Йўлдош Эшбек. Мўминнинг каромати ёки орият куйчиси

      Комментарии к записи Йўлдош Эшбек. Мўминнинг каромати ёки орият куйчиси отключены

Етмишинчи йиллар адабиётга гуриллаб кириб келган, кириб келишдан олдин ловиллаб ёнган, куйиб-куйманган дўстларимни, улар билан ўтказган кунларимни, тунларимни, суҳбатларимни эслаб, орзиқиб, энтикиб, хуш маънода ғалати бўлиб кетаман. Улар билан кечирган кунларим, суҳбатларим гўё жуда олисларда, уфқлар ортида қолиб кетгандай, анвойи нурларга чулғаниб эртакнамо тушларимга киради. Уларни соғинаман. Нега? Улар (кўпчилиги) тирик-ку?! Бу саволга жавобни билмайман. Билсам-да, жавобим аниқмас, қандайдир мавҳум. Лекин мен улар билан фахрланаман. Улар бугун дунё адабиёти аталмиш майдоннинг сезиларли жойларини забт этишди.

Айниқса шу дўстларим, тенгқурларим орасида,умуман, адабиётда Тоғай Мурод воқеа бўлди, десам муболаға бўлмас. Мен у билан ўша етмишинчи йиллар атрофида Талабалар шаҳарчасининг адоғи, Қорақамишнинг бошланиши, Кўз касалликлари шифохонасининг биқинидаги кулбахонада танишганман.

