Жўра Қодиров. Атоқли адибнинг фирқа зулмидан хўрлангани ҳақида

      Комментарии к записи Жўра Қодиров. Атоқли адибнинг фирқа зулмидан хўрлангани ҳақида отключены

Чиноргинам, яшил-сариқ либосинг йўқ,
Ниқоб кийган дарахтларга ҳавасинг йўқ.
Ялангоёқ қулдай Ҳаққа яқиндирсан,
Кетар бўлсанг, йўлинг тўсар қафасинг йўқ,
Бу дунёга, бу рўёга ҳавасинг йўқ,
Чиноргинам…
Шамсия
 

1-лавҳа

Хўжасоатдаги дорихонада ишлайдиган Эшқул баъзи пайтлар уйга мақтаниб келгич эди:

— Кеча Тошкентдан Тоғай Мурод келди. Роса гурунгни урдик.

Тоғай Мурод билан ҳамсуҳбат бўлган Эшқул кўзимга энг зўр одам кўринарди. Лекин гапларига ишонмасдим.

— Сенам гапир-а, Тоғай Муроддай одам келиб-келиб сендайлар билан…

Эшқул баттар ҳайратимни оширарди:

— Бўл, эртага мотоциклимга миндириб борай. Гурунглашиб келасан.

2-лавҳа

Ўшанда 1988 йилнинг баҳори эди шекилли. Туман газетасида бўлим мудири бўлиб ишлардим. Эрталаб ишга келишим билан шоир Исматулло Ҳалимов мақтанди:

— Кеча ажойиб кун бўлди. Яхши шеърдай кун. Билсангиз, сиз яхши кўрадиган Тоғай Мурод келди. Биргаликда тушлик қилдик. Хўжаликка чиқиб кетганингиз яхши бўлмади-да.

Табиийки, табиатан ҳазилкаш Исматуллонинг гапларига ишонмадим.

— Қўйинг, эрталабдан бошни гаранг қилиб, эртак тўқиманг. Ундан кўра ишингизни қилинг.

Шоир яна асабимга теккандай бўлди.

— Ишонсангиз, у киши бизда ишлагани кепти. Шоир Абдумажид Азимовнинг жойига масъул котиб бўлиб.

— Ол-а, Тоғай Мурод қаерда-ю, «Олтинсой тонги» қаерда? Шундай буюк ёзувчи-я…

Мен ҳали уни бирор марта кўрмаган, ҳамсуҳбат бўлмагандим. Лекин мақтанишга йўймангиз, «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» қиссаларининг айрим саҳифаларини яхши шеърдай ёд билардим. Мен ёзувчининг ноёб истеъдоди асири эдим.

Йўқ, Исматулло алдамаган экан. Бир маҳал чиройли ки­йинган, оппоқ қордек кўйлакка ярашиқли бўйинбоғ таққан, кўзлари порлаб турган йигит эшикдан кириб келди.

Бу — Тоғай Мурод эди! Мен журналларда меҳр билан, ҳавас билан тикилиб ўтирадиган ёзувчи эди!

3-лавҳа

Билмайман, ҳали-ҳали ақлим бовар қилмайди, негадир у билан феълимиз мос тушиб қолди. Тўғри, бир-икки кун мен унинг олдида ийманиб, тортиниб юрдим. Баъзи пайтларда гапдан адашиб, тилим тутилиб қоларди. Кейин эса апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Бир-биримизни кўрмасак туролмайдиган бўлиб қолдик. Кўп пайтларимиз, айниқса, дам олиш кунлари ҳовлимиздаги серсоя, япроқлари катта-катта тут дарахти тагидаги ёғоч сўри бизнинг севимли жойимиз бўларди.

Буларнинг бари ширин тушдай эди. Ўзинг авлиёдек сезган ёзувчи, ҳали айтганимдай, қиссаларининг айрим саҳифаларини ёд олган довруғли ёзувчи билан бугун бирга юрсанг. Ўтириб чойхўрлик қилсанг, чинданам тушга ўхшайди. Энди буларнинг бари ширин ва маъюс бир туш бўлиб қолди. Эсласам, кўнглим маҳзун тортади.Томоғимга нимадир тиқилади. Вужудимни чуқур бир хўрсиниқ қоплайди.

