Абдуғафур Расулов. Ҳалол ижод

      Комментарии к записи Абдуғафур Расулов. Ҳалол ижод отключены

Кўзга илмасдан бўладими

Полвонми, чавандозми, мерганми ўтдай ёниб, юлдуздай порлаб даврага кирса, сурур, ғурур, шиддат ва ишонч билан йиғилганларни шавқ-завққа тўлдирса, бор маҳоратини ишга солиб ғалаба қозонса:

— Ҳало-о-ол! Ҳало-о-ол! — деган ҳайқириқ осмону фалакка ўрлайди.

Ижодкор ҳам шавқ-завқ кишиси. Ҳало-о-ол ижоди, ёниқ асари, жонли, ҳаётий қаҳрамонлари билан китобхонни ром этишни орзу қилади. Тоғай Мурод юрагида ёли бор ёзувчилардан эди. У кўп ёзмади, аммо қойилмақом асарлар яратди. Худо ёрлақаган қаҳрамонларни нодир адабий аҳоли сафига қўшди. Адабий аҳоли яшайдиган рамзий салтанатнинг ҳудуди бепоён, фуқаролари нуфуси сон-саноқсиз. Лекин бу салтанатда қалбидаги илк муҳаббати ҳарорати ҳануз сўнмаган, имон-инсофли, танти Бўри полвон, боши кал бўлса-да, кўнгли нозик Зиёдулла, Жамолиддин кетмону чапани Ақраб, ойнинг ойдин нурига чулғанган Қоплон бобою Оймомо ая кўзга ярқ этиб ташланиб туради. Фақат куну тун меҳнат қилиш ҳуқуқидангина маҳрум этилмаган, юраги армон, азоб, хўрлик-хорликка тўла Деҳқонқул ҳолига, на сирти ва на ботинида ўзлигидан ном-нишон қолмаган Ботир фирқа аҳволига ким ачинмайди, дейсиз?! Тоғай Мурод асарлари китобхонни ўйлатади, йиғлатади, куйдиради. Муҳими, китобхон мана шундай завқли азобдан, оғриқли ҳузурдан безмайди. Ҳозир ўзбек китобхонларининг кекса, ўрта ёшли вакиллари орасида Тоғай Мурод асарларига ипсиз боғланмаганлари йўқ ҳисоби. Мен Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» номли илк қиссасини ўқиганимдаёқ, бу ижод сеҳрига маҳлиё бўлганман.

Биринчи жумла жумбоғи

Бадиий насрнинг ғаройиб қоидаси бор: ёзувчи биринчи жумлани қоғозга туширишга узоқ тайёргарлик кўради. Биринчи жумла — услубнинг ярқ этиб кўриниши, ёзувчи кайфияти; китобхонни синаб кўриш; ижодкор ва китобхон кўзининг кўзига тушиши… «1264 ҳижрия, далв ойининг 17-чиси, қиш кунларининг бири, қуёш ботган, теваракдан шом азони эшитиладир…», «Ҳамал келди, амал келди», «Вақт пешиндан оққан эди», «Қазисан, қартасан, ахир, наслингга тортасан! — деди кампир омборни қулфлаётиб». Булар — машҳур ўзбек романларининг илк жумлалари. Уларга атай урғу берилганини, илмий ишларда фикр билдирилганлигини эслолмайман. Аммо Тоғай Муроднинг биринчи романидаги мана бу жумла осон ҳазм бўлди, дея олмайман: «Мен фарғоначи Жамолиддин кетмон набираси бўламан». Битта жумла — битта боб. Ёзувчи боб, жумладаги ҳар бир сўзни етти ўлчаб бир қўллаган. Жумладаги олти сўзнинг иккитаси — «фарғоначи» ва «кетмон»га асосий вазифа юкланган. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек услубига ўрганган китобхон Тоғай Мурод романидаги илк жумла, «фарғоначи» сўзини ҳазм қилишга қийналади.

