Фаррух Жабборов. Биз бахтли одамлармиз

      Комментарии к записи Фаррух Жабборов. Биз бахтли одамлармиз отключены

I

1. Еттинчи синфда ўқирдим. Жиззах вилоятидаги 1-сонли лицейга кирганимга бир йил бўлган. Шерон исмли синфдошим «От кишнаган оқшом» китобини кўтариб юрган экан. Уёқ-бу­ёғини кўрдим-да, қайтариб бердим: «Шу ҳам асар бўлди-ю!» — дегандай. Чунки ўша вақтлари биз ўқийдиган китоблар бунақа эмасди-да! Хуллас, илк учрашувда Тоғай Мурод менга сирларини очмади. Бу орада ўзимча «классик» деб ўйлаган ёзувчиларни ўқиб юравердим. Ёзги таътилда Зебо опамдан китоб сўрасам, қўлимга «Отамдан қолган далалар» романи ва «От кишнаган оқшом» номли қиссалар тўпламини тутди. Олдин истамайгина варақладим. Секин-аста ёзувчи услубига ўрганиб, ич-ичига кириб бордим. Таътилдан қайтдик. Кўпгина синфдошларим ҳам бу асарлар билан танишиб улгурган экан. Ёш тафаккуримиз билан ўқиган китобларимизга фикр билдириб баҳс­лашиш одатимиз бор эди. Ёзувчиларни «яхши-ёмон»га ажратардик ўзимизча. Лекин Тоғай Мурод ҳақида баҳс бўлмади. Нега? Билмадим. Биз уни тушунолмаганимиз учун эмас, тушунганимиздан, бошқача англаганимиздан бир гап айта олмадик. Фақатгина «яхши», дея олардик, холос. Нима учун яхшилиги гўё мутлақ ҳақиқат сингари исбот талаб қилмасди. Тоғай Мурод «муҳокама»га қўйилмас, фақат ўқилар эди. Қизиғи, бир роман, тўрт қисса билан танишиб чиққан ўқувчилар ўзлари билган-билмаган бошқа барча ижодкору китобларни инкор қила бошлади. Кимдир кўп китоб ўқигани билан мақтанса, «Тоғай Муродни ўқиганман-ку! Шунинг ўзи етади», деган даъволар тез-тез қулоққа чалинар эди. Кўп ўтмай лицейда «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги учинчи шахсда гапириш одати урф бўлиб кетди:

— Китобини бериб турсин.

— Ўзи ўқийди-да! Бошқадан сўрасин.

Бизнинг Тоғай Мурод услубидаги суҳбатимизга ўқитувчилар ҳам қўшилиб турар эди. Ўшанда, айниқса, шаҳарда ўқийдиган бир гуруҳ қишлоқ болаларига китоблар қаттиқ таъсир қилганди. Уларни онамизни соғинсак, қайта-қайта ўқирмидик, қишлоғимизни қўмсасак, тағин ўқирмидик… билмадим-у, лекин тортишувларсиз жимгина мутолаа қилганмиз.

2.Абитуриентлик. Бундай пайтда ҳар лаҳза қадрли. Мақсаддан оғишмаслик керак: тест, тест, тест! Тоғай Муродга ихлоси баланд ижодкорлардан Саъдина Бобомуродованинг кутубхонасида «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романини кўриб қолдим. Нима бўлса-да, ўқимасам бўлмасди. Менда шундай ҳолат бор: бир яхши асар ўқисам, шу муаллифнинг бошқа китобларини қўрқиб қўлга оламан. Чунки кейингиси сизга ёқмаса, ёзувчи ҳақидаги тасаввурингиз салбий томонга ўзгариб кетиши мумкин. Йўқ, ўша сафар бундай бўлмади. Китоб ўқиганда бу яхши, бу ёмон деб ажратишга ўрганиб қолган эканманми ё бизга шундай ўргатишганми, ишқилиб, «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи олдида лол қолган эдим!

Тоғай Муродга бўлган ихлосим қатъийлашди. Ёзувчи билан учрашиш истаги мақсадга айланди. Тошкентга борсам, Тоғай Мурод ва Рауф Парфи билан аниқ учрашаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим.

