Столим устида Тоғай Муроднинг ҳаётлик пайтида нашр этилган китоблари. Улар ҳаммаси бўлиб беш-олтита. Дўстимнинг барча асарларини ўқиганман. Мана, қайтадан варақлаб ўтириб, хаёлга чўмаман. Яна варақлайман. Бу сафар уларни энди келажак авлод учун нечоғлик муҳимлигини ўзимча салмоқлаб кўриш маъносида кўздан кечирган бўламан…
XX аср бир жиҳатдан коммунизм сароби билан инсоният эсида қоладиган бўлди. Унинг ғоясига маҳлиё бўлган ёзувчилар гўё алдангандек бўлдилар. Нега шундай бўлди? Ахир бу умрини ижодга бағишлаган бир тоифа қалам аҳли учун адолатсизлик эмасми? Йўқ, мен буни дангал туриб адолатли бўлди, деган бўлар эдим. Чунки бундай ёзувчилар ҳаёт ҳақиқатига эмас, кўпроқ ғояга хизмат қилган эдилар. Энди ҳақиқат улардан ўч олмоқда.
Тоғай Мурод эса илк асарларидан бошлаб юрагидаги дардни, халқимизга хос бўлган бетакрор жиҳатларни қаламга олишга интилди. Шу боисдан унинг ҳар бир янги асари адабиётда шов-шув бўлди. Осонликча эришиб бўлмайдиган бу муваффақиятларнинг сири нимада эди? Бу ҳақда адибнинг ўзи шундай дейди: «Мен фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшларгача жаҳон адабиётини ўқиш. Фақат ўқиш, ўқиш, ўқиш, қўл қотиб қолмаслиги учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб туриш…»
Ёш Бальзак ёзувчи бўламан, дея аҳд қилган ўсмирлик йилларида Париждаги бир уй болохонасини ижарага олиб, ижодга шўнғийди. Кейинчалик улуғ адиб ўша даврларни: «Ёзишдан толиққанимда, кечқурунлари болохона айвонига чиқиб, тунги чироқлар остидаги Парижга тикилардим ва пичирлаб: «Эй Париж, бир кун сени истеъдодим олдида тиз чўктираман!» —дер эдим», дея хотирлайди.
Дарҳақиқат, ёш ижодкорда ўз иқтидорига чексиз ишонч бўлмаса, адабиёт осмонида юксакликларга кўтарила олиши мумкинми? Тоғайдаги бу ишонч унинг ушбу сўзларида мужассам эди: «Мен Москвада ўқимадим, мен Москвада ўзбек зиёлилари қайғуси билан яшадим.
— Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!»
Унинг бу жўшқин эҳтироси «Отамдан қолган далалар» романини яратишига куч, қанот берди.
Тоғай сўзини беҳуда қоғозга туширмайдиган ижодкор эди. Шунинг учун ҳам унинг дил изҳорларида ижодкорларга хос одатдаги ҳаяжон ҳовури эмас, балки теран самимият ила шахт бор эди.
Мен Тоғай билан ҳамкурс бўлганман. ТошДУнинг журналистика факультетида бирга таҳсил олганмиз. Ҳаммасидан ҳам ўқишга кирган йилимиз яхши эсимда қолган. Ўша йили бир-икки ой ўқиганимиздан кейин домламиз Мухтор Худойқулов «Мен нима учун журналистика соҳасини танладим?» мавзусида дилимиздаги гапларни ёзиб келишимизни тайинладилар.
Ҳамма ўз билганини қоғозга туширганди ўшанда. Мухтор ака ҳар биримизнинг дил баёнимиз билан танишиб, айримларимизнинг ёзганларимиздан ифодали ўқиб бериб, ижодий қобилиятларимиз ҳақида илиқ фикрларини билдиргандилар. Тоғайнинг иншосидаги шундай жумлалар эсимда қолган: «Мен ўрта мактабни тугатгач, билимимни ошириш учун Тошкентга йўл олдим. Ортимдан оқ саллали тоғлар дуо қилиб қолдилар…» Домла ушбу сўзларни ҳаяжонланиб ўқиркан, «Илоҳим, шу тоғларнинг дуоси ижобат бўлсин!» — дегандилар.