… Наби Васихонов деган қўшним бўларди. Касби врач. Республикада хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими. Набихон ака Саид Аҳмад билан тенгдош, қадрдон эдилар. Абдулла Қаҳҳорни, унинг ижодини еру кўкка ишонмасди. Ё тавба, Набихон ака кексайганларида худди Абдулла Қаҳҳор бўлиб қолдилар: кўринишлари, ўзларини тутишлари, ним табассум билан секин, чертиб-чертиб гапиришлари, ҳатто латифани ҳам қойилмақом айтишлари… Вақти-вақти билан у киши мендан янги асарларни олиб ўқирдилар. Бир куни у кишига «Отамдан қолган далалар»ни бердим. Уч-тўрт кун ўтгач, китобни уйдагиларга бериб кетибдилар. Кўришганимизда, роман ҳақида оғиз очмадилар. Бир куни яна ўқишга китоб сўрадилар. Мен атайин «Отамдан қолган далалар»ни қўлларига тутқаздим. Бир оз вақт ўтгач, қўшним бизникига кириб келдилар. Гурунг бошланди.

— 1938 йилнинг кеч кузи эди. Отам (тошкентликлар яқин-яқинларгача ҳам буваларини «ота», дердилар — А.Р.) мени дала-ҳовлига бориб келишимизга ундадилар. Ҳувиллаган дала-ҳовлимизга келдик.

— Ўт ёқинг, ўғлим, — дедилар отам.

Ҳайрон бўлдим.

— Бугун Кумушбибини иккаламиз дафн этамиз, — дедилар.

Ўт ёқилди. «Ўткан кунлар» куйдирилди. Отам йиғлаб туриб узоқ тиловат қилдилар. Ояти кариманинг ажр-савоблари романнинг қадрдон қаҳрамонлари, яна кимларнингдир руҳи пок­ларига бағишланди.

— Абдуғафур, мен тенги авлод руҳ-руҳига «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Сароб» сингиб кетган. Эҳтимол, менга берган ўша китобингиз зўрдир. Лекин мен «фарғоначи» сўзидан кейин асарни ўқий олмадим. Узр. Қарияпман шекилли…

Ҳақиқатан ҳам, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳорлар XX аср китобхони руҳига сингиб кетди, дидини шакллантирди. Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон, Эркин Аъзам сингари ижодкорлар эса ўзбек нас­рига янги услуб олиб кирдилар, ҳаётни янги нуқталардан туриб тасвирлай бошладилар. Лекин улар Абдулла Қодирийлар услубига зид бормадилар. Аксинча, янги наср анъанасини янги аср бўсағасида бойитдилар, унга ижодий ёндашдилар. Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романидаги илк жумла, биринчи бобдаги «кетмон» сўзи кўп нарсаларни эслатади. Абдулла Қодирий «Обид кетмон» қиссасини ёзди. Кетмон — ажойиб рамз. Болта чопади, теша йўнади, ўроқ ўради, болға уради. Кетмон ерга ботади. У одам билан ерни боғлайди. Кетмон — яратиш, ундириш, кўкартириш, элни тўйдириш рамзи. Кетмон тутган қўллар ҳеч қачон хор-зор бўлмайди. Кетмон нафақат қўлни пишитади, тадбиркорликни ўргатади, ер илмини ўзлаштиришга ундайди. Тоғай Муроднинг Жамолиддин кетмони Обид кетмоннинг бошқа муҳит, бошқа шароитдаги тимсоли. Жамолиддин ҳам, мулла Обид ҳам босиқ, вазмин, кўп ишлаб, кам гапирадиган одамлар. Лекин ҳар иккисининг имони бутун, эътиқоди пўлатдай мустаҳкам. Жамолиддин кетмон сарсон-саргардонликни бошидан кечирди, аммо тузум таз­йиқи­ни, ижтимоий муҳит зуғумини кўрмасдан ўтиб кетди. Ақраб Жамолиддин ўғли ҳам руҳан, ҳам жисман эзилди: қарамлик азобини, тутқунлик хўрлигини бошидан кечирди. Деҳқонқул Ақраб ўғли, Жамолиддин набираси шахс сифатида синди, тузум, мафкура тутқунига айланди. Айримлар «Отамдан қолган далалар»нинг роман эканлигига ишонмайдилар. Менимча, Тоғай Муроднинг бу асари ҳақиқий роман. Йирик асарда воқеалар тасвири, қаҳрамонларнинг ҳаракат майдони асос ҳисобланмайди. Санъаткорнинг воқеа-ҳодисага концептуал-фалсафий муносабати ҳал қилувчи роль ўйнайди. Тоғай Мурод ихчамгина романида мустамлакачиликнинг бошланиши, унинг турли кўринишлари ҳақида ишонарли таассурот қолдиради. Асарда эркин инсон, тутқун шахс, ўзлигидан маҳрум этилган уч авлод тақдири тасвирланади. Эътибор беринг, Деҳқонқул Жамолиддин буваси, Ақраб отаси ҳақида ғурур билан гапиради. Жамолиддин кетмон, Ақраб қўрбоши Деҳқонқулнинг аҳволини кўрса ич-ичидан эзилиб, хўрланиб кетган бўларди. Жамолиддин, Ақраблар ўтди. Деҳқонқул қадр­дон далаларига умид билан боқади. Бу далаларда ҳур, озод инсонлар яшашига ишонади. Қадрдон дала — Она-Ватан тимсоли. «Отамдан қолган далалар» узоқ яшайдиган, ҳали кўпларни ўйлантирадиган, таъсирлантирадиган романлардан эканлигига шубҳа йўқ.

