Тоғай Мурод, шубҳасиз, XX асрнинг етмишинчи йилларида адабиётимизга кириб келган истеъдодли ёзувчи. Ўша йиллардаёқ, у ўзининг «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» ва бошқа асарлари билан машҳур бўлиб кетди.
Мен уни биринчи марта Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир муовини бўлиб ишлаган пайтларимда кўргандим. Тоғай Муроднинг биринчи қиссаси «Юлдузлар мангу ёнади» шу нашриётда чоп этилганди. У бир қарашда жуда дағал, ҳаддан зиёд ғурури ғолиб йигитга ўхшарди. Унча-мунча ёзувчиниям, унча-мунча танқидчиниям назарига илмас эди. Бу хислат кейинчалик, катта романлар ёзганида эмас, ёшлик пайти, «Юлдузлар мангу ёнади» номли биринчи қиссаси нашр қилинганидаёқ маълум бўлиб қолди. Лекин, ҳақиқатан ҳам, бу қисса чиққанида адабиётимизга, шубҳасиз, катта бир истеъдод кириб келганидан далолат берди. Асарнинг тилиям, услубиям ўзига хос эди. Ёзувчи яратган қаҳрамонлар характериям ниҳоятда оригинал, адабиётда биз кўп ўқиган китоб қаҳрамонларининг хулқ-атворидан батамом ажралиб турарди. Ўша вақтгача адабиётимизда яратилган жуда кўп асарлардан бошқача ва энг муҳими, ёрқинроқ, ўзига хос томонлари бўртиб кўриниб турган асар эди. Қиссада ҳам ва унга қўшиб чиқарилган ҳикояларида ҳам услуби жиҳатидан тамомила бошқача бир адиб намоён бўлди.
У бир қарашда қўпол, манман, ҳеч кимни назарига илмайдиган одамга ўхшаб кетарди. Кейинроқ маълум бўлдики, Тоғай Мурод манман эмас, аксинча кўнгли нозик, камчиликлари ҳам, фазилатлари ҳам ўзига хос бир инсон экан. Гаплашиш усулларидан тортиб, асарларигача алоҳида бир дунё экан. Кейинроқ унинг йирик асарлари буни яққол намоён этди. Айниқса, «Отамдан қолган далалар» романи чиққанидан кейин у адиб сифатида бирдан ярақлаб кетди. Тилга тушди. Боя айтганимдек, аввалги ҳикоя ва қиссалариям довруқ қозонган эди, лекин бу романи, айтиш керакки, жуда катта истеъдод яратган асар сифатида ярқираб кўринди. Мен ўшанда Ёзувчилар союзининг раиси эдим. Биз қўшни эдик. Бир куни эрталаб телефон жиринглаб қолди. Олсам — Тоғай Мурод!
— Одил ака, — деди у. — Мен роман ёздим. Ҳозир сизга олиб бораман. Шу бугун ўқиб чиқасиз!
— Ҳажми қанча ўзи?
— Ўн саккиз босма тобоқ бўлади.
— Катта нарса экан. Мен ҳали ишга бораман. Бир кунда бутун бир романни ўқиб бўлармиди? — десам, чўрт кесиб айтдики:
— Сиз аввал ўқишни бошланг! Шунда ўзингиз ҳам қандай тугатганингизни билмай қоласиз!
Ғалати! Бу гапларни ёзувчининг ўзи айтяпти, ўзининг асари ҳақида шундай деяпти! Ҳеч ким бундай демайди-ку! Камдан-кам адиб бундай муомала қилади-да!
— Ҳай, олиб кел, — дедим энсам қотиб.
Сал ўтмай романни кўтариб кириб келди. Асарни ўқий бошладим. Бошладим-у, кеч бўлганини ҳам билмай қолибман. Хуллас калом, ҳақиқатан ҳам, асарни кечқурунгача ўқиб чиқдим. Чиндан ҳам бақувват асар эди. Адабиётимизда, прозамизда сўнгги ўн беш-йигирма йил ичида яратилган жуда оригинал, ҳаққоний, ҳаётнинг катта зиддиятларини кўрсата олган роман эди. Асар деҳқонлар ҳаётининг бутун машаққатларини, қийинчиликларини, дарду ҳасратларини оча олган роман эди. Айниқса, асардаги она ва бола образлари мени ларзага солди. Ўша вақтлар пахта далаларида дори кўп ишлатиларди. Мелконтапос деган. Бола ана шу дори тагида қолади ва ўлади. Она телбаланиб қолиб, пахтазорда фарёд чекиб, ўғлини қидириб юради. Даҳшатли манзара.
Танқидчилик ҳам, китобхон ҳам асарни жуда яхши кутиб олди. Кейинроқ эса роман Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бу воқеалар асар чиқиб, шуҳрат қозонгандан кейин бўлди. Унгача эса … (Мен бу воқеани Тоғай Мурод характерининг ўзига хос томонларини кўрсатиш учунгина ёзяпман!) Унгача яна бир қизиқ воқеа юз берди.
Тоғай қўлёзмани менга олиб келган куни кечқурун телефон яна жиринглаб қолди. Трубкани олсам — Тоғай Мурод.
— Ҳа, ўқиб бўлдингизми? — деди у дағал, ўктам овозда.
— Ҳа, ўқиб бўлдим!
— Қалай?
— Яхши, табриклайман!
— Йўқ, телефонда табрикламанг! Мен ҳозир бораман, олдингизга!
Келди. Гаплашиб ўтирдик. Мен ўз фикрларимни айтдим.
У қувониб кетди. Кейин:
— Бир нарсангиз борми? — деб сўради ўдағайлаб.
— Нимам? — дедим, тушунмаган бўлиб.
— Шуниям тушунмайсизми? Қанақа тўпори одамсиз? Қиттай-қиттайни айтяпман. Борми ё ўзим опкелайми дўкондан!
— Йўқ, йўқ! Бошқага бўлмасаям сенга топилади, Тоғай!
Гапнинг пўскалласи, қиттай-қиттай қилдик.
Раҳматлик жуда хурсанд бўлиб, чиқиб кетди.
Демоқчиманки, у худди ўз асаридагидек, ўта тўғрисўз, бир қарашда жуда дағал, аслида эса ниҳоятда кўнгли нозик, самимий, оқкўнгил инсон эди…
Адабиёт қачон адабиёт бўлади? У бор ҳақиқатни айта олса, ҳаётнинг аччиқ томонларини кўрсата олсагина адабиёт бўлади. Майли, ширин дамларни ҳам кўрсатсин. Фақат бир томонлама бўлиб кетмасин, ҳаётнинг бахтли онлари бўлса, уларниям ёзсин. Лекин ҳақиқатдан кўз юмиб ёзилса, бу асарнинг қиймати бир тийин бўлади. Адабиётда бу энг катта масала! Толстой айтган бир гап бор: адабиётнинг бош вазифаси — ҳақиқат, ҳақиқат ва яна бир марта ҳақиқат! Толстой адабий асарга қўйган талабларга Тоғай Мурод ижоди жуда тўғри келади.
«Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи, айтиш керакки, бошқа ҳеч бир асарга ўхшамайди. Ҳар бир катта ёзувчи ўзига хос услуб яратади. Тоғай мана шу чўққини забт эта олган ижодкорлардан. Унинг услубидай услуб бошқа ҳеч бир ёзувчида йўқ. Тоғай Муроднинг адабиётда алоҳида ўрни бор. Буни дунёда ҳеч нима билан тенглаштириб бўлмайди.