Кейинги бирга ўқиган йилларимиз давомида Тоғайнинг бирор нарсасини ўқимадим. У табиатан камгап эди. Адабий баҳсларга кам аралашарди. Кўпроқ хаёл сурар, ташқаридан уни шунчаки ўйларга берилган эмас, балки қандайдир муҳим фикрлар билан банд эканлигини, ниманидир ҳал қилишга чоғланганлигини пайқаш мумкин эди. Тоғай билан ҳамхона бўлиб яшаган дўстларимиз уни баъзан нималарнидир қоғозга туширишини айтиб қолишарди. Лекин уни ҳеч ким катта ёзувчи бўлади деб ўйламаганди. Чунки курсимиздагиларнинг кўпчилиги ўзларини шаклланган ижодкор даражасида санай бошлаган ва таҳририятлар билан аллақачон мулоқот ўрнатиб олишганди. Лекин, афсуски, уларнинг барчаси адабиёт майдонини эрта тарк этиб кетишди.
Тоғай билан сенсираб гаплашардим. Мен ҳам ўқишни тамомламагунимча бирор сатр шеъримни эълон қилдирмаганман. Тўғриси, мурғаклигимдан ёзишга ихлосим чексиз бўлганлиги билан жуда кам ёзганман, чинакам ижод нималигини фақат университетга келиб англаганман ҳамда илк машқларимни ўшанда бошлаганман.
Мен баъзан Тоғайга қораламаларимни ўқиб берганимда, у фикрини лўнда қилиб айтар, кейин «Миртемирни ўқиш керак, Миртемирни! Ана у — ҳақиқий шоир!» — дея, ёддан унинг шеърларидан парчалар ўқирди. Мен шунда унинг шеъриятни нозик тушунишига ҳайрон қолардим.
У бирор муҳим фикр юзасидан мулоҳазасини билдиргудек бўлса, аввал тараддудланиб олар, сўнг гўёки бу унинг учун сўнгги имкониятдек куюниб, ҳатто жунбушга кириб гапира бошларди. Шу боисдан ҳам, яъни фикрини бамайлихотир билдиролмаслигини англаганлиги учун ҳам у камгап эди балки.
У самимий ҳазил-ҳузулни яхши кўрарди. Қуёшдай чарақлаб кулиб, баъзан ўзи ҳам мутойибага қўшилишга ҳаракат қилар, лекин ўз шаънига нобоп гап айтилгудек бўлса, қора булутдек тундлашиб кетар, ҳатто муштини ишга солишдан ҳам тоймасди.
Университетни тамомлагач, ҳаммамиз ҳар томонга тарқаб кетдик. Мен Тоғай билан ҳам кам кўришадиган бўлиб қолдим. Бир куни учрашиб қолганимда:
— Менга қара, таржимани боплабсан-ку! — деди.
— Қайси таржимани?
— Ўлжас Сулаймоновдан. «Дружба народов»да чиққан шеърини. Сатрма-сатр солиштириб чиқдим. Ҳайратланарли даражада мукаммал чиқарибсан!..
Тоғай кейин бир неча йиллар давомида гоҳ у таҳририятда, гоҳ бу таҳририятда ишлаб юрди. Бир пайт унинг «Гулистон» журналида ҳикояси чиққанини эшитиб қолдим. Чамамда, номи «Заранг таёқ» эди. Адабиёт майдонидаги оғзаки танқидчиликнинг пешқадам вакиллари: «Бу ҳикояда жон бор», деб ҳар даврада гапириб юришди. Лекин ўша пайтда ким кўп — бошловчи ҳикоянавис кўп эди. Тенгқур дўстларимиз Тоғайни ҳам шулардан бири деб қабул қилишди ва бу ҳикояни биров ўқиди, биров ўқимади.
