Вафо Файзуллоҳ. Абадият

      Комментарии к записи Вафо Файзуллоҳ. Абадият отключены

Одам нега дунёга келади? Одам нега дунёдан кетади? Унинг турғун манзили қаер?

Биров ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат, кўнгилни оғритади, юзини кўриш мусибат. Ҳаққа кўрсатма, деб тавалло қиласан. Бошқа бир киши эса беихтиёр хаёлингга кириб келаверади. Ўз-ўзингдан у ҳақида гапириб юборасан. Туйқус эслаб қоласан. Ҳозир нима қилаётган экан, деб ўйлаб ўйингга етолмайсан… Сен ҳаво олаётган борлиқдан унинг ҳам нафас олаётгани мўъжизадай туюлади. Унга юрак сирларингни айтгинг, орзуларингни ўртоқлашгинг келади. Ҳеч бир бетаъма унга ҳурматинг ошади, меҳру муҳаббатинг кучаяди… Ҳолбуки, беайб Парвардигор, ҳаммамиз ҳам хом сут эмган банда… Барибир, инсон билан инсоннинг яшаши, эътиқоди, аъмоли ер билан осмон қадар фарқ қилар, фарқ қилаверар экан…

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари боши. Толибман. Эндигина кўз очган «Ёшлик» журналини қолдирмай ўқиб бораман. Тенгқурлар билан унда чиққан ҳар бир янги асар ҳақида дарсда, ётоқ ва ижарахонада талашиб-тортишиб, ўзимизча баҳосини берган бўламиз. Унча-мунча асар кўнглимиз кўчасига киролмайди. Мабодо бирортаси маъқул келса, у қаторида асар муаллифи шахси ҳақида ҳам билишга қизиқамиз.

Шундай кунларнинг бирида «Ёшлик»нинг янги сонида чиққан бир асарни ўқидим. Бир ўтиришда. «От кишнаган оқшом». Бир кўнглим ёришди. Сўнг муаллифи кимлигига қарадим. Тоғай Мурод. Асар янги, муаллифи янги… лекин менинг хотирамда дарров «Алпомиш» жонланди, «Гўрўғли» тушди. Хаёлимга зумда «Кунтуғмиш», «Равшан» келди… Рост, Зиёдулла кал, Зиёдулла чавандоз Алпомиш ҳам, Гўрўғли ҳам эмасди. Улар олдида нимжон ва тўпори, жимжилоқчаларидай ҳам келмасди. Барибир улар қабатида тургандай, буям отини елдириб келиб, мен ҳам шу ёвқур аждоднинг кенжа вакилиман, дегандай бўлди… Чин, Алпомиш жуда ҳам севимли, у аллақачон миллат тимсолига айланган эди, бироқ «От кишнаган оқшом» менга яқин, Зиёдулла чавандоз замонимга яқин, қишлоғимга ўзи ва оти мендан ҳам яқин эди… У отамга, оти отамнинг отига жудаям ўхшарди. Қишлоғимни, ота-онамни соғинганимни ҳис қилдим.

Улардан ҳам кўпроқ отамнинг отини учирганларимни орзиқиб эсладим… Ҳозир ҳам «чу», дея учиргим келди…

Шундан бу асар, унинг муаллифи кўнглимга ўрнашиб қолди. Ҳавойи ва ўжар назаримга тушди. Кўп ўтмай «Шарқ юлдузи» журналида «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси чиқди. Ҳиссиётлари тоза бу қиссани йиғим бўғзимга тиқилиб, ютоқиб, севиб ўқидим. Шу асар боис «ойдин» деган сўзни яхши кўриб қолдим. Ойдиндаги мамлакат кўнглим кўзига кўринди. Бу мамлакатнинг одамлари менга танишдай эди. Лекин бошқа бир маъвода, бошқа бир муҳитда истиқомат қилардилар. Жазирама қуёш ҳам, қоп-қоронғу зулмат ҳам Ойдинда юрганларга дориёлмасди. Қоплон ва Оймомога ҳурматим, ҳайратим бўлакча бўлди. Шўро котиби, Қиммат момо, ҳисобчига нафратим бўлакча бўлди. Ўша йилларда ёзилиб, йўқолиб кетган бир машқимнинг хотирада қолган икки сатри тилимда айланади:

