Саҳобиддин Холматов. Мангуликка дахлдор ижод

      Комментарии к записи Саҳобиддин Холматов. Мангуликка дахлдор ижод отключены

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти лауреати, катта адиб, моҳир таржимон, «Ойдинда юрган одамлар», «От кишнаган оқшом», «Юлдузлар мангу ёнади» каби қўшиқдай дилбар қиссалари, «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» сингари машҳур романлари билан кенг ўқувчилар оммаси эътиборини қозонган истеъдодли ёзувчи Тоғай Мурод орамиздан кетди. Ўзбек адабиёти иқтидорли ёзувчисидан жудо бўлди.

Ўлим, жудолик нақадар оғир! Агар Тоғай Мурод узоқ яшаганида эди, китобхонларга бундан-да кўпроқ, бундан-да теран асарлар ҳадя этиши турган гап эди. Ёзувчи ўзининг сўнгги ёзган романини «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» деб номлаган эди. Лекин ўлим ҳаммамиз учун бир кун ҳақ экан. Биров олдин, биров кейинроқ… Афсуслар бўлсинким, Тоғай Мурод ҳам дунёдан барвақт кетди, 55 ёшида оламдан ўтди.

Истеъдодли ёзувчининг гўзал Фарғона водийси, хусусан, туманимизга ҳурмат-эътибори беқиёс бўлганлигини кўпчилик мухлислар билишмаса керак. Ана шу боис Тоғай Муроднинг ҳаёт йўли, ижоди ҳақида қисқароқ бўлса-да, ўз қарашларимизни баён қилишга жазм айладик.

…Олис Сурхондарё вилоятининг Денов (ҳозир Олтинсой) туманидаги Хўжасоат қишлоғида туғилган Тоғаймурод Менг­норов 1966 йили ўрта мактабни тугаллаб, ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди-ю, бу факультетда бир йилча таҳсил олиб, негадир кўнгли тўлмай, ўқишни журналистика факультетига кўчирди. Ана шундан бошлаб Тоғай Мурод мазкур сатрлар муаллифи билан курсдош бўлиб қолди.

Тоғай Мурод бу факультетда ўқир экан, талабалар орасида ўзга бир олам эди. Гарчи унинг дастлабки ёзган ҳикоялари ўша вақтда талабчан ёзувчи Асқад Мухтор муҳаррирлик қилаётган «Гулистон» журналида тез-тез босилиб турса-да, ҳаволанмас, ўзини сипо тутар, ўқиш ва изланишдан чарчамасди. Тоғай Муроднинг матбуотда эълон қилинган ҳар бир ижодини биз кўпчилик курсдошлар катта қувонч билан кутиб олар, ундан келгусида истеъдодли ёзувчи етишиб чиқажагига ишонар эдик.

Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Тоғай Муроднинг 70-90-йиллари ёзган қатор қисса, романлари янгича услубда битилганлиги, тилининг жозибадорлиги билан адабиётимизда ўзига хос бир янгилик бўлди, унинг истеъдодига барча тан берди. Тоғай Мурод асарлари билан яқиндан танишган, уни севиб мутолаа қилган ҳар бир ўқувчи буни яхши билади.

…Тоғай Мурод дастлаб 1970 йили туманимизга келган бўлса, унинг кейинги ташрифи 1975 йилга тўғри келди. Ўшанда у Республика радиосининг чет элга эшиттиришлар берадиган «Ватандошлар» таҳририятида мухбир бўлиб ишлар эди.

Тоғай Мурод туманимизга келиб, ўша пайтлардаги туман раҳбарларидан Алижон Пайғомов ҳузурида бўларкан, унга ўз мақсадини айтганида, у беҳад хурсанд ҳолда: «Раҳмат, ўғлим, умрингиздан барака топинг, шунчалик бизни йўқлаб Тошкентдан келибсиз, туманимиз меҳнат аҳлининг ҳаётини дунёга танитмоқчи бўлибсиз, миннатдормиз сиздан!» — деганлари ҳамон ёдимда.

Ўшанда Тоғай Мурод туманимизда бир неча кун бўлиб, кўплаб донгдор кишилар билан суҳбатлашган, уларнинг дил сўзлари, орзу-интилишларини магнит тасмасига тушириб, эфирга берган эди. Радиожурналист Тоғаймурод Менгноровнинг тумандошларимиз Меҳнат қаҳрамонлари — Ойшахон Йўлдошева, Рисолатой Эргашева, пахтакорлардан Деҳқонбой, боғбон Қувватали Расулов ҳақидаги таъсирчан радиолавҳалари Республика Телерадио қўмитаси томонидан маъқулланиб, ташаккурнома олган эди.

Ҳа, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, такрорланмас истеъдод соҳиби, вилоятимиз, туманимиз аҳлини беҳад севувчи, улар ҳақида асарлар битган ижодкор Тоғай Мурод тўғрисида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Тоғай Мурод бугун орамизда йўқ бўлса-да, ундан адабиётимиз учун бой мерос қолди. Ҳали Тоғай Муроднинг маҳорат билан ёзилган ҳикоя, қисса ва романлари, таржима асарлари кўплаб нусхада нашр қилинишига, улар миллионлаб китобхонлар томонидан севиб ўқилишига ишонамиз. Чунки мангуликка дахлдор бу асарларни мухлислар йиллар оша эмас, асрлар оша ўқийдилар, ўқийверадилар…