Чоршамъ. «Шоир укам, яхши!»

      Комментарии к записи Чоршамъ. «Шоир укам, яхши!» отключены

Тоғай ака билан мен саксонинчи йиллар бошида устоз Рауф Парфи хонадонида танишган эдим. Тунги шеьрхонлик, баҳс-мунозаралардан сўнг Тошкент Трактор заводи мавзесидан шаҳар маркази томон бирга қайтдик. Негадир Тоғай аканинг кайфияти йўқ эди. Дабдурустдан:

— Янги квартира топишим керак! — деб қолдилар.

Бу сўзларни у ички изтироб, дард билан айтди. Юзларидаги изтиробни кўриб ачиниб кетдим.

— Ҳозирги квартирам хўжайини ўғлини уйлантиряпти. Тез- да чиқиб кетишим шарт!

— Бирор мўлжалингиз борми?

— Битта жой бор-у, сал кейин бўшар экан. Унгача қаердадир яшаб туришим керак.

Иккимиз ҳам ўйланиб қолдик. Мен ўшанда Лабзак маҳалласида Дуся хола деган бир рус кампирнинг баракча қурилган пас­қамгина уйида яшардим. Курсдош ҳамхоналарим яқиндагина ўқишни тугатиб кетишган, кампир қистови билан ўзимга шерик излаб юрардим. «Тоғай акани шу ҳовличага таклиф этсам қандай бўларкин?» — деган фикр келди миямга. Лекин бундан бир оз хижолат бўлдим. Ахир тор, кўримсиз ҳовли бўлса… Шароити ҳам йўқ…. Мен шундай бўлса ҳам барибир бир айтиб кўрай, дедим.

Мен бир рус кампирнинг уйида яшашимни, хонада яна бир кишилик жой борлигини айтдим:

— Нархи арзон, ойига ўн сўмдан. Аммо шароити яхши эмас. Бир кўринг. Агар маъқул…

— Бўлади!

Тоғай ака хурсанд бўлиб кетди.

— Эртагаёқ кўчиб ўтаман! — деди у кўзлари чақнаб.

Кейин кулимсираб деди:

— Ўзи айтарли кўч-кўроним ҳам йўқ. Озгина уст-бош, китоб… Квартира қаерда?

— Сиз қатнайдиган фин ҳаммомининг орқасида.

— Ростданми?!

Унинг қувончига қувонч қўшилди.

У пайтлар Лабзакдаги фин ҳаммоми жуда машҳур эди. Буғхонаси 130-135 даражагача қизирди. Электр спираллар устига катта-катта қайроқ тошлар қўйилган эди. Фин ҳаммомининг инсон тана аъзосига фойдаси катталигиданми, буни билган, ўз соғлиғининг қадрига етган одамлар бу ерга мунтазам келиб туришарди. Озиш дейсизми, бод касали дейсизми… Ҳаттоки «Пахтакор» футбол жамоаси, «Ҳамза» театри (ҳозирги Миллий театр) артистлари, пойтахтнинг эътиборли кишилари ҳам бу ҳаммомга келишни канда қилмасдилар. Улар орасида Тоғай ака ҳам бор эди. Баъзан у кишини ҳаммом яқинида кўриб қолардим. Лекин ботиниб бориб кўришолмасдим. «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси эълон қилингандан сўнг Тоғай ака жуда машҳур бўлиб кетган эди.

— Сиз мени қутқардингиз. Бу ерга ишхонам ҳам яқин. Яхши, шоир укам!

Ўша пайтлар Тоғай ака «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида таржимон бўлиб ишлар эди.

Биз эрталаб кўришишга келишиб хайрлашдик. Шу тариқа Тоғай ака билан мўъжазгина ижара уйда олти ойча бирга турдик. Э-ҳе, бу даврда қанча тонгларни суҳбат қуриб оттирганмиз… Бу кечалар ҳали-ҳали эсимда. Албатта, ўша кечалардаги ажойиб суҳбатларнинг ҳаммасини эслаш ва қоғозга битишнинг иложи йўқ. Орадан чорак аср вақт ўтди. Аммо Тоғай аканинг суҳбатларимиздаги баъзи гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради.

Бизнинг суҳбатларимиз асосан адабиёт ва спорт мавзусида бўлар эди. Тоғай ака ёзажак асарлари ҳақида тўлқинланиб сўзлар эди:

— Мен ёзмоқчи бўлган асарим мавзусини майда деталларигача ўрганиб чиқаман. Тасвирлаётган жойимни бориб ўз кўзим билан кўраман, бўлмаса кўнглим тўлмайди. Асар пишиб-етилгандан кейин эса уйга қамалиб оламан. Чунки бу пайт менга ҳеч ким халақит бермаслиги керак. Енгил чойшабга ўраниб ётиб оламан. Ёзган варақларимни каравот остига ташлайвераман-ташлайвераман. Варақлар уюлиб кетади. Асарни бутунлай ёзиб бўлганимдан сўнг варақларни йиғиштириб олиб, тартибга соламан. Кейин қайта ишлашга киришаман.

