Баҳодир Саримсоқов. Қисқа, аммо мазмунли умр

      Комментарии к записи Баҳодир Саримсоқов. Қисқа, аммо мазмунли умр отключены

Тоғай Мурод… Бу исм адабиётимизга дастлаб жуда ҳам беозор, айтиш мумкинки, сезиларсиз кириб келди. Аммо тез фурсат ичида у севимли ва ардоқли номга айланди. Мен унинг мухлисларидан бири сифатида бу исмга, чоп этган қиссаларига қаттиқ боғланиб қолдим. Ўтган аср 70-йилларининг ўрталарида ёзилган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасини, агар янглишмасам, ўн мартадан ортиқ ўқиганман. Кейинчалик бу китобчани йўқотиб қўйдим. Шундан сўнг Ёзувчилар уюшмасининг ходими Раҳимжон Отаевдан шу қиссани топиб беришни илтимос қилдим. У илтимосимни бефарқ қолдирмади, китобчани топиб берди. Ердан чақа топиб олган қулдай қувониб, қиссани қайта-қайта ўқиб юрдим. Ана шу йилларда менда Тоғай Мурод билан учрашиш, у билан суҳбатлашиш истаги туғилди.

Кунларнинг бирида ҳозирги Амир Темур хиёбонининг биқинидаги Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида аллақандай йиғилиш бўлди. Йиғилишдан кейинми, танаффус пайтидами, уюшма биносининг ертўласидаги буфетга тушдим. Четдаги столлардан бирида ёлғиз бир йигит ўтирарди. Бошқа жойлар банд, фақат шу йигит қаршисидаги бир жой бўш эди. Мен ўша жойга бориб ўтирдим. Ҳурмат, қолаверса, расмият юзасидан ўзимни таништирдим. Шунда у қисқа қилиб: «Тоғай Мурод», деди. Мен топа олмай юрган адибим билан тасодифан учрашиб қолганимдан қувониб кетдим. Менинг унга берадиган саволларим анчагина эди, лекин бу учрашувимиз атиги ярим соатлар давом этди, холос.

Кейинчалик ана шу учрашувдаги таассуротларимни кўп бор эслаб, унутилиши мумкин бўлган баъзи тафсилотларни хотирамда мустаҳкамлаб олишга ҳаракат қилдим. Ана шу таассурот ҳозир ҳам мени алдамайди.

Тоғай Мурод… Даставвал бу йигит қалбининг шу қадар кенг ва бойлигини ўша учрашувда тўла англаб етмаган эдим. Кейинроқ унинг «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо-Ер қўшиғи» қиссалари эълон қилингандан кейин шу нарсага амин бўлдимки, унинг она заминга, меҳнаткаш инсонга, ҳалол ва некбин, тўғрисўз ва ўжар кишиларга бўлган меҳру муҳаббати, эҳтироми чексиз экан. Мана шундан кейин бу инсоннинг маънавий-руҳий қудрати мени тобора ўзига торта бошлади.

Уни қидириб нашриётларга бордим. У ердагилар ҳам елкаларини қисиб қўя қолишди. Қаламкаш таниш ва дўстларимдан айримлари: «Э, уни суриштириб нима қиласиз? Кесакдан бир олов чиқди-да. Тоғай ўзидаги бор нарсасини, руҳий қувватини уч-тўрт қиссасида тўла сарфлаб бўлди. Энди у бошқа йирикроқ нарса ёза олмайди», деб айтдилар. Уларнинг Тоғай Мурод ҳақида айтган бундай нордон сўзлари эса унга эмас, балки менга отилган тошдек тегар эди. Наҳотки, шундай бўлса? Агар, ҳақиқатан ҳам, бу сўзлар тўғри бўлса, даҳшат-ку! Чунки бу ташхис ўзбек насрини, аниқроғи, ўзбек фалсафий-лирик насрини бир неча йиллар, балки бир умр оқсоқлантириб қўйишидан дарак берарди. Шунга қарамай, қалбимнинг чуқур пучмоғидаги бир илиқ туйғу совуқ тафаккуримни нурлантириб турарди. Мен унинг кафтдек юрагида ҳали кўзи очилмаган бир вулқон алангаланиб ётганлигига ишонар эдим.

