мен илгарилаб кетдим шекилли… «От кишнаган оқшом»дан кейинги асари «Ойдинда юрган одамлар» «Шарқ юлдуз»ида қисқартириб босилди. Бу унинг энг баҳсли асари эди. Қисқартирилган ҳолда чиқаётганидан куюнган муаллиф таҳририят ходимларидан қиссанинг сарлавҳаси остига «журнал варианти» деб қўйишларини сўрайди. Шундоқ деб айтдим, деган эди менга.

У барча адолатсизликларга муросасиз бир оҳанг билан, ўз сўзининг адолатига чуқур ишонч билан сўзлар эди.

Бизнинг хонамиз — «Оригинал проза бўлими» хонасига у тез-тез келиб турадиган бўлди. Ўша кунларда иккинчи китоби чиқаётган эди. Муҳаррири — Мирзапўлат Тошпўлатов. Икки янги қисса ва икки эски ҳикоядан иборат қўлёзмани муаллиф ва муҳаррир босмахонага тайёрлаш ишларини олиб бораётган эдилар. Бу 1984-85 йиллар эди. СССРда «қайта қуриш»нинг даст­лабки йиллари. Кун сайин янги-янги қарорлару турфа кураш-кампаниялар авж олдирилаётган маҳаллар. Алкоголга қарши, динга қарши… Ўзбек адабиётида эса ўша кунларда «Ойдинда юрган одамлар»га қарши… бу асарнинг ҳар сатридан динга доир маънолар топиб, асарни ва муаллифини сарсону саргардон этишаётган эди. Тоғай ака ўзининг чин ҳақиқати билан бир томон, бошқалар ўз ҳақиқатлари билан иккинчи томон. Бу тортишувда ким ютди? Тўғрироғи, ким ҳақ бўлиб чиқди? Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам Тоғай Мурод ютди, Тоғай Мурод ҳақ бўлиб чиқди.

Ўша кунларда Америка янги ракеталарини Ғарбий Германия ҳудудига жойлаштиришга уринаётган, СССРда бунга қарши норозилик кампанияси авж олдирилаётган, эсимда, шу муносабат билан ўша кунлари Тоғай Мурод босмахонага жўнатилаётган қўлёзмасига Американинг шу тадбири ҳақида янги жумла киритди. Бу жумла кейин китобдан тушиб қолдими, билмадим.

Бу пайтда биз машҳур адиб билан сўзлашадиган даражада тузуккина таниш ва яқин эдик. Унинг билан мулоқот, суҳбат мен учун жуда қизиқарли ва менга керак эди. Катта талант эгаларининг ҳар соҳага доир мушоҳадаларини, — айниқса, адабиётга доир фикрларини билгим келарди. Уларнинг, масалан, китобга, мутолаага муносабати. Фалон-фалон ёзувчиларни ўқиганми-йўқми, баъзи ёзувчилар ҳақидаги фикри.

Мана бир шундай суҳбат. Биз «Оригинал проза» хонасида ўтирибмиз.

— «Алпомиш»ни ўқиганмисиз? — сўрайман.

— Ўқиганман.

— Мен эса — йўқ…

— Нега? (Айнан — «Нега?» деган эдилар.)

Анатолий Ананьев романлари ҳақида сўрайман. Психологик тасвирлари, жумлаларининг ҳаддан ташқари узунлигини айтиб, уни ўқиганмисиз, дейман.

— Фақат «Версты любви» романини ўқиганман.

Юрий Бондаревнинг янги романи чиққан эди — «Игра», шуни сўрайман.

— Ўқидим. Ёқмади.

Бу романнинг таъсирчан ўринларини Тоғай акага эслатиб (Россия ва Америка кинорежиссёрлари — Крамер эди чоғи, биттасининг исми — Москва черковларининг бирида биргаликда ибодат қилиб худодан тинчликни сўрашлари манзараси) шуни эслатиб, бу роман ҳақидаги фикрини юмшатишга беҳуда уринаман. Тоғай ака дейди:

— Россиянинг энг кучли ёзувчиси, бу — Валентин Распутин.

