Маҳмуд Абулфайз. Тоғай Мурод далалари

      Комментарии к записи Маҳмуд Абулфайз. Тоғай Мурод далалари отключены

Агар ой бўлсанг ҳам кўчамдан ўтма.
Тилак Жўра.

Адабиётдан озми-кўпми хабарингиз бор. Биларсиз, балки билмассиз, ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирган машҳур адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг Хўжасоат қишлоғидан бўлади. Бу қишлоқ ўзбек адабиётига, мустақил Ватан адабиётига ҳам кирди. Бутун тамойиллари, одамлари, уларнинг феъл-атвори, урф-одатлари, тўй-томошалари, кўпкари, курашлари билан адабиётда мустаҳкам ўрин олган Хўжасоатни, борингки, Олтинсойни, олтинсойликларни яхши биламан деган одам бошқа ҳар хил манбаларни титкилашга вақт сарфламасдан, Тоғай Мурод китобларини ўқийверсин.

Қачонлардир пурҳикмат ва жозибали Хўжасоат қишлоғи Тоғай Муродни ардоқлаб, эркалатиб камолга етказди, сўнгра катта ҳаётга, демакки, улкан адабиётга йўллади. Ўз навбатида Тоғай Мурод ҳам Хўжасоатни улуғ ҳурмат ва эҳтиром билан катта адабиётга олиб кирди. Худди Доғистон шоири Расул Ҳамзатов Цада овулини адабиётда, демакки, дунёга машҳур қилгани каби, худди қирғиз адиби Чингиз Айтматов Шакар овулини оламга ёйгани каби Тоғай Мурод ҳам Хўжасоатни, унинг қирлари, адирларини, оппоқ-ойдин кечаларини, боринг­ки, бутун Сурхонни ўзига хос маҳорат билан адабиётга олиб кирди.

Аслини олганда, ҳар бир шоир ёки ёзувчи учун ўз туғилган қишлоғи, овули, маҳалласи бутун умри, ҳатто саксон-юз йил яшаб, ёзса ҳамки, асло тугамайдиган мавзу бўлиб қолади. Қис­қа умри давомида, хўжасоатлик адиб ўз юртини, элини маҳорат билан куйлашга улгура олди. Бу борада адиб унча-мунча ёзувчи-шоирлар қилолмаган улкан ишларни уддалаганини эътироф этиш бизнинг бурчимиз.

* * *

Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романини ёзишдан аввал, аниқроғи, 1988 йил баҳорида Тошкентдан Сурхондарёга келиб, «Олтинсой тонги» газетасида бир неча муддат ишлаганидан ҳам хабарингиз бордир. Аслида Тоғай Мурод Сурхондарёга «Отамдан қолган далалар» романи учун материал тўплаш, халқ ҳаётини, деҳқон меҳнатини ўрганиш ниятида келган эди. Унинг бу мақсадини ўша вақтлар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига берган интервьюси ҳам тасдиқлайди. Туман газетасида ишлаш эса адибнинг асл мақсадига эришиш учун қўл келарди.

Газетанинг бир сонида ёзувчи «Сўфи Оллоёр ким бўлган?» сарлавҳали мақоласини эълон қилди. Бу мақола ўз даврида кўпларга ёқди ва айни пайтда кўпларга ёқмади ҳам.

Собиқ салтанатнинг собиқ мафкурасига белини маҳкам боғлаб хизмат қилаётганлар, унда-бунда паналаб юргувчилар ҳаяллатмасдан мазкур мақола чоп этилган газетадан бир донасини конвертга жойлаб ўша пайтдаги Ўзбекистон компартияси марказий комитетининг биринчи котиби номига жўнатишади. Орадан кўп ўтмайди. Юқоридан келган топшириққа биноан, мақола райкомнинг бюро йиғилишида муҳокамага қўйилади. Фол очиб ёки таваккал гапириб нима қиламан: мен райкомнинг бу йиғилишида иштирок этмаганман. Шу даврда «Олтинсой тонги»­да ишлаган Жўра Қодировнинг гувоҳлик беришича, райком бюроси йиғилиши чиқарган қарорда шундай сўзлар бор эди: «Газета муҳаррири Эшмирза Муҳаммадиевга қаттиқ ҳайфсан берилсин. Бўлим мудирлари огоҳлантирилсин. Тоғай Мурод газета ишидан четлаштирилсин».

