Ҳулкар Тўйманова. Бир суҳбат тарихи

      Комментарии к записи Ҳулкар Тўйманова. Бир суҳбат тарихи отключены

2003 йилнинг март ойлари охири бўлса керак, ёзувчи Тоғай Муродга сим қоқиб, «Бизнинг «Маърифат» газетамизда «Меҳмонхона» саҳифаси бор. «Меҳмонхона»мизга Сизни таклиф қилмоқчи эдик», дедим. Телефон гўшагидан унинг норози оҳанг­даги овози эшитилди:

— Нима учун айнан мени таклиф қиляпсиз?

Мен ҳам бўш келмадим:

— Чунки сиз эл назарига тушган ёзувчилардансиз.

Тоғай Мурод ака яна рўйхушлик бермади: «Мен газетага ҳам, радио-телевидениега ҳам интервью беришни жуда ёмон кўраман. Бу менга ёқмайди».

Хуллас, мен уни газетамизга интервью беришга кўндиришим осон бўлмади. У киши Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров, Ёлқин Тўрақулов каби элга таниқли шахслар газетамизга ўз фикрларини билдирганлигини индамай тинглади. Бир оз сукутдан сўнг шундай деди:

— Майли, сазангиз ўлмасин. Ҳажми қанча бўлсин? Саволлар тузиб қўйибман, дейсизми? Саволларингизни ёққанини қолдираман, ёқмаганини ўзгартираман.

Қалам аҳли — шошқалоқ халқ, тезроқ иш битишини истайди. Жуда тихирлик қилдим, демайман-у, икки-уч кун оралатиб, Тоғай акага қўнғироқ қилиб турдим. Ҳар сафар қўнғироқ қилганимда, у киши: «Ёзяпман, саволларингизни буниси маъқул, унисини ўзимдан қўшдим. Аммо ҳажми жуда катта бўлиб кетаяпти», деб қўярди. «Майли, ёзаверинг-чи», дея мен ҳам у кишининг шаштини қайтаргим келмас, ахир кимсан ҳеч кимга интервью беришга рози бўлмаган Тоғай Муродни тезроқ «Маърифат»га олиб чиқиб, мухлисларга ажойиб суҳбатни тортиқ этиш ниятида эдим.

Кўп ўтмай, мен ҳурматли адибимиздан суҳбат матни тайёр бўлганлиги ҳақида эшитиб, уни олиб келишга тайёр эканлигимни айтдим. Аммо адиб Матбуотчилар кўчасига яқин жойлашган Адлия вазирлигида ҳам иши борлигини, йўл-йўлакай суҳбат матнини ташлаб ўтиши мумкинлигини айтиб, мени хотиржам қилди. Мен унинг ваъдаси қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмай, тўғриси, ишонқирамай турардим. Эртаси куни хизмат телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим, таниш овоз эшитилди. Тоғай Мурод ака узоғи билан бирор соатларда газета корпусига бориб, мени кутиб туришини айтди. Мен ҳозиргача ҳайратдаман, буюкларнинг камтарлигини қаранг. Мен у кишини кутиб олиш ўрнига, у мени кутиб турар экан. Тўғриси, шундай катта адибни мен излаб, топишим, интервью олиш ўрнига, унинг ўзи тайёр материални олиб келишидан хижолатда эдим. Шундай бўлса-да, суҳбат матнининг тайёрлигидан ва у ҳеч қандай таҳрирга муҳтож эмаслигидан гўёки катта бир ўлжани қўлга киритгандек хурсанд эдим.

Матн қўлёзма ҳолида бўлиб, ҳажми мўлжалдагидан зиёдроқ эди. «Меҳмон»га сим қоқиб, икки-уч қоғозини қисқартиришимиз кераклигини айтиб, розилик сўрадим. «Буёғи ўзингизга ҳавола», деб қўйди у киши.

Шундай қилиб, мен тап-тайёр суҳбатни газетамиз учун мослаб, кўчиртирдим. Бош муҳарриримиз Ҳалим Саидов меҳмонимиз Тоғай Мурод эканини билиб, ҳайрат билан сўради:

— Бунга қандай эришдингиз? Унинг ҳали бирорта журналистга интервью берганини эшитмаган эдим.