 

Аҳай-аҳай, кўзларингдан кўзим ўргулсин,

Ўн еттига, ўн еттига кирмаган ёрим…

 

Ўшанда дўсту устозларимнинг кулгисига қолган бу икки сатр «Ойдинда юрган одамлар»нинг ажиб таъсирида кўнглимдан мавжланиб чиққан. Унда буни билмаган, сезмаган, ўзим билан ўзим овора бўлсам бордир, лекин энди «аҳай-аҳай» сўзиданоқ бу хаёлий ва тоза ҳайқириқни «Ойдинда юрган одамлар» қалбидан олганим ва ўша ғўр ва тўпори, мусаффо кунларимда илк очилган чечакдай ушлаганимга иқрорман…

Шундан бошлаб мен Тоғай Мурод Менгнор бобо наслининг асарларига бефарқ қараёлмадим. Адабиёт ҳаққи, шеърият ҳаққи, бу асарларнинг жонли сўзи, маънодор иборалари мени ўзига асир этди. Бу сўзларни хаёлимда белгиладим, бу ибораларни кўнглим ила қайтардим. Бу мақол ва нақлларни ўз изоҳли луғатимда ёзиб-ёзиб қўйдим. Лекин барибир бир йўқолган жигаримнинг дарагини эшитгандай уларга тўймадим. Топиб йўқотиб қўядигандай ўзимни ночор, ғариб сездим, афтода ҳис қилдим.

Бир инсон, бир миллат вакили сифатида бу асарларда кўтарилган масала, муаммо, ғоялар жон жойимдан ушлади. Бу кишилар, бу туйғулар, бу кечмишларни бошқалар билан солиштиришга, шу билан ўзбекнинг бўйини ўлчашга уриндим. Тоғай Мурод шахсига, адибнинг қандай ижод қилишига қизиқишим ҳам шу қадар кучли эди. Қизиғи, ҳассос ижоди каби Тоғай аканинг феъл-атвори айрича, бетакрор кўринарди. ХХ асрнинг сўнгги чораги нодир асарларнинг яралишига қараганда, адабий баҳс-мунозара, бақириқ-чақириқларга бой бўлди. Даҳрий, яна мустамлака бир жамиятда ёзарларнинг аксарияти, юпанчи ва суянчи, ҳатто эътиқоди деб адабиётни билар, «ишонч қалъа»­си тимсолида Ёзувчилар уюшмасига бораверар, ҳеч нарса қилмаганида ҳам шу ерда кўнглидагини айтиб-айтиб, адабий даҳолигини, куюнчаклигини намойиш қиларди. Лекин мен бирор марта ҳам бу давраларга Тоғай Муроднинг қўшилганини кўрмаганман. У аллақачон адабиётни ҳар қанақа уюшган давралар эмас, ёлғиз одам, иқтидорли ва дардли инсон кўнгил қони билан яратишини англаган эди чоғи. Бироқ мен тенги кўпчилик ҳаваскорлар, адабиётнинг жайдари ихлосмандлари анча-мунча истеъдодли шоир-ёзувчилар қаторида гўзал асарлар муаллифи Тоғай Муроднинг ҳам суҳбатини эшитишни, адабиёт, адабий ҳаёт ҳақида юракдаги гапларини, самимий дил изҳорларини тинглашни жуда ҳам орзу қилардим. Лекин бунга қатора йигирма йил давомида бирор марта ҳам муваффақ бўлолмадим. Ўзига эса узоқдан бир марта тўсатдан кўзим тушган. У уюшма кунботаридаги ёзлик чойхонада бир таниши билан чойлашиб ўтирарди. Чойхона аллақачон бузилиб, у ерлар текисланиб кетди, ҳар қалай тераклар бор, балки тераклар уни бу ерда кўрганини эслар балким, лекин бир устувор ишончим борки, инсон бўлса, инсоният яшаверса, ўзбек бўлса, Ўзбекистон барқ ураверса, кўнгил бўлса, кўнгил ҳурлигича қолса, инсон адабиётга интилиб, ўзига дўсти ҳабиб излар экан, Тоғай Мурод асарларига дўст топилади. Унинг мардона ва очиқ кўнгли билан учрашилаверади, иншооллоҳ.

