Тожиддин Раззоқ. Тоғай Мурод

      Комментарии к записи Тожиддин Раззоқ. Тоғай Мурод отключены

Шоирлар Худонинг қаролларидир.

Н.Гумелев.

1. Мен Тоғай Муродни юздан ошиб кетса керак, деб юрардим, чунки у сигарет чекмас, деярли ҳар куни бадантарбия машқ­лари билан шуғулланар, ҳар қандай шароитда югуришни канда қилмас, бунинг устига, бошлиғидан дакки эшитавериб, сочи оқариб кетадиган вазифаларда ҳам ишламас, Худо берган ризқ­қа қаноат қилиб, яъни бизга ўхшаб, иморат соламан, машина оламан, элга тўй бераман деб ўзини ўтга-чўққа урмас, ўтириб… ижод қилар эди. Тўғри, «ижод қилдим», деган иборалар менинг ғазабимни қўзғайди, лекин ҳамма шундай ёзгандан сўнг менинг қўлимдан нима келар эди.

Бу масалада Марк Твен боплаган. «Ёзувчи бўлиш учун нима қилиш керак?» — деган хонимга: «Қоғоз, қалам топасиз-да, каллангизга келган фикрни чапдан ўнгга қаратиб ёзиб кетаверасиз», деб жавоб берган. Қоғоз билан қаламни топиш мушкул эмас, лекин каллага фикрнинг келиши, фикр эгасининг ихтиёрида эмас — бунга иқрор бўлмоқ учун ҳеч бўлмаганда Фаридиддин Аттор ва Алишер Навоий ҳазратлари баён қилган Шайх Санъон қиссасини йигирма, ўттиз, балки юз марта, то ёд бўлиб қолгунча ўқишнинг ўзи кифоя қилади. Шунинг учун «ижод қилдим», «яратдим» деган инсонларнинг бу лофига ҳеч ҳам ишонманг.

2. Тоғай Мурод Европа, айниқса, рус адабиётининг ашаддий мухлиси ва катта билимдони эди. Маълумки, улар бадиий адабиётни восита эмас, балки мақсад деб биладилар ва шунинг учун ҳам Пушкиндай даҳо Пугачёв ҳақида роман ёзиш учун бу исёнчи ҳақида эринмасдан маълумотлар тўплайди. Тоғай Мурод ҳам худди Пушкинга ўхшаб «Юлдузлар мангу ёнади» деган дастлабки қиссасини ёзишдан аввал ўзи туғилиб-ўсган Хўжасоатга бориб, полвонларнинг жонига тегиб, кураш, унинг минг бир усуллари ҳақида шу даражада кўп тафсилотлар тўплаган эдики, бу ҳақда сўрайвериб ҳаммани безор қилганди.

«От кишнаган оқшом», ҳатто «Отамдан қолган далалар» ҳам шу тахлитда ёзилган — ҳалиям Олтинсойда баъзи одамлар унинг ҳафталаб далада сувчиларнинг орасида яшаганини айтиб юришади. У ҳатто ҳаётга ҳам Ғарб адабиёти орқали қарар, бу эса замондошларини кўп ҳолларда ҳайрон қолдирар эди. Унинг турмуш тарзи ва ўлчов бирликларига шу нуқтаи назардан қаралса, ҳамма муаммолар ойдинлашиб, жой-жойига тушади.

3. Мен ўрта мактабнинг еттинчи-саккизинчи синфидаёқ мухбирлик касалига йўлиқиб улгурган, бизга ўхшаганлар учун «Ғалаба учун» деган туман газетаси катта минбарга айланган, қўлга тушган тафсилотни ёзаверар эдик: Тоғай Муродни ана шу газета орқали билганман. Ўшанда ҳам Тоғай Мурод саккиз қаторли хабарларни писанд қилмасдан ҳикоялар эълон қилар эди.

