Хуршид Дўстмуҳаммад. Тоғай Муроднинг сирли дунёси

      Комментарии к записи Хуршид Дўстмуҳаммад. Тоғай Муроднинг сирли дунёси отключены

Биз Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган кезлар қуйи курс талабалари битирувчи факультетдошларга жуда ҳавасимиз келарди. Чунки улар ҳадемай таҳририятларга бориб қизғин ижодий фаолиятга киришиб кетишади, гуриллатиб мақолалар чиқариб, эл-юртга танилишади. Шу ўй-хаёлда орамизда, «Қайси курсда ижодни боплайдиганлар кўпроқ?» — деган савол ҳам айланишиб қоларди баъзан. Биздан бир йил муқаддам ўқишни битираётган курсда кимсан Эркин Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим сингари аҳли қалам бадиий адабиёт эшигини дадил очишга шай бўлиб, жамоатчиликка танилиб улгуришган эди. Бу ҳам «етмагандай», уларнинг сафида Тоғай Мурод пайдо бўлди! Аслида у ўқишни илгарироқ битираётган, лекин қандайдир можарога аралашиб, касрига бир йил «синф»дан қолдирилгани боис ке­йинги курсдагилар билан ўқишни битиришга мажбур бўлганди. Ким нима ташвишда-ю, биз «Эркин Аъзамлар курси янаям кучайиб кетганидан» хавотирдамиз! Хавотирда эдигу, Тоғай Муродни қарийб кўрмас эдик. У дарсларга деярли қатнашмас, мабодо юзма-юз келиб қолганда ҳам Тоғай бошқалар билан ёлчитиб сўрашиб, салом-алик қилганини эслолмайман. Қўл олишган тақдирда ҳам оғиз очиб бир нарса демас, бош ирғаб қўя қоларди.

— У зўр ёзувчи! — деди сабоқдошимиз Ўрол Ўтаев, бундай ҳолатни ўзича шарҳлаб.

«Зўр ёзувчи бошқалар билан гаплашмайдими, ҳеч кимга қўшилмайдими?» — деган ўйга бордим-у, ўзим билан ўзим овора, Тоғайни унутиб ҳам юбордим.

Орадан йиллар ўтди, онда-сонда кўча-кўйда, аксарият Республика Радиоси уйи атрофларида (у ўша ерда ишлар эди) мутлақо тасодифан тўқнаш келиб қолганимизда салом-алигимиз жуда қисқа бўларди. Мен оддий журналист, Тоғай Мурод эса «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари билан ўзининг ҳақиқатда зўр ёзувчилигини исботлаб улгурган, бизга ўхшаш бошловчи ҳаваскорларга беписандлиги бежиз эмас-да, деб ўзимча унга тан бериб қўярдим ҳам. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида адабиётга эрта кириб келган, битта-яримта китоби, беш-олтита шеъри ёки ҳикояси оғизга тушган тенгқурлар орасида дастлабки ижодий ютуқлар ортидан келган шон-шуҳратни кўтаришга анчайин «қийналган»лари ҳам бўлган. Четдан кузатган киши Тоғай Муродни ҳам кибру ҳавога берилган ўша тоифа вакилларига қўшиб юбориши ҳеч гап эмас эди.

Орадан яна қанча вақт ўтди, ёдимда йўқ, Тоғай Мурод «Фан ва турмуш» журнали таҳририятида пайдо бўлди! Мен ушбу таҳририятда етти-саккиз йилдан буён ишлаётган ходим сифатида бир нарсага имоним комил эдики, Тоғай Мурод учун «Фан ва турмуш» ҳам, жамоадаги муҳит ҳам мутлақо ёт эди! Нега, нима сабабдан?

Таҳририятда ички меҳнат интизоми қатъий йўлга қўйилган, журналнинг ҳар бир сони мундарижаси қатъий режа асосида шакллантирилар, фикр-мулоҳазалар, мақолаларни тайёрлаш, ҳатто юриш-туришимизгача, тушликка чиқиш-келишгача — ҳаммаси ёзилган-ёзилмаган қатъий тартибга солинган эди!

Шу ўринда ўзбек илмий-оммабоп журналистикаси хусусида тўхталишга тўғри келади.

