Жасур Кенгбоев. Тоғай Мурод билан хаёлан суҳбат (суҳбат-эссе)

      Комментарии к записи Жасур Кенгбоев. Тоғай Мурод билан хаёлан суҳбат (суҳбат-эссе) отключены

 Асл ижодкор эл-юртга «ура-

ура» гаплар билан эмас, бадиий

асарлари билан хизмат қилади.

 Тоғай Мурод

Мен олтинчи синфда ўқир эдим. Қишлоқдаги эски мактаб кутубхонасида ишлайдиган кутубхоначимиз алмисоқдан қолиб кетган кўзойнагини тақиб, бир китобни кўлидан ташламай ўқиб юрарди. Китобнинг жилди жуда эскириб кетганидан устига нима ёзилганини билиб бўлмасди. Бу одамнинг ҳадеб битта китобни мутолаа қилаверишига таажжубланардим. Менга қизиқ туюларди-да, бу.

Бир куни унга билдирмайгина ўша китобни олиб, биринчи бетини ўқиб кўрдим: катта ҳарфлар билан «Отамдан қолган далалар» деб ёзилган. Болаларча соддалик билан бўлса керак, бундай гапларни фақат ёши катталар гапиради, деб ўйладимми, билмайман-у, ҳар ҳолда амакининг ўқиб ўтирган нарсасига энсам қотиб, «Ҳим-м, отасидан қолган далалар экан… Шунга нима қипти?» — деганман… Орадан икки-уч йил ўтди.

Шу орада шаҳардаги бир лицей-интернатда ўқийдиган бўлдим. Унинг кутубхонасидан бир куни «От кишнаган оқшом» дегич китоб топиб олдим. Китоб устида бир-бирига мойиллиги баланд, бир-бирини қувиб ўтишга ошиқаётган, бири оппоқ, бири сояранг, елдай учиб бораётган икки от тасвирланган эди. Уларнинг ёллари шамолда таралар, кўкраклари кенг, бақувват, кўзлари, негадир, қаҳрли ва ғазабли, бунинг устига, маъюс эди. Ўшанда китобнинг илк бетида қизиқ гапни ўқиб қолгандим: «Бу қиссалар не кунларни кўрмади! Зоти номард бўлди, ушбу қиссалар ёқасидан олди. Оғзи бузуқ бўлди, ушбу қиссаларга тупугини сочди. Қўли нопок бўлди, ушбу қиссалардан бутун-бутун бобларни ўчириб ташлади. Оқибат, ушбу қиссалар ўз вақтида пати юлинмиш товуқ мисол чоп этилди. Алқисса, дориломон кунлар келди. «От кишнаган оқшом»даги Зиёдулла чавандозчасига айтар бўлсак… улоқ Тоғай Муродда кетди!»

Дастлаб бу гапларга унчалик тушунмаганман. Орадан вақт ўтиб эса…

…Китобдаги «От кишнаган оқшом» қиссасини ўқишни бошладим. Уёғини билмайман, билмайман! Қолган «Юлдузлар мангу ёнади», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо-Ер қўшиғи» қиссаларини қандай ўқиб чиқдим, қандай тамомлаб қўйдим — билмай қолдим! Китобни ёпибманки, кўз олдимдан қиссалар қаҳрамонлари бир-бир ўта бошлайди: Зиёдулла кал ва унинг «биродари»га айланган Тарлон, Бўри полвон ва дўсти Насим полвон, икки дўстнинг ҳам дилига бирдай ўт ёққан сулув Момоқиз, бир умр йўқ боланинг Момоси, йўқ фарзанднинг Бобоси бўлиб яшаб ўтган Қоплон ва Оймомо, «оёғи ердан узилган», манман шоир Паҳлавон Даҳо…

Қалбимда ғалаён бошланди. Хўрсина-хўрсина чуқур ўйга толдим. Бошқача бўлиб қолдим… Қиссалар таъсири… Мен бу асарлар муаллифини эслаб қолдим. Унинг яна қандай асарлари бор экан-а?­­ Агар топсам, албатта, ўқийман, битталаб ўқийман, деб мақсад қилиб олдим. Шундан буён Тоғай Мурод билан ғойибона дўст тутиндим. Китоб дўконларидан унинг асарларини қараб юрдим. Ниҳоят, бир куни Тоғай Мурод деган адибнинг бошқа бир китобиниям кўриб қолдим. У китоб эса… ўша… бир вақтлар номидан энсам қотган «Отамдан қолган далалар» эди! Сотиб олдим. Романни ўқиб яна оромимни йўқотдим! Халқимизнинг совет тузуми сиёсат юритган пайтидаги ночор, хўрланган турмуши, «бахт­ли ҳаёти» ҳақида тарих китоб­ларидан ўқигандим. Аммо… бу даражада таъсирланмаган эканман! Халқимиз, миллатимиз бошига не-не қаро кунлар тушгани, ўзбек деҳқониман, дегич одамлар қандай қилиб «деҳқон» бўлганини шу роман орқалигина билдим. Шу роман орқали мен тенги болалар, ўқувчилар илк қадамини мактабдан эмас, пахта далаларидан бошлагани, уларнинг «пахтазор — дафтари бўлгани, ғўзалар — ҳуснихати бўлгани»ни, жуда кўп оналаримиз асардаги Зиёд ошнамнинг онаси сингари далаларда «Пахта уриб кетган болам-ай!» — дея фарёд чекиб ўтганини билиб олдим. Бир сўз билан айтсам, шу роман орқали… мен кимлигимни билиб олдим! Ота-бобом ким эканини билдим! Ана шундагина беихтиёр кутубхоначи амаки эсимга тушади. Унинг нега бу китобни доим ўқиб юришини, баъзан чуқур ўйга толиб, асабийлашиб қолишини тушунгандай бўламан….

