Менинг Тоғай Мурод билан танишишим, ўзим учун уни катта ёзувчи сифатида кашф этишим жуда қизиқ бўлган. Ҳаммаси бир тасодифдан бошланган эди.
Бир куни «Ўзбекфильм»да ўтирсам, ҳовлиқиб актёр Мурод Ражабов келиб қолди:
— Шуҳрат ака, кечирасиз, хаёлингизни буздим, — деди. — Ҳозир бир ишни зудлик билан қилмасак, кейин кеч бўлади.
— Нима, нимани гапиряпсан? — дедим ҳеч нарсага тушунолмай ҳайрон бўлиб.
— Тоғай Мурод бир роман ёзибди, ўқиб ҳайратда қолдим. Халқ ҳаётини шундай теран берганки… Рости билан ҳали бирор ёзувчи бадиий адабиётда замонавий ҳаётимизни бунчалик акс эттиролмаган, — деди Мурод.
Мен Тоғай Муроднинг бу романи довруғини эшитган эдим-у, бироқ ҳали ўқишга улгурмагандим. Муроднинг қистови билан Тоғай Муродга қўнғироқ қилдим. Ҳали ўзим ўқимаган романни кино қилиш учун ундан рухсат сўрадим. Орқаворатдан Тоғай Мурод бундай таклифларни кўп рад этганлигини эшитиб юрардим. Қизиқ бўлди, биз ҳаётда учрашмаган бўлсак ҳам тезда тил топиша қолдик. Ёзувчи менга асарини кино қилишимга телефонда рухсат берди. Телефон гўшагини қўйгач, Муродга юзланиб дедим:
— Нима қилиб қўйдинг? Энди менга роман ёқмаса-чи?
— Сизнинг дидингизни биламан. Сиз аввал китобни ўқиб чиқинг! — деди Мурод.
Орадан бирмунча вақт ўтди. Ўша пайтлардаги раисимиз Темурмалик Юнусов бир куни мени ҳузурига чақирди.
— Биз иккита миллий асарларимиз асосида фильм ишлашимиз керак, — деди. — Мақсадимиз «Ўткан кунлар» билан «Отамдан қолган далалар» романларини экранлаштириш. Мелис Абзалов Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи асосида фильм ишлайди. Сиз Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарини экранлаштирсангиз, дегандик.
Бу гап мен учун янгилик бўлмади. Мен аллақачон бу таклифга рози эдим. Шу аснода романни ўқиб ҳам, уқиб ҳам чиқдим. Асарни обдан, ичига кириб, бир нарсага амин бўлдим: рамзий ва том маънода ҳам далалар менинг отамдан қолган экан. Бу асар она халқимнинг, ота юртимнинг кўнгил кечинмаларидан бино бўлган дардномаси эди. Асар менга жуда маъқул тушди. Роман, назаримда, мен учун ёзилгандай эди. Унда тасвирланган ҳар бир образ кўз ўнгимда яққол гавдаланди. Мен гўё улар билан бутун умр бирга яшаган эдим. Асар қаҳрамонлари билан тақдирим ҳам бир эди гўё. Демак, улар ҳақида кино қилсам, ўзим ҳақимда кино ишлаган бўларканман-да. Мен Тоғай Мурод яратган образлар билан ҳамнафас бўлдим, ҳамдард бўлдим. Қарангки, азбаройи асарга киришиб кетганимдан, ёзувчининг ўзи ҳам эсимдан чиқиб кетибди.
Тоғай Мурод катта ижодкор, ёзувчи сифатида халқ бошига тушган зулм-хўрлик, азобларни ўз вужудидан ўтказади, бу кулфатларга чидай олмайди, бундан хўрлиги келади. Шунинг учун ҳам муаллифнинг жони ҳалак бўлади, асарнинг ҳар бир сатридан дил оғриғи уфуриб туради. «Дод!» — дейди ёзувчи. Биз экранда мана шу руҳни кўрсатиб беришимиз керак эди.
Санъат тури борки, унинг ўзига хос талаблари бўлади. Худди шундай, кинонинг ҳам ўзига хос тили, услуби бор. Режиссёр адабиёт орқасидан кетиб қолса, яратилган асар на театр бўлади, на кино. Сценарий ёзиш давомида адабий асардан кўп нарсалар чиқиб кетади, бошқалари киритилади. Баъзан ёзувчининг биргина ибораси, битта жумласидан катта эпизод чиқиши мумкин. Режиссёр тасаввурида яратилган ўша тўқима муаллифнинг асарига зид келмаслиги керак. Ёзувчининг руҳиятига хоинлик қилиб бўлмайди.