Бир куни Усмон Азим ва Эркин Аъзам мени ўша кулбага бошлаб боришди. Тоғай Мурод билан танишдик. Танишдик, дейману расман ҳеч ким таништиргани йўқ. Ўтиришимиз билан эски танишлардай суҳбатлашиб кетдик: шоир, фалон шеърингизни фалон журналда ўқидим. Орада ҳеч қандай бегоналик деган гап бўлмади. У, умуман, суҳбатларга кам аралашар, баъзан ўйлаб-ўйлаб, салмоқлаб, баъзан тез, ҳаяжон билан гапирарди. Ўшанда, ҳали эсимда, эгнида коржома, катак-катак костюм, оппоқ кўйлак, юзи ҳам шунга монанд оқиш, кўзлари қисиққа мойилроқ бўлса-да, йирик, ўйчан, тубсиз; мусаффо фикр­лар, ўйлаганда бош қимирлатмасдан тез-тез, уёқ-буёққа қараб-қараб қўяр, тўғрироғи, кўзлари гапириб тургандай бўларди. Ҳа, кўзлари сўзлаб турарди Тоғай Муроднинг. Биз у билан умри сўнгигача яхши дўст бўлдик. Бундан мен розиман, илоҳо дўстим ҳам рози кетган бўлсин. Шуни айтиб қўйишим керакки, Тоғай Мурод билан узоқ дўстлашиш қалтисроқми, нозикроқми, деб қўйишарди, баъзилар. Тўғри, у кези келганда, мушт дўлайтишни ҳам, ўрни келса, мушт туширишни ҳам билар, лекин етарлича вазминлиги ҳам бор эди, ўзини тута оларди. Фақат бўшашган эмас, ўз ҳақини ҳам яхшигина танир, яхшигина биларди. Инсон сифатида ҳам, ёзувчи сифатида ҳам фаоллардан эди. Оилавий ҳаётда билмадим-ку (буни энди кўпроқ Маъсума ёзса керак), лекин албатта, истеъдод соҳибларига хос инжиқликлардан холи эмасди, деб ўйлайман. Қолаверса, бандаи ожизмиз, ҳеч қайсимиз ҳам бундай хато-камчиликлардан бутунлай йироқмиз, деб айта олмаймиз. Яна қолаверса, бу хусусиятлар бўлганда ҳам Тоғай Муроднинг улкан истеъдод эгаси эканига соя сололмайди. У ўқувчилар, мутахассислар, жамоатчилик, халқ томонидан эътироф этилган ва ҳукумат томонидан тақдирланган — Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Ўқувчи Тоғай Мурод ижоди билан танишаётганда, қийналмайди. (Талабчан замондошларимиз замонавий адабиёт ўқувчини бир озгина қийнаб, кейин очилишини хуш кўришади. Бу ҳам тўғри, лекин биз ортиқча, ребуссимон чигалликларни назарда тутмоқдамиз.) Албатта, ўқувчи Тоғай Мурод қаҳрамонлари хурсанд бўлса — хурсанд, хафа бўлса — хафа бўлади, бирга яшайди — ўқиш жараёнида — бирга қийналади. Шундай деб ўйлайман, ишонаман. Бу дегани Тоғай Мурод мутлақо тайёрига айёр ўқувчиларга мос дегани эмас. Ҳа, жаҳон адабиётида ўқувчининг фикр юритишига ортиқча ўрин қолдирувчи, шу тариқа ўқувчи савиясини кўтармоқни истовчи адиблар ҳам кўп. Бундан ташқари мутлақо интеллектуал савиядаги ўқувчиларга мослаб битилган асарлар ҳам етарли. Яна ёзганини ҳеч ким, касби буюк, яъни улуғ ёзувчи бўлган, ҳатто ўзи (муаллиф) ҳам тушунмайдиган ёзувчилар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Тоғай Муродни халқимиз хуш қаршилади. Буни, албатта, кўпчилик сезди. Унинг асарлари ритмик жиҳатдан халқ оғзаки ижоди сарчашмаларидан сув ичса-да, оҳанглари тамоман янги, бетакрор, бирор ёзувчига ўхшамайди, тили, оҳанглари халқ достонларидан ҳам фарқланади. Оҳанглар, жумлалар қуйма. Унинг ижоди ҳақида гап кетганда — кўп такрорлаётганим — хаёлимда оҳанг туради. Асар билан сарлавҳа — тан билан бош. Асарларини ўқишни бошлашингиз билан, йўқ, бошламасдан олдин, сарлавҳаларига кўзингиз тушгандаёқ, одамни ажиб бир ойдинлик, анвойи нурларга чулғанган гўзал бир оҳанг қуршаб олади. «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар»… Ҳа, гўзал асар эртакнамо, хаёлнамо, тушнамо ва хушнамога ўхшаб кетади. Асарларидаги бошдан-охир ўша гўзаллик, ўша гўзал нур кўнгилни тарк этмайди. Қаҳрамонларидаги орият мудраётган туйғуларимизни қўзғагандай, туртгандай, бир оз бўлса-да, уйғотгандай бўлади. Инсоннинг энг катта бойлиги — орият. Одамлар орасида, жамиятда инсонни кўтаргувчи ҳам, тубанларга отиб, ботқоқларга ботириб, булғаб ташлагувчи ҳам ориятдир. Халқда у лофи билан минг маънода қўлланади. Луғатларда эса…ҳа, майли, ҳозир бунинг мавриди эмас. Гап камчиликда эмас, унга бўлган одамларнинг муносабатида.