Қаршида — Янгибозор томонга кетаверишда қатор уйлардан бирида бир отахон деразаси кўчага қараган кичик дўкончада у-бу нарса сотиб ўтирарди (сув сотиши аниқ эсимда). Онда-сонда бозорга бориш-келишимизда атайин ўша отахондан сув олиб ичардик. Чунки у зиёли одам! Ким билан гаплашмасин, унга бирор қизиқ гап айтиб берар ё ҳеч бўлмаса бирор шеърни ифодали ўқиб, шунга фикр сўрарди. Дўкончасини кичик кутубхона, деса ҳам бўларди: сотадиган нарсасидан ўқиш учун териб қўйган китоби кўп бўларди.

Хуллас, бир куни бозордан қайтаётиб, ўша отахондан сув сўрадим. У қўлимдаги янги сотиб олган «Отамдан қолган далалар» романини кўриб қолди-ю, бирдан яйраб кетди (бу китобни кўпинча қўлимда олиб юрардим-да!). «Ай, бола, сан уни ўқидингми?» — деди. «Ҳа, икки марта ўқидим!» — дедим ўз-и-имча гердайиб. «Ай, ман бир уй китоб ўқиганман. Ман Абдулла Қодирийни ўлган деб, ўйлаб юрардим. У тирилиб кептику-а? Қайтиб кепти! Фақат… шоир бўлиб қайтибди, шоввоз. Отиям бошқача — Тоғай Мурод! Тоғай Мурод!»

 Дўкончи отахоннинг бу завқли гаплари менгаям кўчди.

Шу тариқа менда адиб билан ғойибона дўстлик туйғуси янаям жўшиб кетди. Баъзан, у билан дилдан суҳбатлашгим, унинг ижод, адабиёт ҳақидаги фикрларини билгим келар, ундан иложи борича кўпроқ ва мукаммалроқ жавоб олгим келарди. Ана шу нарса менда Тоғай Муродга беражак бир неча саволларимнинг туғилишига сабаб бўлди… Лекин, қизиғи шундаки, адиб ижоди билан танишар эканман, унинг мен беражак саволларга аллақачон жавоб бериб кетганига ишонч ҳосил қиламан…

Тоғай Мурод билан қуйидагича хаёлан суҳбат қурдим.

 Жасур Кенгбоев:

— Сиз яшаган аср тарих саҳифаларига ўзининг кўплаб улкан салмоқли ўзгаришлари билан кирди, десак, адашмаймиз. Бу даврнинг бошқа даврлардан фарқли томонини, менимча, инсоният тафаккурида фавқулодда юз берган эврилишларда кузатиш мумкин. Бунда, албатта, бадиий адабиётнинг алоҳида ўз ўрни бор. Ҳақиқатда эса ана шу даврга келиб, барча жабҳалардаги сингари адабиётда ҳам бундай улкан ютуқлар билан бирга камчиликлари ҳам кўзга ташланиб қолмадимикин? Айтинг-чи, айнан Сиз ҳозирги пайтда ўзингиз яшаган ана шу давр адабий муҳитини қандай эди, деб ўйлайсиз? Бу ҳақда нималар дея оласиз?

Тоғай Мурод:

— Биласизми, 19-аср охирларида чор Россиясида капитализм барқ уриб, гуллаб-яшнаб эди. Айниқса, 80-90-йиллардан бошлаб капитализм бор бўйи билан гуллаб-яшнади. Капитализм нима ўзи? Пул, пул, яна пул. Кўк пул! Ҳар қадамда кўк пул! «Кўкидан узат!», «Кўкидан бўлсин?..». Кўк, кўк… Одамлар, ёзувчи-шоирлар «кўк»ка қараб интилди, кўкка талпиндилар. Шу вақтгача кўк, кўм-кўк, деганда ёзувчи-шоирлар кўм-кўк табиатни, кўм-кўк осмонни англар эдилар, ҳис этар эдилар. Кўкка — осмонга қараб энтикар эдилар, кўкракларини тўлдириб, тўлиб-тошар эдилар, ҳаяжонланар эдилар, илҳом билан жўшиб-жўшиб шеър ёзар эдилар. Кўм-кўк фаслга — баҳорга талпиниб-талпиниб шеър ёзар эдилар. Шоир-ёзувчи унда кўм-кўк баҳор фарзанди эди, қули эди. Унда шоир-ёзувчи кўм-кўк осмон фарзанди эди, қули эди. Кўм-кўк осмон шитир-шитири, шовури — ёмғирига кафт тутиб асар ёзар эди. Ёмғир шовуридан, нафаси намидан ғарқ бўлиб-бўлиб асар битар эди. Ёзувчи-шоир кўм-кўк япроқлар шивир-шивиридан кўм-кўк япроқлар ҳақида тўйиб-тўйиб асар битар эди.