У ёзмоқчи бўлган асарларига қўйиладиган номларга катта аҳамият берар, уларни жуда узоқ вақт танлар эди. Бир кун менга иккита қоғоз узатди. Бу бўлғуси «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари учун танламоқчи бўлган номлар рўйхати эди.

— Ёзмоқчи бўлган қиссаларимга ана шу номлар ичидан танламоқчиман. Сиз ўзингизга ёққан номларни белгиланг-чи. Қайсиниси сизга маъқул?

Мен рўйхатга кўз югуртирдим. Рўйхатнинг иккаловида ҳам ўндан зиёд номлар битилганди. Агар ёдимда бўлса, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасига қўйилажак рўйхатдан «Оқшом одамлари», «Оқшомги одамлар», «Ой ёруғидаги одамлар»га ўхшаш номлар ўрин олганди. «От кишнаган оқшом» асарлари рўйхатида ҳам шундай эди. Менимча, Тоғай ака улар ичидан бирини танлаб олган эди-ю, шу танлаганлари муносибми-муносиб эмасми, тасдиқлатиб олмоқчига ўхшарди:

— Асарга ном қўйишнинг аҳамияти жуда катта. Ном асар руҳини тўла ифода этиши керак. Токи сарлавҳани ўқиши билан ўқувчининг юраги «жиз» этсин, унда шу асарни ўқишга истак уйғонсин.

Тил, шевалар ҳақида ҳам кўп гапирарди. Тоғай аканинг Сурхон шеваси, халқ оғзаки ижоди, хусусан, достонлар тили борасидаги фикрлари жуда қизиқарли бўлиб, у бу ҳақда жўшиб сўзларди. У гапираётганда, ёнидаги ҳамроҳини деярли унутиб қўяр, гўёки бетизгин хаёллар ичида парвоз этаётган одамга ўхшарди. Юзлари порлар, сўзлаётган фикрларидан фахр туяр, ниҳоят гапини тугатиб бўлиб, менга қарар ва бошини ирғаб: «Шоир укам, яхши», дерди. Назаримда, бу сўзлар замирида: «Бу тил ҳеч қачон ўлмайди, бу тилда асар ёзиш нақадар буюк бахт», деган ифода ётарди…

Айниқса, Тоғай ака сал сарҳуш бўлганларида «яхши» сўзини такрорлаб толмас эдилар. Баъзи бир шоир-ёзувчилар бу гапдан жаҳли чиқиб:

— Нимаси яхши? Ҳаммаёқ расво бўлиб кетди-ку?! Сиз бўлса «яхши», «яхши», деяверасиз, — деб унга дакки берарди.

Тоғай ака эса бу гапларга сира парво қилмасди:

— Шоир акам, яхши! — деб такрорлайверарди.

Мен у бу билан нима демоқчи бўлганини кўп ўйладим. Ва шундай хулосага келдимки, бундай пайтларда Тоғай ака «хилват дар анжуманда» бўлар эди. (Нақшбандия тариқатидаги бу рахшанинг қисқача маъноси «зоҳиран халқ билан, ботинан ҳақ билан» бўлишдир.) Яъни у атрофдаги жамоани бутунлай унутиб, ўз орзу-умидлари, хаёлоти оламида кезарди. Бу оламда эса юртга, дўсту ёрларга яхшилик, эзгу иш қилиш мақсади мужассам эди. Яна эл ичида яхши ном қолдириш истаги билан яшаётганини айтмоқчи бўларди, менимча.

Мўъжаз ҳовличамизда ўрик дарахти бўларди. Куз оқшомлари шу дарахт остига қўйилган айлана стол атрофида, хира чироқ ёруғида суҳбат қурардик. Мен эрталаб ишга боришим кераклиги боис барвақтроқ ётардим. Тоғай ака эса аксарият вақтлари ҳовличада ярим тунга қадар ёлғиз китоб мутолаа қиларди. Ишга эса тушдан кейин борарди. Якшанба кунлари букинистик китоб дўконларига ёки бозорлардаги ёйма китоб расталарига борардик. Бу расталардан яхши китобларни топиш, яна арзон нархда сотиб олиш мумкин эди-да. Излаб юрган китобларимизни топсак, нақ байрам бўлиб кетарди. Мен у пайтлар Ўлжас Сулаймонов, Евгений Евтушенко шеъриятини кўпроқ ўқирдим. Тоғай ака эса Жанубий Америка ёзувчилари асарларини ва жониворлар, хусусан, от ҳақида битилган китоб­ларни сотиб оларди. Ёшликдан кўпкариларга қатнашиб келганлари учун бўлса керак, Эрнест Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» асарини жуда хуш кўриб ўқирди. Бу китобни таржима қилиш нияти борлигини ҳам менга айтганди. Кейинчалик бу орзулари амалга ошди.