3. «Жиззах овози» газетасига борсам, бир гуруҳ журналистлар Тоғай Мурод ҳақида суҳбатлашиб ўтирган экан. Адабиёт шинавандалари орасида у киши тўғрисида ҳар хил ривоятнамо гаплар юрар, Тоғай Мурод бундай давраларнинг типик қаҳрамонига айланиб қолганди. Фотима Шодиеванинг қўлида «Ҳуррият» газетаси. Унда Тожиддин Раззоқнинг «Тоғай Мурод» деган мақоласи чиққан экан. Қизиқиб газетани қўлга олдим: «Тоғай Мурод юздан ошиб кетса керак, деб юрардим…» Нима?! Бир сергак тортдим-у, ўқишда давом этдим. Чунки тасаввуримда Тоғай Мурод мангу яшайдигандай эди. Ҳали мен учрашишим керак-ку! Мақола охирламасдан кимдир ёнимга келди:

— Шу кишиям оламдан ўтибдилар… Демак, бу дунёда одам ўлар экан…

Яна бошқа бир овоз эшитилди:

— Раҳматлик буюк…

— Ундай деманг! Бу сўз марҳумларга нисбатан ишлатилади. Ахир, Тоғай Мурод тирик! ТИРИК!

4. Ажал қамчиси бир бор айланиб, ойдин тунда, от кишнаган оқшомда ёниб турган юлдузни узиб кетибди. Аввалига шумхабарга ишонмадим. Ишонгим келмади. Кўрган-билганимдан қайта-қайта сўрадим, «Ёлғон!» — дея айтармикин дея сўрадим. Лекин дунёдаги ҳамма нарса биз ўйлагандай бўлавермас экан. Буни ҳаёт дейдилар ахир! Ич-ичимдан бир куч кўтарилиб келади. Бир нидо кўксимни ёриб чиқиб кетай дейди. Хаёлимда эса мисралар чарх уради. Тобора тартибга келиб тизимлашиб боради:

«Мен ўзбекка ҳайкал қўяман!»
«Мен ўзбекка ҳайкал қўяман!» —
Эшитилди наъра, ҳайқириқ,
Ўзбекликдан ғурур туяман.
Ойдин тунда юрган одамлар,
От кишнаган сокин оқшомлар,
Юлдузлар ҳам мангу ёнади,
Деҳқон ўтган «Кетмон» бобомлар.
«Бу дунёда ўлиб бўлмайди»,
Лек устундай туриб бўлмайди.
Балки ўлар сотқин, хоинлар,
Эл фарзанди сира ўлмайди!
Тоғай Мурод ўлмаган гўё,
Мангуликка қилгандай даъво.
Тирик ҳайкал бўлиб турибди
Ўзи қўйган ҳайкаллар аро.

5. Тошкентда тақдир мени Маҳмуд Саъдий билан учраштирди. Домланинг дарслари адабиётга қизиқувчилар учун баҳс-мунозарага айланиб кетарди:

— «Фалон-фалон» китобларни ўқиганман, — мақтанган бўлади бир талаба.

Домла, тилга олинган асарлар казо-казоларга тегишли бўлса-да, ҳеч тап тортмай:

— Ғирт бемаза китоблар ўқиган экансан, — дейди. — Сенинг ўқиганларинг ёмон эмас. Ўзимиз учун бўлади. Агар ўрисча-пўрисча қўшиб қурама қилиб ёзмайман, соф ўзбек тилида ёзаман десанг, Тоғай Муродни ўқиб қўй!

Саъдий домла бизга Тоғай Мурод адабий маҳорати, таҳрир санъатидан махсус дарслар ўтди. Талабалар орасида ҳам Тоғай Мурод шахсияти ва ижодига қизиқувчилар кўп экан. Шундай мухлис курсдошлар биргаликда Дархонга, ёзувчи хонадонига йўл олдик.

II

1. Тоғай Мурод асарларининг тили машҳур туркий битикларни эслатади (Маҳмуд Саъдий). Тошнинг бағрини ўйиб ёзиш осон иш эмас. Ҳар бир гап қайта-қайта таҳрир қилиниб, суви қочирилиб кейин битилади. Бу асарлар тошлар каби асрлар бўйи янграйди, жаранглайди. Кўп нарсани англатиб, исботлаб туради. Тоғай Мурод сўзга жуда тежамкор. Унинг китобларида бутун-бутун боблар бир-икки гапдан иборат бўлиши мумкин. Ёзувчи худди тошга битаётгандай «юки бор сўз»ларни саралайди. Пейзажлар-да ўзига хос: қисқагина, лекин ўта маънодор. Масалан, «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасининг сўнгги бобини олайлик: «Тўйхона эшиги тарафдан одам овози эшитилди. Қўй маъраши эшитилди…» Сокин тунни ҳис қилгандай, ўзбек ҳовлисини кўргандай, қўй маърашини эшитгандай бўласиз. Оддий манзара. Лекин ёзувчи нега овозларни айнан иккига ажратиб кўрсатяпти? Нега қўй маърашига эътибор беряпти? Бу манзара қиссани хулосалаган сўнгсўздай янграйди. Тоғай Мурод асарларида сифатлашлардан кам фойдаланилганини кузатиш мумкин. Бу мавҳумликдан қочишга, тасвирларнинг киши тасаввурида аниқ пайдо бўлишига хизмат қилган. Масалан, Тоғай Мурод «керилди» демайди, «Йўқ қоринни олдинга ташлади», деб ёзади.

