Яхши одам ҳақида, айниқса ўзингга яқин одам ҳақида хотира сўзлаш қийин. Масалан, Тоғай Мурод ҳақида у фалон йили Сурхонда туғилган, фалон, писмадон асарлари бор, талай-талай унвонлару нишонларга сазовор бўлган, десак қуруқ гап бўлиб қолади. Буни ҳурматли олимларимиз гапиргани маъқул. Биз эса кўпроқ Тоғайнинг одамгарчилиги, феъл-атвори ҳақида гапирганимиз маъқул.
Мен Тоғай Мурод билан қаерда, қай йўсин танишганлигимни ҳеч эслай олмайман… Бу ҳақда ҳарчанд ўйланмай, барибир, хотирлай олмадим. Назаримда, мен уни болалик чоғидан, ўша мактабда ўқиган йилларидан бери, қўлига қалам олиб, дастлабки асарларини ёза бошлаганидаёқ таниганга ўхшайман. Ё тавба, бунинг сабаби нимада деб ўйлаб қарасам, ҳаётимиздаги баъзи жиҳатларнинг муштараклигида экан. Мен бу шаҳри азимга Туркистон деган шаҳардан келганман. Аҳмад Яссавий таваллуд топган табаррук тупроқда туғилганман. Бизнинг ҳам дашту далаларимиз кенг ва ясси, унинг этакларида биз учун қадрдон — Қоратоғ тизмалари ястаниб ётибди… Тоғай ҳам Сурхондаги Хўжасоат қишлоғидан, азим тоғлар юртидан келган, мабодо ундан тоғлар ҳақида, ўзи туғилиб-ўсган кенгликлар ҳақида сўраб қолсангиз, худди шоир бўлиб сайраб кетиши каминанинг кўнглига жуда яқин эди. Уни болаликдан бирга ўсган қадрдондай кўришимнинг боиси шунда экан.
Мен Тоғайни «полвон» деб чақирардим. Ўзингиз биласиз, Сурхондарё полвонлар юрти. Ўзи ҳам гавдаси бузуқ, елкаси кенг, кўзларида мунг бор бола эди. У одам билан тез яқинлашиб, шатир-шутур гаплашиб кетавермас эди. Индамай, вазминлик билан гапингизни эшитиб ўтирарди. Менинг Тоғайни яхши кўришим унинг тоғу даштни яхши билишидан эди. Айниқса, у чорвани яхши биларди. У от ҳақида асар ёзди. Бу борада ўзбек адабиётида унинг олдига тушадигани йўқ, десам муболаға бўлмайди. Бу фазилат ҳам менга таниш. Мен ҳам асарларимда дарёлар, қамишзорлар, тўқайзорлар ҳақида кўп ёзганман. Лекин Тоғай от ҳақида ёзганида шунақа чиройли тасвир қила олдики, у тасвир қилган отни беихтиёр «Бойчибор» деб юборгинг келади!
Бир маҳаллар шунақа бўлдики, устоз Саид Аҳмад «Жимжитлик» романини бошлаганида (бу асарда от ҳақида, унинг феъл-атвори ҳақида гап борар эди), устоз мендан от ҳақида маслаҳат олди. Кунлардан бирида уюшмада кўришиб қолиб: «Мен от ҳақида яхши биладиган зўр маслаҳатчини топдим», деб мақтаниб қолди. «Ким экан у зўр?!» — деб сўрасам, Тоғай Муродни айтди. Буни қарангки, устоз қанчалик катта ёзувчи бўлмасин, барибир у киши шаҳарлик-да, Тоғайдан маслаҳат олибди. Бунинг ҳеч айби йўқ. Ёзувчи кўрган нарсасини ёзса таъсирлироқ чиқади. Бу айни ҳақиқат. От ҳақида устоз муайян тасаввурга эга бўлмаслиги табиий, лекин у одамлар ҳақида ва уларнинг ўзаро мулоқотлари ҳақида қалам тебратганида устаси фаранг бўлиб кетади. Устозимиз Саид Аҳмадки ундан ўрганибдими, демак, Тоғай ҳам маълум маънода устозига устозлик қилибди.
