(Мустақиллик адабиётининг туғилиши)
Тоғай Мурод билан университетда бир даврда (1966-71) ўқиганмиз. У журналистика бўйича, мен филология соҳасидан сабоқ олганмиз. У Сурхондарёда туғилган, мен Қашқадарёда. Бир замин, бир феълли одамлар фарзандлари эканлигимиз шундан.
Собир Мирвалиев «Ўзбек адиблари» деган китоб ёзадиган бўлди. Профессор менга ўз китобига масъул муҳаррирлик қилишимни таклиф этди. Жон деб рози бўлдим. Мирвалиев Тоғай Муроддан ўзи ҳақида маълумот ололмай қийналди. Охир-оқибат мендан илтимос қилди. Мен Тоғай Муродга қўнғироқ қилдим.
— Э, дўст, — деди у, — мени Мирвалиев деган профессор йўқлатибди. Саид Аҳмад айтди. Ўзим ҳақимда маълумот ёзиб берар эмишман. Ёзиб бермайман, дедим. Танимаган одамимга ўзим ҳақимда фикр беролмайман, дедим…
— Сиз менга қулоқ солинг, оғайни, — дедим унга. — Бу китоб — маълумотлар мажмуаси. Ўзбек адиблари ҳақида ихчам саҳифалардан иборат. Юздан ортиқ ёзувчи кирган. Ўзбекнинг энг зўр наср устаси кирмай қолса, уят бўлмайдими!? Сиздан нима кетди! Таниш-танимасликнинг нима аҳамияти бор?
— Сизга жоним билан, дўст, — деди у. — Ҳамма маълумотни бериб юбораман. Саид Аҳмад китобимга ёзган сўзбоши бор. Ҳали эълон қилинмаган. Шуни ҳам юбораман. Ўз таржимаи ҳолимни ихчам баён этиб, қаерда туғилдим, ўқидим, хизмат қилдим, нима ёздим, ҳаммасини айтаман. Фақат китоб чиққач, 20-30 тасини менга берасиз. Пулимга оламан. Дўст-душманга, мана мен, дейман. Тоғай Муродман, дейман. Мен ҳақимда ёзишибди, дейман. Кўрсатаман. Сўраганларга бераман. Келишдикми?
— Келишдик, жўра, — дедим. — Фақат у маълумотларни Сиздан қандай оламан? Маъсума ҳалиям «Ғафур Ғулом»дами?
— Ҳа, ўша ерда муҳаррир, — жавоб қилди Тоғай Мурод.
— Ундай бўлса, Маъсумадан бериб юборинг. Мен жума куни пешиндан кейин бориб оламан.
Маълумотларни айтилган кун Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига бориб, ёзувчининг турмуш ҳамроҳи Маъсума Аҳмедовадан олдим. Тоғай Муроднинг таржимаи ҳолига доир саҳифалар ўз қўли билан томдан тараша тушгандай тик ёзилган эди. Саид Аҳмаднинг «Тоғай Муроднинг қўшиқлари» деган китоб сўзбошиси майин бир оҳангдай жозибали, ипакдай мулойим битилганди. Шулар асосида мен Тоғай Муроднинг ихчам «портрет»ини ёздим. Айрим адабий хулосаларни, худонинг ўзи кечирсин, Саид Аҳмаддан ўғирладим. Ёзувчининг ихчам портрети бу турур:
ТОҒАЙ МУРОД
(1948)
Тоғай Мурод (Менгноров) ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакилидир. У 1948 йили Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, Хўжасоат қишлоғида туғилган. Шу қишлоқдаги 43-ўрта мактабни 1966 йилда тугаллаб, ўша йили Тошкент Давлат университети журналистика факультетига ўқишга кирган. 1972 йилда университетни муваффақиятли тамомлаган. Республика радиоси «Ватандошлар» таҳририятида бўлим муҳаррири бўлиб 1976 йилгача хизмат қилган.