Биз олтмиш тўққизинчи йилнинг ёзида учрашдик. Катта ёзувчи бўлишни кўнгилга тугиб, Тошкентга бордим ва таянч сифатида Талабалар шаҳарчасининг журналистлар истиқомат қиладиган ётоқхонасидан не умидлар билан Тоғай Муродни изладим — шундай одам бор ва мана бу хонада яшайди, де­йишди: бориб-бориб ҳамхонасидан сўраган эканман — бўлажак… сарсон эканлигимни билиб, кирган жойдаги хонага таклиф этди. Тилининг учигача жун босиб кетган ва шунинг учун бизга нисбатан ёши катта кўринадиган бу одамнинг Худойберди Эшонқулов эканлигини орадан ўн йиллар ўтиб билдим — биз Худойберди ака билан Сурхондарё вилояти «Ленин байроғи» газетасида бирга ишладик. Аммо Худойберди ака Тоғай Муродни дараклаб борган қишлоқи йигитнинг мен эканлигимни хаёлига ҳам келтирмасдан кўп ўтмай ўлиб кетди. Чунки ўшанда Худойберди ака: «Ана шу ерда ўтирсангиз, Тоғай келади», деб ўзи қаёққадир йўқолиб кетган, жудаям кўримсиз ва жайдари бўлганим учун ҳатто мени эслаб ҳам қолмаган.

Худойберди ака айтганидай, кўп ўтмай Тоғай Мурод келди — газетада суратини кўрганим учун дарров танидим. «Мана бу каравот меники, энди сизники бўлади. Биз «военка»га кетяпмиз», деди.

4. Тошкентнинг менга кўзи учиб тургани йўқ экан, иншодан йиқилиб, кечалаб Деновга қайтдим. Кейинги йил ҳам «журфак»­ка ҳужжат топширишнинг иложи бўлмади. Ижодий суҳбат мендан келажакда мухбир чиқмаслигини кўрсатди ва мен пешонамга бир муштлаб, «филфак»ка кириб кетдим. Бизни бўлажак журналистларга аралаштиришмади — жойни 85-ётоқхонадан беришди. Бу орада Тоғай Муродни кўриш уёқда турсин, ҳатто дарагини ҳам эшитмадим. Кейин билсам, Тоғай Мурод каравотини бериб кетгандан сўнг ҳарбийдан имтиҳон топширмоқ учун Туркманистоннинг ё Элотан, ё бошқа жойига кетган, ўша ёқда онасини сўкканлиги учун Абдураззоқ деган ҳамсабоғининг оғзини йиртмоқ бўлиб, икки қўлини унинг оғзига тиққан, у ҳам анойи эмас экан шекилли, жон аччиғида Тоғай Муроднинг кўрсаткич бармоғидан ярим бўғинчасини тиши билан чўрт узиб олган. Бу гап катта жанжалга айланиб иккови ҳам университетдан ҳайдалган. Хўжасоатлик Жанжал бобо деган жудаям ҳурматли бир оқсоқол Тошкентдаги қадимги қадрдонини, тўғрироғи, Абдулла Қаҳҳорга ёзув машинкаси берган савдо вазирини ишга солиб, икки йил деганда Тоғай Муродни тўхтаб қолган жойидан талабаликка тиклаган.

Ўзингиз биласиз, бундай аҳволдаги талабага стипендия ҳам, ётоқхона ҳам берилмайди. Худди шу пайтда Тоғай Муродни учратдим, ҳамма гапнинг тагига етгач, 85-ётоқхонадаги каравотимни таклиф қилдим. Ўзим ерга жой солдим, бу ҳол бир йилми, икки йил — Тоғай Мурод университетни битиргунча давом этди.

5. Орадан кўп йиллар ўтиб, қандайдир муносабат билан бу тафсилотларни Олимжон Усановга айтиб берган эдим, у: «Тоғайни стипендиядан мен қолдирган эдим, чунки мен курснинг старостаси эдим-да!» — деди.

— Бекор қилган экансиз. Нега ундай қилгансиз?

— Бизни писанд қилмас эди.

— …

— Мен унинг бундай катта ёзувчи бўлиб кетишини қаёқдан билибман.

Бўлмаса, старостанинг олдида бир стипендия нима деган гап.

6. Ўшанда мен топган пулимга китоб олар эдим. Тоғай Мурод билан бир хонада истиқомат қилсак-да, ёзаётганининг ҳам, китоб ўқиётганининг ҳам устида бўлмаганман.

