Шодмон Отабек. Ўзи ҳам, ижоди ҳам бетакрор

      Комментарии к записи Шодмон Отабек. Ўзи ҳам, ижоди ҳам бетакрор отключены

Тоғай Мурод адабиётга, атоқли ёзувчи Саид Аҳмад ибораси билан айтганда, тутаб эмас, ёниб кириб келган эди. Адабиёт санъатнинг шундай қийин, мураккаб турики, унга бутун борлиғи, ҳаёт тарзини бахшида қилганларгина умрбоқий асарлар яратиш бахтига муяссар бўла оладилар. Раҳматлик Тоғай Мурод шундай бахтга сазовор адиблардан эди. У нисбатан қисқа умрини тўла-тўкис адабиётга бағишлаган эди. Балки шу боисдандир, унинг ёзганлари орасида «иккинчи нави — чиқити» бўлмади. Ҳар бир ёзган асари адабиёт осмонида чақмоқдай чақнаб, ёрқин юлдуз бўлиб қолаверди.

Биз Тоғай Мурод билан деярли тенгдош, адабиётнинг маънавий ҳаётда катта нуфузга эга бўлган адабий муҳит ва адабий жараённинг жўшқин бир палласига гувоҳ бўлган авлодмиз. Эсимда, бу даврда истеъдод билан яратилган ҳар бир асар тезда тилга тушиб, қўлма-қўл бўлиб кетар, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлар эди. Тоғай Муроднинг илк қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» ана шундай асарлардан бири эди. Ёзувчи ана шу илк жиддий асари билан китобхонлар қалбига йўл топди. Кейинги асарларининг довруғи эса бундан ҳам баланд бўлди. «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо-Ер қўшиғи» каби бирин-кетин эълон қилинган қиссалари ва ниҳоят «Отамдан қолган далалар» романи адабиётимизда ўзига хос бетакрор воқеа бўлди. Бу асарлар, аввало, халқчиллиги, Сурхон одамлари характерининг самимий, моҳирона тасвири, тилининг жозибаси билан ажралиб туради.

Адабиётимизда пахтакорнинг заҳмати, фожиаси, дарду қувончи ва армонларини ёрқин бадиий бўёқларда ифодалаган салмоқли асарлар кўп эмас. Не бахтки, Тоғай Мурод «Отамдан қолган далалар» романи билан ана ўша кемтикни тўлдирди. Тўлдирдигина эмас, ёзувчининг ўз ибораси билан айтганда, ўзбек халқига ҳайкал қўйиб кетди. Бу асар таниқли режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан кино ҳам қилинди. Бу ҳақда бир куни Тоғай Мурод шундай деган эди: «Шуҳрат аканинг ўзи менга телефон қилиб, романингизни кино қилсак, майлими?» — деб сўради. Мен рози бўлдим. Чунки ҳозирги вақтда бизда Шуҳрат акадан зўр режиссёр йўқ».

Раҳматлик кинонинг ҳам романи каби зўр бўлишини, умуман, ҳамма нарсанинг, жумладан, шон-шуҳратнинг ҳам зўр бўлишини истар, шу боисдан ҳам асарларини ўз эътирофича, ғанимларига ўзини бир кўрсатиб қўйиш учун ёзганлигини тортинмай таъкидлаган эдики, ёзувчининг бу фикри билан андак баҳслашиш ҳам мумкин. Балки раҳматликка зўр асар ёзишида ана ўша «ўзини кўрсатиб қўйиш» истаги қўл келган бўлиши ҳам мумкин… Аммо асосий ҳақиқат шундан иборатки, ёзувчида Оллоҳ томонидан берилган истеъдод бўлмаса, минг чирангани билан яхши асар ярата олмайди. Тоғай Муродда, аввало, ана ўша табиий истеъдод бор эди. Ҳамма гап ана шунда. Тўғри, ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида яхши-ёмон одамлар учрайди. Тоғай Мурод ҳам бундан мустасно эмас. Ҳар қандай истеъдоднинг ижод йўли ҳеч қачон равон, бир текис бўлмайди. Истеъдодни кўролмайдиганлар ҳамиша, ҳамма замонда бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин Тоғай Муроднинг атрофида унга хайрихоҳлар ҳам кўп эди. Охир-оқибат, истеъдодининг қадрига етадиганлар туфайли ҳам етук ёзувчи сифатида тан олиниб, Тоғай Мурод бўлди-да!..