Ёзувчи ҳаётни ўрганиши шартми?

Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Отамдан қолган далалар» асарларини ўқиганимдан кейин ёзувчи ҳаётни қандай ўрганиши лозимлигини англадим. Тоғай Мурод илк қиссасида миллий кураш сир-асрорларини, полвонлар маҳоратини шу даражада нозик ўрганганки, ундаги махсус атамалар «Миллий кураш бўйича қўлланмалар»га киритилди. Ҳозир ўзбек кураши қаерга етиб борган бўлса, ўша ерда «ҳалол», «чала», «ёнбош» сингари атамаларни биладилар, қўллайдилар. Демоқчиманки, ёзувчи ўз асари материалини шу даражада билиши керакки, лозим бўлса, мутахассис ҳам ундан фойдалансин.

Кўпкари, улоқ ҳақида кўп ёзилган. Лекин бирорта асарда от ва от эгаси, баковул, бериладиган зот, кўпкари учун сўйилган жонивор ҳақида Тоғай Мурод асаридагидай мукаммал маълумот берилмаган.

Отшунос-зоологлар ҳам қайси қулун, қандай тойдан қанақа от пайдо бўлишини Тоғай Муроддай аниқ, ишонарли ёзишмаган. Билишимча, Чингиз Айтматов туя тўғрисида «Асрга татигулик кун» асарида, бўри ҳақида «Қиёмат» романида ишонарли маълумотлар берган. Жаҳон адабиётида ҳайвонларнинг антиқа образларини яратган асарлар кўп.

«Отамдан қолган далалар»да пахтакорнинг ҳутдан ақрабгача бўлган кундалик юмуши оппоқ пахтанинг қора меҳнати ўта ҳаққоний тасвирланган. Асар манаман деган агроном учун бадиий қўлланма мисоли.

Муаллиф ҳаётни шунчаки ўрганмайди. У китобхон кўзи ўнгида чаласавод, билимсиз кўринишдан чўчиб, полвон, чавандоз, пахтакор ҳаётининг мири-сирини ўрганади. Ҳаётни ўрганиш масаланинг юзаки томони, ҳафсала қилса, ҳамма ҳам бу ишни уддалайди, дегувчилар ҳам топилади. Гап шундаки, ёзувчи ўз қаҳрамонининг касби, юмушлари орқали руҳига, табиатига кириб боради. Бўри полвон, Зиёдулла кал, Деҳқон­қул ўз касбининг моҳир билағони. Айни вақтда мана шу одамлар ғирром, айёр, ичиқора, ёлғончи, юзсиз инсонлар олдида ёш боладай ўзларини йўқотиб қўядилар, аянчли аҳволга тушадилар. Доғули Насим Бўрига хиёнат қилди, дўстининг севгилисини тузоққа илинтирди. Бўри полвоннинг юрак-бағри қон бўлади, аммо дўстидан воз кечолмайди. Ичиқоралиги, айёр-хиёнаткорлиги боис Худо жазолаган Насим тавба-тазарру қилмайди, Бўри полвон олдида юзи қоралигидан надомат чекмайди.