— «Прощание с Матёрой» қиссасини яхши тушунмадим, — дейман мен.

— У энг зўр асари-ку, — дейди Тоғай ака.

Мен ҳам ўзим ўқимаган ёзувчилар — Марсель Пруст, Кафка, Жойс, Камюларни ўқиганми-йўқлигини бир-бир сўрайман ва ҳаммасига тасдиқ жавобини олиб, ўзимча, бундан ке­йин мен ҳам аввало шов-шув бўлган машҳур «бошқача» асарларни биринчи навбатда ўқиб чиқишга ҳаракат қилишим лозимлигини ўйлайман.

Биз ўзаро суҳбатларда ўзбек ёзувчилари ҳақида кам гапирамиз. Чунки ўз ёзувчиларимизни биз яхши биламиз. Уларнинг китобларини ўқиб катта бўлганмиз. Бизда ҳар бирининг ижоди тўғрисида яхшигина ва тўғригина тасаввур шаклланган. Қисқаси, гўё, ўзимизча ўзимизга деймиз: ўзимизнинг ёзувчилар — ўзимизники. Бари ютуқ-камчиликлари ҳам ўзимизники. Бошқалардан сўзлайлик! Шунинг учунми, асосан, бошқа халқлар адабиётидан гапирамиз. Иннанкейин бунинг сал олифтагарчиликроқлиги — мода тусини олганлик жиҳати ҳам йўқ эмас-да.

Бир куни мен, Абдулла Қаҳҳорнинг «Даҳшат» ҳикояси охиридаги бир ҳолат — ҳикоя қаҳрамонининг елкасига қўққисдан маймун сапчиб қолиши манзарасини айтиб, бу ғалати, дедим. Бу ерга маймун қаердан келди? У қаерда эди? Нега у ҳикоянинг аввалроғида кўринмади-кўрсатилмади, осмондан тушгандай бирдан пайдо бўлди? Ахир бизнинг ўлкамизда маймун бўлмаса, яшамаса. Шундай бўлгандаям майли эди, тушунарли бўлар эди.

Бу шаккокона «танқид»имга Тоғай аканинг жавоби шу бўлди:

— Бу гапингиз ўз отасини муҳокама қилишдай гап.

Нимадир муносабат билан бир куни Асқад Мухторнинг «Чинор» романини мақтади. Ўзбек адабиётининг энг яхши романларидан бири, деди.

Биз каттагина хонада асосан беш киши беш стол ёнида ўтириб ишлардик. Шоир Шамси Одил, ёзувчилар Маъсума Аҳмедова, Мирзапўлат Тошпўлатов, Маъсуда ва мен. Менинг столим ёнида дераза остида алмисоқдан қолган тоғорадай чуқур бир кресло турар эди, худди шундай яна биттаси кираверишда эшик ёнига қўйилган. Дераза остидагиси Тоғай акани доимий суюкли жойи бўлиб қолган. Биз ўз ишимиз билан банд, «Қўшиқ» муаллифи хонамизга ташриф буюрганда шу креслода бир нарсани ўқиб ё ўқимай, зерикмай, тўғри эшикка томон шундай жимгина қараб ўтирар эди. Маъсудахон ҳадеганда ҳаммамизга чой қуйиб беради. Тоғай ака узатилган чойни ҳеч қайтармайди. Бир нимани сўрамаса, ўзи гап бошламайди. Менинг эса ундан билгим келадиган нарсалар кўп.

Бир куни стол устига қўлини узатиб, «Японские писатели о литературе» номли китобни олиб, уни ўқишга тушди ва узоқ ўқиб ўтирди. Кетаётиб ҳам ўзи билан шу китобни опкетишни сўради. Ҳозир менинг шахсий кутубхонамда ажойиб бир китоб — бу ҳам япон ёзувчиси Акутагава китоби сақланади: Тоғай акалар хонадонидан. У мен учун қадрдон, азиз китобларимдан бирига айланган.