Баъзан мендан янги ёзган шеърларимни ўқиб беришимни сўрарди. Бир оз мақтагач, қайси сўзни ноўрин қўллаганимни, ўша сўз ўрнига қайси сўзни ишлатиш мумкинлигини айтарди. Бу маслаҳатлар мен учун жуда катта мактаб бўлди.

Ижара уйимизга Йўлдош Эшбек, Саъдулла Ҳаким, Баҳодир Муродали, Жамол Сирожиддин, Ғулом Фатҳиддин каби шоир-ёзувчилар тез-тез келиб турардилар. Тоғай ака, айниқса, Йўлдош Эшбек билан мириқиб суҳбатлашарди. Йўлдош аканинг ҳангоматалаб гапларидан мириқиб, қаҳ-қаҳ уриб куларди. Ҳовлича кулгидан зириллаб кетарди. Суҳбат сўнгида Тоғай ака:

— Эй, Йўлдош, шу воқеани менга сотинг, ёзаман, — деб қоларди.

Йўлдош ака ҳам сахийлик билан рози бўларди:

— Майли, фақат асар сўнгида: «Бу воқеани Йўлдош Эшбек айтиб берган», деб қўшиб қўясиз, — дерди.

— Бўлди, бўлди.

— Гонорарни ҳам тенг бўлишамиз.

— Яхши, шоир, яхши!

Улар бир-бирлари билан ҳазиллашганда сенсираб, жиддий сўзлашганда эса сизлаб гапирардилар. Бундай ҳазил-ҳузуллар пайти Тоғай ака бахтиёр кўринарди. Унинг юзу кўзларида самимият, болаларча беғуборлик барқ урарди. Шу билан бирга баъзан жаҳли чиқиб тумтайиб оларди. Бирпасда ичимдагини топ дегандай, жиддий тортиб, тунд одамга айланарди-қоларди. Ўзи унчалик кўп ҳам гапирмас эди. У гўёки ўз хаёллари, ёзаётган асари қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаётганга ўхшарди.

Биз асосан икки мавзуда суҳбатлашар, баҳслашардик. Биринчиси, албатта, адабиёт эди. Мен ўшанда Тоғай аканинг бу борадаги фикрларини ёзиб қўймаганимдан минг бор афсусдаман. Эсимда, у киши ўшанда давр муаммолари, уларни адабиётда кўтариб чиқиш зарурлиги ҳақида куюниб сўзларди.

Айниқса, асарнинг биринчи жумласига жуда эътибор берарди. Эсимда, «От кишнаган оқшом» қиссаси бошланишидаги «Кўргилик, биродарлар, кўргилик» жумласини қанча излаганларини айтиб берганди. «Шу жумлани топгач, оламга сиғмас даражада хурсанд бўлганман», деганди.

Яна адабиётда юз бераётган ноҳақликлардан эзилар, нафратланарди. Тоғай ака тасодифан бир ёш ёзувчи қайсидир катта ёзувчининг асарини қайта ишлаб бераётганининг гувоҳи бўлиб қолибди. Ёш ёзувчи Тоғай акага шундай деб мақтанармиш:

— Мана, устоз асарлари устидан ишлаяпман.

— Қани бир кўрай-чи?!

Тоғай ака варақ ҳошиясига битилган қуйидаги сўзларни ўқибди:

«… жон, катта раҳмат, жуда ўринли тузатибсиз. Асарнинг давомини юборяпман. Шундай ишлайверинг».

Тоғай ака жиғибийрон бўларди:

– Ўша «отахон» ёзувчимиз то асарини тугатгунча ҳар куни хизмат машинасининг ҳайдовчиси орқали қўлёзмасини юбориб турди. Ҳатто оддий жумла тузишни ҳам дуруст билмайдиган бундай ёзувчидан нима кутиш мумкин? Ёзувчи дўстимдан ҳам кўнглим қолди.

