Нодир Норматов. От кишнаган оқшом…

      Комментарии к записи Нодир Норматов. От кишнаган оқшом… отключены

Бир тун… яқиндагина… куни кеча Зиёдулла чавандознинг Тарлон оти кишнади. Одатда, от ё шоду хуррамликда, ё кулфатда кишнайди. Афсуски, бу гал Тарлон от кулфатни сезгандай безовта бўлди. У ўша томонда, Сурхон тоғларида, Хўжасоат қишлоғининг дашту қирларида, тўлқинланиб ётган кўм-кўк адирларда кишнаётган пайтда ёзувчи Тоғай Мурод оламдан ўтди…

Тарлон от — у яратган образ — Зиёдулла чавандознинг Тарлон отига кўп ёмон бўлди. Унинг ноласига ҳамма қулоқ тутди, унга қўшилиб ҳамма қайғуга ботди. Ҳамманинг кўнгли «Нега шундай бўлди?» — деган савол билан ўртанди. Шу жумладан, биз тенгқурлари, тенгдошлари ҳам.

Бунинг устига, биз курсдош ҳам эдик. У билан Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. Тоғай Мурод бизга 3-курсдан келиб қўшилган. Аввалига юқори курсда ўқиб, орада ҳарбий хизматни тугатиб, ўқишни қайта бошлаган эди.

«Отлар узоқда бўлса, бир-бирини соғиниб, кишнашар. Яқинда бўлса агар бир-бирини тишлашар», деган мақол бор. Худди шундай, биз бир гуруҳ ўспирин йигитчалар: Эркин Аъзам, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Тоғай Мурод ўша дамларда бирга ўқиб, бирга юриб, адабиёт, ҳаёт, ўзимиз билган ва билмаган нарсалар ҳақида баҳслашиб, тортишиб юрардик. Буларнинг бариси гина-кудуратсиз, адоватсиз рўй берарди.

Тоғай Муроднинг ўзича бир олами бор эди. Бу олам уни адабиётга олиб кирди. Тоғай Мурод ўзи яратган ана шу олам ичида яшай бошлади. Бу оламда ойдинда юрган одамларнинг содда дунёси, юлдузлар мангу ёнадиган осмон остидаги полвонларнинг ҳалол кураши, кўпкари чопган оқкўнгил чавандозларнинг дилтортар гурунги бор эди.

Сурхоннинг олис қишлоғи — Хўжасоатдан катта шаҳарга келиб, шунча йил яшаб, орттиргани ёлғиз адабиёт бўлди, шуни деб яшади. Романлар, қиссалар ёзди. Менимча, «От кишнаган оқшом» қиссаси алоҳида жозибага эга.

Тоғай Мурод табиатан ўз қаҳрамони Зиёдулла чавандоз каби, Тарлон от каби феъли асов, полвонлари каби дўлвори эди. Рус ёзувчиси В.Шукшин ўзи ҳақида ёзганида: «Шу пайтгача шаҳарлик бўлолмадим, аммо қишлоқилигимча қолиб ҳам кета олмадим», деб таъкидлаган жойи бор. Тоғай Мурод шаҳарда яшаса ҳам қишлоқ одамларини, унинг табиатини севиб, соғиниб ижод қилди. Аммо ўзи яратган бу образлардан, қишлоқ манзараларидан кўнгли совиб қолишдан қўрқиб, у ерга бориб яшагиси келмасди. У мана шундан эзилар, қийналар, боши берк кўчага кириб қолгандек бўлаверарди. Шу сабабдан унинг кўнгли тўла армонлари, ҳасратлари, орзулари мўл эди. Уларнинг бир қисми «Отамдан қолган далалар»да акс этган бўлса, баъзи бирлари эҳтимол қоралаб қўйган қўлёзмаларда бўй кўрсатар. Балки кўпчилиги унинг серҳаяжон, таъсирчан ва серғалаён юраги тубида қолгандир. Биз буни энди ҳеч қачон билмаймиз, билолмаймиз. Аммо унинг адабий бисотидаги дуру инжулари бир қалб изтироблари ва қувончларининг тимсоллари бўлиб, юраги пок бир инсоннинг тип-тиниқ кўзёшлари каби кишини ҳаяжонга солиб туриши табиий. Ўлим шаробини эрта тотган дўстимиз учун қанчалик куюнмайлик, ўлим ҳақ эканлигига иқрор бўлишдан бўлак чора йўқ. Шундай эса-да, бир таскин ва кўнгил юпанчи учун Тоғай Мурод яратган китобларга назар ташлаймиз-у: «Аттанг, у булардан-да яна соз ва хўб асарлар яратиши мумкин эди-ку», деган армонли фикрлар кўнглимиздан кечади.