Тоғай ака Москвага Максим Горький номидаги Адабиёт институтининг икки йиллик Олий адабиёт курсларига ўқишга жўнади. Таътилга келганида бир куни биз суҳбатлашганча наш­риёт биносидан кўчага чиқдик. Навоий кўчаси бўйлаб чўзилган ҳозирги ранг-баранг дўконлар ўрнидаги аввалги дўконлар — ҳозирги қадар мен билганим, тўрт марта янгиланди — қайта қурилди. Ўша пайтларда иккинчи ўзгариши эди. Бу дўконлару ошхоналар пастқамликка туширилиб, бетлари кўҳна Эгарчи маҳалласига қаратилганча қурилган — бу гал энди шу ҳолда ҳеч ўзгармай турадигандай эди. Ошхонадан тушлик қилиб чиқдик-да, катта кўча бўйлаб чўзилган йўлкада нари-бери юриб сайр эта бошладик.

— Жуда қитмир бўлган, — деди Тоғай ака (А.П. Чехов ҳақида). — У ўз ёзувчилик сирларини бошқалардан бекитган, яширган, пинҳон тутган.

Мен бу фикрга қўшилмадим. Эътироз этдим.

— Москва чеховшунослари гапини айтяпман, — деди Тоғай ака.— Ўша олимлар маърузасидаги фикрлардан бу.

Нуфузли чеховшуносларнинг нуфузли фикрлари ўз йўлига. Чеховнинг ўн икки жилддан иборат хатлари орасида Горькийга ёзганлари ва Горький ижоди тўғрисида бошқаларга ёзган хатлари ҳам борлиги, улар орасида ўз ижодий тажрибаларидан келиб чиқиб, ёш Горькийга берган маслаҳатлари борлиги ва булар кўплиги — шуларни эслатганимда… Тоғай ака жим қолди. (Бу сукути балки: чеховшунослар ва Тоғай ака тушунаётганларни мен барибир тушунмаслигим андишасидан бўлса керак. Шунинг учун баҳсни тўхтатгандир.) Мен гапни қиссаларига қаратиб, уларни русчага таржима эттириш борасидаги фикрини сўрадим.

— Валентин Распутин билан шу ҳақда гаплашдим. Рози бўлди. Одам сифатида оддий, камтарин экан.

Ҳозир ўйлаб қарасам, нашриёт учун ёмон ходим, яхши муаллифлар учун эса бундай эмас муҳаррирлигим: муаллифларнинг услубий ўзига хосликларини тушуниш йўлидаги тоқатим, қўлёзмалардаги қалтисроқ мафкуравий фикрларга бепарвороқлигим ёки либераллик кўрсатишим ва ниҳоят учинчи корректурада ҳам — агар шу лозим бўлса — кўп тузатишлар киритишдан тоймаслигим нашриётга ва ўзимга зиён, муаллифлар учун эса бу айни муддао эди.

1987 йилда Тоғай Муроднинг учинчи китоби «Қўшиқ»қа мен муҳаррирлик қилдим. Бу китобга «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси бошқача номда — «Давра» номи билан ва энг янги қиссаси — «Қўшиқ» киритилди.

Илк қиссаси ҳақида ўзи:

— Бир вақтлар кинорежиссёр Ҳожи Аҳмар шу қиссам асосида фильм суратга оламан, деб айтиб юрар эди, — дегани менинг ёдимда.

Янги қисса «Қўшиқ»нинг бир жойида кўлмак остидаги қурт­чалар манзараси бор. Бунақа қуртчалар қизил рангда бўлади. Шундай эмасми, дедим муаллифга. Ва уларга қизил тусини бердик. Ушбу «тузатув» қўлёзмадаги менинг ягона «таҳрир»им эди.