Кейин эса капитализм келди, кўм-кўк куч, нарса келди… Хаёлдаям, ақлдаям, кўнгил- юракдаям пул, пул. Пул бор жойдан поэзия қочади! Поэзия пулдан йироқ юради, баланд юради. «Кўк» шамоли, «кўк» истараси… иссиқ! Аммо «кўк» поэзияни олдин сўлдиради, кейин синдиради. Япроқлар кўки поэзияни яшнатади, осмон кўки поэзияни гуллатади. Аммо пулни кўки поэзияни хароб қилади. Ёзувчи-шоир ўзини кўкка — пулга, мансабга, амал-эътиборга ташлаб кетди…

Жасур Кенгбоев:

— Йўғ-е?! Наҳотки?

Тоғай Мурод:

— Социалистик реализм даврида ёзувчи чинакам исканжада қолди, хўрланди, эзилди, ўзини ўзи рамкага солиб асар ёзди. Ўзини қафасда ҳис этиб, ижод қилди. Қафасдаги қуш мисол кун кўрди. Антисовет, диссидент, қинғир фикрловчи номини олди. Қафасдан… социализм дея аталмиш қафасдан дод деди, фиғони фалакка чиқди. Ушбу қафасдан қутулишни орзу қилди. Мана, қутулди. Эркин қуш мисол бўлди. Ана энди эркин қуш мисол эркин парвоз этса бўлади, ана энди эркин ижод этса бўлади. Тўрт томони қибла! Аммо барчаси… ўчиб қолди! Нега?

Менимча, буни битта сабаби — социализм бир сохта қолип эди, ёлғон бир тузум эди. Масалан, бир одам улуғланса, яхши дейилса, бўлди, шу одам кўкка кўтарилар эди, улуғланар эди. Орден кетидан орден, унвон кетидан унвон берилар эди. У одам ҳамиша тўрдан жой олар эди. У одамга гард юқтирилмас эди. У одам мисоли фаришта эди. У одам ижобий қаҳрамон эди, ижобий эди. Борди-ю, тағин бир одам қораланса… бўлди: у бошдан-оёқ қора эди, ёмон эди. Нимаики ёмон гап бор, шу одамга туфлаб ёпиштирилар эди. У салбий қаҳрамон эди, салбий эди.

Социализм, социалистик реализм қоидалари, талаблари ҳам ана шундай эди. Жамият қандай бўлса, ундаги маънавий, маданий, ахлоқий-руҳий талаб-қоидалар ҳам шундай бўлади. Социалистик реализм методи ҳам шундай талабдан пайдо бўлди. Социалистик реализм — социализм жамиятининг талаб, йўналиш, маънавий методларидан бири бўлди.

Ёзувчилар ана шу социалистик реализм методи қули бўлди, қўғирчоғи бўлди. Социализм қоралаган одамни ёзувчи ҳам қоралади. Макондан ташқарида яшаб бўлмайди! Ёзувчи учун яхши-ёмонни социализм белгилаб берди, ёзувчи учун оқ-қорани социализм кўрсатиб берди. Ҳатто, махсус партиявий буйруқ-кўрсатмалар билан белгилаб берди, партиявий программалар билан белгилаб берди.

Шу боис, социализмда ёзувчи уруғи кўпайиб кетди. Осмондан таёқ тушса, ёзувчи боши, устига тушди. Чунки социализмда асар яратиш, бундай жамиятда асар ёзиш осон эди. Яна-тағин, социализм ёзувчини иқтисодий таъминлаб турар эди, ёзувчини уй-жойлар, боғлар билан таъминлаб турар эди. Ёзувчининг сўзи ардоқда эди, ёзувчини ўзи ундан-да ардоқда эди.

Фавқулодда… ана шу социализм тугади, социалистик реализмда (асар) яратиш тугади. Ёзувчи боши берк кўчада қолди. Нима қилишини, нима (ҳақда) асар ёзишини билмай қолди. Орқага қайтай деса, орқада ҳеч нима йўқ, бўм-бўш — социализм йўқ. Олға борай деса, олдин-да бўм-бўш! Орзу қилинмиш… коммунизм йўқ! Ёзувчи аросатда қолди, ёзувчи муаллақ қолди! Ёзувчи сифатида ёзмаса бўлмайди. Нимани ёзади? Ким ҳақида ёзади? Ёзувчи билмай қолди, билолмай қолди!

Жасур Кенгбоев:

— Шахсан менинг ёзувчи-шоирларнинг ҳаммаси ҳам шундай кўйга тушганига ҳеч ҳам ишонгим келмайди ва ишонмайман ҳам… Яна-тағин ким билади?.. У пайтлар биз туғилмаган эдик…

Лекин… Бу гапингиздан сўнг, ахир, халқ ҳаётининг кўзгуси бўлмиш Адабиёт ана шундай ёзувчи-шоирларнинг кўнгил мулкидан пайдо бўлмаганми ёки бўлмайдими, деб ўйлаб қолдим. Сиз нима дейсиз, бу жараён яна давом этаверадими? Адабиёт ўз вазифасини ўткинчи нарсаларга бўшатиб бериб қўядими?

