Дилфуза Шомаликова. Тақдирга айланар сўзлар

      Комментарии к записи Дилфуза Шомаликова. Тақдирга айланар сўзлар отключены

Ёзилган ҳар бир сўз тақдирга айланади, дейди улуғлар…

Талабаликнинг илк йили. Ҳамкурсларнинг бир гуруҳи шеър­ларни ёддан айтса, яна бир гуруҳи бўлардики… насрни назмдан-да зиёда ёд оларди. Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод асарлари… Уларни ёш кўнглимиз улуғ билди, асарларини азиз. Бу ижодкорлар билан бўладиган учрашув кечалари орзулар эди…

Шундай кунларнинг бирида ёзувчи Тоғай Мурод опамизга «одам қўйди». Тўй куни белгиланиб, «харажат» деган урфга биноан опамиз ёнида туриш ҳам шараф, ҳам ўнғайсиз бир ҳолат бўлди. Красногорск шаҳрида учрашувга шошдик. Кутиб қолди, деган ўй хижолати билан бекатга яқинлашганимизда полвонкелбат йигит қисқагина салом-аликдан сўнг, бу қишлоқда отларнинг турли зотлари кўп эканлигини таъкидлаб, уларни номлай кетди. Шу пайт отлар пойгага тизилгандек бирин-кетин ўта бошлади.

— Агар отнинг пешонасида қашқаси бўлса, … қорнида бўлса… олд оёғида бўлса… орқа оёғида бўлса… ёли, ранги, хулласи, отларнинг таърифини эшитиб бўлганимизда кийим дўкони аллақачон тушликка чиқиб, «харажат»дан «бехаражат» қайт­гандик…

* * *

Кўнгилдан ўтганни кўнглидан ўтганлар тушунади, дейдилар. Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» деган асари ана шундай кўнглидан ўтказиб, ўз қисмати ҳақида ёзилган башорат эканлигини қайдан билибмиз, унинг изтироблари, Қоп­лонбекнинг изтироблари билан ҳамоҳангмиди ё… Ким билади дейсиз, тақдирнинг сийлов ва синовларини… бу ҳақда сўйламоқ маҳол, сўз айтмоқ ундан-да оғир…

* * *

Тўйларидан сўнг ярим йилдан кўпроқ вақт мусофирчилик туфайли Тоғай Мурод оиласи билан ҳамхона яшаганимизда уларнинг ижод қилиши, луғат билан ишлашлари, спорт билан шуғулланишлари, тирик ёзувчининг изланишларидан бошқа бир дунёни кашф этгандек эдим.

* * *

Эл назарига тушган Тоғай Мурод Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт институтининг Олий адабиёт курсларида таҳсил олаётган кезлар, саёҳат баҳона улардан хабар олдик… Жаҳон адабиётининг дурдона китобларини харид қилганини айтди, уларни кўрсатди. Суҳбат якунига бориб-бормай, кийим дўконини сўраганимиздан пушаймон бўлдик. Улар, илм кишиси пойтахтга ўқишга-ўрганишга келади, хўпми, деди. Асл китоб дўконлари қаерларда борлигини айтди. Театрга тушиш, музейларга албатта бориш кераклигини уқтирди.

Қайтаётганимизда эса бир дунё китобларини эҳтиётлаб, авайлаб олиб кетишимизни айтди.

* * *

Ҳар кимнинг ўз дунёси бўлади…

Ҳар дунёнинг ўз гавҳарлари бўладики… киши унинг қадрига йўқотганда етади. Йўқотганда азиз бўлади… Изларини изласак-да, кеч бўлади… Изларнинг ортга қайтгани бир ёмон бўлади, бир ёмон бўлади…

* * *

Тоғай Мурод адиб бўлиб тилга тушди. У адиб бўлиб дилга тушди. Аммо дилини оғритган, асарини бесўроқ саҳнага қўяётган театрларга асарларини қўйишга ижозат бермади. Кўнгли билан ҳисоблашган ижодкорлар эса асарларини театрга олиб чиқди, фильм ишлади…

Сўзни гавҳардек азиз қилган адиб билан суҳбатлашиш ҳар кимга-да насиб этмасди. Рухсат сўраш бефойда эди… Шунда бир йўлига ўтдик, ўзидан эшитганларимизни ҳазил йўсинида Тоғай Мурод йўлида битдик-да, туғилган куни арафасида «Февралда пишган узум» сарлавҳаси билан «Кўзгу» газетасининг 1997 йил февраль сонида чоп эттирдик:

Февралда пишган узум

Ўзбекнинг кўкси тоғ ўлди, кўнгли боғ ўлди. Кўкрагига шамол тегди. Шамолни эсдирган ўғиллар бўлди. Шоирлар айтар, ёзувчилар давр қўнғироқларидир. Қўнғироқлар жаранг-журунг қилиб, элни уйғотди. Бундан қирқми, қирқ беш йиллар олдин қизиқ воқеа бўлди: февралнинг бошида узум пишди. Бу гапнинг рост-ёлғонлигига худо пошшо. Лекин Тоғай Муроднинг февралда туғилгани ҳам, узум пишганда туғилгани ҳам рост. Дўстларининг айтишича, бошпуртида февраль. Ўзининг гапи: «Менга энам сурха пишганда туғилгансан», дейди.

