Адашмасам, ўн бир ёшларда эдим. Ток кесиш маҳали бўлса керак, отам раҳматлик билан бирга кечқурун боғдан қайтаётган эдик. Йўлда менга тенгдош бола озроқ ўтин орқалаб олиб, бир кишига эргашиб келаётган экан. Отам у киши билан саломлашиб:
— Қани, Абдуғаффорбой, йигит ҳам катта бўлиб қолдими? — деб сўради.
Ўз навбатида у одам ҳам:
— Худога шукр, йигит бўлиб қолди, боғнинг токини ташиб ётибди. Кўрмаганмисиз, тўйларда олишиб туради, — деди.
Вақти келди, олиш бўлди. Иккаламизни олиштиришди. Узоқ курашдик, ғолиб бўлмади. Отамнинг бизларни ажратиб айтган шу гаплари эсимда қолган:
— Ўғлим, сен кураш тушган боланинг оти Тоғай, бизга қўшни ўтирадиган Баҳор момонинг невараси, Тожихолнинг ўғли бўлади. Отасини Бўрибой дегич эди. Мол дўхтири эди, ўлиб кетди раҳматлик.
…Биз туғилган қишлоқни Хўжасоат дейишади. У жуда катта қишлоқ — ҳозир ўн минг аҳолиси бор. Хўжасоат иккига бўлинган: Паст қишлоқ, Юқори қишлоқ. Сурхондарёнинг номдор полвонлари шу ерда туғилган. Ҳозиргача Ўзбекистоннинг ҳар еридан полвонлар келиб туради. Тўйларда икки қишлоқ полвонлари тарафма-тараф олишишган, агар чеккадан полвон келса, бир тараф бўлган. Кейинчалик ана шу тўйлар, ана шу кураш, кўпкарилар Тоғай Муроднинг машҳур қиссаларида акс этди, ўзбек курашини, кўпкарисини дунёга танитди.
Биз Тоғай билан ана шундай танишиб, топишиб ошна бўлганмиз. Мактабда ўқиб юрганимизда ҳар куни кўришиб, саломлашиб турар эдик, сал кейинроқ бир-бирларимизнинг уйларимизга ҳам бориб келадиган қалин ўртоқ бўлиб қолдик. Тоғай болалигида жуда ораста кийинар эди — кийган кийимига гард юқмас эди. Бу кийим-кечакнинг тахчиллигида эмас (60-йилларда уст-бош унчалик мўл эмасди), чиройли кийимини авайлаб сақлаш унинг ўзига хос одати эди.
Сал эсайганимиздан кейин у тиш чўтка ва паста сотиб олиб, тишларини парвариш қилиб бошлади. У тишларини кўз-кўз қилиб мақтанишни яхши кўрарди. Бу нарса кундаликларида ҳам акс этган — ҳар бир куннинг якунида тишларимни ювиб ётдим, деган сўзлар бўларди. Ана шу орасталик, озодалик унинг асарларида ифодасини топди. Дарвоқе, Тоғай жуда ёшлигидан хотира дафтар тутиб, уни мунтазам юритиб турар эди. Унинг кейинчалик, катта ёзувчи бўлиб кетишида ана шу кундалик — хотираларнинг ҳам беқиёс ёрдами бўлган, деб ўйлайман.
Тоғай бизнинг жўрабошимиз эди. Унинг айтгани айтган, дегани деган бўларди. У танани чиниқтиришни яхши кўрарди: қорда ювинишни, Измолининг сойигача (3-4 чақирим масофа ) югуриб бориб келишни, қиш пайтларида ариқнинг музини ёриб чўмилишни ёқтирарди ва бизни ҳам шунга мажбур қилар эди. Менгбой, Муҳаммади, Зиёд, Бозор Катта (ёши улуғлиги учун) Абдураҳмон, Аваз бирга юрар эдик. Қишки гурунгларимиз кўпинча Муҳаммадиларникида бўларди, чунки уларнинг бўлак меҳмонхонаси бор бўлиб, Тоғай уни «Кал том», деб атарди. Бунга сабаб уй Хоразм усулида қурилган, яна бир томони Муҳаммадиларнинг уйлари ёнида қишин-ёзин бир ариқ сув оқиб ётарди. Ёзда эса бизнинг гурунг марказимиз Зиёдларнинг томи устига кўчар эди. У маҳалларда Хўжасоат ҳақиқий қишлоқ, яъни қишлайдиган жой бўларди: одамлар қиш чиқиши билан ўтовию капасини олиб, эчки-қўй, моли билан даштга кўчиб чиқар, узум тугаши билан тўғри боққа кўчар, қишлоқда деярли ҳеч ким қолмас эди. Биз ҳувиллаб қолган қишлоқни ёзнинг қисқа ва ғаройиб оқшомларида юлдузларга тикилиб (ёшлигимизда осмондаги юлдузлар катта-катта бўларди шекилли) тонг отди гурунглар билан обод қилиб турар эдик.