Романга астойдил берилиб, ишониб ишласангиз, ёзувчи ғоясини ўзингизникидай ҳис қилсангиз, ишингиз енгил кўчади, эркин бўласиз. Биз Тоғай Мурод асарини кино қилиб, романни бойитдикми ёки баъзи жиҳатларини асардагидай беролмадикми, билмадим, лекин, имкон қадар, романни бузмасликка ҳаракат қилдик.
Шундай қилиб, асарни экранлаштириш ишига киришиб кетдик. Ростини айтсам, кинони суратга олиш ишлари анча қийин кечди. Плёнка йўқ, машина, техника йўқ… Баъзи эпизодларда қурол керак бўларди. Қуролни олиб бориш учун ҳарбий машина ҳам йўқ. Бусиз қуролни съёмкага олиб боришга милиция ходимлари рухсат беришмайди. Хуллас, фильм катта машаққат билан ишланди. Бошқа ёзувчилардан фарқли ўлароқ, Тоғай Мурод кино ишлаш жараёнига мутлақо аралашмади. Ҳаттоки, «Нима бўляпти?» — деб ҳам сўрамади. Ёзувчи бу билан бизга катта эркинлик берди. Бу эркинлик менинг зиммамга катта масъулият юклади.
Мен Тоғай Мурод билан «Отамдан қолган далалар» фильми тақдимотида учрашдим. У келиб, саломлашди-да:
— Шуҳрат ака, — деди. — Фильм эълон қилинаётганида аввал менинг номим, кейин сизники айтилсин. Шундай бўлади-да! Ахир менинг романим бўлмаганида фильмингиз чиқармиди?
Мен ёзувчига эътироз билдирмадим, у ҳақ эди.
«Отамдан қолган далалар» фильми тўрт соатни ташкил этади. Шундай қилиб, кино қўйилди. Томошабин шунақаям яхши қабул қилдики… қарсаклар, олқишлар зални тутди. Биз шу орада Тоғай Муродни йўқотиб қўйдик. Ахир одатга кўра, премьерадан кейин зиёфат берилиши керак эди-да. Биз, фильм ижодкорлари бирга ўтиришиб, бир-биримизни табрикламоқчи эдик. Шу қидирамиз, Тоғай Мурод йўқ, бирдан ғойиб бўлиб қолибди.
Қизиқ одам эди-да, Тоғай Мурод! Унга «Отамдан қолган далалар» асарининг фильм варианти ёқдими йўқми, билолмадим. Тоғай бу дунёдан ўтиб кетди… Лекин бир нарсага хурсандман: у мени сўкмади, ҳа, сўкмади. Чунки раҳматлик шундай ҳалол, принципиал одам эдики… Биринчидан, Тоғай Мурод ўз асарини саҳнага, экранга қўйишларига ҳамиша ҳам рози бўлавермасди. Иккинчидан, унинг ижозатисиз асарини саҳнага олиб чиққан беписанд санъаткорларнинг танобини тортиб қўярди. Муқимий театрида шундай воқеа бўлган, деб эшитганман.
Ёзувчи Тоғай Муроднинг ижодий аудиторияси кўнглимга жуда маъқул келди. Насиб қилса, унинг сўнгги романи «Бу дунёда ўлиб бўлмайди»ни ҳам кино қилиш ниятим бор.
«Отамдан қолган далалар» фильми премьераси яхши қабул қилинди ва кейин ҳам муваффақиятлар қозонди. Фильм Бухорода ўтказилган миллий кино фестивалида бош совринни олди. Кейин биз бу фильмни Туркияга олиб бордик. Истанбулга бутун дунёдан машҳур кинорежиссёр, актёр, драматурглар ташриф буюрган эди. «Отамдан қолган далалар» фильмини томошабин тик туриб, ўн беш дақиқа олқишлади.