Бу китобнинг қўлёзмаси босмахонага жўнатилиш арафасида муаллиф уни менинг иш столимдан уйига олдирди. Ва қўлёзмани нашриётга (менга) бошқа қайтармай, ўзи ҳам нашриётга келмай қўйди. «Китоб чиқмайди, чиқишини истамайман», деди телефонда. Нега, келинг, гаплашайлик, десам, унамайди.

«Қўшиқ» «Ёшлик» журналида босилиб чиққандан буён бу қисса тўғрисида адабий жамоатчилик оғзида айтилаётган турфа фикрлардан мен ҳам оз-моз хабардор эдим. Кўпчилик бу қиссани бошқалардан заифроқ, дейишар эди. Айримлар эса қиссанинг сатрлари орасидан қинғирликлар изларди. Баъзилари — асарнинг образларида ўзларини таниб тутақарди. Қисқаси, ҳасадгўйлар «гап сасирди» (Т. Мурод ибораси.) Мен учун эса бу асар ҳам бошқалари каби эди — зўр бадиий асар эди. Кучли ижод меваси. Асари тўғрисидаги ҳар хил фикрлар, баланд-паст гаплар албатта муаллифнинг қулоғига ҳам етаётган бўлса керакки… Дарвоқе, шундай, у ўз асарини қайтариб олишдан сал олдинроқ бир куни менга гап ораси айтиб қолди — бу қиссанинг бош қаҳрамони Турсуннинг айрим хислатларини аввало ўзимдан ҳам олганман. «От кишнаган оқшом» асарининг бош қаҳрамони ҳақида ҳам муаллиф худди шу фикрни айтган эди. Яна бир гап. «Қўшиқ»нинг шундай бир жойи бор: Сурхон воҳаси далаларида фильм суратга олгани борган истеъдодсиз бир актёр зерикканидан аҳмоқона иш қилади. Яъни у тирик қушчанинг оғзига сигарет чўғини тиқади — эрмакка. Тоғай ака қиссанинг шу жойи устида тўхталиб айтган эди менга: бўлган воқеа, ўзим кўрганман.

Тоғай акани унча-мунча билган кишилар билади: Тоғай Муродга маъқул одам бўлиш қийин. Одамдан дарров кўнгли қолади, юз ўгиради. Йўқ. Аслида бу нарса биз ўйлагандан кўра мураккаброқ бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Бу ҳақиқатни тусмоллаган ҳолда айтгинг келади. Дунёда ҳеч бир кимсага ва нарсага зиёда талабчан ёндашмаслик, зиёда меҳр ҳам, зиёда нафрат ҳам кўрсатмаслик лозим экан шекилли. Ахир ҳамма ҳам ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши қийин. Комилликка интилавериш — бу бошқа гап, шунга ҳаракатдан толмасликнинг ўзи чўнг инсонийлик, инсон учун катта шараф. Тоғай ака «чин» сўзини яхши кўрар эди. Қайси асарни варақлаб қараманг, бу сўз учрайди. Бу сўзнинг зидди нима? Бу сўзнинг зидди, тескариси бўлган сўз — маъно нима? Ана шуни… ёмон кўрарди. Ана шуни ҳар бир одамда кўрарди. У ўзининг ҳам нуқсонларини билар эди, тушунар эди, деб ўйлайман. «У бировга биринчи бўлиб салом бермасди», дейди у бир асарида.

Гўё икки компонентдан иборат.

(У мен учун.)

Асли — ўзи (олтин одам!) ва ўткинчи ҳолатлари.

Асли — ўзи муҳим! Бошқаси билан ишим йўқ. Шунинг учун ҳам уйига ўзим бориб ундан қўлёзмани тортиб олишга аҳд қилиб йўлга тушдим. Йўлакай ўйлаб борардим: «Бу сенга керак бўлмаса, халққа керак! Ўзбек халқи учун керак! — шундай дейман унга. — Бунақа зўр асарларни китоб қилиб чиқариш эса менинг ноширлик бурчим», деб айтаман, дея ўйлаб борардим.

Эсимда, уйи эшигини очди-ю, гавдаси билан йўлакни шундоқ тўсиб турди. Шу ерда гаплашамиз, дегандай.