2. Дунёнинг турли бурчакларида бомба портлаши, ўқ овозлари тез-тез эшитилиб турибди. Ҳаммаёқда техника тарақа-туруғи. Шаҳарнинг шовқини жонга тегиб кетади. Бир таскин излаб, бир хилликдан безиб, Тоғай Мурод асарларини қайта-қайта варақлайман. Уларда сокинлик бор, табиатга уйғунлашиб кетган тинч ҳаёт бор. Тўй бўлади. Боболар қўй етаклаб тўйлайди. Момолар тоғора кўтариб тўйлайди. Олиш бўлади. Ўғиллар орият учун олишади. Куни билан қизиган тупроқнинг сув сепилгандан кейинги ёқимли ҳиди димоққа уриб туради. Мен учун тобора узоқлашиб бораётган манзаралар. Шом қуёшидай ботиб бораётибди. Бу дамлар фақат Тоғай Мурод асарларини ўқиганда қайтиши мумкин. Уларда тиниқлик бор, мусаффолик бор, самимийлик бор…

Тоғай Муроднинг юлдузлари мангу ёнади! Ҳали китобхонлар аждодларини соғиниб-соғиниб, қўмсаб-қўмсаб бу китобларни ўқийдилар.

3. Оқшомларнинг сокинлигини отларнинг кишнаши бузади. Тоғай Мурод ижодхонасида яна бир асар туғилади. Тўлғоқ билан яралган тафаккур фарзандларини баъзилар оддийгина қилиб таърифлаб қўйишади: кураш ҳақида, кўпкари ҳақида, фарзандсизлик ҳақида… — буларнинг бари восита, композицияни боғлаб турувчи тизим. Тоғай Мурод асарларини шунчаки халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатларини тасвирлаш мақсадида ёзмаган. Мақсад бошқа: ҳамманинг бошида бор савдо, ҳамманинг бошида бир савдо!

Одам ўзи ҳақида гапирса, умуман, зерикмайди. Яхши шеър ўқувчининг ўзи ҳақидаги асар. Тоғай Мурод қиссалари ҳам шундай. Аслида ҳақиқий адабиёт воқеликни эмас, унга қараган одамни акс эттиради. Устоз асарларини ўқиган китобхон унда ўзини кўравериши шундан. Ҳар бир жумладан ҳиссиёт уфуриб туради: ўқувчини эмоция бир дам тарк этмайди. Тўлиб-тошиб ўқийсан киши. Худди сюжетда одамлар эмас, туйғулар ҳаракатланаётгандай. Ёзувчи тасвирлаган пейзаж қишлоқ манзаралари эмас, инсон қалби чизгилари. Воқеалар шунчаки орқа тасвир вазифасини ўтайди.

4. Тоғай Мурод биз билган олам ҳақида асарлар ёзмади. У ўзи дунё яратди: бу оламнинг ўз инсонлари бор, ўз шайтонлари бор. Асарларидаги замон ва макон тушунчаси-да, ўзига хос. Тоғай Мурод китобларини собиқ Иттифоқ даврида Сурхон томонларда юз берган воқеалар деб таърифлаш нотўғри назаримда. Буларнинг барчаси Тоғай Муроддан қолган далалар, унумдор, ке-е-е-енг далалар… Энди уларга пахта экилмайди. Уларга меҳр экилган, маҳорат экилган. Ҳали бу серунум ерлардан озиқланиб чинорлар ўсиб чиққуси…

Ўзбек насрчилигида Абдулла Қаҳҳор мактаби кўп эътироф этилади. Бу мактабнинг ўқувчилари кейинчалик адабиётимиз устунларига айланишди. Улардан бири Тоғай Мурод ўзбек нас­рини янгилаб берди. Шунингдек, у ўзбек насрчилик мактабини ҳам янгилаган кўринади. Тоғай Мурод ҳақиқий адабиётга қандай ёндашиш кераклигини ўзининг ҳаёти ва ижоди билан кўрсатиб кетди. Унинг мавзу доирасидан таъсирланиб, маҳорат устахонасидан фойдаланиб қоғоз қоралаётган тенгдошларимизни кўп учратамиз. Тоғай Мурод мактаби адабиётимизга, шунингдек, жаҳон адабиётига ҳам янгидан-янги ижодкорларни етиштириб берса ажаб эмас.