Тоғай Мурод қаҳрамонлари ёвуз муносабатларни кўтариб, яъни бардош қилиб, умид билан, ўша ориятларига доғ туширмасликни жуда-жуда истовчи ва буни уддаловчи одамлар. Бу осон кечмайди. Чунки одам — фақат Сурхонда, Ўзбекистонда эмас, ҳамма жойда одам. Бутун курраи заминни меҳр-муҳаббат ушлаб турганидек, бутун курраи заминни, ундан ҳам улуғ инсон кўнглини парчалаб, вайрон қилишга тайёр ёвузлар бор. Айтайлик (ёвузликнинг хили ҳам сон мингта), авжи суҳбат қизиган пайтда нуқсонли бир кишига, дардли бир кишига шаъма гап қилиш. Ў, улар шундай уста одамларки, сиз фалон, фарзанд­сизсиз демайдилар, шундай бошқа бир киши ҳақида гапирадилар. Баъзан шу тариқа, нуқсонингизга халойиқ бўлиб ёпирилишади — улар фаросатсиз эмас, анқов ҳам эмас, ёвуздирлар. Ҳимоясиз, боши берк кўчаларни жуда яхши биладилар, шу кўчаларга баъзан билдирмай айланма йўллар — айланма сўзлар билан, баъзан ширин сўзлар билан кирадилар. Қарабсизки, ўша ҳимоясиз кўчанинг бошида турибсиз, қутулиш мумкин. «Э, биродар, бу инсон ихтиёридан ташқаридаги нуқсон, бу Яратганнинг иродаси», дейишингиз мумкин, лекин дафъатан дея олмайсиз. Чунки у сизга айтгани йўқ, шунчаки эслатди ва сиз найзаларни қабул қилиб бўлдингиз. Тоғай Мурод қаҳрамонларининг ориятига шу тариқа дарзлар етади, лекин улар ориятларини йўқотмайдилар. Умуман, инсон ориятини йўқотишдан қаттиқ қўрқади — Кашал элига бориб Ойбарчинни қутқариш учун кечикиб қолишдан қўрққан Алпомиш, нафақат ўзбек ёки туркийлар, балки бутун инсониятнинг типик тимсоли, десак муболаға бўлмас. Ҳаётни, заминни, инсонни ана шу қўрқув тутиб туради, буюк адиблар ана шу қўрқувни куйлайдилар. Тоғай Мурод қаҳрамонларидаги улуғ фазилат ҳам мана шу ориятдир, бу асло иззатталаблик эмас. Бу асарларда зоҳиран ўша муқаддас қўрқув кўринмаса-да, ботинидан сезиш мумкин. Яъни қаҳрамонлар доим шу орият ҳимоясидадирлар ва афсуски, ҳимоясиз ҳам қоладилар. Ки, бу ҳолни кўнгил дарзлари, дейиш мумкин. Лекин биз ожиз бандалар унутамизки, кўнгил, кўнгил бўлганда ҳам шикаста кўнгиллар, дарз кетган кўнгиллар Ҳақ назаргоҳи экан.

Биз томонларда Шова деган жойда улуғ зот, валий ҳазрати домла Камол яшаб ўтганлар. Бир муриди шу муршиди комилга ҳадя қилмоқ учун катта қопга ўзининг сўнгги тарвузларини жойлабди. Қарасаки, оздай кўринибди, қўшнисининг пайкалидан ҳам бир неча тарвузни қопига солибди, кейин айтиб қўярман, дебди. Ҳазратникида яшайдиган бошқа муриди тарвузларни тушириб, қопдан тўкибди. Шунда ҳазрат келиб қолибдилар-да, қўшнидан олинган тарвузларни аниқ ажратиб: «Бўтам, буларни олган жойингизга элтиб қўйинг, бизга мана бу тарвузларнинг ўзи ҳам кифоя», дея марҳамат қилибдилар. Чунки авлиё кишининг ҳақини емайди. Тоғай Мурод ҳам ҳазрат домла Камол сингари киши ҳақига кўз ола қилмасдан яшаб ўтди.

Биз билан не-не истеъдодлар яшаб ижод қилиб ўтди. Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Тоғай Мурод…

Саид Аҳмад домла ҳақлар: олдингдан оққан дарёнинг қадри йўқ. Лекин бу истеъдодларнинг чеккан заҳматлари беиз кетмади, мустақиллик шарофати туфайли ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Бу яхши. Лекин киши умуман инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам тамоман орзуларимга етдим, мутлақо беармонман, дея олмайди.

