Меҳринисо Ойдинова. Мен билган Тоғай Мурод

      Комментарии к записи Меҳринисо Ойдинова. Мен билган Тоғай Мурод отключены

Илк таассурот

Биз ёзувчининг жуфти ҳалоли бўлмиш Маъсумахоним билан бир дам тортишиб қолдик…

У ўзини мутлақо унутиб, борлиғини тортиқ этгани, ҳар нафас, ҳар онини унинг орзу-истакларию, унинг нигоҳлари билан кўргани азиз ва «зулмкор», содда ва бағрикенг, тўпори ва бир сўзли, меҳрибон ва оқкўнгил, жайдари ва қаттиққўл, мағрур ва жонкуяр, жон-дилидан севгани, кўнгил гавҳари бўлмиш ёзувчи Тоғай Мурод ҳузурига шошарди… Шошарди-ю, жуфти ҳалолининг сиёсат ила қай тарзда кутиб олмоғини тасаввур этиб, уни куттириб қўйгани учун ҳисоб-китоб бериши лозимлигини таъкидларди.

… Мен эсам шу куни қатъият билан яқин дугонам бўлмиш Маъсумахоним билан унинг кўнгил соҳиби ёзувчи Тоғай Мурод ҳузурига йўл олдим.

Мақсадим — Маъсумахонимнинг ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган, ўзигагина хос бўлган қалами бор эканини, у ҳам эркин инсон эканини, бир фидойи аёлнинг бемисл хизматларини, ўз кўнгил соҳибига нисбатан беқиёс жонкуяр ва жонфидо эканликларини таъкидлаб қўймоқ эди…

Аслида мен у билан бир марта ҳам кўришмаган эдим. Тўғриси, биз оиламиз билан Москвада яшаётган кезларимиз Маъсумахон Олий адабиёт курсларида таҳсил олаётган турмуш ўртоғи Тоғай Муроднинг ҳузурига бораётгани ва у ерда учрашишимизни Тошкентдан туриб қўнғироқ қилиб айтган эди. Мен эсам уларнинг тўйида ҳам иштирок эта олмаганим учун шу катта шаҳарда Тоғай Мурод билан кўришиб, танишиб оламиз, деган хаёлда эдим…

Мен кутган кунлар ўтиб кетди. Яна Тошкентдан Маъсумахоним қўнғироқ қилиб узр сўрадилар, негаки, Москвада Тоғай Мурод билан вақтлари бўлмай, бизникига ўтишолмабди. Хуллас, дугонам ўз режаларию орзу-ўйларини жуфти ҳалолига фидо этиб яшар эди.

Мен эсам ана шундай ўйлар билан икки ижодкорни бағрига олган катта адабиётга эътиқодлар маскани бўлган ошиёнга, Тоғай Муродлар уйига бир исёнкор қалб билан кўнгилдаги сўзларни шартта айтиб кетмоқ учун қатъият билан йўл олган эдим.

Маъсумахоним эса мени йўлдан қайтара олмади. У менга нима деярини билмасдан лол, йўлда давом этарди. Ниҳоят, биз бу ошиёнга етиб келдик. Эшик тугмасини босдик…

Ичкаридан мен кутганчалик қатъиятли, кескин ва серзарда овоз эмас, балки бир оз гуноҳкорона, мулойим ва ёқимли овоз эшитилди. Ёнимда эса ичкаридаги салобатли жуфти ҳалолидан ҳайиқиб турган маъсума аёл ўрнида эса энди бирмунча дадил овоз жаранглади:

— Очмайсизми эшикни?..

Бир оз туриб эшик очилди… Мен учун мутлақо кутилмаган манзара содир бўлди. Шиддат билан келишларимда ушоққина елкаларга юкланган катта адабиётга хизмат қилишдай, саҳардан шомгача тинмай югур-югурлар билан бирпас тин олмай ҳали нашриёт, ҳали газета, ҳали журналларга югурган, бозорга чопган, қош қораймай уйига шошиб, ошхонада бир тансиқ таомга уннаган, туни билан қўлёзмаларни кўчириб, соатлаб компьютер қаршисида ҳар сўз, ҳар белгининг хато кетмаслиги учун юраги япроқдай титраб, корректура қилиниши лозим бўлган саҳифалар қошида термулиб ҳар лаҳзасини жон қадар қимматли билган аёлнинг меҳр ва машаққатлар, қувончу ташвишлар қоришиқ меҳнатлари қимматини эшик очгувчи инсонга писанда қилиб кетмоқчи эдим аслида…

Аввало эшик ортидан эшитилган овоз мени бир оз ҳайрон қолдирган бўлса, эшик очилгандаги қиёфа янада ҳайратга солди. Зеро, дастлаб қатъий, маржондай тизилган заҳаролуд сўзларим ўз аҳамиятини йўқота бошлаган бўлса, уй ичидан бизни қарши олган баланд бўйли, довқур инсон бир оз сарҳуш ҳолатда, кумуш сочлари нур таратиб тургандай, беғубор, самимий чеҳрада кўз олдимда намоён бўлар экан, бир лаҳза олдинги шиддатим, айтар сўзларим тумандай эриб, ғойиб бўлди.