Қайси бири ростлигини билмадигу, лекин Тоғай Мурод адабиётимизнинг бир бахти эканлиги ҳақиқат. Қўнғироқларнинг жарангдорларидан бири ҳам у. Тоғай Мурод бўлиб от кишнаган оқшомларда кўнгилларни бир қўшиқ забт этди. Бу қўшиқ ўзбекнинг қулоғига: «Сен ўзбексан», деган азондай эшитилди. Ўзлигини англаган эл отасидан қолган далаларини соғинди. Тоғай Муроднинг китобини ўқиб бир қувонди, кулди, бир ўксиди, йиғлади.

Тоғай Муродга Ойбек мукофоти берилди. У жим. Абдулла Қодирий мукофоти берилди. Ёзувчи бирор нарса демади. Ниҳоят, бир журналист савол беришга жазм этди: «Бирор гап айтинг?» Эшитгани шу бўлди: «Абдулла Қодирий олдида мен кимман? Интервью бермайман». Журналист елкасини қисиб қўяқолди. Кўнглидан кўп гаплар ўтди. У демоқчи эди: «Сиз Қодирийнинг муносиб шогирдисиз. Ҳар бир инсон, ҳар бир ижодкор ўз даражасини билмоғи ва шунга кўра ҳаракат қилмоғи лозим». Лекин қайсарлик… Бу ҳам инсон учун, адиб учун ёт тушунча эмас. Ана шундай хусусиятли одамлар бошқаларга нисбатан ўз мақсади йўлида кўпроқ курашадилар.

Бизнинг ҳам ёзувчига саволларимиз кўп эди. Лекин жавоб ололмаслигимизни ўйлаб, индамай қўя қолдик. Биргина истагимиз, Тоғай Муроднинг янги романи — «Бу ­дунёда ўлиб бўлмайди»ни тезроқ муштарийларимиз билан мутолаа қилиш насиб қилсин! Сизни ижодий ўжарлик тарк этмасин!

* * *

Ушбу газетани ёзувчига етказдик. Ўқиб жиддий чеҳрасига табассум ёйилганини эшитиб, бир қувондик, бир қувондик…

Йиллар ўтиб, архивлари орасига азиз қилиб, авайлаб олиб қўйилган газетани кўрганимизда кўнглимиз тўлиб, кўзларимиз намланди. Одамзот қандай феъл-атвор эгаси бўлишидан қатъий назар, унинг «тош» кўнглини эритадиган йўл топмоқ, сўз айтмоқ икки карра савобдир…

Ҳар кўнгилнинг ўз йўли — ўз очилар эшиклари бўладики, унга фақатгина хокисор кўнгил билан йўл солинади.

«Энамнинг суратини эҳтиётланг»

— Энамнинг суратини эҳтиёт қилинг, — деганди Тоғай Мурод.

У шоир бўламан, деди. Халқининг кўнглидагини топиб-топиб айтди. Қатор-қатор китоблар битди. Ўқувчилари сероб-сероб бўлди.

Мақсади китоб ўқимоқ, ёзмоқ бўлди. Давралардан олис-олис юрди, дардларини тўлиб-тўкиб битди.

Элига истеъдодли бир ижодкор бўлиб танилди. Катта доираларни, учрашувларни хоҳламади, ижоди ҳақида бирор мухбирга сўз айтишни кўнгли буюрмади. У кўнгил кишиси эди, ундан нариси шоирга ёт эди..

Аммо бундан ўн уч йил аввал ёзувчига онасининг сурати билан журналга бермоқчилигимизни, онаси номидан бир сўз ёзиш кераклигини айтганимизда, жимиб қолди. Ўйчан, кескир чеҳрасига, кўзларига ёруғлик югурди:

— Хў-ў-ўш, — деди, — тўрт-беш кундан кейин қўнғироқ қилинг.

Ёзувчининг розинамо сўзларидан қувониб, натижани кутдик. Айтилган муддатдаги қўнғироғимизга «келаверинг», деган жавобни олганимизда қувониб ҳузурига шошилдик.

Тоғай Мурод онасининг дуоси ёзилган қоғозни узатаркан, «Энамнинг номидан ёзиш қийин экан, бир нечта китобларни ўқиб, кейингина ёздим… Энам бундан зиёда дуо қилади, мен ундай туширолмадим», дея қоғоз узатди. Унда шулар ёзилганди:

«Илойим, ўзбаки пошикаста-аёллари… қозони ўтдан тушмасин, супрасидан нон аримасин, туз-таомлик бўлсин, қут-баракотлик бўлсин, ойдин йўллик бўлсин, олчадай гуллик бўлсин, тамал-тошлик бўлсин, тож-тахтлик бўлсин, офтобдай нурлик бўлсин, Муҳаммад пайғамбар ёшини кўрсин, бахт-иқболи қош-киприклари орасида бўлсин, Озодлик гаштини суюб-суюб туйсин, қониб-қониб туйсин, илойим!»