Тоғай Мурод жуда камсуқум йигит эди. Таҳририятларга ҳам бўлар-бўлмасга келавермас эди. 80-йилларда мен Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаб юрган кезларимда Тоғай Мурод Маъсумага уйланган эди. Маъсума ўша пайтлари нашриётда биз билан бирга ишларди. Мен ҳар куни унга: «Полвон қалай? Салом деб қўйинг!» — деб турардим. Маъсума ҳам ўз навбатида унинг саломларини менга етказиб турарди. Тоғай Мурод жимгина уйда ўтириб, асарини ёзиш билан машғул эди.
У қувонганида бамисоли қуш бўлиб учгудай енгил тортиб кетарди. Эсимда, 1985 йил Тоғай иккаламизга Ёзувчилар уюшмасининг мукофотлари берилди. Ёзувчилар боғи — Дўрмонда Уйғун ака, Туроб Тўла, Абдулла Ориповлар бор эди. Тоғай Муродга «Ойбек», менга эса «Ғафур Ғулом» мукофотини топширишди. Мен унинг қаттиқ қувонганини ўшанда кўрганман… Мукофотларни олдигу, уёқ-буёққа қарамай шаҳарга шошилдик. Иккаламиз менинг машинамда келяпмиз. Кўкракларимизда ҳозиргина олган мукофотларимизнинг нишонлари ярқираб турибди. Тоғайнинг оғзи қулоғида: «Ака, бўлар экан-ку!» — деб илжаяди менга қараб. Менинг кайфиятим ҳам шунга яқинроқ эди. Мен уни йўл-йўлакай уйида қолдириб, Чилонзорга ўтиб кетганим эсимда.
У хафа бўлса ҳам дардини бировга айтмасди, худди биров билан уришгандай бўлиб, қовоғини солиб юрарди. «Шарқ юлдузи» журналида ишлаб юрган кезларим менинг олдимга уни Маҳмуд Саъдий олиб келган эди. У дастлабки қиссаларини таҳририятларга олиб келганда у ерда «нари тур-бери тур», деб кўнглини қолдирганлар ҳам анчагина эди. Менинг одатим шуки, узоқ туманлардан, вилоятлардан келганларни, уларнинг жиндек бўлса ҳам истеъдоди борлигини сезсам, далда беришга, унинг асарини бир амаллаб бўлса ҳам ёруққа чиқаришга ҳаракат қилардим. Тоғайнинг таҳририятимизга олиб келган дастлабки қиссаси ҳам худди шундай чоп этилган.
Тоғай иккинчи қиссасини ёзиб тугатгач, кунлардан бирида Мурод Хидиров билан бирга узун-қисқа бўлиб бизникига кириб келишди. Тоғайнинг қўлида битта ўртамиёна қовуни бор. «Нима гап?» — деб сўрасам, «Қиссамни олиб борсам, баъзилар тихирлик қиляпти. Ўзингиз бир қўллаб юбормасангиз бўлмайди, ака!» — деди.
— Шунга қовун кўтариб келиш керак эканми? — дедим мен. — Агар асар яхши бўлса ўзи тортиб кетади. Ночор бўлса, бир арава қовун олиб келсангиз ҳам ўтказолмайсиз, ука…
Кулишдик. Анча вақтгача балконда ҳангомалашиб ўтирдик. Ўша асар орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилди. Ўзим муҳаррирлик қилдим. Тоғай менга 3-4 та китобни дастхат билан берган эди, жавонимда турибди.
Ёзувчини бамисоли шамчироққа ўхшатиш мумкин. Шамчироққа вақт-вақти билан ёғ қуйиб турмасангиз, пилиги куйиб тамом бўлади-қолади… Ёзувчи ҳам ҳаётни синчковлик билан кузатмас экан, ўз устида ишламас экан, машқ қилмас экан, ҳалиги айтганимиз чироқ каби «пис» этиб ўчади-қолади. Тоғай йилига бир-икки марта туғилган қишлоғига бориб келарди. Тоғларни зиёрат қиларди, даштларни кезарди. Ўша ердаги оддий меҳнаткашлар билан гаплашарди, юрти ҳавосидан қониб-қониб нафас оларди. От миниб қишлоқлар ораларди. Буларнинг ҳаммаси ёзувчи учун ўтган хотираларини эслаш, баъзиларини тиклаш учун зарур унсурлар ўрнини ўтар, шу тариқа ёзилажак асари учун танавор тўплар эди.