Ушбу оддий ҳақиқатни эътироф этиш жоиз. Юқорида Тоғай Мурод бутун умри, ҳаёт тарзини адабиётга, ёзувчиликка бағишлаган эди, дедик. Балки шу боисдандир, у одамларга қўшилмайроқ, хонанишин бўлиб, яъни ҳақиқий ёзувчи қандай ҳаёт кечириши керак бўлса, шундай ҳаёт кечирди. Бунинг учун уни айблаш ўринсиз. Айни чоғда у кўнглига ўтиришиб қолган, дилига яқин одамлар билан анча илиқ муносабатда бўларди. Минг тўққиз юз етмишинчи йилларда «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасининг наср бўлимини шоир, ёзувчи Қамчибек Кенжа бошқарар, Тоғай Муроднинг илк машқлари ҳам шу газетада босилиб турарди. Қамчибек билан биз курсдош ва дўст эдик, тез-тез ишхонасига бориб турганимда, Тоғай Муродни ҳам ўша ерда учратар эдим.

Тоғай Муроднинг феъл-атворидаги «ғалати»ликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Эсимда, бир куни пойтахтнинг «Зангори гумбаз» чойхонасида шоир Шукур Қурбон, Тоғай Мурод ва камина гурунглашиб қолдик. Ўша кезларда бу файзли жойда ижодкорлар тез-тез учрашиб турардик. Ногоҳ суҳбат мавзуси кимнинг ёши нечада эканлигига келиб тақалди. Шунда маълум бўлдики, даврада ўтирганларнинг энг «қариси» (агар янглишмасам, ўшанда ҳали уйланмаган, ёшим ҳам нари борса, йигирма тўрт-йигирма бешларга борган эди) мен эдим, бу менинг ўша лаҳзадаги энг катта «айбим» эди. Суҳбатдошларим бири олиб, бири қўйиб, менинг «қарилигим»ни юзимга солишар, мен эса айбсиз айбдордай ўзимни оқлашга қийналиб хит бўлар эдим. Ахири чидолмай, «портлаб» кетганман: «Ҳей, менга қаранглар, мен элликка кирганимда биринг (Тоғай Мурод) қирқ саккизга, яна биринг (Шукур Қурбон) қирқ бешга тўлар экансизлар. Хўш, нима бўпти, шунга ҳам ота гўри — қозихонами?»

Шунда ҳаммамиз бир-биримизга қараб туриб, хахолаб кулиб юборганмиз. Феъл-атворимиздаги ўшандай болаларча соддалик, беғуборлик анча вақтгача тарк этмаган экан-да…

Тоғай Мурод курсдош дўстларидан таниқли шоир Мирпўлат Мирзони ўзига яқин олар, у ҳам дўстининг мураккаб феълига яраша муомала қилиб, кўнглига йўл топар, садоқат кўрсатар, асарларининг муҳокамаларини куйди-пишди бўлиб уюштирар, Тоғай Муродни кўролмайдиган айрим олифта ғаламисларнинг шаштини қайтарар эди. Тоғай Мурод мукофот ва унвонлар олганда Мирпўлат билан уйига бориб, табриклаб келардик; ёзувчининг садоқатли, жафокаш аёли, ўзи ҳам яхшигина қаламкаш Маъсумахоним парвона бўлиб, қўлбола палов қилар, меҳмонларнинг кўнглини кўтарарди. Бундай пайтда Тоғай Мурод очилиб-сочилиб, яйраб ўтирар, яхшигина гурунг берар эди.

Тоғай Мурод маълум муддат камина бош муҳаррирлик қилган «Хабар» газетасида таҳририят аъзоси эди. Кўча-кўйда учрашиб қолсак, яна: «Мен фақат «Хабар» газетасининг таҳририят аъзосиман, ҳа!» — дер, унинг ҳазил аралаш айтган сўзларида фахр ҳам бор эди. Газетанинг яхши чиқаётганини айтиб қолар, айниқса, газетага ҳазрат Навоийнинг «Эрурсан шоҳ, агар огоҳсен, Агар огоҳ сен-сен, шоҳ сен-сен» деган шоҳ байтини шиор қилиб олганимиз айни муддао эканини таъкидлар эди.

Тоғай Муроднинг ҳаётдан эрта кетгани адабиётимиз учун катта йўқотиш бўлди. Кўнгилга таскин берувчи ёлғиз тасалли шуки, ундан китобхонлар ҳамиша суйиб, қизиқиб, қидириб ўқийдиган умрбоқий асарлар қолди.

Тоғай Мурод ижоди йигирманчи аср ўзбек адабиётининг йирик, таниқли намояндаларидан бири сифатида ҳамиша ардоқли ва азиздир. Биз эса унинг порлоқ хотираси олдида ҳамиша бурчлимиз.