Зиёдулла кални кимлар калака қилмаган, қайси баковул унинг ғолиблигидан, зўрлигидан кўз юммаган, дейсиз?! Кўнгли ўксик, аммо танти бу инсон неча бор араз урган, даврани ташлаб кетган. Лекин Зиёдулла табиатидаги аллақандай куч уни ҳамиша муросаи мадорага, сабр-қаноатга, кечиримлиликка ундаган. Ёзувчи бу қаҳрамон руҳиятидаги ҳолатларни ўрнига қўйиб тасвирлайди:

«—… Биздан сўрасангиз, Каримбой, биз кўпкаридан қайтдик, ҳа! Кўпкарида адолат қолмади, Каримбой. Бари ошна-оғайнигарчилик бўлиб кетди!

— Кўпкари тамом бўлдими?

— Йўқ, ҳали бўляпти.

— Унда боринг-да.

Мен сергак бўлдим. Болага эътибор бериб қарадим.

— Кўп қўймадингиз-қўймадингиз-да, Каримбой. Борсам бора­йин, садқаи суханингиз.

Тарлонни ечиб, тағин отландим». (170-бет).

Асардаги Деҳқонқул характерида Бўри полвон, Зиёдулла чавандоздаги кўп хусусиятлар акс этган. Ўйлаб кўрилса, колхозни колхоз қилган Деҳқонқул. Раису Идеологияю райкомга обрў олиб бераётган ҳам ўша. Лекин на райком, на Идеология ва на раис Деҳқонқулни одам ўрнида кўради: илғор бригадирнинг кучи ҳалолу, ўзи, инсоний эҳтиёжи, қадр-қиммати ҳаром. Деҳқонқул бўлса, нафақат ўлиб-тирилиб меҳнат қилади, хотини, болаларини ҳам ишлашга, колхоз учун жон бериб, жон олишга ундайди. Устига-устак, катталар соясига салом беради. Уйига катталар меҳмон бўлиб келишини эшитган Деҳқон­қул анвойи ноз-неъматлар харид қилиб келади. Битта хурмони болалигига бориб олиб қочган ўғлини уриб, оғзи бурнини қонга тўлдиради. Мана шу ўринларда Деҳқонқул худди Чингиз Айтматов романида тасвирланган манқуртнинг баайни ўзи бўлиб кетади. Дарвоқе, шўро империяси ўзига хос манқуртларни яратди. Деҳқонқуллар шўро давлатида меҳнат қилдилар, тобе бўлдилар, эркин инсон эканликларини унутдилар. Деҳқонқул — ўзбек адабиётидаги фожеий характерлардан бири.

Ким у сўзлаётган?

Маблағ топишмас, уни сарфлаш қийин, дейди донолар. Болани боқишмас, уни тарбиялаш мушкул, дейди кайвонилар. Материал йиғиш, уни қалбда етиштириш, қаҳрамонларга жозиба ато қилиш ҳам мушкул, аммо уни таъсирчан, қизиқарли сўзлаб бериш энг қийин юмуш, дейдилар моҳир санъаткорлар. Китобхон кўпинча воқеалардан огоҳ бўлади, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини кузатади, феъл-атворини ўрганади. Лекин кўпчилик асар ким томонидан, қандай сўзлаб берилаётганига эътибор бермайди. Тоғай Мурод асарларида ҳикоя қилиш санъати шу қадар юксакки, китобхон сўзловчи, ҳикоя­чи ким деган саволга беихтиёр жавоб ахтаради. «От кишнаган оқшом», «Отамдан қолган далалар»да ҳикоя қаҳрамон тилидан олиб борилади. Лекин Зиёдулла, Деҳқонқул ҳикоясини бошқариб турган бир эстетик восита — куч борки, уни ровий образи дейиш жоиз. Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади», «Ойдинда юрган одамлар», «Қўшиқ» асарлари ровий томонидан ҳикоя қилинади.

Эътибор беринг, ровий сўзлаяпти:

«Хумор момога кун туғди,

Ёлғиз ўғил аскардан келар бўлди.