Бир кун домла Камол ҳазратларига жуфти ҳалоли фарзанд кўрмаётганларидан сўз очганда, ҳазрат домла Камол, бизнинг фарзандларимиз беҳисоб бўлғуси, деб жилмайибдилар. Ёши бир жойга бориб қолган кампири ҳайрона қарабди. Домла марҳамат қилибдилар: «Қиёматгача бизни севган мурид, мухлисларнинг бари бизнинг фарзандларимиздир!» Шундан сўнг бу ҳақда гап бўлмабди. Ҳовлилари тўла етим болалар, муридлари, улардан кейинги мухлислар… Ҳазрат ёлғон сўзламадилар.

Ҳазрат билан тирикликларида кўришолмадик. Менинг ҳаётим асосан Тошкентда кечди. Нурота тоғ ёнбағирларида сон-саноқсиз мозорлар аро фақат ҳазрат билан кампири қабрлари узра уларга тасбеҳ айтиб ям-яшил қамишлар сокин чайқалиб туради. Бундай жойда қамиш кўкаришига ақл бовар қилмайди. Зиёратчилар — фарзандлари доим келиб туришади. Тоғай Мурод қаҳрамонлари ҳам юксак умидлар билан яшаб, ғусса туманларини ўзларидан нари қилмоқ бўладилар.

Мен Тоғай Мурод туғилиб-ўсган юртда, Деновда кўп бўлганман, ориятли юртдошлари билан дўстлашганман, ака-ука бўлиб қолганман. Бари Тоғай Мурод туфайли. Биз баъзан оддийгина қилиб, уни Тоғай, дердик. Лекин кейинги йигирма йил ичида (бир марта кўчада қисқа суҳбатлашдик, Дархондаги янги уйига олим Яшар Қосим билан бирга кўчириб қўйдигу, кечган йил уни абадий уйи сари кўчирдик) ва деярли кўришмадик. Энди афсусдаман. Олдингдан оққан дарёнинг қадри… бу алоҳида, узун мавзу, кейинроқ, ўрни билан ёзиш ниятимиз бор. Лекин олдинги кечирган ўн-ўн беш йиллик умргузаронлик, дўстлигимиз анча мавзуларни ўз ичига қамрайди. Умуман, ижодкорнинг кимлиги асарларида намоён бўлади, шоирнинг шеърида, носирнинг қаҳрамонларида, дейлик, бош қаҳрамонларида. Масалан, Абдулла Қодирий, Ойбек, айниқса Ўлмас Умарбеков асарларини ўқиганлар муаллифлари ҳам покиза инсонлар бўлганини сезишади. Чунки одамнинг одамийлиги амали ва кўнглига қараб бўлади. Кўнгил ижоди — амалда тажаллий этади. Адиб кўргандай ёзади, ёзгандай кўрмайди. Чунки кўриш кўнгил орқали бўлади. Ёзув орқали эмас. Тоғай Мурод асарларини ўқиганлар унинг шоирона кўнгил соҳиби бўлганини билишлари мумкин. Биз кўнглимизга дарз тушишидан кўра кўпроқ доғ тушишидан қўрқамиз. Дарз — кўнгил маҳзунлиги. Доғ — шармандалик. Ўзинг шарманда қилма, деб яшаймиз ва бу қўрқув ориятни, ориятнинг улкан қисмини ташкил этади ва бу қўрқув инсонни инсон айлайди. Тоғай Мурод ҳам ўзининг бош қаҳрамонларига ўхшаган ориятли, яхши инсон эди. Охирати обод бўлсин!

Маъсума қўнғироқ қилганида хотира ёзишимни айтдим. Албатта, ўтганларни ёдлаш бурчимиз. Барчаси ҳақида ёзамиз, руҳлари шод бўлсин. Сенинг ҳам руҳинг шод бўлсин, Тоғай Мурод! Кетганингда, сен ва юртингни, тулпорингни, қаҳрамонларингни эслаб, бир шеърча қораладим.

