Бутун қалб бойлигини ва бор истеъдодини бир нуқтага йиғиб, қоғозга тирик тушира оладиган ёзувчигина китобхонни ҳаяжонга соладиган, унинг кўнгил мулкига айланадиган асарлар яратади.
Раҳматлик Тоғай Мурод ана шундай қалби бой, истеъдоди ёрқин адиблардан эди. Ёзувчининг асарларидаги ўзига хос, такрорланмас фазилатлар унинг туғилиб-ўсган юрти, тупроғи олинган жойларнинг таровати билан нақадар боғлиқ эканини мен Сурхондарёнинг Хўжасоат деб аталмиш қишлоғидан олган таассуротларимга қиёслаб пайқаган эдим.
Бу қишлоққа биз Асқад Мухтор, Одил Ёқубов – учовимиз 1963 йилнинг кузида борган эдик. Термиз орқали Сариосиёга, сўнг Ҳазорбоғ, Сино орқали Хўжасоатга ўтган эдик. Қорли тоғларга бориб туташган адирлар бағрида тоғ сувлари ҳосил қилган илиқ камарлар кўп экан.
Бу камарлар шифтидан булоқ сувлари ипдай тизилиб оқиб туради. Қишда ҳам музламайдиган бу илиқ сувлар ҳимоясида камар шифтидан соч толаларидай пастга осилиб ўсадиган сумбулларни биз ўша ерда биринчи марта кўрдик. Асқад ака «Чинор» романида бу сумбулларни тоғдан зўравонлик билан кўчирилган Шивилғон қишлоғининг кўчаларида тупроққа қоришиб ётган ҳолда тасвирлаган эди. Шу билан мустабид тузумнинг сумбулдай ноёб гўзаллик ўсадиган қишлоқни ёппасига кўчириши шафқатсизлик бўлганини кўрсатган эди.
Лекин табиат мўъжизаларини авайлаб ўрганган халқимиз сумбулни қанчалик эъзозлашини мен «Қора кўзлар» романида Авазнинг суюкли ёри Ҳулкар тоғ камаридан узиб олган бир неча тола сумбулни узун қора сочига тақиб, бошида олиб юрганини тасвирлаган эдим. Қисқа бир сафар пайтида Хўжасоат адирларидан олинган таассурот ўша олтмишинчи йилларда ёзилган бир эмас, иккита романга гўзал ҳаётий деталь берганлиги тасодиф эмас экан. Кейинчалик Тоғай Муроднинг шу Хўжасоат қишлоғи, Сурхон водийси ва у билан туташ ўзбек диёридан олган таассуротлари унинг «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» номли қиссаларида ва «Отамдан қолган далалар» романида ниҳоятда ёрқин ҳаётий образларга айланганини кўриб, унинг истеъдоди ва маҳоратига қойил бўлганман.
Дунёда жуғрофий кашфиётлар асри бўлди, фан-техника кашфиётлари асри бўлди. Шундан кейин этнос деб аталадиган миллатларнинг ажойиб хусусиятларини кашф этиш асри бошланди. Йигирманчи асрнинг Габриэль Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов каби ёзувчилари ўзлари мансуб бўлган миллатларнинг дунёда такрори йўқ ажойиб ери, ҳаётларини бадиий кашфиёт даражасига етказиб тасвирлаганликлари учун бутун жаҳонда ўз асарларига нисбатан кўп қизиқиш уйғотдилар. Тоғай Мурод асарлари ҳали дунё тилларига таржима этилган эмас. Уни асосан ўзбек китобхони суйиб ўқийди. Масалан, ўзбек кураши биринчи марта Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси билан адабиётимизга кириб келган эди. Афсуски, қисса яратилган етмишинчи йилларда унда қандай катта ижодий кашфиёт борлигини кўпларимиз ҳали англаб етмаган эканмиз. Орадан ўнлаб йил ўтгач, истиқлол даврида ўзбек кураши жаҳон миқёсига чиққандан кейин Тоғай Мурод келажакни олдиндан кўргандай катта ижодий кашфиёт қилганини, унинг қиссасида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ўзбеклар узоқ тоғ қишлоғида қандай ажойиб полвонлар қиёфасига кириб, кураш тушишини ўқиганда сиз ҳам шу полвонлар миллатига мансуб бўлганингиздан ғурурланасиз.
Адиб «От кишнаган оқшом» қиссасида ҳам ўзбек миллатига хос чавандозлик маҳоратини ва Зиёдулланинг мардона қиёфасини адабиётимиз учун янгилик бўлган бир бадиий кашфиёт даражасига етказиб тасвирлайди. «Отамдан қолган далалар» романидаги Жамолиддин ва Деҳқонқул, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида Қоплон ва Оймомо тўғрисида ҳам шу фикрларни айтиш мумкин. Мана шу фазилатлар учун шахсан мен Тоғай Мурод асарларини мумтоз китобларим орасида сақлайман, уларни ҳар сафар қайта ўқиганда, унинг қаҳрамонларидаги эркакча тантиликдан ва муаллиф услубидаги мардона оҳанглардан завқ оламан.
Афсуски, бугунги айрим эрлар орият туйғуларини унутиб, хотинларини чет элга, номуносиб жойларга ишга юборадилар, ҳатто «бор, пул топиб кел», деб кўчага ҳайдайдилар, ўзлари эса уйда аёлча юмушларни қилиб, бола боқиб ўтирадилар. Айниқса, мана шундай эрлар Тоғай Мурод асарларини ўқисалар, балки эркаклик ғурурининг қадрига етармидилар?
Тоғай Мурод ҳаётлигида у билан юракдан суҳбатлашган пайтларимиз кўп бўлган эди. Энди китобларни ўқисам, у ўз қалбини асарларига жойлаб кетганини сезаман. Шунинг учун уларни ўқиш жараёнида Тоғай Мурод билан қалбан суҳбатлашгандай бўламан. Ўйлайманки, унинг китоблари умрбоқий асарлар қаторида китобхонлар томонидан ҳам доим севиб ўқилади.