Хуллас, қўлларига калтак олиб Тоғай Муродни қувлайдилар. Адиб йўлини тўғри Тошкент сари солади.

Айтишларича, шу мақола чиққан сон газета тахламларидан ҳам олиб кетилади. Ҳаттоки редакциянинг ўзида ҳам бирор нусха қолмайди. Кимдадир қолган битта газета қўлма-қўл бўлиб, кечасию кундузи ўқилади. Шу сонни аллакимнинг қўлида кўргандим. Ишонасизми, ўқилавериб-ўқилавериб, қўлдан қўлга ўтавериб, газета увадаланиб кетай деганди.

Бу мақола атрофидаги ғалва, яхши-ёмон гаплар ҳали лопиллаб турган кунларнинг бирида обкомда журналистларнинг қандайдир йиғини бўлади. Унда муҳаррирлар, бўлим мудирлари иштирок этишади. Йиғилиш бошланишидан аввал чеккада бир муддат ўзаро гурунг бўлади. Яна «гуноҳкорларнинг гуноҳкори» бўлган, аниқроғи, даврнинг катта «гуноҳкор»ларидан бири саналган бош муҳаррир Эшмирза Муҳаммадиевни саволга тутишади, гап билан роса савалашади. Сўнгра танбеҳ беришади, ақл ўргатишади.

Шунда район газеталаридан бирининг муҳаррири мана бундай дейди: «Эшмирза ака, коммунистик партияга, Ленин комсомолига тош отмоқчи бўлган Тоғай Муродга ўхшаган сиёсий саводсиз ёзувчилардан нечовининг номи ўчиб кетади. Лекин ҳеч қачон шуни эсдан чиқармангки, коммунистик партия, Ленин комсомоли абадул-абад яшайди! Биз коммунистлармиз, ҳар қандай адашганнинг гапига учиб кетавермаслигимиз керак, Эшмирза ака!» Ўз навбатида Эшмирза ака унинг барча гапларини диққат ва эътибор билан эшитади ва ҳақ рост, дегандек бош ирғаб тасдиқлайди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Замон кўп нозик эди. Коммунистик партия юритаётган сиёсат қилич тиғидан ҳам ўткирроқ эди. Агар озгина чайқалсангиз ҳам бирор ерингизни кесиб ёки тилиб кетиши муқаррар эди. «Олтинсой тонги» ғазетасининг бош муҳаррири буни жуда яхши биларди. Яхши билгани учун ҳам Тоғай Муроднинг мақоласи хусусида гап очилиши биланоқ ўзини дарҳол «айбдорларнинг айбдори» дея эълон қилади-қўяди. Маломатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли шу эди, чамаси. Қолаверса, Эшмирза ака эгилган бошни қилич кесмайди, деган ақидага ҳам қаттиқ амал қиладиганлардан эди.

Обком биносидаги қисқа гурунг орасида «Тоғай Муродга ўхшаган сиёсий саводсиз ёзувчилардан нечовининг номи ўчиб кетади», дея камоли ихлос билан башорат қилган муҳаррир кўп ўтмай ишсиз қолади. Кейинчалик айримлар унинг Термизга иш излаб келганини ҳам кўришган. Қайсидир бир тармоқ газетасидами ёки оилавий бўлиб чиқарилаётган газетадами сал фурсат ишлаб ҳам кўради. Лекин узоқ дош беролмайди, чамаси. Гапнинг очиғи, унинг қўлидан кўп ишлар келарди. Фақат уддалаб ёзиш келмасди, холос. Кейинчалик у зим-зиё ғойиб бўлди. Ҳозир қаерда нима ишлар билан машғул? Ёки нафақага чиқиб оёғини узатиб ётибдими? Бундан менинг хабарим бўлмади.