Мен жуда интизомли талаба эдим — бир тийинга қиммат машғулотларга ҳам итдай қатнаганман, бунинг устига, кутубхоналарда ўтиришни, китоб магазинларида сандироқлаб юришни, Бешёғочдаги ҳозир бузилиб кетган Алишер Навоий номли кинотеатрда Раж Капурнинг фильмларини томоша қилишни яхши кўрардим. Тоғай Мурод эса ҳафталаб хонадан чиқмас — ёзар ва ўқир эди. Олимжон айтганидай, дарсларга ҳам деярли қатнамасди.

7. 85-ётоқхонанинг ўз адабий муҳити бор эди. Мурод Муҳаммад Дўст, Йўлдош Эшбек, Азим Суюн, Усмон Қўчқор, Шукур Қурбон — орадан йиллар ўтиб, уларнинг ҳар қайсиси адабиётимизда довруғ қозондилар.

Биз дарсдан қайтаверар, Мурод Муҳаммад Дўст билан Йўлдош Эшбек уйқудан туриб, ётоқхонадан чиқиб кетаверар эди — иккови узоқдан худди эгизакларга ўхшар эди. Ўша йиллари ҳам Мурод ака тонг отгунча қаттиқ ишлар, Йўлдош эса ётоқхонанинг бўлажак даҳоларига саҳаргача шеър ўқир, томоғини йиртгудек бўлиб баҳслашар эди.

Энди ўйлаб қарасам, муштдайгина ётоқхонада ҳам бир неч­та адабий гуруҳ бўлиб, улар бир-биридан ҳуркиброқ, ҳайиқиброқ турар экан. Шу маънода Тоғай Мурод билан икковимиз битта адабий гуруҳ эканмиз. Тоғай Мурод адабий давраларнинг бировига ҳам қўшилмас, менинг эса тумшуғимни тиқмаган давранинг ўзи йўқ, шунинг учун у ерларда бўлаётган ҳамма гапни — кимнинг нима ёзганини, кимнинг қайси асар ёки муаллиф ҳақида нима деганини эринмасдан Тоғай Муродга айтиб берар эдим.

8. Биз тонггача баҳслашиб юрганимиз билан Мурод Муҳаммад Дўст ўшанда жуда қаттиқ ишлар — Паустовскийнинг ўта нозик прозасини таржима қилар ва пешма-пеш ўқиб берар, худди мен бир нарсани биладигандай, мана бу ифодани мана бу иборалар билан баён қилдим, аммо аслидагидай кайфият бермаяпти, яна қандай ёзиш мумкин, деб менга маслаҳат солар эди. Мурод ака китобни ҳам жуда тез ўқирди — эрталаб олдига кирсам, кўзлари киртайиб кетган, ҳа, десам, столда ётган ка-а-тта китобни кўрсатди: «Кечаси билан ўқиб тугатдим». Китоб Драйзернинг «Гений» деган романи эди.

Ўша йиллари Мурод ака Бетховенга ошиқ бўлиб қолди — аллақаердан унинг пластинкаларини топиб, эшитаверарди, эшитаверарди Бу гапларга ҳам ўттиз йиллар бўлди, аммо Мурод аканинг «Учинчи симфония» деган ҳикояси ҳалиям қулоғимнинг остида жаранглаб, ҳа, жаранглаб туради — асар шу даражада мусиқий эди.

Биласизми, Мурод ака қўлёзмаларни ўқиш учун менга берар, аммо фикримни сўрамас эди. Бир марта муқоваланган қўлёзма берди — қисса экан, хонамга олиб чиқиб ўқидим, сўнг Тоғай Муродга бердим: бир неча саҳифасини кўрди-да, «бўлмайди», деди. Ҳақиқатан ҳам, Тоғай Мурод тўғри айтган экан — Мурод Муҳаммад Дўст ўша қиссани ҳеч жойда эълон қилмади.