Эсимда, Бухорода ўтказилган кино кунларида ҳаво 20 даража совуқ эди. Залда тумонат одам. Мен қалин кийиниб олган бўлсам-да, музлаб қолганимдан совуқда ўн дақиқа ҳам ўтиролмадим. Ҳаттоки кичкина болаларгача тўрт соатлик кинони охиригача кўрди, ҳеч ким залдан чиқиб кетмади. Бунга сабаб нима эди? Томошабинни қандай жозиба тўрт соатлик кинони кўришга мажбур этди? Ахир «Отамдан қолган далалар» фильми Америка киноларига ўхшаб детектив бўлмаса ёки Мексика сериалларига ўхшаб бир илмоқ билан томошабинни алдаб ўтирмаса… Йўқ! Томошабинни фильм охиригача ўтиришга мажбур этган сабаб — экранда аёвсиз, ҳаққоний ҳаёт кечмоқда эди.
Яна бир манзара ёдимда, бу воқеа ҳам Бухорода содир бўлган эди. Август ойи. Жазирама. Ер гўёки тандир бўлиб ёняпти. Зал тўла одам. Ҳавони совитадиган кондиционер ҳам йўқ эди. Шундай бўлса-да, битта ҳам томошабин кинони ташлаб чиқиб кетмади. Ҳамманинг кўзида ёш. Яқин йилларда бунақа йирик картина ишламагандим. Нега «Отамдан қолган далалар» фильми бунчалик машҳур бўлиб кетди? Нега халқ уни бу қадар яхши қабул қилди? Бунинг сабаби нимада? Менимча, бу саволга Тоғай Муроднинг «Ҳар бир санъат жанри замирида адабиёт ётиши керак», деган сўзлари жавоб бўла олади. Ҳа, бу фильм асосини катта адабиёт, том маънодаги эпик асар, санъаткорона битилган бақувват роман кўтариб турарди.
Мен ўз ижодий фаолиятим давомида кўп ёзувчилар билан ҳамкорлик қилганман, асарларини экранлаштирганман. Америка ёзувчиларидан тортиб, ўзбек адабиётигача… Саид Аҳмад, Комил Яшин, Раҳмат Файзий… Машҳур ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор «Маҳаллада дув-дув гап» фильмига диалоглар ёзиб берган. Жуда сергап, хушмуомала ёзувчиларни ҳам кўрганмиз, бирпасда ҳамма билан киришиб кетадиган ижодкорларни ҳам учратганмиз. Бу жиҳатдан Тоғай Мурод тамоман бошқача одам эди. Уни ҳеч кимга ўхшатиб бўлмасди. У ҳеч кимдан ҳайиқмай, аччиқ бўлсаям тўғри гапни айта оларди. Кўнгил оламига ҳеч кимни киритмасди. Ўйлайманки, бунинг ўз сабаблари бор эди. Шундай бўладики, баъзилар кўп гапириб, юрагини ҳадеб бўшатаверади-да, кейин ўзида ҳеч нарса қолмайди. Тоғай Мурод эса бутун ҳаёт ҳақидаги билими, учрашуву тўқнашувларини юрагидан ўтказиб, улар билан асарларини суғоради. Бор дардлари, ҳасратларини бир бора ана шу кўнгил фильтридан ўтказиб, қоғозга туширади. Ахир унинг асарларида ҳассос ижодкор қалби акс этиши бежиз эмас-да. Мен Тоғай Муроднинг кетма-кет дадил асарлар яратганлиги сирини ана шунда деб биламан.
Тоғай Мурод дунёни ҳис қилиши, уни идрок этиши билан ҳам ҳеч кимга ўхшамайди. У бўлакча! Адиб ўзига хос фикрлаши, асарларининг тили, фавқулодда ёрқин образлари билан ажралиб туради. У воқеаларга кинояли назар ташлайди. Ҳам юмори бор, ҳам жиддийлиги. Баъзи эпизодларни ўқиб, на йиғлашингни биласан, на кулишингни. Масалан, романда тасвирланган ўзбек аёли ҳаётини олсак. Ёзувчи ҳаётнинг ич-ичига нақадар кириб кетган, нақадар ҳақиқатни кўрсата олган: эзилган, лекин бахтиёрлик қўшиғини куйлаган ўзбек аёллари… Деҳқонқулнинг аёли ўзига ўт қўйиб юборади — бу даҳшат! Жаннатмакон Ўзбекистонда яшаб туриб, бошиқоронғи — ерик бўлганда иккита олма топиб ея олмайди! Аждодларимиз мероси Бухорою Самарқандни бутун дунёдан келиб томоша қиляпти, зиёрат қиляпти. Ўзбек аёлининг тасаввурини қаранг: «Мадрасалар баланд-баланд эмиш… Қарайин дегичларни рўмоли бошидан тушиб кетар эмиш». Бундай ҳаётий воқеаларни, аччиқ ҳақиқатни айни дамда яна қайси ёзувчимиз тасвирлаяпти, кўрсатяпти?