«Сўфи Оллоёр ким бўлган?» мақоласидан сўнг Тоғай Мурод номи одамлар онгига янада маҳкамроқ ва чуқурроқ ўрнаша борди. Райкомнинг бюро йиғилишида астойдил қораланган бу мақола адиб шуҳратига яна шуҳрат қўшишга хизмат қилди.

* * *

Обкомда ўтган йиғилишдан кўп ўтмай бир гуруҳ журналист­лар Тошкентга ярим ойлик ўқув семинарига йўл олишди. Улар орасида мен билан Эшмирза ака ҳам бор эдик. Ўқишга Марказий Осиёнинг барча республикаларидан журналистлар ташриф буюришган эди. Ўқиш, машғулотлар собиқ олий партия мактабида олиб борилди. Бир куни Эшмирза ака гап топиб келди:

— Икковимизни Тоғайбой уйига меҳмондорчиликка чақир­япти. Шунга борамиз. Кетдик, тез бўлинг! Пушкин метросининг олдида кутиб тураман, деб айтди.

Мен ўзимча Эшмирза акага бир ҳамроҳ керак шекилли, шунинг учун мени ҳам бирга юришга даъват этяпти, деб ўйладим.

— Эшмирза ака, сиз ўзингиз бораверинг. Мен ҳам борсам, Тоғай аканинг кўнглига малол келиши мумкин. Балки сизда бирор гурунги, гап-сўзи бордир? — ўзимни ноқулай сезиб, шундай дедим.

— Мен ўзимдан чиқариб таклиф қилаётганим йўқ. Тоғайбойнинг кўнгли нозиклигини, ҳамма билан ҳам гурунг қилабермаслигини яхши биламан. Унинг ўзи сизниям уйига чақир­япти, — деди Эшмирза ака.

Шундан сўнг қўшилиб йўлга тушишдан ўзга чора қолмади. Иккинчидан эса, Тоғай Мурод билан гурунглашишга иштиёқим ҳам бор эди. Йўл-йўлакай Эшмирза ака «Пахта» деган ихчамгина торт ҳам харид қилди. Ҳақиқатан ҳам, Пушкин метросига кираверишда Тоғай Мурод бизни кутиб турарди. У кўзимга қандайдир маъюс ва ҳорғин кўринди. Тоғай акага яқинлашарканмиз, Эшмирза ака қўлидаги торт­ни менга тутқазди. Билдимки, дийдорлашув шунчаки бўлмайди. Ҳамроҳим қучоқларини катта очганча, «Қани, Тоғайбой, одамни соғинтириб юбордингиз!» — дея пешвоз бораверди. Икковлон астойдил қучоқлашиб узоқ кўришдилар. Икковларининг ҳам елкаларини, бутун вужудларини ўзаро меҳрми, соғинчми — титроққа солиб турарди. Худди кўп замонлар кўришмаган ака-укалардек, балки меҳрибон тоға-жиянлардек бўлиб кўришдилар, назаримда. Тоғай ака аввал Амир Темур хиёбонига бориб, сал­қин тушгунча дам олиб, гурунглашишни, сўнгра эса уйга боришни таклиф қилди. Айтганча, сентябр ойи эди, ҳаво саратондагидек иссиқ бўлмаса-да, бироқ салқин ҳам эмасди. Бу гапни айтишдан муддао шуки, Эшмирза аканинг қўлидаги торт иссиқдан эриб бораётгани қутига ёйилаётган ёғидан ҳам билиниб турарди. Шунда Эшмирза ака қўлидаги тортга ишора қилиб, «Буни нима қиламиз, Тоғайбой?» — деди. Тоғай ака эса ҳайрон бўлди, сўнгра тортга тикилганча анча муддат жим қолди. Назаримда, тортни нима қилиш кераклиги катта бир муаммога, ечилиши мушкул бўлган юмушга айлангандек эди. «Пахта» торти нима бўлди? Бу ўз йўлига. Учовлон аста-секин Амир Темур хиёбони томон йўл олдик. Токи салқин тушгунча ўша ердаги ошхонада ўтирдик, жудаям мароқли гурунг бўлди, дея олмайман. Ҳар қалай, тайинли бирор нарса ёдимда қолган эмас.

