Саид Мурод. «Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен»

      Комментарии к записи Саид Мурод. «Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен» отключены

Тоғай Мурод ака «Отамдан қолган далалар» романи сўнгида берган «Мен» номли таржимаи ҳолида «Фан ва турмуш» журналида икки йил муҳаррир бўлиб ишладим», деб ёзади. Дар­ҳақиқат, у таниқли ёш ёзувчи сифатида номи чиқа бошлаган кезлари илмий-оммабоп журналда ишлади. Бу иш, албатта, вақтинчалик эди. Унинг ўзи: «Ўттиз-ўттиз беш ёшларгача уйланмайман, оила қурмайман, бирор идорада фақат тирикчилик учун ишлайман», деб ёзганди.

У киши билан биринчи кўришимиз шундай бўлган.

Бекободга етмасдан жума молбозори бор, катта колхознинг озиқ-овқат дўкони яқинида журналимиз раҳбари Комил ака менга таништирди:

— Бу — Тоғай Мурод акангиз, Менгноров. Бизга янги ишга олинди. Ҳартугул, автобусга улгурди Тошкентда…

1983 йилнинг октябрь ойи бошлари. «Ҳамма пахтага!» — бош шиор. Ҳозиргина турнақатор автобуслар колоннасида Тошкентдан чамаси 90 километрлар узоқликдаги бу жойда қўним топиб, қаерга келиб қолганимизни билиш учун ҳар ким атрофни «разведка» қилиб юрибди. Тоғай Мурод ака ҳам қўшни автобусдаги ҳамкасблар билан бирга дўкон томон келаётган экан. Яқин-атрофдаги кўзга кўринарли баландроқ бино шу бўлиб чиқди. Уни идора бўлса керак, деб ўйлаганлар ҳам йўқ эмас эди. Дўконга кираверишда нуроний онахон йирик-йирик, япалоқ қовоқ сомсаларга тўла тоғора олдида чўк тушиб ўтирарди. Шу пайт Тоғай Мурод аканинг кўзлари порлаб кетди:

— Ие, худди онамга ўхшаб кетаркан…

Тоғай Мурод ака бирпасда ҳалиги онахон билан бир нималарни гаплашиб кетишди. Худди она билан боладек. Биз, ҳамкасблар бу қишлоқ дўконини бир айланиб чиқиб кетаётганимизда ҳам улар мириқиб гаплашиб туришарди. «Онасига кучли меҳр қўйган одам ёмон одам бўлмайди», деган фикр хаёлимдан ўтди. Шу ҳаётий эпизод туфайли Тоғай Мурод ака билан илк учрашувимиз ёдимда муҳрланиб қолди.

* * *

Тоғай Мурод ака «Фан ва турмуш»да ишлаган кезлари журнал таҳририятида чинакам ижодий муҳит мавжуд эди. Асосий журналистлик касбидан ташқари, кўплаб адабий жанрларда ижод қилинарди, адабий мунозаралар бўлиб турарди. Масалан, ҳозирда машҳур адиб Хуршид Дўстмуҳаммад бир қатор ўйчан, фалсафий ҳикоялари, Рустам Обид ҳайратланарли фантастикаси билан танилиб қолишганди. (Менинг ҳам илк модернистик шеърларим Хуршид аканинг қистови билан шу йили икки адабий нашрда эълон қилинганди.) Ҳатто бир умр журналист бўлиб ишлаб келган кекса ходимимиз Илҳом ака Орипов ҳам «Ўткан кунлар»дан руҳланиб, муҳаббат ҳақида қисса ёзган эди. Тенгдош дўстим Мирзааҳмад Олим эса шоҳ ва шоир Бобур Мирзо ҳақидаги гўзал эсселарини тинмасдан эълон қиларди. Бизга анча яқинда жойлашган радиоқўмитага тушликка бориб, у ерда ишлайдиган Тоҳир Малик, Эркин Усмон, Олим Отахон сингари адиблар билан ўзбек адабиёти, янги асарлар, жаҳон адабиётининг мумтоз адиблари ижоди ҳақида суҳбатлашар эдик. Таҳририятимизга кўпгина адиблар, адабиётшунос олимлар келиб, баҳс-мунозаралар роса авж оларди. Ўйлайманки, Тоғай Мурод ака ўз асарлари учун бу ижодий муҳитдан кам нарса олмаган эди. Комил ака Холмуҳамедов ҳам раҳбар сифатида ундан ёрдамини аямас, қўллаб-қувватларди.

