Тўра Мирзаев. Отлар ҳам йиғлайдими?

      Комментарии к записи Тўра Мирзаев. Отлар ҳам йиғлайдими? отключены

Ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, унинг ривожида беистисно катта из қолдирган истеъдодли ёзувчи Тоғай Мурод менинг хотирамда ҳамиша ўқиб-ўрганишга чан­қоқ ёш ижодкор, ҳаётнинг кўплар эътибор бермайдиган ички томонларини билишга, кузатишга доимий равишда ҳаракат қилаётган навқирон адиб, шу орқали адабиётда ўз сўзини айтишга жиддий киришган, ўз йўли, ўз услубини тинмай шакллантираётган изланувчан носир сифатида қолган. Чунки менинг қуйидаги ёдномаларим унинг ёшлик даврлари билан, ёзувчи сифатида шаклланаётган ва шаклланган, адабиётда қатъий ўз ўрни ва услубини белгилай олган йиллари билан боғлиқ.

Гап шундаки, у ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг фольклор бўлимига тез-тез келиб турар, ҳатто айтиш мумкинки, бўлимнинг ўз ходимига айланиб қолган эди. Ўша йиллари институт ҳозирги Яҳё Ғуломов кўчасидаги 70-бинонинг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, фольклор бўлимида тажрибали фольклоршунослар билан бирга Асқар Мусоқулов, Иброҳим Ҳаққулов, Раҳим Отаев, Сория Азизова каби ёш адибнинг тенг­дошлари ҳам ишлар эди. Бу ҳолат эҳтимол унинг фольклор билан кўпроқ боғланиб қолишига сабаб бўлгандир. Янглишмасам, Тоғай Мурод биринчи марта бўлимга атоқли халқ санъаткори Пўлкан шоир ҳақида қўшимча материаллар истаб келди. Бу пайтда унинг бир неча ҳикоялари матбуотда босилиб чиққан, анча танилиб қолган бошловчи ёзувчи эди. Танишганимиздан кейин муддаосини баён этди. Суҳбатимиз давомида унга Пўлкан шоирнинг ўғли Умарқул ҳали ҳаётлигини, у ҳам отаси изидан бориб, замонавий мавзуларда анча термалар, ҳатто бир достон ижод қилганлигини, шу кунларда ўз термаларидан бир тўплам тайёрлаётганини, невараси Амирқул ҳам яхшигина шоир бўлиб етишиб, бобоси ҳақида тадқиқотлар олиб бораётганини айтдим. У йилларда ҳали Пўлкан шоир ижоди ва достонлари ниҳоятда кам ўрганилган, фольклоршуносликда устозларимиз, марҳум фольклоршунослар Ҳоди Зарифнинг 1928 йилда эълон қилинган бир мақоласи, Мансур Афзалнинг 1955 йилда босилиб чиққан «Пўлкан шоир» рисоласи мавжуд эди, холос.

Тоғай Мурод Фольклор архивида мавжуд материалларни астойдил ўрганди. Амирқул билан учрашиб, бобоси ва отаси ҳақида қўшимча маълумотлар ҳам олди. Оқибатда Пўлкан шоир ва унинг авлодлари ҳақида ажойиб бир радиоочерк яратди ва у Республика радиоси орқали эшиттирилди.

Кейинги суҳбатларимиз халқ қўшиқлари, айниқса, маросим фольклори ва меҳнат қўшиқлари ҳақида бўлди. Бу ҳақда атоқли олима Музайяна Алавия билан ҳам бир неча бор суҳбатлашгани ёдимда. Маълумки, институтнинг Фольклор архивида халқ ижодкорларидан ёзиб олинган асарлар 1926 йилдан бери жамланиб келинади. Материаллар тўпловчиларнинг ёзиб олганликларига қараб, коллекциялар ҳолида (достон ва эртаклар бундан мустасно) алоҳида-алоҳида сақланади. Шунинг учун ҳам қўшиқ, топишмоқ, мақол каби жанрларга оид намуналар ёзиб олинган вақти ва ёзиб олувчиларнинг дафтарларига жойлаштирганига қараб, бир неча коллекциялар ва сақлов бирликларида сочилиб кетган. Бу ҳол ундан фойдаланувчидан қўшимча меҳнат қилишни, излаётган айни фольклор намунасини топиш учун бир эмас, бир неча коллекцияларни кўриб чиқишни талаб қилади. Чунки бир қўшиқ варианти фақат қўшиқлардан ташкил топган сақлов бирликларида сақланиши билан бирга улар топишмоқ, мақол, латифа, ҳатто достонлар билан аралаш ёзиб олинган дафтарларда ҳам мавжуддир. Бу йилларда фольклоршуносликда атоқли фольклоршунослар Элбек тайёрлаган «Ашулалар» (1933, 1934, 1935), Музайяна Алавия нашрга ҳозирлаган «Янги қўшиқлар» (1955), «Ўзбек халқ қўшиқлари» (1959), «Оқ олма, қизил олма» (1972), Ҳошимжон Раззоқов тузган «Гул­ёр» (1967) каби қўшиқ тўпламлари чоп этилган бўлиб, улардан Тоғай Мурод излаётган меҳнат қўшиқлари ва маросим фольклори намуналари жуда кам ўрин олган эди. Шу сабабли ҳам архивда сақланаётган намуналарни жиддий равишда кўриб чиқиш зарур эди. Тоғай Мурод бу ишга бир фольклоршунос янглиғ киришиб кетди.