Сизнингча, бу ҳолатда нима қилмоқ керак эди? Адабиёт шундай давом этадими?

Тоғай Мурод:

— Асло! Адабиёт бундай давом этмайди! Боиси, ҳаётни ушлаб турадиган, ҳаётни олға олиб борадиган катта бир куч бор, ўзгармас бир қудрат бор. Бу — табиат. Табиатнинг ранги кўк, кўм-кўк. Шундай экан, ҳаётни ранги-да, кўм-кўк. Ёзувчи-шоир ана шу кўм-кўкликка қайтади. Аср-асрлардан буён ана шундай бўлиб келган. 18-аср, 19-аср, 20-аср… 19-асрни шу кунлари ҳақида Лев Толстой шундай деб эди: «Бунақа замонда шеър ёзиш — қўш ҳайдашга рақс тушиш билан баробар».

Жасур Кенгбоев:

— Ана, холос! Хўп, Лев Толстой шундай деган экан, дебди-да! Ахир, сиз яшаган асрда талай буюк асарлар яратилди-ку? Камю, Кафка, Бальзак, Лев Толстой, Теодор Драйзер, Жеймс Жойс, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Чингиз Айтматов… Ахир, булар қайси замонда яшади? Адабиёт учун айнан шу даврда «замон» тушунчаси доимий яратувчанликка халал бериб, унинг йўлини жар томонга буриб юборишга киришмагандир? Сиз нима деб ўйлайсиз, адабиётга замон ва макон тушунчалари таъсир кўрсатмаса керак? Ахир, ўзингиз ҳам айтгансиз-ку, «Уруш даврида буюк-буюк асарлар яратилган.Очарчилик йилларида буюк-буюк асарлар яратилган. Қамоқхоналарда буюк асарлар яратилган», деб.

Ахир, Лев Толстойнинг ўзи шу даврларда яшади, боз устига, у қандай машҳур асарлар яратмади дейсиз? Айнан ўзингиз ҳам шу давр одамисиз. Мана, «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо-Ер қўшиғи», «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» каби бир-биридан гўзал асарлар яратдингиз-ку? Энди бу гапларни қандай тушуниш мумкин?.

 Ҳа, яна бир гап. Назаримда, ҳозир ўзбек адабиётининг ўзидами ё халқнинг бадиий мутолаасидами, ё ҳар иккаласидаямми, ишқилиб, улар ўртасида қандайдир бўшлиқ пайдо бўлгандай… Бугунги кунда, негадир, фавқулодда, ярқ этиб чиққан ёзувчини ё шоирни кўрмаяпмиз. Бугун қалбларни ларзага соладиган яхши асарларни топиб ўқиш амри маҳол, деб бот-бот айтиляпти. Балки бу гапларимиз бир кун келиб ўзимизнииг (ўзимнинг) ҳам ғашимизга тегиб қолар, аммо ҳозирча биз шундай фикрдамиз…

Демак, сизнингча, ҳамма гап ёзувчининг ўзида? Ёзувчиликнинг оғир юки ҳам ана шунда билинади… Ёзувчиликнинг бу юкини кўтаришга аҳд қилган қаламкашларни олдинда нималар кутмайди дейсиз!

Айтинг-чи, аслида, Сиз ва биз ўйлаган қаламкаш бу йўлда қандай қилиб ЁЗУВЧИ бўлади?

Тоғай Мурод:

— Ёзувчими? Ёзувчи — йўқчиликдан, камчиликдан, оч-ночорликдан, мутеликдан, хор-зорликдан пайдо бўлади!

Ёзувчи — қамоқ, азобдан, хўрликдан, эзилишдан пайдо бўлади!

Ёзувчи — бошга тушган қора кунлардан пайдо бўлади!

Ўтиш даври ҳамиша қийин кечган. Эҳтимол, шу кунларни бошдан кечирган ёш болалар бир кун келиб катта ёзувчи бўлар? Эҳтимол, ана шу қийин кунлар ўз Жек Лондонини, ўз Абдулла Қодирийи­ни етиштириб берар?..

Жасур Кенгбоев:

— Яъни, демоқчисизки, Эрнест Хеменгуэй айтганидай, «Ёзувчи бўлиш учун оғир кечган болаликни бошдан ўтказмоқ керак», а? Балки…

(Шу гапдан сўнг чуқур ўйга толиб қоламан. Менинг фикрларим эса чувалашиб кетади… Бир нималар эсимга тушиб, у кишига «ёриламан»…)

— Биласизми… Мен лицейни битирар бўлибоқ, пойтахтга келиб, Сизни бир кўраман, учрашаман, сўнг ўқишга кираман, деб ният қилгандим. Шундан сўнг қанот қоқиб Тошкентга учиш иштиёқи кун сайин кучайиб бораверди. Худди Сиз ўз ижодхонангизда мени кутиб ўтиргандай — борсаму менга қандай қилиб кучли асарлар ёзиш сирларини ўргатиб қўядиганингиздай ҳис қилардим…

Аммо… бир ой қолганда адабиёт ўқитувчимиз Дилшод Равшанов биз учун даҳшатли хабар айтиб қолди:

— Ўзбек адабиёти буюк адибидан… жудо бўлди. Сурхонлик ёзувчи Тоғай Мурод оламдан ўтибди…

Сизни биладиган синфдошларим — ҳаммамиз бир қалқиб тушдик. Лекин ҳеч ким ишонмади. Ишонгисиям келмади. Қандай ишонамиз, ахир? Афсус, бу шум хабар чин бўлиб чиқди. Мен бунга Тошкентга келиб инондим.