Тоғай Муроднинг қувваи ҳофизаси кенг. У ёзадиган мавзуларини чуқур ўрганади, ўзбекни чин маънода танийди. Тилимизнинг нозик қирраларини, захира луғат бойлигини яхши билади. У ишлатган сўзларни дафъатан учратиб қолсангиз, тушунмайсиз. Ҳатто ана шу сўзлар ўзбекчами ўзи, дейишимиз ҳам мумкин. Бу — бизнинг фожиамиз. Мен, Тоғай Мурод асл ўзбекча сўзларни яна муомалага киритиб, тилимизни бойитган, деб биламан. У асарларида қўллаган «янги» сўзларда фақатгина янги маъно эмас, балки янги, самимий оҳанглар ҳам бор.
«Отамдан қолган далалар» романини экранлаштириш мобайнида асар ичига чуқурроқ кириб бордим. Кейин Тоғай Муроднинг бошқа асарларини ҳам қайтадан ўқиб чиқдим. Санъат институтида Тоғай Мурод қиссаларидан баъзи парчаларни саҳналаштирдик. Бу асарлар талабанинг истеъдоди очилиши, намоён бўлишига туртки бўлади. Талабанинг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйишига имкон туғдиради. Чунки Тоғай Мурод қиссалари бармоқдан сўриб олинган сюжет ва образлар асосига қурилмаган, унинг асарларида пафос кучли. Тоғай Мурод ижоди ўткир эмоционал таъсири, ўт чиқарадиган тўқнашувларга бойлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ўқувчини, томошабинни ҳаяжонга солади, тўлқинлантиради, ҳаёт тўғрисида мушоҳада юритишга чорлайди. Улар жуда кинобоп асарлар. Аминманки, ҳали санъатнинг турли соҳа ижодкорлари Тоғай Мурод асарларига кўп бор мурожаат қиладилар. Бундай дейишимга сабабни юқорида айтиб ўтдим. Асар бақувват бўлмас экан, тузукроқ кино ишлаш мушкул.
Собиқ Иттифоқ даври, истаймизми йўқми, биз учун тарих. Халқимиз бошидан ўтган йиллар: орзулар, армонлар, интилишлар… Бу давр Тоғай Мурод асарларида ўзининг бадиий инъикосини топди. Модомики, халқ ўлмас экан, халқ абадий яшар экан, халқни қириб, йўқотиб бўлмас экан, унинг озодликка интилишини ҳам ҳеч ким, ҳеч қачон йўқ қила олмайди. Халқнинг хўрликка қарши исён, ҳурликка, саодатга интилиш ҳиссини сўндиролмайди. Ҳеч қандай кишанлар, ҳеч қандай ўқ, қамоқлар бу интилишни бўға олмайди. Халқ барибир ўз мақсадига эришади. Ёзувчи халқнинг ана шу кучига, қудратига ишонади.
«Отамдан қолган далалар» романи қаҳрамонлари Жамолиддин кетмон, Ақраб қўрбоши — курашчан одамлар, улар бир умр қадларини адл тутиб ўтди, бош эгмади. Улар — бизнинг тарихимиз, улар — бизнинг аждодларимиз. Халқимизнинг неча авлоди қийинчилик билан зулм остида яшаб келмоқда эди. Барибир шунча ситамларга қарамай, ёзувчи Тоғай Мурод кўтаринки руҳда, баралла — халқ ўлмайди, демоқчи!
Тоғай Мурод билан ўзбек адабиётида бир давр ўтди, катта бир тарихий воқеа ўтди. Тоғай Мурод халқпарвар, курашчан, тинчимайдиган буюк ёзувчимиз эди. Афсус, энди у орамизда йўқ.
Мен яна юқоридаги фикрга қайтмоқчиман: халқ ўлмайди. Модомики, ўзбек халқи, миллатимиз ўлмас экан, Тоғай Мурод асарлари ҳам ўлмайди. Демакки, Тоғай Мурод ҳам мангу яшайди.