Мен «Ёш гвардия» нашриётида ишлардим. Кунларнинг бирида (куз фасли эди, чамамда) хонамга Тоғай кириб келди. «Бу йил пахтага бормадим, мана шу қиссамни оққа кўчирдим, шунга бир кўз ташлаб берсанг», деб қолди.
Мен асарни қўлимдан қўймай ўқиб чиқдим. Бу унинг «Юлдузлар мангу ёнади» номли илк қиссаси эди.
Икки-уч кун ўтиб, у яна олдимга келди. Мен рўзғорига ишлатадиган пулини қарзга бераётган одамдек бир зум сукут ичида тек қотдим.
— Қалай? — деди Тоғай. — Маъқулми?
Мен шартта дедим:
— Ажойиб! Зўр ёзибсан, дўстим!.. Ростини айтайми сенга — чингизона қисса бўпти!
— Ростданми? Шунақа дегин-а?.. — деди у асари нашидасидан ҳам яйраб, ҳам ишонқирамай.
Баъзан шундай мақтовлар бўладики, уни эслаб истаган пайтда дилгир кўнглингизни равшан қиласиз. Менинг ушбу дил сўзларим ҳам унинг қалбига бир неча муддат мунавварлик бахш этган бўлса, ажаб эмас.
Кейин Тоғайнинг кетма-кет қиссалари эълон қилинди. Бири биридан ажойиб асарлар эди улар. Шунда мен унинг катта ижодий куч тўплаганлигини ҳис этдим. Бунга, албатта, чуқур мутолаасиз эришиб бўлмайди. Менимча, Тоғай чинакам мутолаага асосан университетни тугатганидан кейин бел боғлаб киришган. Чунки бизлар кўпчилигимиз бирор жойга ишга илиниб олган, уй олиш ёки ўсиш иштиёқида асосий вақтимизни идора ишларига қурбон қилганмиз. Тоғай эса бирор-бир жойга астойдил танда қўймаган эди. Ўша пайтлар кўришганимизда у Достоевскийнинг ҳамма томларини ўқиб чиқдим, ҳозир «Записки из Мертвого дома»ни қайта ўқияпман, деганди. Ўша давр замонавий рус адабиётини эса миридан-сиригача ўзлаштирганди.
Кейинчалик Тоғай билан кам кўришадиган бўлдик. Менда фурсат йўқ эди. У эса ўзининг ижодий режаларига шўнғиганди. Баъзан у яшайдиган мавзега йўлим тушиб қолганда уни спорт кийимида учратиб қолардим. У югуришдан бир зум тўхтаб:
— Қалайсан? — деб кўришган бўларди.
— Ўзинг яхши юрибсанми?
— Ҳа, яхши, мана, кўряпсан-ку…
Шу билан гапимиз тугар ва икковимиз ҳам ўз йўлимизда давом этардик.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб бўлиб ишлаётган пайтимда бир куни Тоғай телефон қилиб қолди. Ёзувчилар ўша пайтда иккига — уюшмага ва иттифоққа бўлинган эди. Мен уюшмада эдим.
— Янги асаримни ўқидингми? — деди.
— Эшитдим, лекин ҳали ўқишга улгурмадим, — дедим.
Гап «Отамдан қолган далалар» романи устида кетаётган эди. Роман «Ёшлик» журналининг иккита сонида эълон қилиниб, эндигина нашрдан чиққанди.
— Шуни уюшмада муҳокамасини ташкил қилиб берсанг дегандим…
— Яхши фикр. Албатта ташкил қиламиз…
Ўша пайтларда Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотига асарлар тавсия этилаётганди.
Мен уюшма мутасаддиси Жамол Камолга бу ҳақда фикримни етказдим. У, агар ташкиллаштиришни тўлиқ ўз масъулиятингизга олсангиз, киришаверинг, деди.
Муҳокама бўладиган куни зал иштирокчилар билан тўлди. Келишганимиздек, йиғилишни наср кенгашининг раиси олиб бориши керак эди. Муҳокама муваффақиятли ўтишидан кўнглим тўқ эди. Белгиланган соатда йиғилишни очиш учун залга кириб бордик. Уюшма масъуллари пастда ўтирдик, кенгаш раиси минбарга кўтарилди.