Мен Тоғай Мурод қазосини олисларда эшитдим. Унинг қадами етган, сўзи етган, адабиётга меҳри элтган жойларда эшитиб, кўнглим эзилди, битта армоним кўпайди. Таомларимиздан бошқа ҳеч нарсамизга қизиқмай қўйган дунё Тоғай Мурод асарларини ўқиса, унинг кўнглида режа бўлиб қолган маъсум оламлари билан танишса эди… қирғиз каби ўзбекнинг ҳам чўнг муҳаббати ила беҳузур кўнглида йўқотган умидни топгандай бир лаҳза бўлса-да, ҳаётга ишончи ортади.

 

* * *

Тоғай Мурод эллик беш йил умр кўрибди. «Мен Хўжасоатда дунёни кўрдим», деб ёзади оқин адиб. Тошкентда бу бевафо дунёдан … юз ўгирди. Чиғатойда ётибди, унинг мардона қалби, чинакам ҳаёти Сурхонда, Хўжасоат қирларида ётмоққа ҳақдор кўз очган эди. У Э. Сетон-Томпсоннинг «Одамзот учун ернинг фарқи нима? Ўлсам, мени ўша қирларимга кўминг», деган сўзларини келтириб, «Васият бажо келтирилди», деб ёзган. Ҳар бир жаҳоншумул адибнинг мухлиси у кўз очган тупроқни тамоман бошқача тасаввур этади. Бу тупроқни зиёрат қилмоқ истайди.

Михаил Шолоховнинг шундай романтик ўқувчиларидан бири Донга келиб, тап-тақир даштни кўриб, ғалати аҳволга тушган экан. Аммо Шолохов асарларини ўқиган китобхон гўзал ва серунум Дон далалари билан қайта-қайта учрашиб, ҳайратланарли манзараларни бир умр унутолмайди.

Адиб қалби ва у туғилган тупроқ ўртаси тилсимли бир боғлиқлик, ижодий барака, фақат адибнинг юрак кўзи кўра оладиган қадрдон гўзаллик ястаниб ётган бўлади. Бунинг кашфи фақат чинакам ёзувчилар битигида кўз очади. Тоғай Мурод ҳам ана шунақа ўз тупроғини севган, севдира олган аломат ёзувчи эди.

Унинг асарлари кўз очган саналарга қарайман: илк ҳикояси «Бобоси билан набираси» 1966 йили ёзилган. Демак, айни ўн саккиз баҳорга тўғри келар экан. Сўнгги асари — «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романига 1998 йил — нақд эллик ёшнинг устида нуқта қуйилган. Ҳисобланса, ўттиз икки йиллик ҳайрат ва муҳаббат, илҳом ва меҳнатнинг ҳузури бизга қолди, завқи ва дарди ўзбекнинг, инсониятнинг мулки бўлди… Мен Тоғай Мурод хонадонида бўлмаганман, нашр этилмай ётган ёхуд бошлаб қўйган асарларидан хабарсизман. Лекин бўлиши керак. Кўнглидагисини эса эҳе-е… ҳисоблаб бўладими? Бетизгин бир ҳарислик билан асарлари, улар яратилган йиллар рўйхати кўз олдимдан ўтади. Тўртта ҳикоя. Тўрттагина-я… «Бобоси билан набираси», «Кузнинг бир кунида», «Ку-ку-ку», «Эр-хотин», (150 дан ортиқ ҳикоялар ёзган Жек Лондон бор-йўғи 40 ёшга кириб-кирмаган.)