9. То «Юлдузлар мангу ёнади» босилгунча Тоғай Муроднинг жиддий, ҳаттоки катта ёзувчи эканлигини ҳеч ким билмас эди. 85-ётоқхонада ҳам унинг машинкаланган ҳикояларини мендан бошқа ҳеч ким ўқиган эмас.

10. Тоғай Мурод ҳеч кимга билдирмасдан ўзбек адабиётида, умуман, бадиий адабиётда ўз салтанатини тикди. Унинг ифода усули шу пайтгача ҳеч бир муаллифда учрамаган, кузатилмаган эди. Уни такрорлашнинг ҳам иложи бўлмаяпти. Баъзан, бизга иккинчи Рауф Парфи керак эмас, деган қанотли ибора муомалага кириб қолади — ёшларнинг кўплари Рауф Парфига ўхшатиб ёзишдан ҳатто фахрланадилар ва бинойидай бу юмушнинг уддасидан чиқмоқдалар. Лекин ҳеч ким Алишер Навоий ҳазратларига ё Пушкинга ўхшатиб ёзишга ҳатто уриниб ҳам кўрмайди — бунинг иложи йўқлигини уларнинг ўзлари ҳам билишади. Тоғай Муроднинг қисса-романлари ҳам худди шундай.

Шу муносабат билан битта тафсилот айтгим келади: нимасини яширамиз: адабиётнинг катта билимдониман, дейдиганлар ҳам Тоғай Муроднинг романларини қабул қилолмади. Бир суҳбатда Йўлдош Эшбекка шу гапни айтдим.

— Ҳамма Тоғайнинг романларини проза деб ўйлайди, — деди Йўлдош қўлларини ҳаволатиб. — Йўқ, Тоғай Муроднинг романлари поэзия. Поэзия эса тушунилмайди, англанади.

11. Буни Тоғай Муроднинг ўзи билармиди? Билганда-чи!

12. Тоғай Муроднинг энг катта хизмати — халқимизнинг кимлигини эсига солгани бўлди. Шу пайтга қадар бу ишга кўпчилик кўл урган, лекин уларнинг бирови ҳам Тоғай Муродчалик бу вазифанинг уддасидан чиқа олмаган эди.

«А» деган одам «Б»ни ҳам айтишга мажбур бўлгани сингари, сиртдан қараганда, Тоғай Мурод бир неча ҳамла билан амалга оширган ишни юз йиллар давомида нега бошқалар уддалай олмаганини ишонарли қилиб далиллаш керак бўлади.

Бадиий адабиёт шундай оламки, бир муаллифга эҳтиром кўрсатилса, бошқаларнинг мартабасига соя тушмайди. Бу ўринда Тоғай Муроднинг миллат ва халқ олдидаги жудаям катта хизматларини таъкидлар эканмиз, бу ҳаракатимиз билан катта йўлга отланиб, қайсидир дарахтнинг соясида қолиб кетган адибларимизнинг уқувсизлигини таъна қилмоқчи эмасмиз. Зотан, ҳазрат Навоий айтганларидек, улуғ мақсадлар йўлида жафолар чекмоқликнинг ўзи ҳам бир саодатдир.

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари: «Мақсад сари шу даражада шитоб ва шиддат билан интилгилки, лозим бўлса, менинг гарданимга оёғингни қўйиб, муродга етгил!» — дейдилар шогирдларига. Аммо кўп ёзувчиларимиз таъма умидида замон майлларига мойил бўлдилар, Чўлпон ибораси билан айтганда, бу дунё роҳати деб у дунёни баҳосиз пулга сотдилар ва бунинг учун уларни мутлақо айблаб ё камситиб бўлмайди: инсон дахлсизлик мартабасига эриша олмас экан, сўқир бўлиб қолаверади — кўзи йилтираб тургани билан оқ-қоранинг, ҳалол-ҳаромнинг, яхши-ёмоннинг фарқига бормайди.