Мени ҳали-ҳануз бир нарса чуқур ўйлатади. Ўйлаган сайин ҳайратим ошади. Шундай номдор адибнинг бирор марта, бирор жойда мақтаниб гапирганини эслай олмайман. Гапирмайди ҳам. Бир куни ботиниб, юрак ютиб сўрадим:

— Қиссаларингизнинг бари зўр халқ достонларидай. Бошдан-охир гўзал бир оҳангда. Буни ҳеч бир жойда қўйиб юбормайсиз.

У бепарво, ҳамишаги гапини гапирди:

— Чёрт побери, ўзи бир келади. Шунда одам мисоли фолчилардай бўп кетади.

4-лавҳа

Мен билган Тоғай Мурод жуда камтар инсон эди. Яхшиси, фикримни воқеалар мисолида далиллай.

Ҳамма билади — Олтинсой Менгзиё Сафаров, Қўчқор Норқобил, Гуландом Тоғаева, Шамсия ва Алимардон Бўроновлар юрти. Бу ерда ёши етмишдан ошган шеърпараст достончи қария­лар кўп. Шулардан бири раҳматлик Бўри бобо Муродов эди. У киши йўлда шеър тўқиб, дуч келганга айтиб кетаверарди. Баъзи порахўр, лаганбардор одамларни йўлда тўхтатиб, унга бағишлаб ёзган шеърларини тап тортмай катта кўчада ўқийверарди. Ёмон феълли одамлар у кишидан жуда-жуда ҳа­йиқишарди. Бир куни ишга барвақтроқ келсам, Бўри бобо Муродов таҳририят эшиги олдида ўтирибди. Салом-аликдан сўнг сўрадим:

— Ҳа, шоир бова, эрталабдан…

Бобо жавоб ўрнига ортимдан эргашиб хонага кирди:

— Тоғай Мурод шу ерда ишлаяпти, дейишади, шу ростми?

— Рост.

— Шундай катта ёзувчи-я. Бўлмаса кўп камтар одам экан-да.

Бўри бобо бир оздан сўнг худди яширин бир гапни айтмоқчидай, мен томон энгашди:

— Бир саломлашай девдим. Гап берармикан? Эҳ, унинг китоблари…

Бир оздан кейин йўлакдаги эшик очилгандай бўлди. Тоғай Мурод келганди…

Ичкарига кириб кетган Бўри бобо ҳаяллаб қолди. Бир соатларча бўлди дейман ўзимча. Бир пайт кирсам, иккови эски қадр­донлардай гурунглашиб ўтирибди.

— Майли, шеърларингиздан ташлаб кетинг. — Сўнгра менга юзланди. — Уккағар бова шеър ёзаркан. Олтинсойнинг Сулаймон Стальскийси.

Орадан кўп ўтмади. Газетанинг дам олиш саҳифасида «Кекса кўнгил кечинмалари» рукни остида бобонинг учта шеъри эълон қилинди.

Яна бир мисол. Бир кун қарасам, Тоғай Мурод эшиги олдида ёшгина бир қиз турибди. Мен уни яхши танийман. 19-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Тожинисо Эшонқулова — ижодкор қиз.

— Тоғай Муроднинг олдига киролмаяпман. Қўрқяпман. Ҳикоя опкелувдим.

Шу орада ёзувчининг ўзи чиқиб қолди. Тожинисонинг ранги оқариб кетганди.

— Ҳикоя олиб кепти.

— Кир унда, эшикда турмасдан.

Кўп ўтмай раҳматлик Тожинисо Эшонқулованинг «Тилак» ҳикояси газета юзини кўрди.

Бу гапларни айтишдан мурод шуки, агар у одам ҳидини ёқтирмайдиган адиб бўлганида кекса бир бобонинг эзмаликларига соатлаб қулоқ солиб ўтирмас, ҳали мактаб ўқувчиси бўлган Тожинисо Эшонқулованинг машқларига парво ҳам қилмасди.

5-лавҳа

Бир куни қизиқ бўлди. Ишдан чиқиб, иккимиз туман марказигача яёв кетдик. Адиб шу ердан машинага чиқарди. То машина келгунча гурунглашиб турдик. У шундай деб қолди:

— Жўра, эртага мен ишга келмайдиганга ўхшаяпман. Билмайман, шундай бўладиганга ўхшаяпти. Балки…

Тоғай гапини тугатолмади. Ёнига келиб тўхтаган машина бунга имкон бермади. Эртаси у ишга келмади. Индини ҳам. Муҳарриримиз Эшмирза ака Муҳаммадиевнинг кайфияти хит. Охири бўлмади, мени чақиртирди.