Тоғай Мурод олами ҳикояларга сиғмади. Бахши боболарнинг қони тортди — у достонларда очилди, хусусан, достонмонанд қиссаларида ўзини тўкди.

1976 йили «Юлдузлар мангу ёнади»;

1979 йили «От кишнаган оқшом»;

1980 йили «Ойдинда юрган одамлар»;

1985 йили «Момо-Ер қўшиғи» қиссаси туғилиб, бу жанр имкониятларини кенгайтирди.

Катта адабиётнинг энг баланд чўққиси роман, эпос, эпопея… Не бир ҳикоя усталари унинг уфқларини тасаввур қилолмайди, не бир қиссанавислар, 500 бетдан кўпроқ қоғоз қоралайди-ю, барибир роман ҳавоси, роман фикри, роман қамрови ва роман юки… асарларида анқонинг уруғи бўлади. Романга қўл уриб, бош айланиб қолиш, чалажон асар қоралаб, ижодий мағлубиятга учраш ҳам гўё истеъдод даражасини белгилайди… Тоғай Мурод «Отамдан қолган далалар» романини 1986-1991 йилларда, ўттиз саккиз ёшида бошлаб, қирқ учида битирди. Ке­йинги романи ҳам тўрт йилда туғилди. 1994-98 йиллар. «Бу дунё­да ўлиб бўлмайди». ХХ аср биринчи ярмида романларга жуда эрта қўл урилган (Шолохов йигирма-йигирма беш ёшида, Қодирий «Ўткан кунлар»ни ўттиз ёши теварагида). Камолотнинг кечикишими, ХХ асрнинг иккинчи ярмида бу чўққига чиқиш ёши анча улғайди. Габриэль Гарсиа Маркес «Юз йил танҳоликда» романига қирқ ёшдан ҳатлабгина олти ойда адоғига етказди. Яна бир Нобель мукофоти соҳиби итальян адиби Умберто Эко эса яна ўн йилга кечикиб, эллик ёшга етибгина илк романини ёзди. Чингиз Айтматов ўзининг энг бақувват асари, тўнғич романини эса эллик бир ёшини тўлдириб бошлади ва тўрт ойда — 1979 йил декабри ва 1980 йил март оралиғида долғали илҳом билан ёзди-қўйди… Худди шу руҳий жараённи қирқ-эллик ёшлар орасида Тоғай Мурод ҳам бошидан кечирган эди.

Тоғай Муроднинг яна тўрт-бештагина ўтли ва фақат ўзига хос мақолаларини ҳам эсламасдан бўлмайди. «Газетага интервью», «Э.Сетон-Томпсон китобига сўзбошим», «Ёш қаламкашларга тилакларим», «Ёзувчилар уюшмасининг олтмиш йиллигига тўйхат», «Мен».

Ўлимигача ўзи эълон қилган асарлари ҳажми… 918 бет. Кичик муқояса — Лев Толстойнинг битта «Анна Каренина» романи ҳажмидан 110 бет кам бўлган бутун умрлик ижод. Ёхуд етти энг зўр Шарқ шоирининг энг нимжонидан ҳам кучсизман, деб иқрор бўлган, Ғарбнинг биринчи ёки иккинчи рақамли шоири Иоганн Вольфганг Гётенинг 133 жилдлик асарларининг уч китоби ҳажмича асар қолдирган… ўзбек адиби… Мен бунда фақат ҳажмни назарда тутмадим. Балки маънан моҳияти кўлвор ва чўнг ижодкорларнинг жаҳоний ижодларига Тоғай Мурод битикларини хаёлан солиштиргим келди.