Кундуз кунлари буғдой ўриб қайтар эдик. Кимдир гап топиб келар эди: «Жўраҳожи бобонинг қовуни пишибди, эрталаб ўтаётсам, сап-сариқ бўлиб ётибди, ўлай агар, ўз кўзим билан кўрдим». Чарчоқлар унутилади, ярим кечаси тўнларни кийиб олиб (тўннинг икки бари — ўнгири қайтарилса, тайёр халта бўлади) қовун ўғирликка жўналади. Қоронғи кечада ўлжа — қовунларни ёриб, еб бошлайсиз, мазаси қовунникига ўхшамайди, бошқасини ёрасиз, яна шу ҳолат. Шунда пастга — чироққа олиб тушиб кўрсак, Ҳожи бобонинг ошкади (ошқовоқ)ларини узиб келган бўламиз. Бу гапни топиб келган жўрамиз Абдураҳмон Истил эса ошқовоқ пўчоғи билан дўппосланади.
… Афсус, минг афсус, Тоғай Мурод бизнинг ана шу сирли, сеҳрли ўспиринлик давримиз ҳақида ажойиб бир қисса ёзмоқчи эди, гурунгларимизда айтганди, вақт бевафолик қилди.
Қиш кечаларида бир-биримизникида ётиб қолиб, дарс тайёрлар эдик. Тоғайнинг алоҳида ўз хонаси, ёзув столи бўларди. Ёзув столи тепасида дунё харитаси осиғлиқ турар ва Тоғай унда машқ қилишни яхши кўрарди.
Мен синфком эдим ва барча фанлардан яхши ўқишга ҳаракат қилардим. Бир куни Тоғай шундай деб қолди: ҳамма фанларни ўзлаштириб ололмайсан, бунинг имкони ҳам йўқ. Шунинг учун ўзингга ёқадиган бирор-бир фанни танла ва уни дурустроқ ўрган, мактабни битирганингда керак бўлади.
У ана шундай мустақил ва тўғри фикрлайдиган, ўринли маслаҳат бера оладиган ақлли бола эди.
Тоғай бир куни мактабга келмади, сабаби бўлмаса, у умуман дарс қолдирмас эди. (Бу воқеа, адашмасам, 1963 йилнинг апрел-май ойларида бўлганди.) Сабабини билиш учун дарслар тугагач, уларникига бордим. У бир ўзи чой ичиб ўтирган экан, кайфияти кўтаринки, кўзлари ёниб турарди.
— Биласанми, қаерда эдим, — деб сўз бошлади у, — Деновга, «Ғалаба учун» газетасига бордим, Чори Ёқубов деган кишига бир-икки ҳикоямни олиб боргандим, мақтади, ғайрат қилинг, деди. Энди гурунгларни камайтириб, кўпроқ ўқишим, ёзишим керак бўлади.
Ана шу воқеадан кейин у адабиёт билан, ижод билан жиддийроқ шуғулланадиган бўлди. Аввалги ўйинқароқ болалик ортда қолган эди. Тоғай ёшига номувофиқ тарзда жиддийлашган ва ўйчан бўлиб қолган эди. «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» деган юксак унвонга олиб келган йўл ана шундай бошланган эди.
1966 йил ҳам етиб келди. Мактабни тамомлаб, Самарқандга йўл олдик. Апрел зилзиласидан кейин Тошкент олий ўқув юртларига қабул Самарқандда бўлаётган эди-да. Тоғай ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди, мен эсам СамДУнинг филология факультетига имтиҳон топшириб, мандатдан қайтдим ва бир йил мактабда ўқитувчилик қилдим. У мени жуда чиройли қилиб, «маалим», деб атарди.
1967 йил ёзида ТошДУнинг филология факультетига кириб, тўрт йил давомида Тоғай билан деярли бирга бўлдик, яхши-ёмон кунларни бирга ўтказдик.
Мен унинг ўқишдан кейинги ҳаётини яхши билмайман. Менинг кенжа укам Иброҳим Қишлоқ хўжалик институтида ўқиди. Унинг хотирлашича, Тоғай уларнинг ётоқхоналарига онда-сонда бориб турган. Иброҳим, Тоғай ака ҳорғин-толғин, уст-бошлари ночор бўларди, дейди. Бу давр унинг ҳаётидаги тушкунлик даври эди. У буларнинг баридан эсон-омон ўтиб олди.
Тоғайнинг иродаси кучли эди. Бошидан ўтган шунча кўргилик-савдоларни ёлғиз ўзи енга олди. Менимча, ҳар қандай инсон бошига бундай савдолар тушса, ақлдан озиши тайин. Аммо у бари қийинчиликларни мардона енгди. Тоғай жуда қатъиятли эди.
Худонинг суйган бандаси эди у, боладай беғубор, ишонувчан. Шунинг учун ҳам Оллоҳ уни улкан ҳамда эзгу ишга бошлади — ўзбек адабиётига холис хизмат қилди, халқнинг севикли адибига айланди. Илоё Оллоҳ уни ўз марҳаматига олган бўлсин.