— Дунёда кўпгина халқлар, ўзларининг ҳеч бўлмаганда битта спортини жаҳон миқёсига кўтарган. Биздан эса жаҳонга кўтарилган биттаям спорт тури йўқ
— Бу ўзимизга боғлиқ…
«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидан
Ўша йили бошимга икки марта бахт қуши қўнди.
Минг тўққиз юз етмиш бешинчи йил. Ўн биринчи сентябр. Тошкент. «Салом» чойхонаси. Қашқадарёликлар йиғилдик. Сабаби, ўша йили мен самбо кураши бўйича Минск шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони бўлиб келгандим. Чойхонага эл таниган полвонлар, яқинларим мени табриклаш учун келишди. Бир пайт билаклари бақувват, Алпомиш келбатли бир одам тўғри келди-да, мени қучоқлаб олди! Ўзимдан ҳам бақувват бу одамни танимас эдим. У эса қучоғидан қўймай, негадир, кўзларида ёш билан нуқул бир гапни такрорларди:
— Раҳмат, полвон! Раҳмат сизга. Отангизга минг раҳмат… Раҳмат…
Бу одамнинг ўзим ҳақдаги айтган ҳаяжонли гапларини эшитиб, тўғрисини айтсам, кўнглим кўтарилганидан кўзимда ёш қалқди… Энди эсласам, мен ўша куни давримизнинг буюк адиби билан учрашган эканман. Бу одам Тоғай Мурод эди! У бугунги учрашувни эшитгани заҳоти, йўлга чиқиб, ўзи излаб топиб келибди! Ўша куни биз икки соатча гаплашдик. Ўша суҳбат ҳаётимда катта из қолдирди. Шу-шу, биз таниш бўлиб қолдик. Биз кўп ҳам суҳбатлашмас эдик. Лекин қалбан бир—биримиз билан бирга эдик, бир-биримизни бошқалардан кўра яхши тушуна олардик.
Тоғай ака «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида мени ҳам тилга олди. Бу нарса менга катта таъсир қилган, руҳланиб кетганман. Ахир, чекка бир қишлоқдан чиққан, тўйларда курашиб катта бўлган мендай оддий полвонни Тоғай Муроддек катта ёзувчи ўз асарида айтиб ўтиши катта бахт эмасми? Шу асар орқали ҳам номимни бутун эл билди. Бундан кейин ҳам билади.
… Ким билади, Тоғай ака бўлмаганда мен бу қадар катта полвон бўлмасмидим? Чунки мен курашнинг олтин қоидаларини Тоғай Муроддан ўргандим! У киши айтган «Полвон ўзини уч балодан: биринчиси — аёлбозлик, иккинчиси — ичкиликбозлик, учинчиси — нафс балосидан асрасин», деган ҳикматига мен ҳам амал қилдим.
Тоғай ака курашчи билан курашчи тилида, чавандоз билан чавандоз тилида, деҳқон билан деҳқон тилида сўзлаша оларди. Уларнинг қалбига кириб бора оларди. Шунинг учун у киши уларнинг характерини, ички оламини беш қўлдай биларди. Чунки Тоғай ака асарларининг бўлажак қаҳрамонларини олдиндан кузатиб юрган: бўлажак полвон даврага қандай кириб келяпти, қандай ҳаракатлар қиляпти, уларнинг руҳиятида қандай ўзгаришлар бор? Чавандоз отда қандай юрибди, у узангига оёғини қандай қўй япти — ҳамма-ҳаммаси ўта синчковлик билан ўрганилган. Боиси, у кишининг ўзи «Мен гўдаклигимдан давраларда курашиб катта бўлдим», «Саттор чавандоз билан қишлоқма-қишлоқ юрдим. Тўйма-тўй юрдим. Кўпкарима-кўпкари юрдим», деган эди. Шунинг учун ҳам қаламга олишда бу нарсалар Тоғай акага қийин бўлмаган. Ёзувчи қанча қисса, қанча роман ёзмасин, ўз қаҳрамонларини халқ кўзи ўнгидаги оддий одамлардан танлаган. Асарларидаги кишилар ҳаёти билан реал одамлар турмушини узиб қўймаган. Тоғай Муроднинг истеъдоди шунда-да!
