Бобоқул Норқобул. «Боламни ҳеч кимга бермайман!»

      Комментарии к записи Бобоқул Норқобул. «Боламни ҳеч кимга бермайман!» отключены

1996 йилнинг баҳори эди. Мен Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигида хизмат қилиб юрган кезларим. Бир кун қабулимга ёзувчи Тоғай Мурод рафиқалари Маъсума опа ҳамроҳлигида шаҳд билан кириб келди. Мен уларни кутиб олиб, таниқли ёзувчимизни нима безовта қилганини аниқлашга ҳаракат қилдим. Котибага чой киритиб беришни илтимос қилиб, Тоғай ака билан ҳол-аҳвол сўрашдим. Тоғай ака жаҳлини аранг босиб тургани унинг саволларимга истар-истамас жавоб бераётганидан билиниб турарди.

Котиба чой келтирганидан сўнг, бизга чойни Маъсума опа қуйиб бердилар. Маъсума опа Тоғай акани жаҳлдан туширишга ҳаракат қилар ва у кишининг муаммоси айнан шу идорада битиши мумкинлигини қайта-қайта такрорлар эди. Мен вазиятни юмшатиш учун Тоғай акани гапга солиб, у кишининг бугунги ижоди ҳақида гапиргандай бўлдим. Тоғай ака барибир ичидаги дардини айтмаса, енгил тортмаслигини билдим. Бир пиёла чой ичганимиздан сўнг мен мақсадга ўтиш тўғрисида савол ташладим. Тоғай ака вазминлик билан, лекин бутун танасидаги ғурур ва шижоатни яширмай ўз асарларининг қадри тўғрисида гапира бошлади. Мен аввалига муаммо нима ҳақида эканлигини англай олмадим. У киши жаҳон адабиётининг аҳамияти, ўзбек адабиётини юксалтириш муаммолари тўғрисида гапириб бўлиб, бирданига «беҳурмат» бўлиб қолганини ва ҳурматини жойига қўйишни такрорлай бошлади. Тоғай ака ўта асабийлашганидан рафиқалари уни тинчлантиришга ҳаракат қиларди.

Мен Маъсума опага «сиз гапиринг» маъносида имо қилдим. Гоҳ Маъсума опа, гоҳ Тоғай ака адолат, ҳурмат, ёзувчи қадр-қиммати ҳақида гапирар эдилар. Хуллас, мен ўртага бир неча марта савол ташлаганимдан сўнг Тоғай ака қимтиниб:

— Ука, тушунган йигитга ўхшайсиз, агарда қўлингиздан бирор иш келса, муаммони айтай, бўлмаса кетганим бўлсин, — деди.

Мен у кишига бу идора айнан муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашишини айтиб, ўзимча у кишига кафолат бергандай бўлдим. Мен ўзимни қанча дадил ва босиқ тутишга ҳаракат қилмай, қаршимда юзларидан изтироб билан ғурур таралаётган, қатъиятли ва чапани киши ўтирганидан ич-ичимдан ҳаяжонланардим.

Маъсума опа бўлган воқеани бир бошидан тушунтиришга киришди. Маълум бўлишича, Муқимий номидаги мусиқали драма театри раҳбарлари Тоғай аканинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини саҳналаштирган экан. Мен ахир ёзувчиларимизнинг асарлари саҳна юзини кўрса, бу яхши обрў олиб келиши мумкинлигини айтганимда, Тоғай ака, «Ука, сизнинг болангизни биров ўғирлаб ўзиники қилиб олса чидайсизми?» — деб, қалтис савол билан жавоб қайтарди. Мен ўзимни қўярга жой тополмай қолдим.

Суҳбатимизга яна Маъсума опа аралашди:

— Театрда асарлари қўйилгани яхши, бугунгача бу кишининг асарлари саҳналаштирилган, фильм қилинган, яна янги таклифлар ҳам бўляпти. Лекин, ука, Тоғай аканинг куюниши бошқа масалада, — дедилар.

Тоғай ака айбдорлар номини ошкор қилмасдан:

— Мен борлиғимдан ажралиб асар ёзсам-да, уни кимдир индамай ўзиники қилиб олса, чидаб бўладими, ука, — деб жим бўлиб қолди. — Инсценировка қиламан деб асаримни бутунлай ўзгартириб юборишибди, афишага ўз исмларини ҳам қўйиб олишибди, усталар, — деди бир оз сукутдан сўнг у.

Кейин менга Муқимий театрининг паттасини узатди. Мен яна у кишини саволга тутиб, «Ака, асарингиз театрда қўйилибди-ку», деб у кишига қарадим.

— Ҳа, бу яхши, лекин алам қиладигани мендан бир оғиз, «Тоғай ака, шу асарингизни саҳналаштираётганимизда ўзи­нгиз қатнашсангиз, у ер-бу ерини ўзгартиришга тўғри келиши мумкин», деб айтишса бўларди-ку. Мен бугун бориб театр раҳбарларига саҳналаштирилган асаримни қайта намойиш этмасликларини талаб қилмоқчи эдим. Агар, ука, билсангиз эди, қанақа аҳволга тушмадим, дейсиз, ҳозир тўғри ўша ердан кел­япман. Афишадан маълум, одамни ерга уришлари.