— Уйга кирайлик.

— Йўқ, шу ерда гаплашамиз. Нимага келдингиз?

Нималар деганим ҳозир ёдимда йўқ. Ёдимда бори эса — равшан эмас. Ўша келаётиб ўйлаганларимни гапирган бўлсам керак. Ҳозир фақат кўз олдимдагиси шуки, эшик олдида киприк қоқмай… кўзларимга сокин тикилиб турибди: менинг ҳаяжонли­ пала-партиш сўзларимни жим эшитди. Биз шу ерда узоқ сўзлашиб туриб қолдик. Сўнг уйга кириб хонтахта теварагига ўтириб ҳам гаплашдик. Ниҳоят қўлёзмани олиб хурсанд бўлиб чиқиб кетдим. «Бир чойнак чой ҳам дамламади-я», дея йўлда кулиб борар эдим.

(Бу пайтда Маъсумахон нашриётда эдилар).

 

* * *

Шукур Холмирзаевнинг жуда кўп ҳикоялари жам бўлаётган китоб қўлёзмаси сарлавҳасига кўзи тушиб («Бодом қишда гуллади»), бу китобнинг номини ўзгартишни — «Ҳикоялар» деб йирик-йирик ҳарфлар билан (бармоғи билан ҳавода чизиб кўрсатди) — китоб бетига қўйишни… ана шу таклифни столим устига отди. Бу таклифни у бежиз айтмади. Бу фикрини у Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ҳикоячилиги — ўзбек адабиёти ҳикоячилигидаги давомийлик мулоҳазасидан… шу нуқта мушоҳадасидан келиб чиқиб айтди.

Китоб номи тўғрисидаги Тоғай Муроднинг бу фикрини мен Шукур акага айтдим.

Айтгандаям қай тарзда айтдим!.. Ҳозир ўйласам… ўйлаброқ гапирмаган эканман-да, деб ўйлайман.

— Тоғай айтдими… — деди Шукур ака ва жим қолди. Ва бирдан: — Китобнинг номи ўзича қолгани маъқул, — деди.

Мавлуд куни эди шекилли, бизнинг хонадонда. Шу муносабат билан Тоғай акани ва Маъсумахонни уйимизга таклиф этдик. Биз Эгарчи кўчасида татар кампирнинг ҳовлисида ижарада турамиз. Мирзапўлатлар оиласи ҳам шу маҳаллада — бош­қа бир татар кампирнинг ҳовлисида истиқомат қилади. Мирзапўлатлар шу ерда кўп вақтдан буён яшайди. Биз эса яқинда келганмиз. Бу жой ишхонамизга яқинлиги билан қулай.

Маҳалла этагидаги баландликдан Навоий кўчаси томонига қараб турибман. Шу томондан меҳмонлар келишади. Паст­қамликда янги ўтқазилган терак кўчатлари оралаб ўтган сўқмоқ бор — шу йўлак маҳаллага йўл очган. Ҳаяжонланяпман. Ўзимни ҳарчанд эркин — бепарвороқ тутишга уринмай, бўлмайди. Ҳазилми, бизни уйга Тоғай Мурод келади! Мирзапўлатга ҳавасим келади. Неча бор кўрганман, Абдулла Ориповни бемалол кутиб олади. У Пиримқул Қодиров олдидаям ҳовлиқмайди, Чингиз Айтматов билан кўришсаям ўзини йўқотмайди, деб ўйлайман.

Ана, келишяпти. Тоғай ака шошилмай, бепарволарча уёқ-буёққа аланглаб, намойишкорона секин қадам ташлайди. «Менинг ҳолатимни тушуняпти-да, шунинг учун шундай — менга далда бермоқчи, ҳовлиқма бунча! — демоқчи бўляпти», дея хаёлимдан ўтади.