Илм-фан ютуқларини оммалаштириш ҳар қандай миллий журналистиканинг ниҳоятда муҳим ва ниҳоятда мураккаб йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада бизда эътироф этилган журналистлар бармоқ билан саналадиган даражада оз. Ўзбек миллий журналистикасида «Фан ва турмуш» мактаби алоҳида мавқега, тажрибага эга. Анвар Муҳаммадқулов, Комилжон Холмуҳамедов, Ҳусниддин Нурмуҳамедов, Рустам Обид… Яна кимни эслаймиз?.. Раҳматли Ғайбулла ас-Саломнинг таржимашуносликка доир дарсликлари, қўлланмаларини варақлаб кўринг, бу соҳадан йироқ киши ҳам завқ билан ўқий бошлаганини сезмай қолади. Боиси, раҳматлик устозимиз «Фан ва турмуш» мактабини ўтаганлардан ҳисобланадилар! Бош муҳарриримиз, машҳур академик Ёлқин Тўрақулов фундаментал фан ютуқларини оддий кишилар тушунадиган даражада оммалаштириб беришимизни талаб қилар, бунинг учун катта-кичик олимлар келтирган мақолаларни қайта ишлагунимизча кам деганда беш-олтита адабиётни кўриб чиқишга, мутахассислар билан суҳбатлашишга, неча жилд қомусу маълумотномаларни титкилашга тўғри келар… шу талаб ва даражада ишлаш учун эса ҳозиргина мен айтган қатъий тартиб-интизомга риоя қилишга мажбур ва маҳкум эдик. Ўзимизнинг шу қадар одобли, интизомли эканимиздан, бош кўтармай ишлашимиздан фахрланар эдик, буни журналнинг кўплаб нуфузли муаллифлари ҳам эътироф этишарди. Бироқ бундай қатъиятлилик бир нарсада — бадиий ижод кишисининг ички эркинликлари қаричи билан ўлчаганда ўтакетган бемаънилик эди! Тасаввур қилинг, «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар»дек бетакрор асарларни яратиб қўйган Ёзувчи — мен мазкур қиссаларда акс этган муаллиф руҳидаги чексиз ҳурликни, бадиий тасвир симфониясини, ҳар қандай тан олинган адабий анъаналардан-да фарқланувчи ўзига хосликни, бетакрор жозибали оҳангни назарда тут­япман — ҳозиргина мен тасвирлашга ҳаракат қилган шарт-шароитга мослаша олмаслиги гўдак болага ҳам аён эди.

Лекин Тоғай Мурод ишга қабул қилинди. Торгина хонада, рўпарама-рўпара столда пешонамиз пешонага теккудек аҳволда бир йилдан ортиқроқ, ҳамхона-ҳамнафас бўлдик. Хонадаги ҳамкасблар билан бўладиган адабий гурунгларимиз доираси кенгайди. Тоғай Л.Толстой, Мопассан асарларидан кўп мисол келтирар, айниқса Э.Сетон-Томпсоннинг ҳайвонот дунё­сига бағишланган ҳикояларини завқ-шавқ билан айтиб берар, уларни ўзбекчалаштиришга киришганидан гап очарди.

Тоғайга кўпроқ адабий-бадиий, ижтимоий йўналишдаги мақолаларни тайёрлашга беришарди. У ўзига топширилган мақолани жуда қийналиб ўқиб чиқар ва муқаррар ундан қониқмас эди. Кўпчилик муаллифларнинг «тили» ғализлигидан, мутлақо ўзбекча эмаслигидан тутақиб кетар, русчадан нўноқларча таржима натижасида урчиб бораётган чала ва сохта тил бу, дея хуноб бўлгани бўлган эди. Қўлёзмани кўтарганча хонада юришга тушар, «И, буни ёзганига қаранглар!» — деб «теша тегмаган» жумлаларни баралла ўқиб эшиттирар, кетидан яйраб кулиб ҳам қўяр эди. Сўнг, «Бу мақолани таҳрир қилиб бўлмайди», деган хулоса чиқарарди. Биз эсак, агар шу тахлит ёндашилса, аксарият муаллифларнинг мақоласи оммабоплик талабига жавоб бермаслигини, демак, улар журнал юзини кўрмаслигини янги ходимимизга уқтиришга уринардик. Бўяб-бежаб таҳрир қилинган асл нусхаларни кўрсатардик.

— Бундай таҳрир қилишда муаллифларни дангаса қилиб қўясизлар, хом-хатала мақола ёзади-да, сизларга ишониб ташлаб кетаверади, шу. Яхшиси, мақолани қайтариб бериб юбораман, бошқа иложи йўқ, — деб икки оёғини бир этикка тиқиб туриб оларди.