Мен Сизни кўролмай қолдим.

Сиз билан бир асрда, бир макон-юртда яшаб, Сизни ақалли бир бор кўриш насиб қилмади менга… На илож?

Талаба бўлдим. Бир куни Сизнинг устозингиз, буни қарангки, менинг ҳам устозим, ўз ҳамкасблари томонидан «таҳрир санъатининг пири», деб ном олган Маҳмуд Саъдий домламиз бизга жаҳон адабиётида тан олинган юзта асар ва унинг муаллифи номини ўзимизча ёзиб келишимизни вазифа қилиб топширди. Мен ана шу «рўйхат»га ўзбек адабиётидан «Отамдан қолган далалар», муаллифига эса Сизнинг номингизни қўйдим. Домламиз буни сўраб ҳам ўтирмади! Яна бир дарсда у Сизнинг асарларингиз ҳақида гапиришимизни сўради. Мен отилиб чиқиб, ўзимча тўлқинланиб гапирган бўлдим. Домла мийиғида кулиб қўйди ва ёнига чақириб, бир китобни кўрсатди. Унда, атиги биргина сўз ёзилган эди: «Акамга!».

— Бу — Тоғайнинг дастхати. Қара, ёзувчи деганлари, шу, даст­хатни, биргина сўзниям ёзиб берадими?! Раҳматлик, ҳатто, бир оғиз гап гапирсаям унинг масъулиятини ҳис қилиб гапирар эди, — деди домлам.

Биласизми, ўзимдан уялиб кетдим. Шундай катта ёзувчининг асарларини чуқур англамай туриб гапирганим учун ўзимни қаттиқ койидим. Бу эса мактаб бўлди менга!

Ниҳоят ўша йилнинг кеч кузида бир пайтлардаги орзумга етдим! Уйингизни топдим! Биз — Толибжон ака ва курсдошим Фаррух Жабборов — учаламизни аёлингиз Маъсума опа кутиб олди. Уйингиз биринчи қаватда — лифтнинг шундоққина чап биқинида экан-а?

Уйингизга яқинлашар эканман, руҳиятимда қандайдир ўзгариш содир бўлаётганини сезардим.

Телевизорингиз олдидаги столда расм — портретингиз турарди (сўнгги вақтларда тушган бўлсангиз керак?.).

«Одамзот руҳининг қуввати унинг нигоҳида бўлади», деб бежиз айтишмаган экан, устоз! Бизга қараб турган ўткир нигоҳингизга тик қараш қийин эди!

Яна афсусланаман, Сизнинг ўзингизни кўра олмадим… Бироқ менга далда шу эдики, Сизнинг кундаликларингиз, шахсий архивингиз билан танишиш бахти насиб этди!

Бир куни газеталарингиз архивидан бир мақолангиз чиқиб қолди. Эслайсизми, китобингизда: «Икки бор жумҳурият газетасида: «Мен пахта далаларига кетаман», дея сўз бердим. Эл-юртга икки бор сўз бердим», деган эдингиз? Ўша пайт мен Сизнинг эл-юртингизга икки бора берган ана ўша «сўз»ингиздан бирини олиб ўқишга муваффақ бўлгандим.

Ўша жумҳурият газетасида суратингиз ҳам бор экан-а? Ўттиз саккиз-қирқ ёшларда тушган бўлсангиз керак, кўзларингиз чақнаб турар, қошларингиз сийрагу сочларингиз силлиқ таралган эди.

Чап қўлингиз билан қандайдир китобни очиб турар, ўнг қўлингизнинг тўртинчи бармоғида эса ярқираб турувчи узугингиз бор эди. Газетада, мақоланинг бир четига ўз қўлингиз билан «1988 йил 29 январ», деб кун санасини битиб қўйган экансиз. «НАЗМ, НАСР» рукни остида эълон қилинган ўша «сўз»ингиз­ фавқулодда жавоб билан бошлангани мени қизиқтириб қўйганди:

« — Менми? — дебсиз унда. — Мен «Отамдан қолган далалар» деган бир асар дардида юрибман. Эҳтимол роман бўлар, эҳтимол қисса бўлар? Билмадим. Ишқилиб, кўнглимда борини тўкиб соламан. Асар воқеалари шу кунларда кечаяпти, қаҳрамонлари шу кунларда яшаяпти.

Асарга синчковлик билан қарасам, бир жойи китобий, бир жойи интеллектуал прозага ўхшаб қолибди. Билиб-билмай, Ғарб оҳангларига ўйнаган жойларим ҳам бўлибди, ёлғон-яшиқлардан сюжет яратиб, қойилмақом қилиб, бураб ташлабман. Фақат одамларнинг исм-шарифи бизники демаса, қолганлари, билмайман, кимники… Қарасам, оёғим ердан узилгандай бўлибди. Москвада ўқиб келдим, балки шундандир? Эҳтимол! Шу боисдан бир оёғим Тошкентда, бир оёғим Сурхондарёда бўлиб қолди. Кўпни кўрган деҳ­қонлар даврасида бўлдим, дала кездим. Деҳқоннинг, даланинг ҳидини олдим. Ниҳоят, оёғим яна ерни топди, яна оёғимни ерга қўйдим. Асар кўнгилдаги куйга тушди. Асар янада кўнгил куйига тушсин учун шу эрта кўкламдан бошлаб Сурхондарёга кетаман.

