Гапни бир танишимдан бошлай.
Таниш ҳам эмас, қадрдон. Қучоқлашиб кўришадиган. «Таниш» деганимга сабаб, йиллар бўйи тақдир тақозоси билан бир даврада юриб, илк қарашда ака-укага айланиб кетганмиз-у, лекин орамизда сирдошлик, дардкашлик йўқ. Иккимизни ҳам одамлар «ёзувчи», дейишади. Шунинг баробарида, бизда маслак, адабиётга, демакки, ҳаётга ҳам қараш ҳар хил эканлигидан, муносабатларимиз орадаги қулатиш қийин бўлган девор устидан бир-бирига қўл чўзиб тургандек ҳолатни эслатади.
Адабиёт — унинг учун ҳар қандай одам эплаб кетадиган оддий касби кор ва яна шуҳрат, мансаб, манфаат майдони! У иложи борича тез, кўп, катта китоблар чиқариб, атрофдагиларни тирсаги билан орқага сурганча, мана, мен адабиётни гуллатяпман, дейишни ёзувчилик деб билади. Одамнинг юзи иссиқ. Унга адабиёт — заҳмат, азоб, гоҳи бир сўз тополмай оворалик, Худо аввалдан берган «дард» эканини айтолмайсан. Буни айтган тақдирингда ҳам у тушунмайди, аксинча сен мақтанаётганга ўхшаб қоласан.
Яшириб нима қилдик, ҳозир, айниқса, фикр эркинлигидан, баъзан «қўли узун» бўлганлигидан фойдаланиб, бундай «ўзини адабиётга урганлар» сони олдингидан камида ўн ҳисса ошиб кетди. Бир кунлар адабиёт остонасига яқин йўлай олмаган кишилар бу кун тўрга ўтиб ўтирибди. Марказдами, вилоятдами босилган «уста кўрмаган шогирд»ларнинг ғиштдек китоблари шаҳар-қишлоқ бўйлаб айланиб юрибди. Моҳир бир ижодкор «Сайланма» тузишга ботинмайди. Буларнинг қўлида «Сайланма» ҳам тайёр. Баракалла, деб кетавериш мумкин эди-ку, уят деган туйғу камлигини ўйлаб эзиласан.
Ёзувчилик — энг аввал, ҳаёт олдида жавобгарлик. Бобокалонларимиз Маҳмуд Кошғарийдан тортиб, Алишер Навоийгача «сўз шарафи» ҳақида куюниб ёзганлари маълум. Навоий каби Улуғ Зот умри охиригача ўз ёзганларини қайта-қайта кўриб чиққанини билсангиз керак. У бир тунда фалон сатр ёзган шеърбозга кулиб, танбеҳ берганини ҳам биласиз. Устоз Ойбек ёзувчи деган ном юксаклигини ўз ҳаётида исботлаган эди. Яна бир устоз Абдулла Каҳҳор сўз бобида ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аямас эди. Кейинги авлоддан Асқад Мухтор ҳатто «Мен ёзувчиман, дейиш ноқулай. Ҳурматга лойиқ, яхши одамман дегандек эшитилади!» мазмунидаги гапни баъзан таъкидлар эди.
* * *
Тоғай Муродни эслаб, шуларнинг бари хаёлимдан кечди. Ўйлаб кўрсам, укам Тоғай Мурод мендан етти ёш кичик экан. Устозлар, акалар, тенгдошлардан ҳам кўра кўпроқ, укаларни йўқотиш оғир. Асқар Қосим, Тилак Жўра, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф…
Тоғай Мурод дастлабки ҳикояларини ёзиб, ҳали Менгноров деб тўлиқ исми шарифини келтирган пайтда менга таниш эди. У кам ҳикоя ёзган, аммо ёзганларини қўлёзмада ҳам, матбуотда ҳам ўқиганман: ўшанда уч-тўрт йил бир жойда — у билан Ўзбекистон Давлат радиосида ишлаганмиз. Кейинчалик уни, қиссалари, романлари билан шуҳрат қозона бошлагач, кўп эмас, аҳён-аҳён кўча-кўйда учратганман, холос. Тоғай Мурод давралардан ўзини тортар, одам тўпланган жойни хуш кўрмаслиги одати сезилар, шундан уни кўп ҳам учратиб бўлмасди — табиатан сал «ёввойи», тўғрироғи, у ўз ОРОЛИ БОР одамлардан ва шу ОРОЛда осойишта яшашни бахт, деб билган АДИБлардан эди. Биров мажлисларда жавлон уриб, нутқ ирод қилсин — бемалол, Тоғай Мурод зерикар ва аксар ўзини қандай тутишни ҳам билмагандек ҳолатга тушар эди. Мен унинг қиёфасида муҳим белги нима эканлигини ўйлаганман. Унинг юз-кўзида қишлоқдан шаҳарга келиб қолган ДЕҲҚОНга хос — ўзидан ва атрофдагилардан бир оз хижолат чекаётгандек ҳолат муҳрланган эди! У қаҳрамонларидан бирини Деҳқонқул деб атагани, меҳр билан тасвирлагани бежиз эмас. Катта давраларда ҳаловат топмаслиги ҳам, ёлғиз ўй суришга ва ёлғиз суҳбатга унинг мойиллиги ҳам «деҳқонча» эди. Тоғай шаҳарда яшаб ЗИЁЛИга, адибга айланган, бироқ «ичида» ДЕҲҚОН бўлиб қолаверган эди!
Ўша, кўча-кўйда кўришганимизда, хилват бир гўшада икки-уч соат суҳбатлашиб ўтирган пайтларимиз бўлган. Шунда унинг дала, ер ҳақида ёзганлари шунчаки мавзу танлаш эмаслиги, бутун ҳаёти, табиати билан боғлиқ, ДАЛАда ёлғизликка ўрганган! Кўп сўзламайди ва сўзининг ўзига эҳтиёж ҳам сезмайди. Асосан, хаёл суради! Гоҳ-гоҳ нимадир хиргойи қилади. Лекин мана шу «хиргойи»да унинг бор сўзи, дарди ҳасрати акс этади…
Тоғай Мурод қачонлардир, дейлик, ёшлигида, шеър ёзганми, эшитмаганман. Кузатганим, унинг насрида шеърий руҳ, қўшиқми, куйми — биринчи ўринда туради. «Қўшиқ» деган асар ёзганининг боиси ҳам шу! Бу қўшиқ, куйда гоҳо товуш бўғилганими, қўл титраб, тор маромида чертилмай қолганими сингари ҳолатлар учрайди. Бу — табиий ва биз бунга аҳамият бермаймиз, яхлит бир «хиргойи»дан ҳаяжонланиб, беихтиёр завқланамиз, холос.
Ана, Тоғай Мурод ҳаётидан кейин ҳам, она юрт, бепоён далалар устида УНГА ХОС қўшиқ, куй янграб турибди. Ва мен, узоқ замонлар бу қўшиқ, бу куй унинг мулки бўлиб янграб қолаверишига кўнглимдан ишонаман…