Хайрият, шу ўзбаки ижодни бемалол жаҳоншумул адиблар асарлари билан солиштириб, ютуқ ва камчиликларини кўрса бўлади. Севинтирадигани, бунақа катта меҳнат қилиб, ижодни эътиқод даражасига кўтариб қалам тебратган адиблар дунё бўйича ҳам унчалик кўп эмас. Ўзбекда эса жуда оз.

Чингиз Айтматов асарлари етти жилдлиги русча нашр сўзбошисида академик Рустан Раҳмоналиев Айтматов маш­ҳурлигини Навоийга солиштириб, дейдики: «Алишер Навоийдан кейин 500 йил ўтиб, туркий халқлар орасидан фақат Чингиз Айтматов ижодигина адабиёт Олимпига кўтарила олди, жаҳоншумул шуҳрат қозонди».

Қай маънодадир адолатли баҳо. Навоий жаҳоншумуллиги, Навоийнинг бутун туркий халқлар фахри эканлиги, уларнинг ўзи томонидан эътироф этилаётганлиги бу ижоднинг ўлмаслиги, қамровдорлиги исботи. Аммо Навоийга руҳоний аъмол, илҳомий санъат, маърифий хазина жиҳатидан Айтматовнинг тенглашиши мумкин эмас. Ҳар қалай туркий қалб, шарқона юракли Айтматовнинг жаҳон халқлари қалбларини тўлқинлантиргани бизни-да севинтиради. Не тонгки, Айтматов ижодига хос гўзал кўнгил, самимий меҳр, инсонсеварлик, жониворпарварлик Тоғай Мурод ижодида ҳам ёрқин кўзга ташланиб, киши қалбини забт этади, туйғуларини сел қилади. Одамийликдан сабоқ беради. Мана, унинг «От кишнаган оқшом» қиссаси. Отга муносабат инсонга қадрдон бир жиҳат. Минг йиллардан буён буюк кўчишу ҳар хил зафарли-зафарсиз юришлари, умуман, тирикчилиги отсиз ўтмаган туркийлар, ўзидан олислашиб бораётган дўсти-ҳамкорини ўйлаганда, отга меҳрибонлик билан ёндашиб келади. Шу жиҳатдан Тоғай Муроднинг бу мавзуга мурожаати тасодиф ҳам эмас, янгилик ҳам деб бўлмайди: ўзига хослиги эса шу мавзудаги асарлар мисолида кўринади. Канада адиби Эрнест Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» асари ва қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг «Алвидо, Гулсари» қиссаларини дунёнинг миллион-миллион китобхонлари мутолаа қилишган, тақдирлашган.

«Ёввойи йўрға»да отни тўлақонли жонивор сифатида билиб оламиз. Э.Сетон-Томпсоннинг олим ақли, адиб қалби руҳлантириб сабоқ беради.

«Алвидо, Гулсари»да Айтматов жуда кўп инсоний изтиробларини Гулсари мисолида, Гулсарига муносабат шаклида ўртага ташлайди. Отнинг ўлими бир дўстни йўқотиш янглиғ инсоннинг қилмишига, жониворларга пасткаш муносабатига кўзгу солади. Собиқ халқлар қамоқхонаси юпун йўқсили каби фаол от образида энг ижтимоий, долзарб муаммоларни ҳал қилиб, қизилларга мос буюртмани адо этгандай. Аммо «Алвидо, Гулсари»даги қалб фарёди, тор қобиқларни ёриб, ниҳоятда ичкин дарди билан инсон ва жонивор ўртасидаги меҳр кўпригини кашф қилади. Ноодил жамият талотўпида қурбон бўлган жафокаш табиат латиф дил билан очиқ кўрсатилади. Бу мотам кўнгилга чандиқ солади. «Мен унинг кўзига кўмдим ўзимни…» деб ёзганди «Чингиз Айтматов» номли шеърида ҳассос шоиримиз Рауф Парфи. Бу сатрда умрли фожиа — ўлаётган отнинг кўзи жисман тирик одамга қабр бўлиши мумкинлиги кўрсата олинган.