Ўзим ҳам тушунмаган, билмаган ва англамаган ҳолатда негадир ҳазрат Навоийни ёдладим… Кейин билсам, ёзувчи энг севган, эътиқод қўйган инсонлардан бири ҳазрати Алишер Навоийнинг сийратлари, сувратлари, сиймолари экан аслида…

Биз жавон тўла китоблар ўзига оҳанрабодай тортувчи меҳмонхонада бирпас суҳбатлашиб ўтирдик… Мен эсам эҳтимол Яратганнинг ўзи бу инсонга бежиз бу маъсум, жонкуяр жуфти ҳалолни ато этмаган экан, деган хаёлга келдим. Демак, Яратганнинг ўзи энг улуғ ҳикматлар эгасидир. Китоб жавонида эса жаҳонга довруқ таратган зотларнинг китоблари ғоят эҳтиром ила териб қўйилган… Унда Қуръони Карим, Навоий… Пушкин… Жек Лондон… диний ва дунёвий китоблар…

Телефондаги сўзлашув

Тоғай Мурод акани илк учрашувгача сиртдан билсам-да, ўша кунги учрашувдан сўнг ҳар қалай кўнглимда бу инсонга нисбатан эҳтиром уйғонди. Оқкўнгил, соддадил ва фақатгина ўзига хос бўлган аллақандай илоҳий хислатларга эга инсон…

Шунинг учун ҳам Маъсумахоннинг катта дунёдан топиб борган ҳар бир гапи хонанишин ёзувчи учун ғоят катта аҳамиятга эга эканига амин бўлдим. Ҳар куни ўнлаб кунлик, ҳафталик нашрларни кузатиб чиқувчи, ҳар хил кўрсатувлар ва турли давлатлар теледастурларини таҳлил қилиб турувчи ва тинимсиз ўқиб-изланишда бўлган ёзувчининг назаридан ҳеч бир нарса четда қолмас эди. У ўз қаҳрамонларини кенгликларда топиб, ҳар нарсани ипидан-игнасигача ўрганиб ёзар экан, ҳаётдаги ҳар бир нарсага ҳам ана шундай жиддий муносабат ила ёндашиши унинг ўзига хос бир хислати экан, эҳтимол…

Гап орасида Маъсумахон менинг ўша кунги ташрифим ва учрашувдан сўнгги муносабатларим ҳақида айтиб берган шекилли, рафиқасига билдирмасдан, телефон дафтарчаларидан уй телефон номеримизни топиб, уйимизга қўнғироқ қилибдилар…

У телефонда Маъсумахоннинг ўз ҳаётида тутган ўрни ҳақида шу қадар самимий сўзлар айтдики, менинг бир ҳайратимга ўн ҳайрат қўшилди. Унинг мардона айтган сўзлари ҳамон қулоғим остида янграйди:

«Мен Маъсумасиз ҳеч кимман. Мени шу даражага етказган унинг кечани кеча, кундузни кундуз демай, елиб-югуриб қилган хизматлари… Мен унинг хизматларини билмасам инсофдан эмас…»

Хуллас, жуда узоқ сўзладилар.

Сўзлари жудаям самимий, содда, жайдари… Ҳар бир сўзида ростгўй юракнинг, бир сўзли инсоннинг фақат ўзигагина хос, ўз жуфти ҳалолига аталган, эҳтимол аёлига ҳеч ҳам айтмаган меҳр ва муҳаббат сўзлари, кўнгил изҳорлари бор эди… Бир мағрур инсоннинг бу эътирофларини қани эди Маъсуманинг ўзи ўз қулоқлари билан эшитса эди, деган хаёл ўтди кўнглимдан…

Яна бир дийдор

Бир дам олиш кунида бир-бирига суяниб яшаётган ижодкор инсонларни зиёрат қилмоқ учун эҳтиромли ёзувчи ҳузурига ширин тилли жиянчам Шавкатжон ва синглим Мукаррам билан кутилмаганда кириб бордик.

Уларнинг бошлари осмонга етди. Бизни самимий меҳмон қилишди. Ёзувчи фотоальбомини олиб чиқди. Альбомдаги ҳар бир инсонни алоҳида меҳр билан таништириб, таърифлаб чиқди. Айниқса, онаизорини, жиянларини номма-ном кўрсатди. Ёру дўстлари, синфдошларининг суратларини таърифлади. Ёлғиз синглиси Орзигулни меҳрибон, ажойиб синглим бор, дея мақтади…

Тўйда тушган суратларини кўрсатаркан, болалардай, Маъсумани «Бачума», деди. Суҳбатимиз ғоят кўнгилли кечди.

Сўнг хайрлашиб, уйга йўл олар эканмиз, уй кийимида бизни кузатгани йўлга чиқди. Бошларида эса эрта тонг югуришда киядиган спорт қалпоғи…

Ёмғир шивалаб турганди. Қоронғи тушиб қолган. Биз метро тарафга борар эканмиз, «Дархон» қаҳвахонаси ёнидан ўтдик. У ерда тўй бўлаётган экан шекилли, башанг кийинган одамлар меҳмон кутмоқда эдилар. Ёзувчимиз жимгина биз билан ўтиб кетдилар-у, кейин болалардай қувониб: «Яхши, яхши, ҳаммаси оддий, оддий одамлар экан», дея такрорладилар. Қайта-қайта такрорладилар бу сўзни болалардай қувониб: «Яхши, оддий, оддий одамлар экан…»

Уларнинг айтган мана шу сўзларида бу башанг одамлар — оддий, жуда оддий одамлар (бу одамлар башанг бўлсалар-да, ҳеч ким эмаслар), улар яхшиям ёзувчини уй кийимида таниб қолмаганлигига болаларча бир қувонч, ишора бор эди.

Улар биз билан метро яқинида илиқ хайрлашдилар. Метро томон юрар эканмиз, мен беихтиёр орқамга қарадим. Ёзувчи Маъсума билан раҳмат ёмғирлари ёғаётган, неон чироқлари порлаб турган муборак кечада оҳиста кетмоқда эдилар.