Мирзапўлат Тошпўлатов. Кунлардан бир кун…

      Комментарии к записи Мирзапўлат Тошпўлатов. Кунлардан бир кун… отключены

Хабар

Мен, ўтган асрнинг 80-йилларида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлардим. Тоғай Муродни истеъдодли ёзувчи сифатидагина билар, у билан яқиндан таниш эмасдим. «Ойдинда юрган одамлар», «От кишнаган оқшом» қиссаларига муҳаррирлик қилиш шарафига муяссар бўлгунимга қадар, Тоғай Мурод билан шунчаки салом-алик қилар, жиддий суҳбат қурган эмасдим.

Бир куни мени ўша пайтлардаги нашриёт директори Жуманиёз Жабборов кабинетига чақириб қолишди. Хонада Жуманиёз Жабборов билан нашриётнинг «Оригинал проза бўлими» мудири Лола Тожиева ўтирардилар. Улар менга ёзувчи Тоғай Мурод асарларига муҳаррирлик қилишимни айтишди.

— Фақат муомалада эҳтиёт бўласиз. Ўжарроқ, лекин ўзи катта ёзувчи. Асарларини ўқиб маза қиласиз, — дея «Ойдинда юрган одамлар» деб номланган қиссалар тўпламининг қўлёзмасини узатдилар. Ушбу тўпламга адибнинг машҳур «Ойдинда юрган одамлар» ва «От кишнаган оқшом» қиссалари кирган эди. Ушбу қиссалар Тоғай Мурод кейинчалик ёзганидай, «не кунларни кўрмади…». Бу қиссаларнинг чоп қилиниши воқеаларини ёзса, э-ҳе, катта бир китоб бўлади. Мен ҳозир қиссалар тақдири ҳақида эмас, Тоғай Мурод портретидаги баъзи чизгилар ҳақида сўзламоқчиман.

Шундай қилиб, мен қиссаларни ўқий бошладим. Бирдан асарлар мени ўзига ром қилди. Баъзи асарларни қийналиб-қийналиб зўрға жиғибийронимиз чиқиб ўқирдик. Тоғай Муроднинг асарини ўқиб бошлаганимни биламан, гўёки жойимда михланиб қолдим. Сеҳрланиб тушлик ҳам қилмабман, кеч соат саккизларда қўлёзмани ўқиб тугатиб ўрнимдан турдим. Асарни ўқиб бўлиб, шундай хаёллар ичида қолдимки… Ана асару мана асар…

Учрашув

Хонада ҳамкасабаларимга мени қаттиқ ҳаяжонга солган қиссаларни тўлиб-тошиб гапириб турганимда тўсатдан биров эшикни очди. Хонага забардаст, кўзлари ўтли, ўта жиддий Тоғай Мурод кириб келди. Ҳамма билан қисқа-қисқа саломлашди-да, қаршимга ўтирди.

— Китобимга сизни муҳаррир қилиб тайинлашган экан. Қачон фикрингизни айтасиз? — деди у менга юзланиб.

Мен унга қараб:

— Ҳозир айтишим ҳам мумкин, — дедим.

— Майна қилмасдан тўғрисини айтинг, — деди у жиддийлик билан.

Мен Тоғай Муродга қараб:

— Рости билан кеча ўқиб бўлганман. Ҳозир сизнинг асарингиз ҳақида гапириб ўтирувдим.

— Хўш, қалай?

— Жуда зўр. Ҳатто бирор вергулига ҳам қалам теккизмоқчи эмасман.

Унинг бирдан чеҳраси ёришди:

— Нима деб хулоса ёзасиз?

— Нима деб ёзардим? Тўплам менга ёқди, бу яқин-орада бундай ажойиб асарни ўқиганим йўқ. Уни бемалол нашр қилса бўлади, китоб эса қўлма-қўл бўлиб ўқилади, таҳрирга муҳтож эмас, бирор вергулини ҳам ўзгартириб бўлмайди, деб ёзаман.