«Алвидо, Гулсари»дан ўн икки йил ўтиб ёзилган «От кишнаган оқшом»даги от эса яна бир «отларда кузатилмаган» фожианинг кўзини очади. Отнинг инсонга ачиниши. Отнинг инсонга ёрдамга отилиши.

Биз нега Бойчиборни минг йиллардан буён жигаримизни севгандек севиб келамиз? Ахир у эмасми, Алпомишни қалмоқлар чоҳидан олиб чиққан? Ахир у эмасми, туёғига михлар қоқилганига қарамай тўқсон алпнинг отидан ўзиб, Барчиннинг номусини асраб қолган? Умрга, умрларга татийдиган бу икки яхшиликни унутиб бўладими? Эрк ва номус — ҳаёт-мамот масаласи. Тирик юриб эрксиз бўлиш — ўлгандан баттар. Омон қолган ҳолда ор-номуснинг топталиши янада шармандали ўлим. Демак, Бойчибор битта Алпомишнинг эмас, бутун ўзбекнинг миллий биродари, биродарликнинг ибратлиси экан. Тоғай Мурод ўша қадимий биродарликни Бўзтарлон тимсолида яна биттага кўпайтирди. Гўё тўрт-беш минг йил кейин Тарлон Бойчиборнинг авлоди бўлиб, Алпомишнинг авлоди Зиёдулла чавандозга кўмакка келади. Инсонни инсондан, яхшини ёмондан ҳимоя қилади. Одам одамга бегона, одам одамга лоқайд, одам одамни таловчи, одам одамга ўлим соғинганда асл одам ҳаётни ва яна ҳаётни раво кўради. Бу ҳиммат Толстой, Э.Сетон-Томпсон, Айтматов асарларида ҳам қай даражададир акс этган, аммо у Тоғай Мурод асарининг шоҳ байти, жон томири, айтмоқчи бўлган биринчи ўриндаги гапидир.

Айтматовнинг Гулсарисига биз ачинсак, Танабой куюнса, дунёдаги тоза кўнгилли, меҳрибон кишилар ҳамдард бўлса, Тоғай Муроднинг Тарлони Зиёдулла чавандозга, бизга, Тоғай Муродга, XX аср кишиларига ва умуман, бундан кейинги ўзлигини деб йиғлаётган ва ёки ана шу ўзлигини, инсонлигини унутаёзган инсониятга ачинади.

Аслида жами кишилар маънан ака-ука, ҳаммаси Одам Ато билан Момо Ҳавонинг зурриёти. Айниқса, мўмин — мўминга биродар. Лекин ўзидан кетган дунё, ўзинигина ўйлаб қолган ХХ аср кишиси, бу биродарликни унутган, унутаёзган…

Қолаверса, мустамлака, қул миллатнинг афтода, ўсал аҳволи бундан-да ночор. Адиб ўз самимиятининг чўққисидан туриб неки жони бор экан, неки жонивор экан, мана, кўринг, у бизга биродар, яхшилигимизга меҳр-муҳаббат, мардоналик билан лаббай дегувчи эканлигини ёниб изҳор этади. Энг таъсирчан кўнгил йўлида қўшиқ қилиб, тарона қилиб бизга, сизга уқтиради.

Иймони бутун ўзбек энг қалтис вазиятда ҳалол, мард, вафодор бўлишни Қиёмат соатидаги биродарликка менгзайди. Шу билан қалб ва юракка, онгга мурожаат этади. Келгусида ҳар нарсанинг муқаррар оқибати борлигини эслатади. Қўшиқдай жон-жонимизга оқиб кирган асар «…қиёматли биродарим…» нидоси билан якунланяпти. Умидли, ўкинчли нидо… Қиёматда ҳеч ким ҳеч кимни ўйламас, фақат ўзи фароғатга эришадими ё мусибатга йўлиқадими, шунинг фикри хаёлида бўлар экан. Оқин адиб, ёниқ шоир, маърифатли қалб жониворни ўшанда ҳам ташлаб кетмайдиган, ёрдамга отиладиган, дўстини ўйлайдиган деб алқамоқда.