Бу орада қашқадарёлик фольклоршунос К.Очилов Сурхондарё ва Қашқадарёдан тўпланган фольклор намуналари асосида ёзилган меҳнат қўшиқлари ҳақидаги номзодлик диссертация­си ҳамда меҳнат қўшиқларидан махсус тузилган тўплам қўлёзмасини муҳокама учун фольклор бўлимига олиб келди. Бу материаллар билан танишиб чиққач, Тоғай Муродга К.Очилов тўплами қўлёзмасининг бир нусхасини бердим. Чунки ушбу тўпламдан Тоғай Мурод излаётган барча материаллар жой олган эди. Одатда ҳали нашр этилмаган тўплам қўлёзмаси иккинчи бир кишига камдан-кам ҳолатларда берилади. Мен эса, Тоғай Муроднинг ҳалоллигига, қандайдир янги ижодий изланишларга туртки бера оладиган ҳаётий материаллар излаётганлигига қатъий ишонганимдан кейин шундай қилдим. Шу-шу, Тоғай Мурод бирор йиллар кўринмай қолди ва адабиётда унинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси пайдо бўлди. К.Очиловнинг тўплами эса, анча кейин, 1984 йилда профессор О.Сафаров тузган болалар фольклори намуналари билан биргаликда «Бойчечак» номида нашр этилди.

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси адабиётшуносликда ижобий баҳоланди. Бу ҳолат ёш ёзувчини янги-янги ижодий марраларга йўллагани шубҳасиз. Янги асарларига материаллар тўплаш мақсадида у бўлимга яна келиб қолди. Бу гал уни фольклорда отнинг тасвирланиши масалалари қизиқтираётган эди. Ёзувчи атоқли фольклоршунос Ҳоди Зарифнинг (1905-1972) «Ўзбек халқ достонларида жанговар от образи», «От асбоблари» тадқиқотлари билан танишиб чиқди. Унга жанговар от тарбияси, унинг турли ҳолатлари тасвирланган «Алпомиш», «Гўрўғлининг туғилиши ва болалиги», «Хушкелди» каби достонларни синчиклаб ўқишни маслаҳат бердик. Суҳбатларимиз давомида кутилмаганда: «Отлар ҳам йиғлайдими?» — деб сўраб қолди. Биз унга халқ орасида от билан боғлиқ турли-туман тасаввур ва афсоналар кўплигини, ҳатто от эгаси вафот этганда, отни эгар-абзаллаб, эгасининг этигини эгар қошига илиб, аёлларнинг отни ўртага олиб йиғи бериш одатлари мавжудлигини, фольклор асарларидаги шундай ҳолатларда отнинг йиғлаганлиги тасвирларини сўзлаб бердик. Шундан кейин ёзувчининг «От кишнаган оқшом» қиссаси пайдо бўлди.

Юқоридаги хотираларни келтириш билан биз ёзувчи фақат фольклор асарлари асосида қисса ва романлар яратган экан-да, деган фикрни илгари сурмоқчи эмасмиз, балки ёзувчининг ҳар бир асарни яратишга жиддий тайёргарлик кўрганлигини, ўзининг тасвир объектига ҳар томонлама ёндашганлигини, фольклор унинг услубий изланишларида кўпдан-кўп бадиий омиллардан бири бўлиб қолганлигини алоҳида таъкидламоқчимиз. Чиндан ҳам у ўзбек адабиётида халқ достонлари насрига яқин ўзига хос тасвир йўсинини яратди. Бир-икки мисоллар келтирайлик:

«Биродарлар, Момосулув тушимда чўлпон эди, ҳушимда ой эди, қўйнимда офтоб бўлди».

Ёки:

«Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди.

Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди.

Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди.

Қишлоқда отлар кишнамай қолди.

Саҳарларда кўчаларда от туёқлари тикилламай қолди.

Оқшомлари отлар тарсиллатиб ер тепинмай қолди.

Адирларда отлар дупур-дупур чопмай қолди…

Чавандозлар эмчакдоши урушдан қайтмаган бўзбола мисол мунғайиб қолди».

Бу тасвирлар қанчалик халқ достонлари насрига яқин бўлса, шунчалик оригинал, ўзига хосдир. Адабиётда Тоғай Мурод яратган тасвирий-услубий йўлдир…