Тоғай Мурод

элегия

От кишнаган оқшомларда
Юлдузлар мангу ёнар.
Тонг ҳиди бор бу дамларда
Қувонч порлар, қайғу ёнар.

Хўжасоат қучоғида
Нурлар каби порлар узум.
Кеч кузакда, боғ охида
Мўлтиллайди юртнинг кўзи.

Йўл узун, йўллар узун
Сурхондан ҳам нарида.
Уфқларда қолди сўзим,
Шафақларнинг бағрида.

Жаранглаган ол дизларни
Тинглаб турар Вахшивор.
Тулпор ҳидлар юлдузларни,
Манглайида ойи бор.

Тонг ҳиди бор бу дамларда
Қувонч порлар, қайғу ёнар.
От кишнаган оқшомларда
Юлдузлар мангу ёнар.

Маъсума бу шеърни телефонда эшитиб, тасалли топгандай бўлдими, у сиз ёзишингизни истарди, деб қолди. Сўз таърифига ожиз ҳолга тушдим: ким ҳақда, нима ҳақда, қандай ёзишимни? Сен мени ўзингга шунчалар яқин тутишингни билардим. Маъсума телефонда етарлича тушунарли айтган бўлса-да, ҳануз ўйлардим: тонготар суҳбатларимизни, охирги пулларимизни тўплаб, шаҳар гўзаллигини томоша қилиш учун таксида кезган тунги сайрларимизни, ажойиб орзуларимизни… Ҳатто ҳозир тирик, саломат дўстларимизни, суҳбатларимизнинг гуллари – дангалчи Эркин Аъзамни, ҳарбий хизматдан Олмониядан қайтиб келган қўли очиқ Усмон Азимни, Масковдан — «маст кўп»дан келдим, деб хонамизга кириб келганда байрам бўлиб кетадиган Мурод Муҳаммад Дўстни, сен шеърларини яхши кўрадиган Азим Суюнни, Рауф Парфини, Сирожиддинни, Мирзони, Тожиддин Раззоқ, Шарафиддин Муҳаммад ва Фарҳод акаларнинг хонасида йиғилишиб, адабиёт, кураш, спорт ҳақидаги мубоҳасаларимизни… «Юлдузлар мангу ёнади» қиссангдаги сенинг ҳам моддий, ҳам маънавий полвонлигингни; «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» қиссаларинг­даги, романларингдаги бош қаҳрамонларинг каби ўзингнинг ҳам орчилигинг, Аллоҳдан улуғ муждалар кутиб, озодлик кутиб, йигирма йилларча сабр-бардош билан фақат ижод билан машғул бўлиб, кўчаларга кам чиққанингни эсладим. Йигирма йил деярли кўришмаганимизни, бу дўстлигимизга ва сенинг шаънингга соя сололмаслигини, лекин бевақт ўлим ҳам борлигини унутаёзгандай, ғафлатда қолганимни эслаб ўкиндим. Мен ҳам йигирма йил ташқарига эмас, ўз хонамнинг ичкарироғига кириб бордим, сен билан дўстларим, улуғ устозларимиз билан кўришувга муносиб ҳозирлик кўрай дедим ва ғофил қолдим. Лекин мен сендай дўстим борлиги билан (бўлганлиги билан демайман) фахрланаман. Ҳар кун сени зиёрат қилишади. Зеро, сен ердасан, кўкдасан, китобларингдасан, одамлар, мухлисларинг кўнглидасан. Сен бир одам қилиши, бир ёзувчи қилиши мумкин бўлган ишларни қисқагина умрингда бажардинг. Зеро, сен эътироф этилдинг. Энди сенга ва барчага ухровий мукофотлар ато этилсин! Биз сендан розимиз, сен ҳам биздан рози бўл! Буюк Кунда ёруғ юз билан кўришайлик! Кўришгунча омонда бўл! Ё дўсти азиз! Ё дўсти Қиёмат!