Мен эсам аслида, кўпам анойи эмас, ўринсиз, кераксиз тортинчоқлик билан ёнма-ён кучли қатъиятим ҳам йўқ эмас, ана шу — «йўқ эмас» кеча асқотди…

…Меҳмонлар келишди. Маъсумахон, Мирзапўлатнинг турмуш ўртоғи — ҳамма меҳмонларни Вилоятхон билан мен кутиб олиб уйга кириб ўтиргач, Мирзапўлат ҳам келди. Тезда суҳбат жонланиб кетди, барчамиз шод-хуррам гурунглашиб ўтирдик. Бу кеча тафсилотини излаб, кундаликларим папкаларини титкилаб қарасам, ўша кунлар ёзилмай қолган экан. Демак, ёдимда қолганини айтаман. Даҳлизда Мирзапўлатга дедим: «Битта ароқ бор, шу етадими?» Мирзапўлат: «Битта ароқ Тоғай аканинг битта ўзига етмайди». Мен ўйлагандимки, камлик қилса, Мирзапўлатдан оламан, деб.

Яхши тилаклар билдиришди, учаламиз жиндак-жиндак олиб, ҳаммамиз ошга қўл узатдик, суҳбатлашиб, лагандаги ошни яримлатганимиздан сўнг Мирзапўлат иккимиз, биз тезда қайтамиз, деб уларнинг ҳайҳайлашига қарамай, Навоий кўчасига чиқдик. Таксида қўлда яширин ароқ сотадиган бир жойга бордик… Қисқаси, ўша ердан қуруқ уйга қайтиб келдик. Тоғай ака бунга асло афсусланмади. Аксинча, айтдим-ку, бекорга овора бўласизлар деб, деди… Аччиқ чойни ичиб яна анча вақтгача суҳбатлашиб ўтиргандан сўнг меҳмонлар қўзғалишди, энди фалон куни бизларникига ҳам боринглар, дея тайинлай-тайинлай кетишган эди.

 

* * *

Чинакам адибнинг «тасодифий» ёзувлари ҳам, йўлакай айтганлари — суҳбатлари ҳам мумтоз, классик бўлиб чиқади. Улар учун шунчаки ёзишнинг, мундайроқ гап қилишнинг имкони йўқ! Абдулла Қодирийда шундай, Валентин Распутинда бу шундай.

Тоғай Муроднинг газета-журналларда босилган ва ҳали китобларидан жой олмаган ҳамма мақола ва суҳбатлари шундай.

Унинг сўз айтишдаги — бу мақола бўладими, минбар сўзими бу, газета учун ёзиб олинадиган суҳбатми — рўй-рост, дангал, ўта самимий сўзлаши — кескин тарзда сўз айтиши бу борада ҳам эркин ва фаолроқ бўлувига халал берар эди чоғи.

У бир куни айтган эди:

— Э- ҳе, мен ҳали шундай мақолалар ҳам ёзайки…

У бунга ҳеч шубҳа қилмаган эди.

 

* * *

Хонага кираверишда чап томонда қўйилган креслода ўтирибди. Хонада қандайдир оғир жимлик… Бу жимлик «жаранги»­ ҳис этиляпти. Одатда хонамизга «Қўшиқ» муаллифи ташриф этганида биз сўзга — мулоқотга баҳонани ва шунга кайфиятни йўндирган, яъни албатта, Тоғай акага сўз қотиб уни суҳбатга тортган, бунга эришган бўлардик. Бундай қилишга сабаб, унинг кўнгли ғоятда нозиклиги, бинобарин, сал эътиборсизликдан озор топиши, дили ранжиши мумкинлиги. Шундай бўлмаслиги учун унга алоҳида эътибор… У алоҳида эътиборга болаларча муҳтож! Бугун эса негадир ҳаммамиз жим. Бугуннинг самовий таъсири шунақа оғирмиди ё бошқамиди, салом-аликдан бошқа ҳеч сўз дейилмай, сукунатни келишиб қўйилгандай, ҳеч бировимиз бузмай, меҳмон билан ишимиз бўлмагандай, ишдан бош кўтармай ўтиравердик. Тоғай ака сукутда анча ўтирди, сўнг ўрнидан туриб индамай чиқиб кетди.