— Ўртоқлар, — деди у томоқ қириб жиддий қиёфада. — Бугун йиғилишимизни қолдиришимизга тўғри келади. Чунки мен асарнинг иккинчи қисмини ўқиб улгурмадим. Мирпўлат менга вақтида етказиб бермади. Яна бир карра узр, ўртоқлар…
У минбарга катта сумкасини кўтарганча чиққанди. Яна уни кўтарди-да, шляпасини бостириб кийиб, тўғри эшик томон йўналди. Ҳамма довдираб қолди. Йиғилишга масъул менман. Шитоб минбарга кўтарилдим ва:
— Ўртоқлар, муҳокама қолдирилмайди, бўлади. Чунки бу ерга асарни ўқиганлар йиғилган. Жамол ака, марҳамат, муҳокамани ўзингиз бошқарсангиз… — дедим.
Жамол ака ўтирган жойида, ҳечқиси йўқ, ўзингиз бошқараверасиз, дедилар. Хуллас, йиғилишни ўзим бошқаришимга тўғри келди. Муҳокама қизғин тусда икки соатдан ортиқ давом этди. Унинг якунида асар бир овоздан Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотига тавсия этилди. Ушбу мўътабар мукофотга сазовор бўлди ҳам. Лекин қизиғи, Тоғайнинг ўзи муҳокамага келмади, ўрнига турмуш ўртоғини жўнатибди.
Асар, ҳақиқатан ҳам, юксак савияда яратилганди. Бамисоли қўшиқдек ўқилади. Унинг муваффақияти — жафокаш ўзбек халқининг меҳнатию қисматининг юксак бадиий маҳорат билан очиб берилганида эди. Пахта деб ерга эгилган халққа чинакам ҳайкал эди бу.
Тоғайнинг бу асарига катта ижодий куч сарфлаганлигини унинг қуйидаги иқроридан ҳам пайқаса бўлади: «Аммо романни бошлаб… пахта нима эканлигини билмаслигимни англаб қолдим. Оппоқ қоғоз билан юзма-юз бўлиб… пахта билан мен бегона эканимизни англаб қолдим.
Мен учун пахта қайси бир… қайси бир денгиз остида ўсажак ўтдай бўлиб туюлди.
Мен пахта масаласида… бир гўрсўхта эканимни билиб қолдим.
Мен энди ўнлаб пахтачилик дарсликларини ўқидим. Неча ўнлаб қишлоқ хўжалик китобларини ўқидим.
Пахтада ўтмиш кунларимни бир-бир эсладим. Ўзим билмиш пахтакорларни бир-бир ёдладим.
Барибир… барибир бўлмади.
Мен ўзимни… халқ ҳаёти билимдони дея ўйлар эдим, халқ руҳияти билимдони деб ўйлар эдим.
Мен пахта билан юзма-юз бўлиб… мен ҳали ўзбек деҳқонини билмаслигимни англадим. Мен пахта билан юзма-юз бўлиб… мен ҳали пахтакор ким эканини билмаслигимни англадим.
Мен қоғоз-қалам ғамладим. Мен Сурхон далаларини нишонладим…»
Бу етук ёзувчининг теран дил сўзлари ва шижоатли руҳининг зуҳури эди.
Биз бир гуруҳ адиблар Сурхоннинг Олтинсойида бўлганимизда Тоғайнинг юртдошлари, ёзувчимиз мана бу шийпонда яшаган, мана бу далаларда деҳқонлар билан суҳбат қурган, бирга меҳнат қилган, дея фахр билан гапиришганди.
Тоғай ушбу асари билан адабий жамоатчилик оғзига тушди, эл меҳрини қозонди. Ҳолбуки, бу икки тоифага бирдек манзур келиш камдан-кам ижодкорга насиб этадиган бахтдир.