Ёзувчи бир марта иродасига қарши бориб, ёлғон ёзса, кейин ҳам бунга ўрганиб қолади. Тоғай Мурод бутун адабий фаолияти давомида ўзининг эзгу тамойилларига бирор марта хиёнат қилмади. Ваҳоланки, унга ҳам буюртмалар кўп, мен замоннинг қаҳрамониман, деб оламга жар солиб юрган… ноинсофлар ҳақида қарсиллатиб бир китоб ёзиш Тоғай Мурод учун бир пиёла сув ичгандай гап эди. Агар шундай қилганида, унинг алланима… алланималари бўлар эди-ю, аммо Тоғай Мурод бўлолмас эди.

Улуғ Пир айтади: «Мен дарёнинг бўйига қирқ марта бориб, чанқоғимни қаноатлантирмасдан қайтиб кела оламан!» Тоғай Муроднинг дунё манфаатларидан юз ўгириб, ўзи ўйлагандай романлар ёзиши, ҳалиги Устознинг дарё бўйига бориб, нафсини таҳқирлаганига ўхшайди. Менга ишонинг — таъма умидида қўлига қалам олган одам ҳеч қачон ҳақиқатни — гапнинг тўғрисини ёзолмайди. Тоғай Муроддан ўн баравар, балки юз баравар истеъдодли ёзувчиларни йўлдан оздирган, демакки, хароб қилган иблиснинг оти — таъмадир.

13. Бальзак: «Биз шундай асарлар ёзайликки, вақти келиб, Франция ер юзидан йўқ бўлиб кетганда ҳам, китобларимиз: «Бу ерда Франция бўлган эди!» деб турсин!» — дейди. Тоғай Муроднинг қиссалари, романлари ана шундай ваколатга эга! Ҳатто уларнинг ҳаммасини битта муқовага жамлаб бемалол чоп этиш мумкин. Халқ кўнглининг тубига ҳатто Лев Толстой ҳам бунчалик чуқур кириб боролмаган, шунинг учун бу улуғ ёзувчи Тургеневни хушламас эди. Яқинда бир муҳтарам зот (телевизордан) Тургенев ҳақида беписандлик билан гапирди. Ваҳоланки, Ғарб адабиётида, умуман, бадиий адабиётда ўзи мансуб бўлган миллат руҳидаги бетимсол гўзаллик ва қудратни ҳеч ким Тургеневчалик ёруғ бўёқлар билан тасвирлаб беролмаган.

Ёки бўлмаса: Горький Гоголни ёқтирмаган! Чунки Гоголь бор ҳақиқатни бутун тафсилотлари билан рўй-рост ёзишга ўзида қудрат топа олди. Ҳатто у нажот йўлини ҳам айтди, аммо Белинский унинг бу сўнгги асарини ер билан яксон қилди — ўзимиз ҳам олтмишинчи йилларда Гоголнинг ўша ажойиб асарини ўқимасдан, уни қоралаб имтиҳон топширганмиз: «Нажот — диндадир!» деган умуминсоний ғояси бу ажойиб ёзувчининг бошига ёнғоқ бўлиб чақилди.

14. Ўзининг иборалари билан айтганда, Тоғай Мурод ўзбек халқига ҳайкал қўйди — бизнинг бу ҳақиқатга иқрор бўлмоғимиз учун ҳали кўп йиллар керак бўлади. Чунки одам боласи ўзи англамаган ҳақиқатларни қабул қилишга қодир эмас.

15. Адабиёт учун одамлар умрини гаровга қўядилар. Худди Комилжон Отаниёзовга ўхшаб, худди Шукур Бурхоновга ўхшаб, Тоғай Муроднинг ҳам юраги ёрилиб ўлди — юрак эса хурсандчиликдан ёрилмайди. Ёзувчилик — касб эмас, омонсиз жангга кириш ва музаффар бўлмоқдир: бу гапни мен эмас, Виктор Шкловский айтган.

Тоғай Мурод музаффар байроқ билан бу дунёдан кетди.­ Дунё­да токи мен ўзбекман, дейдиган битта одам бор экан, юлдузлар мангу ёнаверади, оқшомлари отлар кишнайверади, боболар билан момолар эса шивирлашиб ойдинда юраверадилар — Тоғай Мурод бино қилган қалъа то қиёматгача завол топмайди: дийдор қиёматга қолди, тупроғинг енгил бўлсин, биродар!