Жойснинг «Улисс» романи рус тилига тўлиқ таржима қилинаяпти. Москвадалигимдаёқ таржимонни топиб, айланиб-ўргилдим, эридим, у эса қўлёзмани бермади, таржима ҳали битгани йўқ, деб туриб олди.

Менинг ниятим — романни қўлёзмадан пешма-пеш ўзбекчага таржима қилиб, рус тили билан баб-баравар ўзбек тилида ҳам чоп эттирмоқчи эдим. Бўлмади. Яна-тағин кўрамиз…», дебсиз.

Қойил! Сиз тўғридан-тўғри «…билиб-билмай, Ғарб оҳангларига ўйнаган жойларим ҳам бўлибди, ёлғон-яшиқлардан сюжет яратиб, қойилмақом қилиб, бураб ташлабман», деб кўнглингиздагини очиқ айтибсиз! Мен шунга аминманки, буни ижодий ҳалоллик, деб аташади. Ахир буни ҳар ким ҳам кўп минг сонли халқ олдида матбуот минбаридан туриб очиқ-ойдин айта олмаса керак? Тўғрими?

Тоғай Мурод:

— …

Жасур Кенгбоев:

— Устоз, тўғрими?..

Тоғай Мурод:

— Ўйнаб қўяй, саволингдан! Ўйнаб қўяй!

Жасур Кенгбоев:

— Ҳа, яна бошқа мавзуда гаплашсак, дегандим. Чунки Сизнинг яна бир масаладаги фикрингизни билмоқчи эдим. «…Шундай тил борки, у сўзларга боғлиқ эмас». Шундай асарлар борки, уларда куйланган муҳаббат, ишқ, бизни янада ҳаяжонлантиради, юракларни эзиб юборади. Уларни, ҳатто йиғлаб ўқиймиз, томоша қиламиз. Чунки уларда умумтилда гаплашилади. Ошиқ-маъшуқлар ўртасидаги муносабат — фақат биргина миллат ё халқда бор нарса эмас, улардаги муҳаббат бутун одамзотнинг манглайига битилган, бутун одамзот ана шу умумтилда гаплашади. МУҲАББАТ аталмиш ушбу тилга тилмочсиз тушунса бўлади!

Жаҳон адабиёти дурдоналарига мурожаат этилса, кўпинча, бундай асарлар сирасига Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта»сини, ҳиндларнинг «Сангам» фильмини мисол қилиб олинади. Чунки бу санъат асарларининг бизни маҳлиё этишига бир сабаб уларнинг бадиий ва эстетик қийматидир. Улар ўртасидаги муносабатлар. Шунингдек, севги-муҳаббатни тараннум этувчи бу асарларнинг киши қалбини уйғотиб юборувчи яна бир жиҳати, менимча, улардаги «севги учбурчаги» ҳамдир. Масалан, «Ромео ва Жульетта»даги Ромео-Жульетта-Парис, «Сангам» фильмидаги Сундар-Радха-Гопал «учлиги» бунга асос бўлиб хизмат қилади.

Яхши биласиз, ўзбек адабиётида ҳам Алишер Навоий бундай асарларнинг мукаммал намуналарини яратган. Масалан, мисол қилиб унинг «Фарҳод-ШиринХисрав», «Лайли-Мажнун-Навфал», «Фаррух-Аҳий-Гулчеҳра»лар «учлиги»ни олишимиз мумкин. Агар менга қолса, Сизнинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссангизни жаҳоннинг ана шундай классик санъат асарлари қаторига келиб қўшилди, деб ҳисоблаган бўлардим.

Чунки қиссадаги «Бўри-Момоқиз-Насим» «учлиги» ҳар қандай қалбни бир бор бўлса ҳам ларзага солиши тайин. Ахир, мана бу сўзларни эшитганда ким ич-ичидан бир «уҳ» тортиб қўймайди дейсиз: «Бўрининг ўз достони бўлди. Бу достон ҳали куйланмади. Достонни уч киши билди: Момоқиз, Насим, ўзи билди. Достон давом этди».

Бўри полвоннинг мана бу гениал гапи эса ҳеч қандай одам дилидан жой олмасдан қолмаса керак: «Мен қизларни кўчаларда, театрларда кўрдим, тўй-маъракаларда, киноларда кўрдим. Бари қизлар хушрўй-хушрўй…

Айниқса, ҳинд киноларидаги қизлар! Сув билан ютгудек қизлар! Сулув-сулув қизлар! Ҳинд қизлари тўлғаниб-тўлғаниб, эшилиб-эшилиб ўйнади!

Мен ана шунда, ўзимизнинг ёшлигимизни ўйладим. Момоқизни ўйладим… Ҳинд қизлари ҳар қанча эшилиб ўйнаса-да, тўлғаниб ўйнаса-да, барибир… барибир Момоқизга келбат бермади.

