Собир Ўнар. Чинакам устоз

      Комментарии к записи Собир Ўнар. Чинакам устоз отключены

Тоғай Мурод том маънодаги, яъни ҳақиқий адабиёт талабларига жавоб бера оладиган чинакам ёзувчи эди. У ўзининг илк қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади»дан бошлабоқ ўқувчисини дарров топиб олди. Китобхонларни оҳанрабодек тортиб кетди. Кўпчилик адибларга насиб бўлмайдиган бир воқеа рўй берди: «Хўш, Тоғай Мурод энди нима ёзаркин?» — деган кутиш иштиёқи пайдо бўлди. Айтиш керакки, адибимиз умрининг охиригача бу юмушни шараф билан уддалади: кутган ўқувчига кутилганидан зиёд қисса, роман тортиқ этди.

Мен авваллари ўйлар эдим: Тоғай Мурод ҳам тақлид қилармикин? Халқона иборалар, оҳангни бировга ўхшатиб ёзармикин? Бошида кимларгадир ўхшатиб ҳам кўрдим. Йўқ, кейин билсам, уларда Тоғай Муродникичалик яхлитлик, бутунлик йўқ экан. Демак…

Шуни ҳам айтиш керакки, гарчи қўлидан етаклаб бирор нашриётга олиб бормаган ёки қўлидан тутиб бирор нарса ёздирмаган ёки рўпарасига ўтқазволиб узундан-узоқ сабоқлар бермаган бўлса-да, у ўз ижоди билан бизнинг тенгимиз ва ундан кейинги авлод ижодкорларига ҳам устоздир.

Биринчидан, жиддий, соф адабиётга хиёнат қилмасликни Тоғай Муроддан ўрганишимиз керак.

Иккинчидан, халқона, соф ўзбекча оҳангга омухта ижодни Тоғай Муроддан ўрганишимиз керак.

Учинчидан, пала-партиш ижодни китоб қилиб чиқариб, надоматга қолишдан ўзни тийишни ҳам Тоғай Муроддан ўрганишимиз керак.

Шу фазилатларнинг ўзиёқ устоз бўлишга арзигуликдир.