— Бугун яна газета куни. Кўп материаллар Тоғай Муроднинг қўлида эди. У бўлса уч кундан бери йўқ. Мабодо сизнинг хабарингиз бордир. Ҳамиша бирга юрасиз. Тағин, Тошкентга кетаман демаганмиди ўзи?

— Йўқ… Лекин эртага келмайдиганга ўхшайман, девди.

Бугун учинчи кун. Алағда кўнгил билан Хўжасоатга жўнадим. Тўппа-тўғри уйига бордим. Эшик очган адибни онасининг ранги оқарди.

— Ёпирай. Мен ҳали Мўминқулда — сизларникида ётиб қолган деб ўтирибман.

Орадаги хавотирни адибнинг синглиси Орзигул юмшатгандай бўлди:

— Бўлди, билдим, Вахшиворга кетган. Абдураҳмоновнинг дачасига.

Авваллари Вахшиворда райижроқўмнинг сўлимгина дачаси бўларди. Дачани райижроқўм раиси Тошпўлат ака Абдураҳмонов бош-қош бўлиб қурдиргани учун ҳамма у кишининг номи билан атарди. Айтишларича, Тоғай Мурод «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» қиссаларини шу дачада битган, дейишади. Тошпўлат ака Абдураҳмонов ёзувчини жуда яхши кўрганидан унга етарлича шароит яратиб берган.

Вахшиворга ҳориб-чарчаб пешинда етиб келдим. Иссиқдан одам лоҳас тортади. Эшик қоровули баттар кайфиятимни тушириб юборди.

— Ким бўлсангиз ҳам ҳозир гап бермайди. Ишонсангиз, Тошпўлат ака ҳам: «Бунга нима бало бўлган?» — деб гаплашолмай кетди. Сиз-ку…

Тоғай Мурод ижод тўлғоғида эди. У бутунлай бошқача қиёфа касб этганди. Мени кўрдим ҳам демасди: олдидаги пиёладаги қачонлардир сузилган чой қотиб, сарғайиб қолган. Идишдаги сўлиган узумларга қўл ҳам урилмаган. Нон ҳам тарашадай қотган. Адибнинг соқоллари ўсган, аммо бу унга ярашган. Хаёлимга унинг: «Чёрт побери, ўзи бир келади. Одам фолчилардай бўп кетади», деган гаплари келди.

Қизиқ, уч кундан сўнг Тоғай Мурод ишга келди. Ясан-тусан кийинган. Ранги тозариб, очилиб кетгандай. Мен билан ҳеч нарса бўлмагандай кўришди. Мен унга тегишдим:

— Ўша куни танимадингиз-а?

Адиб ҳеч нарса билмагандай, ажабланиб елка учирди. Сўнгра сўради:

— Уккағарди ули, нимани айтяпсиз ўзи?

6-лавҳа

Шанба куни эди. Кечқурун мактабдош дўсти Саттор Алимардоновнинг «Жигули»сида уйга келди.

— Юринг, олишга олиб борай. Келин, шунинг путёвкасига яхшилаб бир имзо чекиб беринг. Бунинг бунча жонини олманг-да. Ўзи сизга кў-ўп қобил кўринади-ку.

Ботош қишлоғидаги спорт устаси Абдурасул полвоннинг ҳовлиси қайнаб ётарди. Одам ёриб юриб бўлмайди. Катта олишнинг дарагини эшитиб не-не полвонлар келган.

Тоғай Муроднинг келганини кимдандир эшитган тўй эгаси ҳаллослаб етиб келди. У ўзида йўқ хурсанд эди.

— Ё тавба-ей, тавба. Тушимми ё ўнгим? Худонинг ўзи сизни етказди. Олишга баковуллик қиласиз. Ҳалиги китобингиздаги баковулингизга ўхшаб.

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидаги Бўри баковулга ўхшаб бақириб зот айтади. Бақириб ҳаром-ҳалолни ажратади. Мен бўлсам, унга бир дунё ҳавас билан қараб турибман. Ёнимдаги Саттор Алимардонов дейди:

— Бунинг бундай ишларда суяги йўқ.