Тан олиш керакки, ҳамма нарсани миридан-сиригача қизиқ, лўнда, асосийси, ўзига хос тилда тасвирлаш осон иш эмас. Бунинг учун, боя айтганимдек, жуда катта эътибор, синчковлик керак. Тоғай Мурод китобларини ҳар гал ўқир эканман, шунга амин бўламан, бошқа ёзувчиларда йўқ нарсаларни учратаман. Масалан, ёзувчи отни эгарлаганда, кўпкарига кираётганда унда бўлаётган ўзгаришларни мароқли қилиб тасвирлайди, отга ишлатиладиган ҳар бир буюмнинг хусусиятларини бирма-бир санаб ўтадики, беихтиёр, аттанг, шунча нарсани билмас эканман-да, деб қоласиз. Ёки курашда полвонлар киядиган яктакни тасвирлашини олайлик ё бўлмаса, улоқчининг қўлидаги қамчисини тасвирлашини кўринг. Уларнинг турлари, ҳар бир турининг ўзига хос хусусиятлари ўрни-ўрнига қўйиб тасвирланган. Чунки бу одамда ҳаётий тажриба бор: у от узангисига оёқ қўйиб, давраларда полвонлар билан елкама-елка туриб курашган инсон. Курашчи бўлиб курашган адиб. Бу нарсаларни у қалб кўзи билан кўриб, ҳис қила олган.
Тоғай ака билан бўлган ўша суҳбатимизда у киши шундай деган эди:
— Сайфиддин, биласизми, кураш аждодларимиз — халқимиз қонига сингиб кетган. Халқимизнинг қони тоза, илдизи бақувват. Бу нарса авлоддан-авлодга ирсият орқали ўтиб келяпти.
Бизнинг курашчиларимиз полвонлик мактабида ўқимаса ҳам, махсус жойларда тайёргарлик кўрмаса ҳам уларнинг ўзи шундай тайёр курашчи-ку! Полвонлик бизга отамерос, пуштдан-пуштга, қондан-қонга ўтиб келяпти. Полвонликнинг кўзга кўринмас, тил билан тушунтириб бўлмас шундай сирлари борки, буни фақат томирида полвонлик қони борларгина билади. Бу сирлар ҳеч бир китобда йўқ!
Энг машҳур курашчиларимиз ҳам гиламларда курашмасдан, қишлоқларда бўладиган тўйларда оддий сомон устида, катта-кичик давраларда курашиб улғайган, суяги қотган. Бизнинг курашимиз бошқа юрт курашларидан нимаси билан фарқ қилади? Бизнинг курашда эркакман дегани тик турган одам билан олишади! Ҳа, ерда ётган одамга қўл кўтармайди!
Марказий Осиёда, хусусан, бизнинг юртимизда узум, пахта каби экинлар азалдан кўп экилади. Уларга тик турган ҳолатда ишлов берилади, териб олинади. Яъни ҳаракат тепада бўлади. Бошқа жойларда эса, масалан, Россия томонларда пахта экилмайди-ку! У ерларда кўпроқ картошкага ўхшаган экинлар кўп экилади. Унга эса эгилган ҳолатда, ерлашиб-ерлашиб ишлов берилади. Бизнинг курашчилар тепада, тик турган ҳолатда бажариладиган амалларга кўпроқ мослашган. Чунки аксарият полвонларимиз ёшлигиданоқ пахта далаларида ер билан салом-алик қилиб, салом-алик қилиб суяги қотади. Бошқа курашчилар билан бизникилар кураши орасидаги фарқ ана шунда!