Мен ўжарлик билан уни яна суриштира кетдим. Маълум бўлишича, у ўша кезлари Москвага ўқишга кетган экан. Бу муждадан кўнглим анча таскин топди. Олий адабиёт курсларига ўқишга кетибдими, демак, у бадиий ижод сирларини пухта ўрганишга жиддий киришибди. Энди ундан янада бақувват асарлар кутса бўлади, деган фикрга келдим ва хотиржам бўлдим.

Мана шундан кейин унинг қиссалари ҳақида мақолалар ёзиб, бир нечта журнал ва газеталар таҳририятига олиб бордим. У ердагилар ташқи жиҳатдан мамнунлик билан тақризларни олиб қолдилар ва албатта эълон қилишга ваъдалар беришиб кузатдилар. Аммо таҳририятдагиларнинг менга ёки адибга бўлган «самимий» муносабатлари сабаб бўлдими, бирорта ҳам тақризим чоп этилмади. Буни мен кўпроқ ўзимдан, қаламимнинг кучсизлигидан кўриб, ҳеч кимга ҳеч нарса демай юрдим. Аммо Тоғай Мурод ҳақида босилган тақризу мақолаларни ўқиб, ўзимнинг эълон қилинмаган мақолаларим анча бақувватлигини билиб олдим.

Кейинроқ адибнинг «Отамдан қолган далалар» романи чоп этилгач, менга Тоғай Мурод билан яна учрашиш бахти насиб этди. Мен унинг асарлари ҳақида ёзган нарсаларимни, улардаги асосий қарашларимни айтиб, унинг муносабатини сўрадим. У «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари ҳақидаги мулоҳазаларимни қайта-қайта сўраб олди-да, киноя билан: «Бу тақризларингизда социалистик реализм истилоҳи йўқ-ку. Бу ҳолда ким ҳам уларни бостирарди», деб кулди. Ҳақиқатан ҳам, мақола ва тақризларимни ёзган пайтларда «социалистик реализм» мафҳули айрим адабиётшунос ва тан­қидчилар учун гапнинг «бисмилло»сига айланиб қолган эди. Менинг нарсаларим эса бундай васваса ҳамда мадҳу санолардан холи бўлиб, уларнинг наздида «рангсиз» эди.

Тоғай Мурод… Бу исм XX аср ўзбек қиссачилигини янги, шукуҳли чўққиларга кўтарди. Аммо диққат қилинса, адибнинг барча қиссаларида покдомон кишилар, уларнинг ҳалол ва оддий ҳаётлари, дарду армонлари тасвирланган. Адабиётда урбанистик турмуш, зиёли ёки элита кишилар кўпроқ қаламга олинган пайтларда Тоғай Мурод оддий қишлоқ заҳматкашлари, уларнинг қувончу ташвишларга бой, танти ва самимиятга тўла турмушларини олиб кирди. Унинг ҳар бир қиссаси инсон умрининг янгроқ қўшиғи янглиғ жаранглаб туради.

Тоғай Мурод… Бу исм ўзбек романчилиги тараққиётида ҳам белгиловчи ўрин эгаллайди. Чунки адиб ўзбек бадиий насридаги баён поэтикасини бутунлай янги ўзанга буриб юборди. Эпик баённинг бу шакли ҳозирги ўзбек насрида мутлақо янги бадиий ҳодиса бўлди. Мен бу ҳодисани квантий баён шакли, деб номлагим келади ва эпик баённинг ушбу шамойили ҳақида, умр насиб этса, махсус бир тадқиқот қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Чунки Тоғай Мурод асарлари сюжетида хроникал, ассоциатив ва ретроспектив сингари баён шакллари гоҳ алоҳида-алоҳида истифода этилса, кўп ҳолларда улар синтезлашиб кетади…

Тоғай Мурод… Бу исм адабиётимизга сокин ва беозор кириб келди, аммо абадий ифтихор билан насримиз тарихида муҳр­ланиб қолди. У қисқа, аммо мазмунли умр кўрди. Адиб яратган қиссалару икки роман унинг порлоқ хотирасини ҳамиша эслатиб туради.