Унинг бу гаплардан хурсанд бўлгани шундай кўриниб турарди. Биз илк бора шу зайлда учрашдик. Шу-шу, Тоғай Мурод билан тез-тез учрашиб турадиган, узоқ-узоқ суҳбат қурадиган яқин ака-укага айландик.

У ранжиган кун

Тоғай Мурод ниҳоятда жиддий, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган, бир сўзли, ўз фикрини кишининг юзига дангал айтадиган, дадил ҳамда катта билимга эга нуктадон адиб эди. Мана, қиссаларининг босмахонадан корректураси ҳам келди. У ўша куни нашриётга келганида, мен гапни уйдагилар, бола-чақа яхшими, деб сўрашишдан бошладим.

Бирдан унинг жаҳли чиқди. Атрофга бир қараб олди-да, таш­қарига чиқ, деди. Мен Тоғай аканинг орқасидан чиқдим.

— Ҳозир сен ҳазил қилдингми ё атайин шундай дедингми?

У менга биринчи марта сенсираб гапирди. Жаҳли чиққани оқариб кетган юзидан шундоқ сезилиб турар эди.

— Нимайди, ҳазил қилганим йўқ, бирор ножўя гап айтдимми? — мен шоша-пиша шундай дедим.

— Мен уйланмаганман.

Талмовсираб қолдим. Ростдан ҳам унинг оила қурмаганлигини билмасдим. Нима дейишни билмасдан, беихтиёр узр сўрадим.

— Билмаган бўлсанг, майли.

Унинг овози оҳангидан юмшаганини сезиб, дадиллашдим:

— Насиб бўлса, уйланарсиз, кўз остингизга олганингиз бордир.

— Бор. Қаршингда ўтирган Маъсума бор-ку, сўра, шу қиз тегса оламан. Бор, кириб сўра, — деди.

Дабдурустдан эшитган жавобимдан андак шошиб қолдим. Хуллас, курсдошим Маъсумага Тоғай аканинг кўнгли борлигини айтдим. Бу гапни Тоғай ака шоширганидай, ўша куни эмас, эртаси куни пайт пойлаб айтдим. Маъсума ўйлаб кўрай, кейин жавобини айтаман, деди.

Тақдир тақозосини қарангки, иккалалари бир-бирларини тушуниб ва ардоқлаб, севиб, садоқат билан яшадилар.

Мен катта адибимиз Тоғай Мурод билан яқин бўлганимдан, унинг ҳаётидаги муҳим, бахтли воқеага воқиф ҳам сабабчи, тўйларида унинг яқин биродаридай хизмат қилганимдан ҳозиргача фахрланаман. Менимча, бу икки ижодкорнинг бир-бирига муҳаббатлари ҳамда садоқатлари, катта адабиёт йўлидаги умргузаронликлари бир китоб ёзишга арзигуликдир.

Биз Тоғай ака билан узилишиб кетмадик. У менга кўп насиҳатлар берар, ҳатто ўз укасини тергагандек тергаб ҳам қўяр эди. Шуни айтиш керакки, унинг ҳамма гаплари, ҳаракатлари табиий эди. У олифтагарчиликни ёқтирмас, ясама, сунъийликни кўргани кўзи йўқ эди. Кўп ҳам одамларни жини суявермас, лекин ёқтирган кишиси билан дилдан гаплашар, кулганда, ёш боладай яшнаб кетарди. Қалби худди ана шу ёш бола дили каби беғубор, мусаффо эди. Тоғай Мурод, назаримда, сохталикдан йироқ, мардлик ва тантилик тимсоли эди, қайтарилмас ижод соҳиби, адабиётимизнинг забардаст намояндаси эди. Ва шундай дунёдан ўтди.

Адиб қалби асарларига кўчди — адабиётимиз инжу доналаридай сара асарлар билан бойиди. Албатта, буларнинг бари чўнг ёзувчимиз Тоғай Мурод умрини том маънода ҳам боқий этади.