Бир маҳал тўй эгаси адибнинг елкасига тўн, белига белбоғ боғлади. Бошига дўппи кийгизди. Қоматдор Тоғай Муродга бу кийимлар жуда-жуда ярашди.

7-лавҳа

У хонасидаги телефон бузилиб қолган пайтлари менинг хонамдаги телефондан Тошкентга чиқарди. Нашриётда ишлайдиган рафиқаси Маъсума Аҳмедова билан тез-тез хабарлашиб турарди. Хотинининг кайфияти яхши эканини эшитган кунлари унинг ҳам димоғи чоғ бўлиб кетарди. Бир куни телефон гўшагини хотини эмас, нашриёт муҳаррири Машраб Бобоев олиб қолди. Тоғай Мурод ташвишли гапирарди:

— Машраб ака, тинчликми ўзи? Кеча ишга чиққанмиди, шамоллаб қолдими? Илтимос, ундан бир хабар олдиринг. Агар хизмат бўлмаса?

Тушдан сўнг Маъсуманинг ўзи қўнғироқ қилди. Андижондан бирга ўқиган дугонаси келганини, шунинг учун… Шундан сўнг ёзувчининг кўнгли жойига тушди.

Пайт келганидан фойдаланиб, ҳазиллашаман:.

— Ўҳ-ҳў! Одамлар хотинидан қўрқмас экан.

— Уккағарди ули, жим бўл!

Бир куни ишдан роса толиқиб чиқдик. Туман марказидаги яккаю ягона ресторан ёнидан ўтарканмиз, мен гап қотдим:

— Одам бугун са-ал чарчади, дейман.

Авваллари бундай гапларни тез эшитадиган Тоғай Мурод бу гал кескин рад этди.

— Тинч юринг. Бугун-эрта бўлмайди. Буёғи ҳайит яқин, Тошкентдан комиссия келяпти. Тағин одамнинг тобини қочирмасин. Кейин билсам, Маъсума янга қўнғироқ қилиб, икки-уч кун ичида «Хўжасоатда бўламан», деб айтган экан. Тоғай Муроднинг «комиссия»си Маъсума янга экан.

8-лавҳа                                                    

Улкан залга ўлик, бераҳм сукунат тушган. Ҳамма ҳозир зўр бир одамни дафн этиб келишгандай. Шу мотамсаро сукунатни минбарга кўтарилган райком ходими бўлиб юборди. У бюро қарорини ўқишга киришди. «Газета бош муҳаррири Эшмирза Муҳаммадиевга қаттиқ ҳайфсан берилсин. Бўлим мудирлари огоҳлантирилсин. «Сўфи Оллоёр ким бўлган?» мақоласининг муаллифи Тоғай Мурод газета ишидан четлаштирилсин».

Қараб турибман. Тоғай Мурод йиғламоқдан нари-бери. Унинг полвон келбат вужуди титрарди. Ахири бўлмади. У ўрнидан турди. Райком ходимлари уни гапиришга қўймади.

— Биз сиздан ҳеч нарса эшитмаймиз, ўтиринг. Олтинсойни Ўзбекистонга шарманда қилганингиз етар.

Аммо Тоғай Мурод ўтирмасди. Унинг кўзлари, юзи қип-қизил бўлиб кетганди. Унинг овози залда момақалдироқ янглиғ жаранглади:

— Айтинглар, мен нима қипман? Менинг айбим нима? Шу
мақоламми? Шунга шунчами? Мен унда нимани нотўғри ёзибман? Нимаси ёмон? Ҳали кўрасизлар, яқин қолди. Одамларнинг бари исломга қайтади, Худога қайтади. Керак бўлса, ҳамма қишлоқларда мачит бўлади. Одамлар эмин-эркин намоз ўқийди. Ҳар бир уйда Қуръон китоби очиғлиқ туради. Сизлар Худо бехабар бир одамларсиз.

Бюро ўтаётган залнинг орқа эшиги очилди. Биров бюрони ёполмади. Тўрдагилар орқа эшикдан қочиб чиқишди. Биз ташқарига чиққанимизда фирқанинг амалдор шотирларидан бирови ҳам қолмаганди.