Остонадан суюнчихўр аримади».

(«Қўшиқ» қиссасининг бошланиши).

«— Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердандир одам овози кел­япти…

Сайрак адирда ёнбошлаб ётмиш бобомиз момомизга шундай дедилар».

(«Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг илк жумлалари).

«Эгар қошига тўн солиб олмиш жарчи гузарма-гузар от ўйнатди. Хўжасоат қишлоғи аҳлини тўйга чорлади». («Юлдузлар мангу ёнади»даги ровийнинг илк маълумоти).

«Таги кўрмаганга гилам битмасин.

Қодир қулни чевараси, Холмат малайни невараси, Эсон хизматкорни боласи Ботир қўшчи тумандан айниб келди» («Бу дунё­да ўлиб бўлмайди»нинг илк жумлалари).

Бадиий асарда ҳамиша ровий образи бўлган. Лекин адабиётшунослик, танқидчилик насрдаги ҳикоячини ёзувчининг ўзи, лирик шеърдаги «мен»ни шоирнинг шахси дейишга одатланиб қолган. Фақат саҳна асарида ёзувчи кўринмайди, дейиларди. Сўнгги йилларда драматик асарларда ровий бот-бот кўринадиган бўлиб қолди. Ровий — бадиий асардаги ёлланма поэтик-эстетик восита, куч, образ. Халқда ғалати бир нақл бор: «Калити менда, касмалдаги сенда». Яъни инон-ихтиёр менда, ижрочилик, маълум юмушни бажариш вазифаси сенда. Адабий кечаларда кекса шоирлар лирик шеър ўқишдан олдин изоҳ берадилар:

— Кўриб турибсиз, қариб қолдик. Ўлдим-куйдим, деб шеър ёзиш бизга ярашмайди. Мен лирик шеърларимда сизларни — ёш дўстларимни назарда тутдим.

Аслида, лирик шеърдаги «мен» ҳамиша ровий бўлган, шоирнинг ўзи эмас. Ровий образи ўзбек адабиётида доимо бўлган. Лекин 80-йиллардан бошлаб ровий образига ёзувчилар алоҳида эътибор бера бошладилар.

Назаримда, «Лолазор»ни маълуму машҳур қилган куч — ровий. Мурод Муҳаммад Дўст романидаги ровий, мисоли моҳир актёр. У роман давомида ажойиб бир ролни ижро этади. Асардаги Назар Яхшибоев, Дўст, Шогирдлар ровий актёр томонидан кўрилган, кўрсатилган типлар. Эркин Аъзам асарларида ровий қиёфаси аниқ-тиниқ кўринади. Менга шундай туюладики, Эркин Аъзам ўз асарларига ровий нуқтаи назаридан ғалати-ғалати номлар қўяди. Тоғай Мурод асарларидаги ровийда халқчиллик, фольклорга мойиллик, сурурийлик, лирик майл устунлик қилади. Ровийнинг икки вазифаси аниқ кўриниб туради: биринчидан, у асар поэтикасида ўзининг муқим ўрнига эга. Иккинчидан, ровий эстетик восита. У ҳамиша, ҳар қачон, ҳар қаерда китобхон билан тил топишади. У келажакдаги китобхонга ҳам, чет эллик китобсеварга ҳам жон-жаҳди билан ўзининг «асарини» маъқуллашга интилади. Ровий шундай ҳақ-ҳуқуққа эгаки, у замон зайли, китобхон диди, нуқтаи назаридан келиб чиқиб баъзи воқеа-ҳодисаларни хаспўшлаб ҳам юбориши мумкин.

Ровий — ёзувчи қарашларининг ифодачиси. Айни вақтда, ровийдаги топқирлик, образ сифатидаги бетакрорлик ёзувчига куч-қувват, илҳом беради. Ёзувчи эса ҳисоб-китобни — композициядаги изчилликни, структурадаги тартибли таркибни бош­қариб боради. Хуллас, ровий бадиий асардаги зарурий восита, бадиий-эстетик куч. Ҳақиқий санъаткор воқеа-ҳодисаларни ровий тушунчалари, диди, таъсирчанлигига мослаб танлайди, ифодалайди.