У пайтлар бир қатор хорижий адиблар асарлари шўро мафкурасига тўғри келмайди деб кам нашр этилар, уларни ҳам кутубхонадан топиш қийин эди. Жаҳон адабиётининг энг машҳур ва ўша даврда ман этилган асарларини қўлма-қўл олиб ўқирдик. Масалан, Франц Кафканинг «Жараён» романини, модернизм адабиётининг бошқа намояндалари асарларини. «Жаҳон адабиёти» серияси 200 жилдлигига кирган айрим китоблар менда бор эди. Тоғай Мурод аканинг қиссаларини ўқиганимдан кейин халқ сагалари усулида асарлар ёзган исланд ёзувчиси эсимга тушиб қолди. Мен у кишига Нобель мукофоти лауреати Халдор Лакснесснинг «Мустақил одамлар», «Исланд қўнғироғи» асарлари киритилган жилдини ўқишга бердим. Тоғай Мурод ака уни бир неча ҳафта қўлдан қўймай кўтариб юрди.

— Буни қаранг, ёзувчи романининг бобини «Шеърият» деб атабди, услуби ҳам шоирона руҳда. Қанчалик гўзал! — дея зав­қи келиб сўзлаб қолди у бир куни. — Ҳам тили равон, миллий, лекин ёзувчининг ўзиям роса тер тўккан. Халқникини ўзига қайтариш осон эмас. Халқнинг кучидек кучингиз бўлиши керак. Бунақа куч эса бўлмайди. Фақат халқ меросидан фойдаланиб, ўз асарингизни ёзишингиз мумкин, холос. Қойил, маза қилиб ўқидим.

* * *

Тоғай Мурод ака носир бўлса-да, шеърий завқи жуда баланд эди. Лекин уни шайдо қилиш осон эмасди. Ўзаро адабий суҳбатлардан бирида янги шеъримни ўқиб, қандай баҳо беришини сўрадим. Адиб бир дақиқа ўйланиб қолди-да, кейин дабдурустдан шеър ўқиб кетди. Чўлпонни услубидан фаҳмладим. «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 1967 йилги сонлари тўпламида Чўлпоннинг бир туркум шеърларига кўзим тушган эди. Хазина топиб олгандек, ҳаммасини кўчириб олгандим. Шундан танидим, лекин бунақа зўр шеърни сира эшитмагандим. Тоғай Мурод ака, айниқса, шеър охирини ўзининг сўзлаш манераси, ўзига хос товуш интонациясига мос тарзда, бироқ энди сал баландроқ ўқиди:

… Мен йўқсил на бўлиб уни суйибмен,

Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен,

Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,

Мен суйиб… мен суйиб кимни суйибмен?

Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал.

Ҳайратдан қотиб қолдим. Ўзбек тилида бунчалик ажойиб, кам-кўстсиз, ўта самимий, ўта эҳтиросли ва ҳаққоний ҳолат тасвирланган, комил шеър борлигини ва уни ҳозиргина эшитганимни ақлимга сиғдиролмасдим. Орада абадиятчалик вақт ўтгандек туюлди, ўзимнинг шеъримни унутиб, Тоғай акага мени кўпдан бери ўйлантириб келаётган саволни бердим:

— Ҳозир Чўлпон услубидаги сингари «тоза тилли» шеъриятни яна ривожлантириб бўлармикан?

— Билмадим, бунинг учун Чўлпон тирилиб келиши лозимдир балки. Эҳтимол, янги Чўлпонлар туғилар… Абдулла ака билан Рауф аканинг борлигига ҳам шукр.