Тоғай ака жуда кўплаб бундай фавқулодда ўхшатиш, фавқулодда хулоса, фавқулодда янги-янги фикрлар билдирган эди. У киши ҳамма нарсани олдиндан қалбан сеза олган, ўзи қилажак башоратларнинг амалга ошишини чин дилдан истаб, шунга ишонарди. Биргина мисол. Тоғай Мурод «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида қаҳрамонлари тилидан шундай деган эди:
«Дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг ҳеч бўлмаганда битта спортини жаҳон миқёсига кўтарган. Биздан эса жаҳонга кўтарилган биттаям спорт тури йўқ.
— Бу ўзимизга боғлиқ».
Энди ўйлаб курайлик. Бундан қарийб ўттиз йил муқаддам гўё бутун ўзбек халқи номидан айтилган бу эзгу ният, орзу-умид бугун амалга ошмадими? Ўзбек миллий кураши жаҳон спорт тури даражасига кўтарилмадими? «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасидаги персонаж ўз орзусига эришмадими?
Менинг назаримда, Тоғай Мурод ўз асарларида халқ дардини, орзу-умидини, ҳаяжону ғурурини ўзига хос, Тоғай Муродча, полвончасига талқин қилди.
Келажак авлод… Дарвоқе, биз ҳозир тарихий топилмалар, санъат асарлари, обидаларга назар ташлар эканмиз, қадимда бу ёдгорликларни бунёд этган буюк, забардаст аждодларимиз ўтганини биламиз. Шунда ўйлаб қоламиз, демак, бу тарихий обидалар, санъат асарлари ўша даврларда шундай буюк бобокалонларимиз яшаб ўтгани ва булар уларнинг ҳужжати — паспорти эканини, агар бу ашёлар бўлмаганида буюкларимиз ўтганига ишона олмас эканмиз-да? Китоблари халқимиз маънавий бойлигига айланиб қолган Тоғай Муродни ҳам келажак авлод у кишининг мангулик, келажакка қолдирган ана шундай паспорти — асарлари орқалигина билишади, у кишидек машҳур ёзувчи ўтганини тан олишади. Бунга менинг ишончим комил.
Мен полвон сифатида курашнинг анча поғоналарини босиб ўтдим. Эркин кураш, самбо, миллий кураш… Бу давр мобайнида кўплаб журналист, ёзувчи-шоир, устоз-мураббийлар билан мулоқотда бўлдим. Лекин ижодкорлар орасида Тоғай Муроддек ёзувчини ҳали учратмадим. Биргина мен эмас, кўплаб бошқа полвонларнинг ҳам шу фикрни айтганини биламан. Тоғай Муроднинг кураш ҳақида ёзган китобини эл таниган машҳур полвонларнинг кўзига суртиб, асраб юргани, ҳаттоки, бошларига қўйиб ётганини кўрганман. Ўзим ўша «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасини ўттиз мартадан кўпроқ ўқиб чиққанман. Боиси, китоб ҳаммамизга жуда ёққан эди. Дунёда спорт ҳақида, кураш ҳақида, полвонлар ҳақида ёзилиб, нашр қилинган китоблар озми? Жаҳонга донғи кетган улкан кинокомпаниялар ҳар йили полвонлар ҳақида минглаб кинолар ишлаб ётибди. Лекин уларнинг ҳаммаси Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси олдидан ўтаверсин!
Тоғай Мурод шунчаки яшамади. У янги полвонлик мактабини барпо этди. Аммо бугун орамизда унинг ўзи йўқ… У орамиздан эрта кетди… Полвонларини йиғлатиб-йиғлатиб кетди. Унинг давралари совиб қолди. Биз — полвонлар биродаримиздан айрилдик. Биз — ўзбек халқи буюк адибимиздан жудо бўлдик…
Ўзбек курашининг ори учун курашган адибимизнинг охирати обод бўлсин.
Тоғай ака, Сизнинг асарларингиз қўлимиздан тушмас экан, Сиз ўлмайсиз. Сиз ёқиб кетган юлдузлар порлар экан, давраларингиз давом этаверади.