Хуллас, Тоғай кунларнинг бирида Москвага ўқишга кетадиган бўлиб қолди. Гапнинг очиғи, дастлаб мен унинг бу ниятини унчалик ёқтирмадим. Ўша кезларда ўрисларнинг Сергей Петрович Бородин деган «катта» ёзувчиси Тошкентда яшаб ижод қиларди. Уюшмада бўладиган бирорта анжуманни ўтказиб юбормасди. Ҳаммасида иштирок этар, қарийб ҳамма мажлисда эмин-эркин нутқ сўзларди. Кунлардан бирида, уюшмада мажлис бўлиб қолди. У пайтда уюшма Ҳадича Сулаймонова кўчасида, собиқ Навоий кутубхонасининг рўпарасида эди. Мажлисда кўриладиган масалалар орасида ўзбек ёзувчиларини Москвага ўқишга жўнатиш тадбири ҳам бор экан. Худди шу масала кўтарилганида Сергей Петрович сўз олиб:
— Зачем? — деб қолди куюнчаклик билан. — Ҳеч қаерда ёзувчиликни ўргатадиган мактаб йўқ ва бундан кейин ҳам бўлмайди. Ёзувчилик — бу худо берган неъмат. Ҳозир уларни юборасизлар. Боради, ўқийди, билими ошади. Билими ошгандан сўнг ўзида бор, амал-тақал қилиб юрган нарсаларини ҳам менсимай қўяди. Кейин ёзмайди, вассалом!
Ўша кезларда Сергей Петровичнинг гапларини тасдиқлайдиган воқеалар кўп эди: Москвага ўқишга борган баъзи ёзувчилар ўқиб билими ошгач, ўзи билганларини менсимай, умуман, ёзувчиликни ташлаб кетганлари ҳам бўлди. Мен уларнинг исм-шарифларини айтиб ўтирмайман. Бу бор гап. Шунинг учун ҳам мен Тоғайнинг Москвага бориб ўқишини хуш кўрмаганман. Энди мен ўша пайтда Сергей Петровичнинг фикрлари ғолиб келиб, нотўғри фикрлаганимни, нотўғри хулоса чиқарганимни пайқаб турибман. Тоғай Москвадан ўқишни тугатиб келгач, худди тоғдаги тиниқ булоқнинг кўзи очилгандай истеъдоди очилгандан, очилиб кетди. У бутун кучини, қобилиятини ижод қилишга бағишлади. Машҳур «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романлари, назаримда, ана шу ўқиш даврининг, олган назарий билимларининг натижаси бўлса ажабмас. Агар Тоғай уёққа бориб ўқиб келмаганида, билмадим, бу асарларини ёза олармиди ё йўқмиди? У кўзи очилиб, улкан адабиёт билан, чет эл адабиётлари билан танишиб келгандан кейин мазкур асарларини ёзди. Унда истиқлолимиз туфайли қандайдир катта бир журъат пайдо бўлди. Шу катта журъат туфайли эркин фикрлаш пайдо бўлди. «Отамдан қолган далалар» романини ёзишга журъат қилди. Шўро тузуми меҳнаткаш халқни аёвсиз эзиб юборганини дадил ва ростгўйлик билан ёзди. Буни ҳамма тан олди. Шунинг натижаси бўлса керак, унга Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти берилди… Бу ҳукуматимизнинг ёзувчига берган баҳоси. Кейинчалик Тоғай Муродга «Халқ ёзувчиси» деган юксак унвоннинг берилиши ҳам халқимизнинг ёзувчига бўлган ҳурмати рамзи бўлди, десак хато бўлмас. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи ҳам, шубҳасиз, дадил асар бўлди.