* * *

Бир куни тушкун кайфиятда сўзлаб ўтирди. Гаплари моҳияти шундай маънога томон йўнала бошладики (дераза остидаги креслода ўтирибди) — бундан юрагим «жиғ» этиб кетди. Ёдимга «От кишнаган оқшом» қаҳрамонининг ҳолати, араз уриб кўпкаридан қайтиб кетаётгани, йўлда тасодифан учраган ёш бола, унинг бир сўзи — далдаси сабаб, бу ниятидан — йўлдан қайтгани — асарнинг шу жойи — манзараси кўз олдимга келиб тўхтади. Қўрқдим. Тоғай ака нима деяпти? Кўнглида нима? Қандай ишга қўл… Унинг кўнглини кўтаришга уриндим.

 

* * *

Эски қоғозларим ичидан бир мактуб чиқди. Бу хатни Москвада ўқиётган Тоғай Муродга ёза бошлаб, тугатолмай, жўнатилмай қолган экан. Бу — 1986-87 йилларда — «Қўшиқ»қа муҳаррирлик қилаётганимда ёзилган эди.

 

* * *

«Салом, Тоғай ака! «Қўшиқ»ни ўқидим. Сизни ўқиётганда ўқувчининг тахминлари яксон бўлади. Ўқиётиб ўйладим: энди ундоқ бўлар (воқеалар йўналиши), бундоқ бўлар, бироқ тахминларим яксон бўлди. Ўқувчини чалғитиб бошқа йўлдан кетасиз!

 

* * *

… Саҳифаларда вақт, давр алмашинуви! Недосягаем!

 

* * *

… Стоп-кадрлар яхши. Қисса ҳаяжон билан ўқилади, эсда сақланиб қолади…»

 

* * *

… Тоғай Мурод. Ўз қиссаларини ва романларини халқим шаънига қўшиқ, деб ёзди. Бу қўшиқлардан халқимга ҳайкал қўяман, деди. Унинг сўзи қатъий бўлди. Ўзи каби сўзи беназир, бетакрордир.

 

Ҳа, у ўз асарларида «асл одам авлоди» қиёфаларини яратди — халқнинг асл фазилатларини куйлади.

 

* * *

У кетди. Бу дунёнинг қувончи неъматларига бефарқ эмас эди. Ҳаётни севар эди. Аммо бу дунёнинг ажаб ғирромликларидан ҳайрон эди. Айниқса, мунофиқликни, товламачиликни, фирибгарларни, ҳаётдаги юзакичилик-ялтироқчиликларни кўрарга кўзи йўқ эди! Ҳаётнинг шундай жиҳатларини ва шундай кишиларни асарларида қиёфасини яратиб кўрсатди, фош этди. Кундалик турмушида ҳам улар билан умри бўйи курашиб ўтди.

Адиб! Ахир инсонлар ҳаёти у қандай жамият шаклини олган бўлмасин, бундан беҳроқ, тузукроқ бўладими? Қайда бўлади? Ким кўрибди!

Буларнинг барисини сен, Сурхоннинг буюк фарзанди, ўткир ақлинг, теран қалбинг билан тушунсанг-да, бироқ нозик, инжа кўнглинг буларни сиғдира олмади.

(Бу сатрлар тугалланмаган асардан. Тоғай Муродга доир сатрларини ўзига ўқитиб фикрини билиш ниятим бор эди. Минг афсус. Энди бу сатрлар ўтган замон феълини олди. Маҳзун маъно касб этди.)

Унинг вафотини (бир ҳафтадан сўнг) эшитганимда гангиб қолдим…

Ҳа. Мудом шундай. Биз доим «кечикиб юрамиз». Кейин афсуслар, пушаймонлар, армонлар қилиб ўтирамиз.

Юрт қайғусини куйлаган буюклар сафига Тоғай Мурод номи қўшилди. Бу оддий ҳақиқатга тобора кўника борамиз.