Тоғай Мурод 1973-1974 йилларда Армия сафларида хизмат қилиб қайтди. 1976-1978 йилларда эса «Ўзбекистон физкультурачиси» рўзномасида таржимон, 1982-1984 йилларда «Фан ва турмуш» ойномасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлади. 1985-1987 йилларда Москвада, М.Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олиб қайтди. Ёзувчи ўз ижодини 1976 йили «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси билан бошлади. Бу қисса ўзбек адабиётига туғма истеъдод эгаси кириб келаётганидан дарак берди. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил полвон образларида ўзбек миллий кураши бадиий ифодасини топди. Адибнинг 1979 йилда битилган «От кишнаган оқшом» қиссаси бу умидни чинакам ҳақиқат, ишончга айлантирди. Асар бош қаҳрамони Тарлон от китобхон қалбига қадрдон бир одамдай кириб борди.
Ёзувчининг 1980 йили чоп этилган «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси ўзбек миллий адабиётининг ноёб намунаси бўлди. Қисса қаҳрамонлари Қоплон ва Оймомо фарзанд кўриш илинжида кун, ой, йилларни бир-бирига улаб яшашади. Ҳали туғилмаган боланинг бобоси, момоси бўлиб зурриётни, бир-бирларини ардоқлашади. Асар қаҳрамонлари фожиаси умид ва ёруғликка тўла мунгли, ҳазин қўшиқ қилиб куйланади.
Тоғай Муроднинг 1985 йили битилган «Момо-Ер қўшиғи» қиссаси ўз ғояси, адабий йўналиши билан ўзга қўшиқ — қиссаларидан ажралиб туради. Қиссада миллий заминдан оёғи узилган, Ватан тупроғида яшаб, юрагида юрт туйғуси бўлмаган, 80-йиллар мафкураси қурбони, Ғарб адабиётига сиғинди банда бўлиб қолган ижодкор образи ўзбекона киноя билан тасвир этилади.
Тоғай Мурод истеъдодли таржимон ҳамдир. У 1974-1975 йилларда Ж.Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва кўпгина ҳикояларини ўзбек тилига ағдариб нашр эттирди. 1989 йили Э. Сетон -Томпсоннинг ҳайвонлар ҳақидаги машҳур «Ёввойи йўрға» китобини маҳорат билан таржима қилди.
У 1986-1992 йиллар давомида ўзининг илк романи «Отамдан қолган далалар» асарини битди. «Отамдан қолган далалар» — рамзий роман. Унда умр бўйи кетмон чопиб, мустамлака юртда косаси оқармай келган ўзбек халқи сиймоси Деҳқонқул образи тимсолида тасвир этилади. Ёзувчи айни камолот ёшида янги ижодий ниятлар устида ишламоқда.
* * *
Президент Ислом Каримов 1993 йили ўзбек зиёлиларини йиғиб, адабиёт, санъат, маънавият тўғрисида суҳбат қилди. Бу анжуманда Озод Шарафиддинов, бугунги кунда ҳам ўзбекнинг яхши ёзувчи-шоирлари зўр асарлар ёзишаётганию фақат уни нашр қилиш мушкул вазифа бўлиб қолаётганлигини айтди. Президентнинг «Қандай янги, зўр асарлар пайдо бўлди?» — деган саволига у Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи бугунги кун ўзбек адабиётида воқеа бўлгани, бироқ уни чоп этиш осон кечмаётганлигини куйиб-пишиб баён қилди.
Президент: «Ундай бўлса, Тоғайга бир журнал очиб берайлик, зўр асарларини бемалол чоп этсин», деган фикр билдирди. Ўткир Ҳошимов сўз олиб, журналлар етарли, жумладан, Тоғай Мурод асарини «Ёшлик» босгани, «Шарқ юлдузи» ҳам жон деб босишини айтди…
* * *
1998 йил сентябрида Мустақиллик байрами муносабати билан Тоғай Мурод романи асосида Шуҳрат Аббосов режиссёрлигидаги «Отамдан қолган далалар» тўрт серияли кинофильм телеэкранда намойиш қилинди. Кейин эса байрам олди Давлат мукофотлари олганлар рўйхатида Тоғай Муроднинг ҳам «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонига лойиқ топилгани эълон қилинганди. Бор экан-ку ҳақиқат.