Биз эса унга тушунтиролмай жонимиз ҳалак: «Ҳай, барака топкур, журналга ҳеч қачон тайёр мақола келган эмас, сиз билан бизнинг вазифамиз ҳам битта — мақолани қайта ишлаб, тайёр ҳолга келтириш, вассалом!»

Шундан кейин Тоғай кифтини бир қисиб қўярди-да, вазиятни тушунгандай бўларди.

— Яхшиси, қайта ёзиб қўя қоламан! — дея мук тушиб ўтирганича бош кўтармай ишга киришиб кетар эди. Жисмонан бақувват эди, бутун вужуди билан мақолани қайта ёзишга киришиб кетарди. Умуман, Тоғай Мурод қўл учида ишламас эди, бир ишга киришдими, чалғимас, хонадаги гурунгларга ҳам қўшилмас, чор-атрофида нима гап, нима сўз — барини унутар эди. Биз ҳамхоналар суҳбатлашиб қоламиз, ҳазил-мутойиба қиламиз, хотираларга бериламиз, Тоғай гунг ва кар одамдек, уларнинг ҳеч бирига эътибор бермас, бу вақтда у ўзига топширилган мақоланинг руҳида, дунёсида яшаётган бўлар, бошлаган ишини бир ҳамлада ниҳоясига етказиб қўймаса, таҳрирга, тўғрироғи, «қайта ёзиш»га киришиш унинг учун турган-битгани азоб-уқубатга айланарди. Табиий, у нашрга тайёрлаган мақолалар бадиийлиги, тилининг ширадорлиги билан ажралиб турарди, ана шунда журнал раҳбарияти нима сабабдан Тоғай Муроддек таниқли ёзувчини ишга қабул қилганининг боисини тушунгандек бўлдим: ўша кезлар журналда эълон қилинадиган мақолаларнинг таъсирчанлигини, жозибасини янада ошириш зарурати туғилган, «Фан ва турмуш» саҳифаларида ўзгачароқ услуб, ўзгачароқ нафасга эҳтиёж туғилган эди! Бироқ Тоғай Мурод аксари илмий-оммабоп мақоланинг бадиий бўёғини қуюқлаштириб юборар, бу билан мақоланинг илмийлигига путур етиб қоларди. Илмий-оммабоп мақолада илмийлик ва оммабоплик мувозанатини сақлашдек мушкул муаммо яна ва яна тортишувларга сабаб бўларди.

Журналдаги иш тартибининг яна бир ўзига хослиги шунда эдики, ҳар бир мақола камида икки муҳаррир қўлидан ўтгачгина босмага рухсат этилар эди. Тоғай Мурод эса ўзи тайёрлаган мақоланинг қайта таҳрирга берилишини сира ҳазм қилолмас, қайта таҳрирда ўзгаришлар кўпайиб кетиши унинг иззат-нафсига тегарди. У қўлига қалам олиб ёздими, бас, бошқаларнинг маслаҳати билан унга ўзгартириш киритишга жуда қийналар эди. Умуман, Тоғай Мурод ниҳоятда кўнгли нозик, арзимас нарсага ҳам ранжиб қоладиган одам эди, лекин баҳслашганда айтган сўзидан қайтмас, аксари баҳсни бас қилиб, жим бўлиб қоларди-да, хийла фурсат ўтгач, тўсатдан ўрнидан туриб кетар ва боя тўхтаган баҳсни келган жойидан давом эттиришга тушарди. Шундай пайтларда мен уни жуда авайлаб, кўнглига оғир ботмайдиган сўзларни топиб, тушунтиришга ҳаракат қилардим ва ниятимга эришардим ҳам. Хусусан, у тайёрлаган мақоладаги айрим чалкаш, ноаниқ рақам ва маълумотларни манбалардан кўрсатиб аниқлик киритганда, Тоғай ёш боладай дув қизариб кетар, кетидан самимий жилмайиб қўйиб, «Ҳа, майли, ўзи­нгиз тузатиб қўя қолинг», деб ён берарди.