Ана шу туйғу бизни меҳрлантиради, илитади, таскин, умид беради, ҳушёрликка чақиради. Ғаламисликдан қутулиш йўлини кўрсатгандай бўлади. Энг катта маърифат — шу! Асл санъатга жон берган, асрлар оша яшашга имкон туғдирган маърифат — шу!

Тоғай аканинг биров билан гап сотишга вақти бўлмади. Минбарларни уриб, сўзбозлик қилишни эса ҳеч ҳам хоҳламади. Аммо онасига-да бегона Мерсо* сифатларни теварак-атрофда учратганидан, унинг юрак ўртар асарларида уларга инсоф тилади. «Одам кетмас бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми?» гапи унинг шундайларга очиқ нафрати, илон пўст ташлаб юборадиган даражада аччиқ, кескир қилиб айтилган.

Мен нега «От кишнаган оқшом» қиссасини ўқиган 83-йилдан буён Тоғай Муродга ҳурматим ошиб борди? Бу унинг қалби ниҳоятда гўзал эканлигидан. Юраги довюраклигидан. Ана шу юрак ва қалбни у асарларига кўчириб ўтказа олган. Шу боис ҳам Тоғай Мурод инсонда энг яхши фазилатларни кўпиртирмай, самимий тарзда мадҳ этади. Энг ёмон қабоҳатларни эса юзингда кўзинг борми, демай фош этади, жар солади.

Ўзимча дейман, Аллоҳ ҳалол луқмали, адолатпеша, ғариб турмуш адибларига кескир ва таъсирчан сўз бериб, бу гўзал сўзларни то қиёмат қадар башарнинг ибратномаси қилиб, улар толеини саодатманд этаркан.

Ўтган куни ҳам, кеча ҳам, бугун ҳам ёзувчиси кўп эл-элатмиз. Лекин хўб асарларимиз, зўр шеърларимиз нега кам? Чунки фидойиларимиз кам.

Тоғай Мурод адиб бўламан, деб Тошкентга келган эди, арбоб, раҳбар, сиёсатчи, вазир, сарой мирзоси бўлиб кўтарилмади. Нафсга сотилмади, амалга қул бўлмади, замонга, тузумга ялтоқланмади. Мен бундай метин иродали, қатъий сўзли, қатъий амалли адиб, фақат ёзувчилигини қилган, қилганда ҳам ёниб-куйиб, бошқа ҳеч нарсани ўйламай, энди дурдона бўлиб қолган асарларни яратган ўзбек ёзувчисини кейинги чорак асрда бошқа кўрмадим.

Бир адабий йиғинда домла Мирмуҳсин (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) айтган дўлвор гапни эслайман: «Бир сафар йўлда Тоғайни кўриб қолдим: ўнтача оби нонни кўтариб олганча уйга кетаётган экан… Шу нонларни еб, бу зўр романни битибди-да…» Бир қараганда, бу гапнинг адабий асар яралишига ҳеч қандай дахли йўқдай туюлади. Аслида асл факт бу! Ҳа, Тоғай Мурод фақат нон билангина чекланди, ёғли паловлар, катта амаллар, мўмай пул хаёлида асарлар битмади, ҳалол, камтарин ризққа қаноат қилди ва сўзга собит бўлиб мардона яшашда, истеъдоду фидойиликда қисматдошларидан ўтди.

 

* * *

Қўшиқ ҳеч қачон тинмас экан, кўнгил ҳеч қачон ўлмайди!