Тоғайнинг «От кишнаган оқшом» қиссаси чоп этилишида менинг ҳам ҳиссам борлигини боя айтиб ўтган эдим. Унинг асарларида шира бор, миллийлик бор, адибнинг айтадиган гаплари бор. «От кишнаган оқшом» қиссаси Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида режиссёр Олимжон Салимовнинг инсценировкаси бўйича саҳнага қўйилди. Баъзилар айтиши мумкин: «Хўш, нима бўпти, режиссёр ўзи инсценировка қилди, ўзи қўйди», деб. Йўқ, агар асарнинг негизида гапи бўлмаса, режиссёр уни ҳеч нарса қилолмайди. «Хўп, олиб чиқса нима бўпти?!» — ҳам дейишар. Бизда нима кўп — саҳна асари кўп. Шуларнинг ичидан фақат Тоғайнинг асарини танлаб, қардош Қозоғистон Давлат академик театри ўз саҳналарида қозоқчага ўгириб гумбурлатиб қўяётганига нима дейсиз? Бу тасодифми? Йўқ, бу тасодиф эмас. Асарда қозоқ биродарларимизга маъқул келадиган бирор гапи борки, саҳналаштирган.
Шу пайтгача Абдулла Қаҳҳорнинг «Оғриқ тишлар»и билан Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» қозоқ саҳнаси юзини кўрган эди. Булар илгариги даврда эди. Тоғай Муродники эса истиқлолимиз даврига тўғри келди. Давр масаласини ҳисобга олсак, унда қардошлар саҳнасига чиққан бизнинг асаримиз яккаю ягона шу Тоғай Муродники бўлиб қолади. Шунинг ўзи ҳам анча нарсани англатмайдими, ахир? Бу асар, демак, қардошларимизга ҳам маъқул бўлибди. Нимаси маъқул бўлди экан? Маълумингизки, Қозоғистон асосан чорвадор республика. Пахтачилик қанчалик бизнинг миллий характеримизни белгилайдиган бўлса, уларда чорвачилик, чорва аксари халқнинг касб-корини белгилайдиган соҳа. От, қорамол, қўй, эчки қозоқларнинг жони. «От кишнаган оқшом» асари фақат от кишнагани учун эмас, балки тасвирланаётган объектга муносабати билан, одамларнинг дардини ҳаққоний айта билгани билан ҳам қардошларимиз саҳнаси юзини кўришга муносиб деб топилди.
Баъзан-баъзан нега бизнинг адабиётимиз жаҳонга чиқмайди, деганга ўхшаган гап-сўзлар бўлиб туради. Жаҳонга чиқиш учун биз яратган асарларда жаҳоншумул муаммолар кўтарилиши, бақувват-бақувват қаҳрамонлар яратилиши керак. Мен ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, Тоғай Муроднинг кейинги романлари, агар малакали таржимоннинг қўлига тушиб, кўнгилдагидек таржима қилинса, бошқа юртлардаги ўқувчиларнинг жавонларидан ҳам ўрин олиши турган гап. Мен шу ёшга кириб шунга амин бўлдимки, ёзувчидан кейин унинг асарларини тарғиб қиладиган кимдир қолиши керак экан. Мана, Маъсума шу йўлдан бориб жон куйдиряпти. Тоғай Муроднинг асарларини чет тилларга таржима қилиб чоп этилиши учун ҳам уни қўллаб-қувватлаб турадиган ташкилот, жонкуяр одам бўлиши керак. Менимча, унинг асарларидан бири халқаро тиллардан бирига таржима қилиниб чоп этилса бас, уёғини асарнинг ўзи тортиб кетади.
Тоғай менга укадек азиз, дўстдек қадрдон эди. Начора, Оллоҳнинг иродаси экан, умри қисқа бўлди. Яшаб, ижод қилиб юрса бўларди. Афсуски, яратган Эгам ўзи берганини ўзи олади. Лекин Тоғай Мурод озгина яшаган бўлса ҳам созгина асарлар яратиб, ўзига ҳайкал қўйиб кетди.
Укамизнинг жойи жаннатда бўлсин!