Тоғай ака: «Булар асаримни эмас, боламни ўзиники қилиб олишибди», деганда кўзлари ёшланиб кетди. Ўртага сукунат тушди. Ҳеч ким биринчи бўлиб гапиришни хоҳламасди гўё. Шу орада телефон жиринглаб, сукунатни ҳайдагандай бўлди. Мен телефондаги кишига қисқа қилиб жавоб қайтариб, Тоғай акага қараб, уни ўзимча юпатган бўлдим.

Тоғай ака кейин воқеани яна бир бор батафсил гапириб берди. У кишининг айтишича, бир куни уйларига Муқимий театрининг бош режиссёри келиб, Тоғай аканинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини саҳналаштириш режаси борлиги, ёзувчининг шунга рози бўлиши кераклигини айтиб кетган экан.

— Ука, мен асаримни театрдагилар шартномасиз фақат оғзаки гапларга кўра саҳналаштиришади, деб ўйламагандим, — деди куюниб Тоғай ака.

Қизиғи шундаки, бари гап уй остонасида бўлган, ўртада аниқ бир тўхтамга келмасдан, асар саҳнага қўйиб юборилаверган. Шартнома ҳақида гап ҳам бўлмаган.

— Майли, менга муаллифлик ҳақи ҳам керак эмас, лекин асаримни «инсценировка» баҳонасида тўлиқ ўзлаштириб олишибди, менинг муаллифлигим йўқолиб қолибди, мен шунга чидай олмаяпман, — титраб кетди Тоғай ака. — Алам қиладигани, розилик-ку олишмади, шартнома ҳам йўқ, уйимга томошабин сифатида патта юборишибди. Буни қаранглар-а, — Тоғай ака бирмунча вақт сукут сақлаб турди-да, сўнг шундай деди: — Янгангиз билан маслаҳат қилишга шу ерга келдик.

Мен вазиятни ойдинлаштириш учун Муқимий театри раҳбарларига қўнғироқ қилиб, ушбу ҳолатни уларнинг ўзларидан ҳам тасдиқлатиб олдим. Тоғай аканинг барча айтганларини уларга етказдим. «Биз Тоғай Муроддан оғзаки бўлса-да, розилик олгандик, энди у киши билан келиша олмаяпмиз, ука, сиз кўндириб беринг иложи бўлса», деб телефондан жавоб қайтаришди театр раҳбарлари. Мен бу низоли масалани қонун йўли билан ҳал этиш кераклигини тушунтириб, телефон гўшагини қўйдим.

Шунда Тоғай ака:

— Мен қорнимга эмас, оримга йиғлаяпман, ука, — деб «нима дейсан» дегандек қараб, қўлидаги аризасини менга тутқазди.

Мен Тоғай акага бугуноқ Маданият ишлари вазирлигига хат ёзишимни ва саҳналаштирилган бу асарни у билан ёзма шартнома тузилмагунча намойиш этилмаслигини ваъда бердим. Тоғай ака менинг тирсагимни маҳкам ушлаб, шундай деди:

— Мен боламни ҳеч кимга бермайман.

Сўнг хайрлашиб, хизмат ва уй телефон рақамларимни ёзиб олди-да, Маъсума опа билан хонамдан чиқиб кетди.

Бир куни Тоғай аканинг уйига телефон қилиб, Маданият ишлари вазирлигидан жавоб хати олингани, бу асар шартномасиз саҳнада қўйилмаслиги ҳақида ёзилганини маълум қилдим. Тоғай аканинг шодланиб кетганлиги телефонда унинг ҳаяжонли овозидан сезилди:

— Ука, полвонларда бир гап бор: «Полвон зотсиз қолса чидайди, лекин орсиз қолса чидамайди».

Мен бу гапнинг маъносига бугун Тоғай Мурод орамизда йўқлигида тушунгандай бўлдим. Юқоридаги асар юзасидан бугунгача ҳам шартнома тузилмади, асар қайтиб саҳна юзини кўрмади. Биз Тоғай ака билан то умрининг охирига қадар байрам ёки бирор-бир тадбирлар баҳонасида қўнғироқлашиб, яхши кунлар, адабиёт ва бошқа нарсалар ҳақида гаплашар эдик. Мен ўзбекнинг ғурурга тўла, беғубор ва қайсар, бир гаплик, ўзини одамлар олдида кўрсатишдан қочиб юрадиган, лекин самимий, камсуқум ёзувчиси биз билан ёнма-ён яшаб ўтганига сира ишонгим келмайди.

Тоғай Муроднинг асарларини ўқиётганимда: «Наҳотки у одамда шунча дард бор эди?» — деб, ҳайрон бўламан. Мен Тоғай акани эслаганимда ёки у киши ҳақида гап очилганда, унинг «Булар асаримни эмас, боламни ўзиники қилиб олишибди», деган сўзларининг қанчалар алам ва изтироб билан айтилгани, унинг асарлари болаларига айланиб қолгани, ижоднинг нони қанчалар қаттиқлигига амин бўламан.