* * *
Бир куни адабиёт муаллими Ҳикматилло билан китоб дўконига кирдик. «Зиёкор» магазинида янги чиққан китоблар кўп экан. Банк, молия, иқтисод, ҳуқуқшунослик, сиёсат. Бадиий асар нисбатан кам. Илмий-тарихий асарлардан Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома»си бежирим нашр қилинган. Шуларнинг қаторида Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи турибди. Биттасини сотиб олдим.
Уйга қайтиб, «Отамдан қолган далалар»ни варақладим. Сўнгсўз сифатида ёзилган «Мен»ни ўқидим. Бир хил бўлиб кетдим, секин болалардан паналаб, компьютер хонасига кирдим. Оила аъзоларим олдида йиғлаб юборишдан чўчидим.
«Мен қишлоғимга қайтдим, — деб ёзади адиб, шаҳар (Тошкент)да иши юришмай, руҳи тушган дамларини хотирлаб. — Онам сандиқ ковлади. Латталар остидан бир тугунча олди. Тугунчани уч-тўрт айлантириб очди. Тугунчадан беш-олти сўм пул чиқди. Онам шу пулни менга узатди. Шунда мен бир бошқа бўлиб қолдим. Мен ташқарига отилиб чиқиб кетай дедим. Бу пул… онамни… ўлимлик пули бўлди. Мен деворни ушлаб қолдим.
— Олмайман, — дедим .
— Ол, сен шоир бўлсанг бўлди, ол! — деди онам.
— Йўқ, — дея бош чайқадим.
— Ол, сен шоир бўлмагунингча, мен ўлмайман, — деди онам. — Мен сенинг шоирлигингни кўрмагунча ўлмайман…
Мен тағин Тошкент қайтдим».
Адибнинг дил розини ўқиб, кўнглим бузилиб кетди. Олдинига ичдан, кейин баралла йиғладим. Ётиб ухлаб қолдим. Азонда туриб қилган ишим Тоғай Муроднинг романи мутолааси бўлди.
* * *
Садриддин Айнийнинг « Қуллар» эпик полотноси 1931-1934 йилларда ёзилиб, 1934 йили ўзбек, 1936 йили тожик тилларида дунё юзини кўрди.
Романда қуллар ижтимоий тақдирининг уч босқичи уч авлод мисолида тадрижий баён этилади. Тарихий жиҳатдан адиб Ўрта Осиё ҳаётининг 1825-1932 йиллар — бир асрдан зиёд босқичининг бадиий картинасини яратди.
Тоғай Мурод XX асрнинг сўнгги чорагида яратган «Отамдан қолган далалар» романида ҳам қуллик мавзусига қайтиб, тарихий яхлит бир босқични 1865-1991 йиллар — 126 йиллик асорат, миллий маҳдудлик, мутелигу ўзга халққа қарамлик даврини қаламга олди.
«Қуллар»да Айний Абдураҳимбойнинг интеллектуал (фикрловчи) мулки Некқадамни биринчи авлод вакили сифатида тасвирласа, Тоғай Мурод «Отамдан қолган далалар»да покиза чорбоғида ногаҳон ифлос чўчқа оралаган Жамолиддиннинг ўз руҳи ва рўзғорини янгилаш йўлида бу жаннатмакон манзилни тарк этишини биринчи авлод қисмати сифатида талқин қилади.
Бу икки замондошнинг фарзандлари бўлмиш иккинчи авлод вакиллари «Қуллар»даги Эргаш, «Отамдан қолган далалар»даги сурхони Ақраб образларида андак ўхшашлик бор. Бу яқинлик ҳар иккисининг инқилоб — «қизиллар» салтанати дастлабки давр авлодлари эканлигида кўринади.
С.Айний талқинида Эргаш «қизиллар»га мойил, «қизиллик»дан моддий ва маънавий манфаатдор. «Қизиллик» унинг тақдири, унда ҳеч қачон бўлмаган ҳокимият гарови. Тоғай Мурод тасвирида эса сурхони Ақраб («Сурхон» сўзида Ватан рамзидан ташқари, «қизил» ишораси ҳам бор — М.С) замонасининг Жалолиддин Мангубердиси каби қўлдан кетган эркини қайтариш, босқинчини мўътабар Ватандан ҳайдаш мақсадида яшайди.