Тоғай Мурод ака Абдулла Ориповни Лермонтовга қиёсларкан, улуғ рус шоирининг «Пайғамбар» шеърини ёддан ўқиб бериб, мени шоирона донолиги билан яна бир бор ҳайратга солди. «Фақат Лермонтовнинг умрига ўхшамасин», деб қўшиб қўйди. У, Рауф Парфи (уни «ақлли» дерди) Байрон каби «Европанинг биринчи эркин шоири» даражасидаги шоирлар сафидан жой олишга муносиб ижодкор эканлигини тан олиш керак, деган фикрни айтди. Бу фикрга, эҳтимол, шоирнинг ўша кезлари Байрондан қилган таржималари, хусусан, «Манфред»и сабаб бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, адибнинг шеъриятни нозик тушуниши, қадрлаши менга ёқди.

— Ҳақиқий адабиёт аслида роман ёки драмалар эмас, балки шеъриятдир, — деганди у ўз суҳбатларидан бирида.

* * *

1983 йилда Тоғай Мурод аканинг янги қиссаси муҳокамасида тасодифан қатнашиб қолдим. Бошида мен адибни кутиб турадиган бўлгандим, кейин у фойдали бўлади, асар ёзишдан ҳам кўра рухсат олиш — «советдан ўтказиш» қийинлигини ўз кў­зи­н­­­­гиз билан кўрасиз, деди ва барвақтроқ муҳокама хонасига олиб кириб ўтқазиб қўйди. Хона Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгаши аъзолари бўлган ёзувчилар, адабий танқидчи ва адабиётшунослар билан тўлди, муҳокамани устоз адиб Одил Ёқубов олиб борди. Гапирганлар ва айтилган фикрлар ҳозир аниқ эсимда йўқ, лекин Тоғай Мурод аканинг юзидан муҳокама асар фойдасига ҳал бўлмаётганлигини сезиш мумкин эди. Чамаси, муҳокаманинг ўрталари эди, шу пайт эшик очилиб, Озод Шарафиддинов кириб келди, чеккадаги стулга ўтириб, олдига қўйилган қоғозга сўзлаётганлар фикрини беш-олти қатор ёзган бўлди, сўнгра ундан воронка — қоғоз кулдон ясади, сигарета тутатиб, хотиржам тинглай бошлади. Ҳамма асар ҳақидаги ўз фикрини айтиб бўлгач, охирида Озод ака сўз олди, қиссанинг барча ижобий томонларини санаб ўтди ва улардан келиб чиққан ҳолда қўлёзмани албатта нашр этиш лозим, деб шундай қатъият билан гапирдики, қарши сўзлаганлар гўё йўқдек эди. Унинг хулосаси ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Мен Озод аканинг ёш истеъдодларни мақолалари билан ҳимоя қилиши, қўллаб-қувватлашини билар эдим, бироқ унинг амалда, одам айнан шундай ёрдамга муҳтож, ҳақиқатга ташна бўлиб турганда отилиб чиқиб ҳимоя қилиши, дадил, қатъий ҳаракатлари мени жуда қойил қолдирди. Тоғай Мурод ака муҳокаманинг бошидан охиригача жуда жиддий, мағрур ўтирган бўлса ҳам, назаримда, энг сўнгги дам «портлаб» кетмаслик учун ўзини зўрға ушлаб тургандек туюлди…

* * *

Тоғай Мурод ака «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Отамдан қолган далалар» каби ўзига хос шакл ва мазмунга эга асарлари билан китобхон қалбида чуқур из қолдирди. Машҳур адибимиз ўша йилларда Шукур Холмирзаев, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзамов каби носирлар билан бир қаторда қишлоқдаги оддий ўзбекнинг ҳаёти, ҳис-туйғулари, истак-майллари, орзу-умидларини ҳаққоний тасвирлаб, бугунги тил билан айтганда, қишлоқдаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб, умумдавлат, умуммиллий масалаларнинг ечимини топиш мумкин эмаслигини чуқур ҳис қилди. Шу боис ҳам қишлоқ мавзуси адабиётга ўзига хос овозга эга адибларни, янги ва оригинал асарлар шодасини берди. Тоғай Мурод ака эса улар орасида ўзининг гўзал асарлари билан ёруғ юлдуз каби порлаб турибди.