Оилавий альбомимизда бир рангли сурат сақланади. Унда Тоғай Мурод ва Маъсума Аҳмедованинг бахтли дақиқалари муҳрланган. Никоҳ оқшомида олинган бу сурат орқасига Тоғай Муроднинг самимий дил сўзлари битилган.
1984 йили «Гулистон» журнали бўлим мудири, раҳматлик Шомурод Сиддиқов менга телефон қилиб қолди:
— Шоир, келмасангиз бўлмайди, бир савоб иш чиқиб қолди.
Шомурод ака одамларнинг бошини қовуштириб юрадиган, тўйларда кайвонилик қиладиган инсон эди. Мен эса хорижда ишлаб олиб келган мовийранг «Волга» машинам билан ҳамкасбларнинг тўй-маъракаларида беминнат хизмат қилар эдим.
— Тоғай Мурод дарвеш уйланадиган бўпти, келин ҳам ўзимиздан, нашриётда ишлайдиган Маъсумахон, — деди учрашганимизда Шомурод ака. — Энди биргаликда бир хизмат қилмасак бўлмайди. Ахир бу ерда унинг ҳеч кими йўқ.
Мен уларнинг иккаласини ҳам яхши билар, Тоғай Мурод билан университетда ўқиб юрган пайтлари танишган эдим. Кейинчалик у мен масъул котиб бўлган «Ёшлик» журналига тез-тез келиб турадиган бўлди, ўқувчилар тилига тушган илк қиссалари бизда босилди. Маъсумахон ҳам матбуотдаги ҳикоялари билан ижод аҳлига танилиб қолганди.
Хуллас, тўй куни ҳам етиб келди. «Куёв бола» ва жўралари билан Паркентга, Маъсумахоннинг уйига йўл олдик. Никоҳ маросимларини ўтказдик. Шомурод ака бошчилигида шинамгина тўй чиройли ўтди. Ярим тунда келин-куёв билан Тошкентга қайтдик. Бу сурат ўша кунлардан хотира бўлиб қолди.
Шу воқеа сабаб бўлди-ю, Тоғай билан янада қадрдон бўлиб кетдик. Ҳар сафар учрашганимизда у қучоқлашиб кўришар, «ака, бормисиз», дея ўзининг янги асарлари, режалари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлар эди.
«Отамдан қолган далалар» романи илк бор «Ёшлик» журналида босилди. Масъул котиб сифатида уни цензурадан ўтказиш учун анчагина машаққат чекдим. Ҳар бир жумла, ҳар бир саҳифа учун «жанг» қилишга тўғри келди.
— Айтилган жойларини тузатасизлар, бўлмаса асарни бутунлай олиб ташлайман, — деб туриб олди цензор.
Романнинг баъзи бобларини «таҳрир» қилишга мажбур бўлдик. Тоғайнинг ўзига айтмадик. Чунки жанжал чиқиб кетса, асар босилмай қоларди. Лекин шу ҳолида ҳам у тезда ўқувчилар тилига тушди, Тоғай Муроднинг чинакам иқтидорини намойиш қилди.
1994 йил адиб учун омадли келди. «Шарқ» нашриёт-матбаа бирлашмаси бирин-кетин унинг иккита китобини чоп этди. Биринчи китобига «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо-Ер қўшиғи» қиссалари кирган эди. Энг муҳими, оқсоқол адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад бу китобга самимий, руҳлантирувчи сўзбоши ёзган эди. Иккинчи китобга эса «Отамдан қолган далалар» романи киритилган бўлиб, унга Тоғай Муроднинг ўзи сўнгсўз битганди. «Мен» деб аталган бу сўнгсўз китобхонга ёзувчининг машаққатли ҳаёт ва ижод йўли ҳақида маълумот беради, унинг қайсар ва курашчан руҳини англашга кўмаклашади. Қаранг, адиб нима дейди: «…Мен шу ният йўлида (ижод йўлида — Н.М.) иморат солмадим, машина олмадим, мансаб эгалламадим, шон-шуҳрат қизғанмадим. Мен дунё талашмадим! Фақат изландим, фақат ўқидим… Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!»
У ўз сўзининг устидан чиқди. Қисқа, аммо мазмунли ҳаёти давомида яратган ёрқин асарлари билан ҳам халқига, ҳам ўзига ҳайкал қўйиб кетди.
1998 йили Шуҳрат Аббосов бошчилигидаги ўзбек киночилари Туркияда меҳмон бўлишди. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходими сифатида мен ҳам уларга ҳамроҳлик қилдим. Истанбулда туркий давлатлар кинофестивали бўлаётган эди. Иштирокчилар орасида жаҳонга машҳур кинорежиссёрлар, актёрлар, драматурглар бор эди. Шаҳардаги йирик кинотеатрлардан бирида Шуҳрат Аббосов яратган ва яқиндагина экранларга чиққан 4 серияли «Отамдан қолган далалар» фильми намойиш этилди. Бир неча соат давом этган фильм катта қизиқиш билан томоша қилинди. Вақт-вақти билан қарсаклар янграб турди. Фильм ниҳоясида фестивал иштирокчилари ва бир неча минг томошабин фильм ижодкорларини оёқда туриб олқишлади. Афсуски, ҳайъат таркибида Тоғай Мурод йўқ эди. «Бу манзарани унинг ўзи кўрганида қанчалар қувонарди», деган фикр ўтди ўшанда хаёлимдан.
Тоғай Мурод ўзбек насрига янги руҳ, янги нафас олиб кирди. У ўзбек тилининг бой имкониятларини яна бир бор намойиш этди. Ҳеч кимникига ўхшамаган услуби, бадиий тасвир воситалари билан адабиётимизда янги қўриқ очди. Ўжар, бир сўзли, ижоддан бошқа нарса билан иши йўқ бу полвонкелбат йигит руҳан кашфиётчи эди. У илк машқларидан бошлаб ўз йўлини қидирди ва уни топди. Адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айланди. Юлдузлар эса, адибнинг ўз ибораси билан айтганда, мангу ёнади.