Бизнинг иккинчи севимли мавзумиз футбол эди. Мен кўп футбол ишқибозларини биламан. Улар билан ўйинни таҳлил қиламиз, футболчи ва мураббийларнинг ютуқ-камчиликларини муҳокама қиламиз. Лекин ораларида Тоғай акачалик футболни нозик ва теран тушунадиган ишқибозни кам учратганман. Тасаввур қилинг: торгина хонада, иккита каравот ўртасига қўйилган столга мукка тушиб ўн бир нафар ўйинчи қандай ҳаракат қилиши кераклигини тонгга қадар муҳокама қилсак. Бу ҳам етмагандай, эринмай қоғозга футбол майдончаси схемасини чизардик. Жамоа (кўпроқ собиқ терма жамоа) аъзолари қандай ҳаракат қилиши зарурлигини ўзимизча таҳлил қилардик. Ўша пайтлар собиқ Иттифоқ терма жамоасида Валерий Лобановский бошчилигида Олег Блохин, Олег Протасов, Игорь Беланов, Ренат Дасаев, Давид Кипиани каби ўйинчилар ўйнарди. Тоғай ака ҳар бир ўйинчи имкониятларини яхши билар эди. Ана шу имкониятдан келиб чиқиб ўйин тактикасини белгиларди. Нечта ҳимоячи, нечта ярим ҳимоячи ва қанча ҳужумчи ҳаракат қилишини айтарди. Ҳар бир ўйинчининг ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатар, ҳужумга ўтганда ёки ҳимояланганда қандай усулни қўллаш зарурлигини шарҳларди:

— Ўйин тактикасини ишлаб чиққанда рақиб имкониятларини ҳисобга олиш керак. Масалан, Бельгия ҳимояда ўйнайдиган команда. Демак, аввало ана шу ҳимояни қандай ёриб ўтиш масаласини ҳал қилиш зарур. Герецдай ҳимоячини ким алдаб ўтиши мумкин? Албатта, Кипиани! Улар қарши ҳужумга жуда тез ўтишади. Бу ҳужумни қандай тўхтатиб қолиш мумкин? Бунинг чорасини топиш шарт.

1982 йилги жаҳон чемпионати олдидан бундай муҳокамаларимиз авжига чиққанди. Ҳатто Тоғай ака мардона шундай башорат қилганди:

— Бундай жамоа билан жаҳон чемпиони бўлиш мумкин. Фақат яхши жисмоний ва руҳий тайёргарлик керак. Ҳар бир ўйинга тўғри тактика топиш зарур. Чемпионат давомида кучни тўғри сарфлаш керак.

Жамоада албатта психолог, шифокор бўлиши зарурлиги, кучала каби гиёҳлардан фойдаланиш шартлигига ўхшаш фикр­лар ҳам назаримиздан четда қолмас эди. Ўшанда «Пахтакор» жамоаси авиаҳалокатга учраганига уч-тўрт йил бўлган, ҳали кўнглимиздаги яралар битмаган эди. Шунинг учун севимли жамоамиз ҳақида деярли суҳбатлашмасдик. Тўғриси, бу мавзуни Тоғай аканинг юраклари кўтаролмасди. Буни ўзлари ҳам, мен ҳам яхши билар эдик. Шунинг учун кўпроқ мамлакат терма жамоаси ва чет эл футболи ҳақида фикрлашардик. Аҳён-аҳён тилларига Ан ва Фёдоров номлари келиб қолар ва беихтиёр улар тақдирини эслаб, жим бўлиб қолардилар. Назаримда, бундай суҳбатлар Тоғай акага сал бўлса-да, турмуш ташвишларини унутишга ёрдам берарди.

Тоғай ака қисқа давр ичида менга кўп яхшиликлар қилганди. Шулардан бири сигарета чекишни ташлашимга сабабчи бўлганларидир.

— Ўзи ўпкангиз операция қилинган бўлса… Сизга чекиш мутлақо мумкин эмас! — дердилар куюниб.

Чекишни қандай ташлаш мумкинлиги йўлларини ҳам айтганди. Яна спорт билан шуғулланишга кўп даъват этарди. Баъзан тоза ҳавога чиқишни таклиф қилардилар. Бўзсув бўйларини, «Минор» қабристони атрофини айланардик. Балки бу яланг­ликлар Тоғай акага Сурхон воҳаси манзараларини эслатгандир. Менимча, у шаҳар шовқинидан безиб шу жойлардан ором топарди.

Биз ярим йил ичида ака-укадек қадрдон бўлиб кетдик. Тоғай ака бошқа квартирага кўчиб ўтганларидан кейин ҳам бизнинг борди-келдимиз узилмади. Менинг уйланиш базмимда иштирок этдилар. Ўзларининг ҳам тўйлари Лабзак яқинидаги «Ширин» кафесида бўлиб ўтди. Умрларининг охиригача анжуманларда, адабий давраларда учрашиб турардик. Биз учрашиб қолганларимизда кўпинча ўша кечалардаги суҳбатларимизни эслардик.

Ҳозир ҳам хаёлда баъзан ўша хотиралар жонланиб қолади. Шунда Тоғай ака бирор-бир мавзу бўйича ўз фикрларини баён этади ва мамнун жилмайганча, бош ирғаб дейди:

— Шоир укам, яхши!