Айнийда қизиллар либосини кийган «халоскор» Эргаш, Тоғай Муродда «босмачи» ёрлиғини олган фидойи Ақраб бир миллат, бир замин, бир замон фарзандлари, тенгдошлар. Икки қутбдаги бу икки характер икки санъаткор талқинида бир замоннинг икки қаҳрамони даражасига кўтарилади. Эргаш — новатор, янги тузум тарафдори, советпараст. Ақраб — консерватор, эски тузумни ёқловчи миллатпарвар.
Айнийда, Эргаш — қуёши чиқаётган, бозори қизиётган қатлам йўқсиллар, қуллар, ялангоёқлар — ҳамманинг ўзидай, бирдай бўлишини истайдиган инқилобчи. Тоғай Муродда, Ақраб — қуёши сўнаётган, бозори қайтаётган, бор мол-давлати эрку ҳақ-ҳуқуқига қўшиб талон-торож қилинган абгор шахс. Учинчи авлод вакили Сафарқул — қул бозордан сотиб олинган Некқадамнинг набираси. «Қизил»лар замонига келиб, қишлоқ советининг раиси — хўжайинга айланди. У энди жамиятнинг олди, авомнинг боши.
Ёзувчи Тоғай Мурод романининг учинчи авлод вакили — Деҳқонқул бир нобакор, ота-боболари, авлоду аждодларини, умуман, одамлигини мутлақо унутиб бўлган манқурт.
Садриддин Айний — қулдан хўжайинлик даражасига кўтарилиш динамикасини бадиий ҳақиқатга айлантирса, Тоғай Мурод хўжайиндан қулга айланиш жараёнини адабий санъат қилиб кўрсатди. Назаримда, Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи ва Садриддин Айнийнинг «Қуллар» эпопеяси билан ўзбек халқининг қуллик психологияси ниҳоясига етди. Ниҳоясига етгани, барҳам топгани рост бўлсин…
Жудолик
2003 йилнинг 27 май куни шум хабар оламни тутди. Шу кун ўзбек халқи севимли фарзандидан, катта миллий адибидан жудо бўлди. Шу кун тонгда Тоғай Мурод фоний дунёни тарк этди.
Севимли адиб ўлими ўзбек халқи, мухлислар қалбини вайрон этди. Айниқса, Тоғай Муродни сурхонликлар диллари ку-йиб, ёдга олдилар. Ўша кунларда «Чағониён» газетасида эълон қилинган шоир Насруллонинг «Марсия»си куйган кўнгилларга тасалли бўлди.
Марсия
(Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод хотирасига)
Ёғиб турди тинмай ёмғир, жалаларим,
Қучоғингдан искаб майса, лолаларим.
Ҳай, отамдан қолган менинг далаларим –
Оқшомингда кишнаб-кишнаб бир от ўтди.
О, у тулпор ошно эди нур, зиёга,
Устоз эди дунё деган авлиёга.
Шогирд тушиб, Теша билан Менгзиёга,
Юриш қилиб бир шоҳ ўтди, бир мот ўтди.
Айт, у шоҳинг авоммиди авомингдан?
Кечолмади қўнғиротча забонингдан.
Адабиёт! Кўриб қўйгин, айвонингдан
Битта ўзбек — бир сарт, бир қўнғирот ўтди!
Ким эди у, айт, одамлар орасида,
Ё Шамсмиди Чағониён куррасида.
Кўҳи Қофдан Вахшиворнинг дарасига,
Тобут олиб Бойчиборми, Ғирот ўтди.
Ажал ўлим ё хилқатми, билиб бўлмас,
Бу дунёда асло бедор бўлиб бўлмас.
Бедор бўлсанг — бу дунёда ўлиб бўлмас,
Вужудимдан борлиққа шу фарёд ўтди.
Дўстлар,
Орамиздан Тоғай Мурод ўтди…
Ёғиб турди тинмай ёмғир, жалаларим…