Айниқса устоз адиб — Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировлар адабиётимизга янги истеъдод кириб келганлигидан мамнун бўлдилар. Озод Шарафиддинов «Отамдан қолган далалар»ни олий мақомдаги бир йиғинда мустақиллигимиз шарафига битилган энг етук асар деб баҳолади.
Мен Тоғай билан кейин кўп мулоқотда бўлмадим. Эсимда қолгани, у юқорида айтилган мукофотини олганида қутлаш учун уйига ўтганим эди. Дўстим Шодмон Отабек иккимиз уч-тўрт кун кечикиб ўтдик. У астойдил қарши оларкан, гинахонлик ҳам қилди:
— Ҳамма ишни ўзинг бошлаб қўйиб, қаерларда юрибсан? Сени биринчи куни келар деб кутгандим…
Биз ичкарига кирарканмиз, кўзим эшиги очиқ хонага тушди… Ижодхонаси бўлса керак. Шинамгина. Деворга тақаб хонтахта қўйилган, ёнига кўрпача ёзилган, хонтахта устида «Қуръон»нинг янги чиққан ўзбекча нашри турарди.
Тоғайнинг ҳаётдан кўз юмганини тўсатдан эшитдим. Ҳам дўст, ҳам курсдош сифатида чиқарилишига етиб бордим. Ҳовлида тумонот одам бўлиб, уларнинг аксарияти ижодкорлар ва зиёлилар эди.
Ўша дамларда Тоғай адиб сифатида ҳамманинг кўнглида янада каттара бошлади. Бугунги кунга келиб у адабиётимизнинг мумтоз сиймосига айланди.
Эндиликда буни мен яна бир карра чуқур ҳис этдим. 2004 йил адоғида «Дружба народов» журнали бош муҳаррири ўринбосари, машҳур адиб Л.Терекопян Тошкентга келганди. Домла Озод Шарафиддинов уйига таклиф этдилар. Даврага меҳмоннинг эски қадрдонлари — Одил ака ва Пиримқул акалар ҳам ташриф буюрдилар. Қайтмас ёшлик даври, ижодий ҳамкорлик йиллари эсланди. Гап ўзбек адабиётининг бугунги кунига келиб тақалди.
— Биз уюшма билан келишган ҳолда ўзбек адабиёти учун махсус сон бағишламоқчимиз, шунга сизлар нима дейсизлар?.. — деди машҳур журнал номидан меҳмон.
— Прозадан мен Тоғай Муродни тавсия этган бўлардим, — деди Одил ака, бу фикрим қатъий дегандек.
— Тоғай Мурод адабиётга ўзбек менталитетини олиб кирди. Дунё адабиётида ҳозир халқлар этносига қизиқиш жуда кучайган, Тоғайнинг асарлари худди ана шу жиҳати билан эътибор қозониши шубҳасиз, — деди Пиримқул ака.
— Мен ҳам Тоғай Муроднинг асарларини тавсия этаман, — деди Озод ака.
Домланинг гапидан кейин меҳмон ён дафтарчасига нималарнидир қоралаб қўйди.
Баъзан шундай бўладики, ўтган ёзувчини хотирлаш жараёнида уни идеаллаштириш майли ҳам кўзга ташланади. Мен эса бу тушунчадан йироқман. Чунки Тоғай кўпчилик қатори оддий яшади. Лекин расмана ижод қилди. Ҳақиқатига содиқ қола билди. Муваффақиятларга эришди. Ҳали кўп гўзал асарлар яратиши мумкин эди. Лекин бешафқат ўлим уни орамиздан эрта олиб кетди…
Столим устида, мана, ундан мерос қолган китоблар. Бу китоблар уни бир пайтлар катта йўлга кузатиб қолган «оқ саллали тоғлар дуоси»нинг ижобати эди. Энди хаёлимдан аввалги фикримнинг акси кечади: уларнинг қайси бири янги аср ўқувчиси назарига арзимаслиги мумкин?..
Дўстимнинг китобларини секин-секин варақлар эканман, улар ичига шўнғиб кетганимни сезмай қоламан…