Сўнг ёзувчимиз оппоқ қоғозга ўралган нарсани тутқазаркан, «Энамнинг суратини эҳтиётлаб қайтаринг», деди…

Биз сурат ва журнални қайтарганимизда, Тоғай Муроднинг қўполроқ деган жисми жони болага айлангандек бўлди.

— Энам-м, — деди залвор билан. — Бир хурсанд бўлди… бир хурсанд бўлди…

Йиллар ўтиб, Тоғай Мурод ниҳоятда асраб-авайлаб олиб қўйган сурат ва журнал кўзимизга нурдек кўринди.

Ўғлининг шоир (ёзувчи) бўлишини орзулаган Тожихол момо шоир боласини сиз-сизлар, сенлашни эп билмасди ўзига. Тўпори бир ижодкорнинг онасига ҳурмати, онанинг ўғлига муҳаббати кўз илғамас ипдай нозик меҳр занжири Тоғай Муродни бахшиёна ижодкор қилди. Она ва ўғил муносабати… Унга қўшилиб, қўшиб бўлармикан? Улар ҳақда кимдир топиб айтди, кимдир…

Ахир она ва ўғил муносабатини, пинҳона изтиробу қувонч­ларини ҳис қилиш нималигини ҳар ким ҳам англайверибдими?..

Кўнгил… унинг тубидаги гавҳардек азиз оналар гўшасини зиёрат қилмоқ, тавоф айламоқ, суврат ва сийратларини-да асраб-авайламоқ, кўзга суртмоқ саодатдир.

* * *

Тоғай Мурод жуда қайсар, ўзи айтмоқчи, чарс феъл-атвор эгаси бўлса-да, боладек беғубор, боладек ишонувчан эди. 2003 йил 4 январь куни пойтахтнинг Марказий универмаги олдида хомуш тортган Тоғай акани учратдик.

— Кишини аёли уйда бўлмаса шу-да, — деди асабий (аёли касалхонада эди). — Бир яхши кунимга ярайди деб, 100 доллар олиб қўйгандим. Олой бозорида «майдалатмоқчи» бўлсам, тез-тез бўлинг, деб даллол бола пул тутқазди. Бундай ўтиб қарасам… буни қаранг… — икки тарафи ва белбоғида минг сўмлик қўйилган пул тахламининг ўртаси тартиб билан қирқилган тўла қоғоз эди… — Қайтиб бориб уни топсам ўлдирардим, ўзбекнинг бир ёзувчиси қамаларди-кетарди…

Шунда унинг қўлига маҳкам ушлаб олган каттакон тошга кўзимиз тушди.

Муҳтожликдан кўра ишонч кўйлагидаги ёлғон, алдов адибнинг бетизгин хаёллари аро йўлда қолган йўловчига ўхшардики, ор-номус ва адолатсизлик изтироби адиб дунёсини қоронғи қилганди. Топганим дегани — сароблиги, яна уни алдаганликлари, ҳа, ҳа, ёш боладай алдаганликлари кўнглига тинчлик бермасди.

…Тоғай Мурод кўнглидан ўтганларини санъаткорона қоғозга тушираётиб, ҳар бир асарида тақдирининг ёзмишларини битганга ўхшарди.

Адибнинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» бош қаҳрамони Ботир фирқа шундай дейди: «Ана, мени-да онам келди. Онам: кунинг қайтди, деяпти. Кетар вақтинг бўлди, деяпти. Кунинг тўлди, деяпти…»

Китоб чоп қилингач, орадан йиллар ўтади. Бир кун у айтади, оқшом кўрган тушини айтади: «Энам чақиряпти…»

Ҳаёт гоҳо ҳақ, гоҳо ноҳақ тортишувларга тўла бир дунёки, курашларда киши кўнглидагини кимгадир тўккиси келади, ўйлаганларини у поёнига етказадигандек ишонади. 1993 йиллар… Жаҳл отига минган Тоғай Мурод кафтидаги ёзувни кўрсатди:

«Чиғатой мозорига муносибман».

— Қўйинг, ҳали у ҳақда ўйламанг, — дедик.

* * *

Йиллар ўтди. 2003 йилнинг бошларида яна шу гапни кўп-кўп айтди ва бу қарз гаплигини такрорлади…

…Тоғай Мурод нияти ижобат бўлди.

* * *

Ўйланиб қоламан. Тоғай Мурод «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида ёзади: «…кутиб-кутиб яшайди… кўнгил мевасини излайди», дея ёзади.

Дарҳақиқат, адиб кўнгли бир мевани излади, узоқ-узоқ излади, кутиб-кутиб излади. Излагани кўнгилларга из соладиган асарлари бўлди. Асарлари ёзувчининг юзи бўлди, сўзи бўлди. Фарзанддай азиз кўнгил меваларини кўнгилларга солиб кетди Тоғай Мурод.