Салқин туша бошлагач, қайтдик. Эшмирза ака кетишга ижозат сўради. Лекин Тоғай ака изн бермади, астойдил уйига таклиф қилди. Кўнгли бўш Эшмирза ака рози бўлди. Шундай қилиб, Тоғай аканинг уйига йўл олдик. Боришимиз билан Тоғай ака ҳали тақиллатишга улгурмасдан эшик очилди. Эшикни ланг очган ва ўзини чеккага олган Маъсума янга очиқ чеҳра билан бизни уйга таклиф қилди: «Хуш келибсизлар, келинглар, келинглар!»

Тоғай аканинг уйида анча маҳал гурунглашдик. Мен бу суҳбатда гаплашувчидан ҳам кўра кўпроқ тингловчи, фаол эшитувчи бўлдим. Ора-орада гапиришга зарурат туғилса, гапирдим, холос. Агар шу ерда мен Тоғай Мурод жуда гурунгпаз одам эди, роса гурунг берди, десам айтганларимнинг анчаси ёлғонга чиқиб кетади. Лекин Эшмирза акани яхши кўргани боис, унга ишонгани боис, Олтинсойдан олиб қайтган кўнгил жароҳатлари ҳали битиб улгурмагани боис ҳам гурунгга ўт қалашга астойдил ҳаракат қилди, деб ўйлайман. Тоғай ака Эшмирза акага астойдил узрхоҳлик қилди, қайта-қайта кечирим сўради.

— Ака, мени деб жазоландингиз, яхши-ёмондан гап эшитдингиз, шундан кўнглим ҳалиям хира. Агар шу иш бўлмаганида эди, сиз билан ҳали анча ишлаш ниятим бор эди. Лекин, ака, сизниям, мениям оғзимизни онгниб, айтган гапларимизни сотиб юрган одам ҳам бўлди. Уни сиз яхши биласиз, ака? — деди Тоғай ака феъли ва иши номаъқулроқ бир одамнинг номини тилга олиб.

— Биламан, Тоғайбой, биламан, — деди Эшмирза ака ҳам шоша-пиша. — Нимаям дердим, укажон. Ҳар ким ўзи билади. Сиз айтгандек, унинг бемаза одатлари борлигини мен ҳам ке­йинчалик пайқаб қолдим. Одам оласи ичида деганлари шу-да…

Лекин Тоғай ака негадир шу «гап онгниб эшитганларини қаергадир сотадиган» одам ҳақида яна анча гапирди:

— Майли, ўзингиз биласиз, мени айтди дерсиз. Лекин, ака, шу одамдан жуда эҳтиёт бўлинг, — деди Тоғай ака, бармоғи билан ишора қилиб. Кейин яна қўшиб қўйди: — Эҳтиёт бўлинг, у чаён яна чақиши мумкин, чақади ҳам!..

Ундан-бундан гурунг қилиб, вақтни алламаҳалга етказдик. Эшмирза ака қайтишга ижозат сўради. Ташқарига чиқдик. Агар адашмасам, вақт кечаси ўн бирлардан ошган эди. Учовлон Пушкин ҳайкали яқинига бордик. Трамвайлар қатнови ҳали тўхтамаган эди. Биз чиқишимиз керак бўлган трамвай ҳам етиб келди. Хайрлашув онлари етди. Эшмирза ака билан Тоғай ака узоқ қучоқлашиб турдилар.