— Билмасам… Омадим келиб қолди шекилли. У киши ҳозир халқнинг мутолаа даражаси, китобхонлик савияси сусайиб кетаётганидан қаттиқ ташвишда эканлар. Суҳбат баҳона, бир ёзувчи сифатида кўнгилларидаги гапларини тўкиб солгилари келгандир балки, — дедим мен. — Матнни ҳам ўзлари тайёрлаб бердилар.

Шундай қилиб, газетамизда 2003 йил 26 апрель куни «Бадиий мутолаа инсон кўзини очади» сарлавҳали суҳбат босилиб чиқди. Суҳбатдошим суҳбатда бошдан-оёқ китоб мутолааси инсоннинг борган сари юксалиб, тафаккури тиниқлашиб, ҳаётга тайёргарлик даражаси ҳам ортиб боришини, инсоннинг шахс сифатида шаклланишига айнан мутолаа катта туртки бўлишини сингдирган, буни у болалик, ўсмирлик, ёшлик даврларидаги воқеалар билан боғлиқ ҳолда ифодалаган эди. Суҳбатни ўқиган одам Тоғай Муроднинг ўзига хос услуби худди унинг қисса-романларидаги сингари ана шу мўъжазгина матнда ҳам ярқ этиб кўзга ташланишини дарров илғаб оларди. Тўғрисини айтсам, мени хижолатлик туйғуси қийнамоқда эди. Чунки одатда мен суҳбатдошим билан суҳбатлашиб бўлгач, матнни ўзим тайёрлар ва айрим қаҳрамонларим истагига кўра бир қўлидан ўтказиб олардим. Ёзувчи Тоғай Мурод эса матнни ўзи тайёрлаган, суҳбат остида эса каминанинг исми шарифи турар, демак, қалам ҳақи ҳам менга тегишли эди. Мен қалам ҳақини таклиф қилганимда, ҳассос адибимиз кескин рад этди.

…Назаримда, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай (суҳбат босилиб чиққанидан роппа-роса бир ойлардан кейин) бир куни ишга келиб, нимадир юмуш билан газетамиз бош муҳаррири ўринбосари Абдусамад Раҳимовнинг хонасига кирсам, тўсатдан:

— Тоғай Муродни эшитдингизми? — деб қолди.

— Йўқ, нима бўпти? — дедим негадир нохуш хабарни сезгандай юрагим орқасига тортиб.

— Оламдан ўтибди.

— А?!

Мен бир лаҳза гангиб, унга анграйиб қараб қолдим.

Минг таассуфки, ҳозиргина эшитганим шум хабар ҳақиқат бўлиб чиқди. Сира ишонгиси келмасди кишининг. Кечагина соппа-соғ юрган алпқомат инсон… бугун ўлимга таслим бўлгани одамнинг юрагини тилка-пора қилмоқда эди. Афсуски, бандаликнинг сўнгги шартини бажо келтиргани рост эди. Энди у билан учрашиш, суҳбат қуриш имкониятидан барча ёр-дўст ва биродарларининг маҳрум бўлганлиги ҳам рост эди. Ана шу ростлик, ана шу ҳақиқат ниши юракларга маҳзунлик, саросарлик, сўнгсиз бир мунг олиб кирарди…

Раҳматлик адибнинг маъракаларида ўша сўнгги суҳбат ҳам тилга олинди, ҳатто уни у кишининг рафиқалари Маъсума опа: «Тарихий интервью бўлди», деб атаганларида, кўнглим тоғдай кўтарилди.

Мен ёзувчи Тоғай Муроддан ҳеч бир журналист ололмаган интервью муаллифи бўлолганим билан фахрланаман. Юқорида қайд этилганидек, бу суҳбат тарихий воқеа сифатида нафақат каминанинг ҳаётида, балки адабий жамоатчилик орасида ҳам унутилмас воқеа бўлиб қолди. Яқинда бир хушхабар эшитиб қолдим. Айтишларича, худди шу суҳбат Татаристон Республикасида тўлиқ матнда «Татар эли» журналида ҳам чоп қилинар экан… Асарларида халқлар дўстлигини улуғлаган, ўзининг сўнгги суҳбатида ҳам буни таъкидлаган ёзувчи ижодига бўлган қардош халқ эътирофи бу.

Менинг бир инсон, суҳбатдош сингил сифатидаги Аллоҳдан сўнгги тилагим, асарларини фарзандларим, дея улуғлаган адибимизнинг жойлари жаннатда бўлсин, гўри узра ўзи битган китоблар нур таратиб турсин.