Ҳинд қизлари-да, Момоқизнинг олдидан ўта берсин!»

Чин дилдан чиққан мана бу қалб садолари эса кишининг кўнгил торларини фавқулодда чертиб ўтади: «Ҳар қандай эр кўнгилнинг қиз кўнгилга айтажак гаплари бўлади. Кўнглида шу гапи бўлмаган йигит — йигит эмасдир! Шу гапни қайсидир йигитдан интизор бўлиб кутмаган қиз-да — қиз эмасдир! Дунёга келдим, деб ўтирмасинлар!

Биров, бу гапни бир сўз билан айтади. Биров, кўп сўз билан айтади. Тағин биров, айтолмай қолади…

Насим ошна, мен ўз гапимни Момоқизга айтолмай қолдим! Насим ошна, Момоқиз ҳалиям кўнглимнинг туб-тубида яшайди». Ҳозиргача ишқ-муҳаббатни куйлаган бир дунё асарлар битилган. Лекин улардан бармоқ билан санарлисигина жаҳон адабиёти дурдоналари хазинасидан ўрин олгани рост. Чунки ҳар қандай ижодкор ҳам ана шу Севги деб аталмиш умумтилни тушуниб, уни ҳис қилиб асар ярата олмайди! Уни яратиш учун Сиз ёзганингиздек, қалбан ҳис қилиш, интуиция керак! Сиз — ўзингиз эса ана шу умумтилда асар ёзиб қўйибсиз! Ёзгандаям «қотириб» ёзибсиз-да!

Биз бу билан Сизни мақтамоқчи эмасмиз. Лекин бошқалар қатори мени ҳам бир нарса қийнайди-да… Мени нега ҳозир ўзимизнинг — ўзбек адабиётида қалбларни ларзага келтирувчи шунга ўхшаш асарлар яратилмаяпти, деган савол ўйлантираверади. Шу ҳақда Сиз қандай фикрдасиз?

Тоғай Мурод:

— Бунинг сабабими? Мана, бош сабаб! Фожиали сабаб!

Мана, ўзбек ёзувчисини… ёзувчи бўлиш йўли, улғайиш йўли: мактабда эртаклар, достонлар, ғадир-будир тил билан таржима қилинган таржима китобларини ўқийди. Ёзувчи бўлгиси келиб, туман газетасига хабар, лавҳалар ёзади, барчасини тўплайди.

Ҳаваскор қаламкаш ёзувчи бўлиш учун журналистика ё филология факультетига ўқишга киради. Қўлига тушган китобни ўқийди, ўқиб, изланади. Ўзича ҳикоялар машқ қилади. Ўқишни битириб, ёзувчи бўлиш учун матбуотга ишга киради. Бўлди, шу билан ўқиб-изланиш тугайди. Энди, бўлажак ёзувчи кўтарилиш йўлини қилади. Кичик муҳаррир, катта муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир… Шу ўсиб-улғайиш даврида вақти бўлса, асар ёзиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш учун эса… вақт йўқ! Ана шу вақти бўлганда ёзган асари кўкларга кўтарилиб мақталади, мукофотланади. Боиси, у бош муҳаррир! Кейин, тағин мансаб-мартаба сари интилади. Ёзувчилар уюшмасида ишлайди, бошқа юқори лавозимларга кўтарилади. Ораларида ижод қилиб ҳам туради. Ўқиб-изланиш эса… йўқ. Эртадан кечгача мартаба-мансаб дарди, қайғуси, югуриб-елишлари. Ёзувчида ҳамон ўқиб-изланиш йўқ. Ёзувчи ҳамон мактаб, олий ўқув юрти, талабалигида ўқиб-ўрганган изланишлари куч-қудрати билан ижод қилади. Яъни, биринчи достон ёки асари қандай бадиий савияда, даражада бўлса, ўнинчи асари ҳам ана шундай даражада бўлади. Талабалик йиллари топган бадиий даража билан ижод қилади. Боиси, ўқиб-изланиш йўқ. Эртадан кечгача мансаб-мартаба… яна-тағин тирикчилик ташвишлари… Тўқсон олти фоиз ўзбек ёзувчисининг ёзувчилик ижод йўли ана шундай.

Жасур Кенгбоев:

— Ким билади, балки шундайдир… Мен бу гапларингизга қўшилгим келади..

Одатда, инсониятни эзгуликка етакловчи куч сифатида Адабиёт тилга олинади. Чунки адабиётнинг кучи кўнгил-юракка қаратилган бўлади. Шунинг учун унинг кучини унча-мунча нарса билан қиёслаб бўлмайди. Назаримда, фақат Абдулла Қаҳҳорнинггина адабиёт ҳақидаги мана бу фикри бундан мустаснодай туюлади: «Адабиёт — атомдан кучли»

Энди дўппини бошдан олиб, мундоқ бир ўйлаб қарайлик… Ўша Адабиёт, асарлар ўз-ўзидан яраладими? Асло! Фикри ожизимча, адабий-бадиий асарлар ижодкор-ёзувчидан жуда кўп нарсани — вақт, турмуш ташвишларидан холи бўлишни, машаққат чекишни талаб қилади. Ахир, бир нима қурбон қилмай бошқа бир нимага эришиб бўлмайди! Абдулла Қаҳҳор шуни назарда тутиб, «Адабиёт — кўнгил иши, илҳом самараси. Туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асарлар чангланмаган гулга ўхшайди — мева тугмайди», деган эди…

 Ҳақиқатан ҳам, биз бадиий асарнинг инсон тафаккур ва онги ривожидаги ўрни катта эканини жуда яхши биламиз.Ўқиб-изланиш шу маънода, нафақат, қаламкашлар учун, балки ҳар қандай тафаккур эгаси учун жуда зарур. Сиз ёш қаламкашларга бу борада қандай маслаҳатлар берасиз?