Ниҳоят, улар бир-бирларини қўйвордилар. Биз трамвайга чиқдик. Трамвай аста йўлга тушди. Биз чиққан трамвайга қараганича Тоғай ака ҳамон жойида қотиб турарди…

* * *

Термизга келганимдан сўнг Тоғай ака телефон орқали икки маротаба йўқлади. Бир-икки масала юзасидан суҳбатлашдик. Телефонини ёзиб олишимни ва зарурат туғилса, бемалол қўнғироқ қилишимни тайинлади. Биласизми, неча йиллар, неча ўн икки ойлардан атиги икки-уч дақиқа ажратиб, Тоғай акага қўнғироқ қилиш учун вақт бўлмади…

Мен адибимиз билан газета учун бир суҳбатлашишни кўнглимга тугиб юрардим. «Моҳият» газетасининг собиқ бош муҳаррири, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев Тоғай Мурод билан учрашиб, суҳбат тайёрлаб беришимни бир неча марта илтимос қилганди. Мен эса ҳар гал қуюқ ваъда берардим. Ўзимча фурсатини белгилаб юрган кунларнинг бирида Тоғай ака бу оламдан ўтиб кетди. Адиб қазо қилган куни Тошкентда эдим. «Моҳият» газетаси таҳририятида Абдуқаюм Йўлдошев афсус билан эслатди:

— Пайсалга солиб, суҳбатниям бой бердингиз. Тоғай Мурод ҳам ўтиб кетди! Ўз вақтида бир суҳбат берсак, сизу биздан эсдалик бўлиб қоларди. Нимаям деймиз, тақдир қилмаган экан-да, биродар…

Мен бирор сўз айтишга ожиз эдим. Тоғай Муроднинг бу дунёдан бемаврид кетиб қолишини қайдан билибман.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод телевидениега, радио ёки газета-журналларга интервью бериб, хумордан чиққан эмас. Чамаси, бунга унинг кўпам рағбати йўқ эди. Қолаверса, кўнгли истамаган одам билан агар тилло берсалар ҳам суҳбатлашмасди.

Шундай ижодкорлар борки, гарчанд адабиёт майдонида ишни дўндириб қўймаган бўлсалар-да, мухбирларга интервью беришни жуда дўндирадилар. Мухбир келса-келди, келмаса ўзлари ташаббусни қўлга олиб, суҳбат уюштирадилар. Адабиётда ишни қойиллатган Тоғай Мурод эса аксига олиб, мухбирлар суҳбатидан, учрашувлардан, савол-жавоблардан қочиб юрарди.

Ҳар кимнинг ўз даласи, ўз кўчаси бўлади. Кимдир даласига тикан экса, кимдир гул экади. Шунга қараб одамни фарқлайдилар. Шундай одамлар борки, ўз кўнгил кўчасини истаган одамга очиб қўяди. Бундай очиқ кўчадан кимлар ўтмайди. Шундай одамлар борки, ўз кўнгил кўчаларидан ҳар қандай одамни ҳам ўтказмайдилар. Айтмоқчи эдикки, Тоғай Мурод ўз даласига анвойи гуллар экишга улгурган адибдир. Айтмоқчи эдикки, ёзувчи, инсон Тоғай Мурод кўнгил кўчаларига ҳар кимни ҳам қўябермас эди. Журналист Норқобил Жалил билан суҳбатда Тоғай Мурод шундай деганди: «Мен нимагаки эришган бўлсам — барча-барчаси учун ана шу феълимга қуллуқ қиламан. Мен нимаики асар яратган бўлсам, барча-барчаси учун шу феълимга таъзим қиламан» («Олтинсой тонги» газетаси, 2003 йил 16 сентябр).

…Ёзувчи, инсон, гражданин Тоғай Мурод кўнгил қушини ҳар куни, ҳар субҳи сабо қадрдон қишлоғи Хўжасоат томон адо бўлмас соғинч ила учирган. Мен бу ҳақиқатга жуда ишонгим келади. Агар шундай бўлмаганида эди, Тоғай Мурод «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» каби адабиётимиз дурдонасига айланган ўлмас, бетакрор асарларини ёзмаган, ёзолмаган бўлар эди. Агар юракда катта муҳаббат бўлмаса, туғилган юртини, унинг одамларини куйлаб бўлмайди. Ёзувчи Тоғай Мурод қалбида эса юртга, она-Ватанга нисбатан, демакки, озод ва қутлуғ Ўзбекистонга нисбатан катта бир муҳаббат, меҳр барқ уриб яшарди.