9-лавҳа                                                    

Адибнинг хатоси «Олтинсой тонги» газетасида босилган «Сўфи Оллоёр ким бўлган?» мақоласидаги қуйидаги ёзувлар эди: «Эй мусулмон бандаси, жон берар чоғингда кимни эслайсан? Партияними? Комсомолними? Албатта, Худо дейсан. Отажон-онажон дейсан. Минбаъд ҳали мен айтганларни айтмайсан. Отажонинг, онажонинг жанозасида эса тирик туриб, бир сиқим тупроқ ташлай олмасанг!»

Буни қарангки, газетанинг айнан шу сонини кимдир конверт­га солиб Ўзбекистон Марказқўми котибига шахсан жўнатганди. Бари можаролар шу туфайли эди.

10-лавҳа                                                  

— Хўжасоатга ҳам бормайман. Тўғри кетаман. Поездга чиқаман.

Денов вокзалидамиз. Дарди, ижод дунёси бу ёруғ оламга сиғмас ёзувчига таскин-тасалли беролмайман. У бамисоли бола феълли бўлиб қолганди. Қўлидан дастрўмолчаси тушмасди:

— Ўз элимда мени шарманда қилишди-я. Кун келади, бу муттаҳамлар мендан олдин мулло бўлади. Шунда айтаман. Шунда ўчимни оламан. Олдиларидан салом бериб ўтаман. Булар думи йўқ, орқаси сийғончиқ тулки.

— Айтганингиз келсин. Ҳаёт жазосини берсин.

Юзи бўғриққан Тоғай Мурод поездга чиқди. Унинг сўнгги гапи шу бўлди:

— Ўз юртига сиғмаган ёзувчи ошнангга хайр де! Туман газетасида ишлай олмай ҳайдалган, сенларни қора отли қилиб кетаётган ошнангга қўл силта!

Унинг кўзлари тўла ёш эди. Энди бу ёшларни ғижим дастрўмоли билан ҳам артмасди. Ажабланиб қараётган одамларга парво ҳам қилмасди. У телбавор алфозда эди.

Поезд жўнаб кетган бўлса-да, перронда беҳол туриб қолгандим. Танамдаги қон яхлагандай эди: «Наҳотки, бари буюкларнинг бошида кўргиликлар шундай кўп бўлса?!»

11-лавҳа

Орадан беш-олти йил ўтди. Тоғай Мурод Тошкентда донгдор бўлиб кетди. Олтинсойда деярли ярмини қоралаб олган «Отамдан қолган далалар» романи айниқса машҳур бўлиб кетди. Муҳтарам Президентимиз назарига тушди. Дилбар асарлари кинорежиссёрлар эътиборини тортди. Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотини олган ёзувчига «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони берилди.

Тоғай Муроднинг бу муваффақиятларидан олтинсойликлар, жумладан, ўзим ҳам теримга сиғмасдим.

12-лавҳа

1998 йил. Ҳовли этагида болаларим билан ғўзапоя босмоқда эдим. Бир маҳал Хидиршо ариғи томонидан бир яп-янги «Жигули» шундайгина ҳовлимиз эшигида тўхтади. Тоғай Мурод сиёқли бир одам олдинги эшикдан тушди

— Ё тавба! Тоғай Муродга ўхшайди-ку.

Рости, ҳаммамиз жимиб қолдик. Машинадан тушган киши чиндан ҳам Тоғай Мурод эди! У жуда чиройли кулимсираб турарди. Қучоқлашиб кўришдик. У аввалгидан ҳам хийла тўлишган, юзлари янаям салобат бахш этиб, бир қарашда ҳар қандай одамни ҳаяжонлантириб қўядиган қиёфа касб этганди.

Машинани узун бўйли, хушкелбат йигит ичкарига олди. Бу йигит унинг иқтисодчи жияни эди.

— Мана, биз ҳам машина олдик. Лекин сабил рулга юрак бўлмайди. Шунинг учун жиянни ёллаб тураман.

Шу вақт кўзи бостирма остида турган машинани кўриб севинчи ошиб кетди.

— Э, уккағарди ули, сизам машинали бўпсиз-ку. Ғайрат қилинг, буюрсин.

Шу куни тут тагидаги қадрдон сўрида гурунгни роса урдик — машиналарни ювдик.

Э-воҳ, Тоғай Мурод билан сўнгги гурунгимиз, сўнгги улфатчилигимиз, шу бўлиб қолди.

Ҳозир, рости, шу сўрида кечалари ётолмайман. Тоғай Мурод ўтиргандай бўлаверади.