Орадан бир йил ўтди, менинг тахминим тўғри чиқди, яъни Тоғай «Фан ва турмуш» муҳитини қабул қилолмади. Ишга келмай қоладиган кунлари кўпайди. Бундай интизомсизлик… йўқ, бундай ҳолатнинг аслида интизомсизлик эмаслигини фарқлаш учун Тоғай Мурод шахсини, Парвардигор унга ато этган феъл-атворни тушуниш керак эди! Бир йилдан ортиқроқ у билан бирга ишлаб, уни яқиндан кузатгачгина у ҳақдаги илгариги тасаввурим ўзгарди. Йўқ, Тоғай Мурод бошқаларга беписандликни, кибр-ҳавога берилишни ҳам билмас экан. У ўз дунёсида яшайдиган, ўша дунёсини сира тарк этолмайдиган, борди-ю, иттифоқо ўзини жисман ўраб турган муҳитга қайтгудай бўлса, албатта, кимгадир маъқул келмайдиган, ҳатто ғайритабиий муомала қилиб қўйиши аниқ эди. Шу боисдан ҳам у ҳушига келган ишни қилади, ҳушига келган одам билан гаплашади, қолган ҳаммаси унинг учун бекор. У ҳеч бир нарсада ўртача йўлни билмади, муроса кўчасига йўламади, ўзи билан ўзи яшади. Ҳар қандай муҳитга, ҳар қандай даврага сиғавермагани учун ҳам табиатига қарши бормади — ёлғизликдан паноҳ топди. Қизиғи, бу ёлғизлик дунёсини тиш-тирноғи билан «қўриқлар», ҳеч кимсани «ичкарига» йўлатмас ҳам эди. Баъзан ўйлаб қоламан: Тоғай ўзи учун муқаддас деб билган ва ўзидан бошқаларга сирлилигича қолган ички дунёсини асарларига, асарларидаги қаҳрамонлари дунёсига кўчириб улгурдими-йўқми?.. Бир нарса дейиш қийин… Ҳар қалай у ўзини ҳеч кимникига ўхшамаган асарлар яратиб қўйган ва яна шундай асарлар ёзишга қодир ёзувчи деб ҳисоблар, бунга заррача шак-шубҳаси йўқ эди. Ушбу ақидасида шу қадар қатъий эдики, ўзи ва асарлари тўғрисидаги на ижобий, на-да салбийроқ мулоҳазаларга кўпда қизиқавермасди ҳам. «Ким нима деб гапирибди, ким қандай тақриз ёзибди, деб ўтирсангиз, ижод қолиб кетади, ундай нарсаларга маҳлиё бўлмай, қўлдан келганича ёзавериш керак», дер эди.

Тоғай Муродни эслаганда, яна икки нарса хотирага келади. Бир куни суҳбат асносида, «Шукур Холмирзаевнинг ўн ҳикояси» деган ном остида китоб ёзишни ўйлаб юрибман, бу китоб Шукур аканинг энг сара ҳикоялари мисолида жаҳон ва ўзбек ҳикоячилиги ҳақидаги ҳикоялардан ташкил топади», деб ўйлаб юрган ниятимни айтиб қолдим.

— Яхши фикр, ёзинг! Шукур аканинг ҳикоялари бундай китобга арзийди! — деди Тоғай ниятимни маъқуллаб.

Кейинчалик онда-сонда учрашиб қолганимизда ҳар сафар: «Ҳикоялар ҳақидаги ҳикоялар битдими?» — деб ўша суҳбатни ёдимга солар эди.

Иккинчи ғалати ҳодиса пахта теримига ҳашарга борган кунларимизнинг бирида юз берди.

Тўсатдан Республика комфирқасининг раҳбари Шароф Рашидовнинг вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. Тоғай, «Тошкентга бораман, дафн маросимида иштирок этаман», деб туриб олди. Рухсат бердик, Тоғай пойтахтга кетди. Бир кунга рухсат олган одам тўрт кунда қайтди. Пича кайфи бор экан, табиий, мартабали зотнинг дафн маросими хусусида гап очилди. Тоғай Мурод дафн маросими ҳақида гапириб бериб ўтирди-да, ҳамхоналаримиздан бирининг, марҳумни қаерга қўйишди, деган саволига ҳеч иккиланмай, «Чиғатой қабристонига», деб жавоб қайтарди.

Ўтирганлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Ахир дафн маросими Тошкентнинг қоқ марказида бўлиб ўтди-ку!

Ҳарчанд уқтиришга уринмайлик, Тоғай Мурод сўзидан қайт­мади, нега мени уриб енгасизлар, ахир ўзим қатнашиб келдим-ку, Шароф акани Чиғатой қабристонига қўйишди, ишонмасанг­лар, Тошкентга борганда кўрасизлар, деб туриб олди. Орадан кўп ўтмай Тоғайнинг гапи ҳаётда ўз исботини топди…

Бу ҳодисани нима деб изоҳлаш мумкин: раҳматлик биродаримизнинг табиатида авлиёлик бор эдими ёки шунчаки бир тасодифми, буёғи Яратганга аён…