Тоғай Мурод битта, лекин унинг ҳар бир асарида ўзига хос ровий бор. Шундай бўлса керакки, ёзувчи услуби бор, ҳар бир асарнинг ўз йўсини ҳам бор дейилади. Асардаги услублар ёзувчи услубига тезда уюша қолади. Сиртдан қараганда, «Юлдузлар мангу ёнади», «Ойдинда юрган одамлар»даги лирик услуб ровий образида ҳам сезилади. Бошқача айтганда, ровий ҳам, услуб ҳам ой нуридай мулойим, майин.

Қисқаси, ёзувчи — услуб — ровий тушунчалари аро узвий, ботиний боғлиқлик мавжуд.

Юлдузлар мангу ёнади

Кўкда юлдуз учди: юзимга фотиҳа тортдим. Учган юлдуз Тоғай Мурод ҳаётини олиб кетганини билгач, юрагим эзилди. Хаёл учқур-да: ўлим хабарини эшитганда Бўри полвон зўр курашга баковуллик қилаётганди. Бир зум қотиб қолди:

— Аттанг, чакки бўлибди…

Олишаётган полвонлар бир-бирларининг елкаларига маъюс бош қўйишди. Зиёдулла кал югура келиб отига минди, изиллаб йиғлаганича отини чоптириб кетди. Қоплон бобо, Оймомо момо бир зумда чўкиб қолишди:

— Болам-а… болам-а… Бизларга фарзандлик қилувдинг-а… Китоб қилиб ёзувдинг-а…

Деҳқонқул хотинининг куйиб кетганига, болаларининг бўзлаб қолганига чидаган эди. Тоғай Муроддан айрилгач, ўзини қўярга жой тополмади. Тошкентга шошилди. Жанозада қатнашди. Чиғатой қабристонини ҳамма тарк этгач, Тоғайнинг тоғдай қабри пойига чўккалади, онасидан ўрганган оятларни билганича такрорлади: оят сўзлари кўз ёши бўлиб, янги қабр тупроғини ҳўллай бошлади.

Тоғай Мурод ўзбек юртининг тоғу тошларини, қир-адирларини, дарёю кўлларини, об-ҳавосини юракдан ҳис қиларди. Баҳорнинг сўнгги кунлари чақмоқли, гулдуракли, ёғин-сочинли келди. Она табиат зинда фарзандининг ўлимини олдиндан сезганмиди?!

Тоғай Мурод адабиётга дангал кириб келди. Шартта бурилди-ю, ҳаётдан кетди-қолди. Ундан ўн-ўн беш кичик асар, тўрт қисса, икки роман, нари борса, тўрт жилдга жо бўларлик мерос қолди. Аммо ёзувчи асарлари руҳини, улардаги ўзбекона ғурур, сурур, қатъият, орият, жўмардликни жо-бажо қиладиган ҳажмни топиш мушкул. Тоғай Мурод ўтда ёнмас, сувда чўкмас асарлар, юрагида ёли бор қаҳрамонлар тимсолини яратдики, улар ҳамиша, ҳар қаерда, ҳар қандай шароитда ўзбекнинг ўзлигини намоён этаверади.

У ўзига хос мисоли тоғ сўқмоғидай мураккаб ва мукаммал услуб ярата олди. Унга ҳамиша сергакланиб, эҳтиёткорлик билан одим ташлаш жоиз. Акс ҳолда «фарғоначи» сўзи оёққа тикандай санчилиши, Болхин момонинг милтиқнинг ўқидай сўзлари кишини яралаб қўйиши, Деҳқонқулнинг жўяли, мантиқли фикр-мулоҳазалари одамни каловлатиб юбориши, Зиёдулла калнинг оддий шумликлари замиридаги зил-замбил ҳақиқатлар кишини чуқур ўйга толдириши ҳеч гап эмас.

Кўкда юлдуз учди. Юлдузнинг учиши — сўниши эмас. Тоғай Муроднинг кўкдаги юлдузи мудом учаверади. У улуғ устозлар юлдузларига яқинлашганида ҳам ҳаракатланаверади. Тоғай Мурод юлдузи мангу ёнади.