Тоғай Мурод:

— Ўқиб-изланиш бу — пойдевор демак, теран томир демак. Ички куч-қудрат булоққа ўхшайди. Булоқни йўлида қанақа қийинчилик бўлмасин, барибир отилиб чиқади. Чунки булоқда ички куч-қудрат бор, пойдевор бор. Бу пойдевор йиллар мобайнида тўпланиб, йиғилиб, қудратли кучга айланиб қолади. Уни ҳеч бир тўсиқ, қийинчилик тўхтата олмайди. Бу куч-қудрат кўп йиллар оқими самараси.

Ҳатто, уруш даврида буюк-буюк асарлар яратилган. Очарчилик йилларида буюк-буюк асарлар яратилган. Қамоқхоналарда буюк асарлар яратилган.

Ёзувчи, адиблар ижодий йўлини, умрини, ҳаётини олис масофага югуриш пойгасига ўхшатгим келади. Марафон пойгаси йўлига ўхшатгим келади. Пойга йўлаги бўйлаб чопиб борувчи пойгачиларга ўхшатгим келади. Бундай олис масофа пойгасида олдиндан, азалдан пухта, пишиқ машқ қилган, суяги шундай пойгада қотган, яъни пойдевори пишиқ, бели бақувват, пойдевори заминли пойгачи сўнгги маррага югуриб бораверади. Ёшлигида шунчаки беш-олти машқ олган, шунчаки орзу-ҳавас билан йўлга чиққан пойгачилар эса йўл-йўлакай аросатда қолиб кетаверади. Биров ўпкаси тўлиб қолиб кетади. Бирови иродаси етмай қолиб кетади. Бирови куч-қудрати етмай қолади, биров турли-туман баҳоналар топиб қолиб кетади.

Ўзбек адиблари ана шу пойгачиларга ўхшайди. Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман! Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.

Ёзувчи борки, умр бўйи ўқиб-изланиши керак. Ёзувчи ўлганда пенсияга чиқади. Ёзувчи ўлганда тинади!

Жасур Кенгбоев:

— Сиз, «Мен қаерга борсам, ёзувчи номи билан бораман, қайси дарвозани очсам, ёзувчи номи билан очаман», деган эдингиз. Сиз ўз гапингиз устидан чиқдингиз. Адиб сифатида айтишингиз керак бўлган ҳамма гапларни ўз тилингизда, ўз услубингизда, асосийси, ўз кўнглингизда айтиб бўлдингиз, халқимизни ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фавқулодда фикрларингиз билан ошно этдингиз. Сиздан ёзувчиликни ўрганмоқчи бўлган ёш, бўлажак қаламкашларга Сиз — ёзувчи Тоғай Мурод нималар деган бўлардингиз?

Ахир, ҳар қандай ёзувчи ўзи босиб ўтган ижодий йўлига назар ташлар экан, ижод ҳақида, адабиёт ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини, таърифини беради. Масалан, ўзбек адибларидан Чўлпон «Адабиёт — ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат(тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдургон бир гулдур», деди, Абдулла Қаҳҳор эса: «Адабиёт — ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди», деди. Сиз — Тоғай Мурод ёзувчи сифатида бош ҳарфлар билан битилувчи АДАБИЁТга қандай таъриф берардингиз? Сизнингча, АДАБИЁТ— ўзи нима?

Тоғай МУРОД:

— Рабиндранат Тагор айтмиш адабиёт — бу улкан бир қаср, демакдир. Улкан қасрнинг эса дарвозаси ҳамиша битта бўлади. Бу дарвозадан ҳамма бир хил йўл билан киради. Лекин кира олмай қолувчилар ҳам жуда кўп бўлади. Булар аламидан ана шу қаср теварагида шовқин солиб, «ура-ура» қилиб юради. Олисдан қараган одам бу улуғ қаср эгалари шу бақироқлар, деб ўйлайди. Аслида эса булар адабиёт дея аталмиш кўҳна қаср дарвозасини топа олмай юрган аламзадалардир.

Адабиёт қасрини қандай забт этса бўлади? Адабиёт дарвозасидан қандай кирса бўлади? Асл ижодкор Адабиёт қасрини ўз асари билан забт этади. Асл ижодкор эл-юртга «ура-ура» гаплари билан эмас, бадиий асарлари билан хизмат қилади.

 

Р.S. Ёзувчи Тоғай Мурод билан ушбу суҳбат хаёлан уюштирилди. Бунда ёзувчининг кундаликлари, нашр этилган асарлари ва интервьюларидан фойдаланилди. Устоз адибга эса ХАЁЛАН ТАШАККУР билдириб қоламиз…