Мен «Юлдузлар мангу ёнади»ни Тоғай Муроднинг икки қиссаси мутолаасидан кейин эшитиб, излаб-истаб ўқиганман. Номидан тортиб сўнгги нуқтасигача, хаёлидан бошлаб, дақиқ шаклигача руҳи фавқулодда ёрқин асар.

«Ҳар банданинг кўкда ўз юлдузи бўлади, ошна. Шу юлдузнинг ёнгани шу банданинг ёнганидир. Шу юлдузнинг сўнгани шу банданинг сўнганидир.

Йўқ, ошна, йўқ!

Юлдузим ҳали ёнади! Давраларим ҳали давом этади!

Невараларим давраларида:

— Ё бобомнинг пири! — дея айқириб-айқириб олиша беради.

Юлдузим мангу ёнади!»

Бу сўнгсўз аслида ҳикмат, марднинг, кўнглида дўсти ва ёри борнинг умрлик фалсафаси. Юлдуз нур уяси, нур жойи! Кичкина юлдуз кўз! Жуда катта юлдуз, ҳеч қачон сўнмайдиган юлдуз — инсон кўнгли! Унинг мардлиги, меҳрибонлиги, муҳаббати, содиқлиги, дўстлиги ана шу кўзнинг, ана шу кўнгил юлдузининг нурлари. Бу нурдан бебаҳра киши сўқир, шу юлдузга хиёнат қилгандан эса тақдир ўч олади. Қисмат унинг кўзини кўр қилади, юлдузини сўндиради…

Оқин адиб китобхонни завқлантиради!

Оқил адиб инсонни ибратлантиради.

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида ҳам ана шу ибрат, ана шу яқинликнинг нишонида туради, қалбида яшайди.

Дарҳақиқат, Бўри ва Насимнинг икки қутбдаги кечмиши, лекин ёнма-ён яшаётгани кўпчиликнинг ҳаёти эмасми? Бири ишқли, мард, енгиб-енгилиб яшаса-да, асл аъмолига содиқ, кўзи очиқ, қалби очиқ — юлдузи мангу ёнади! Бошқаси — номард, қалби қора, кўзидан олдин қалби сўқир. Сўқир кўнгил, сўқир кўз. Кўзсиз, юлдузсиз. Ҳолбуки, гўзал аёлнинг эри, паст-баланд давранинг ғолиби…

«Юлдузлар мангу ёнади» асарининг қиммати — тасвирда бетараф, адолатли қолган ҳолда мағзидан, туб-тубдан адолатга, ҳақиқатга хизмат қилишидир. Муқаддас каломда буюк Зот «Ҳеч кимга зарра мисолича зулм қилинмас, ҳаммаси ўз ёмонлигидан», деб огоҳлантиради. Бунинг бир тасдиғи Бўри ва Насим полвонларнинг қисмати. Одам шундан таъсирланади. Одам шундан ўзини жиддийроқ ўйлайди. Фақат ҳақиқий асарлардагина ана шундай дурдона, ноёб ва керакли ҳикмат бўлади!

«Юлдузлар мангу ёнади» асарининг бош ҳикмати — ким дўстга хиёнат қилса, инсонларни алдаса, унинг алдови охир-оқибат ўзининг қисматига кўчади, ҳақиқатга айланади, сен нимани сўзда ўзингга раво кўрсанг, Ҳақ сенга буни қисмат қилиб беради, деб ҳайқиради.

Бўри қиёматли дўсти деб билган тенгдошига юрагини очади: «Насим ошна, бир гап айтсам, бировга айтмайсанми? Ошна, Момоқиз яхши, эшитяпсанми, яхши…»

Сўзни эъзозлашини — кўча-кўйда эшитадиганимиз «яхши кўраман», демаяпти. «Момоқиз яхши», демоқда. Бу жуда ҳам кам тилга чиқадиган, тилда ҳам ўзига муносиб сўз топиши жуда қийин кўнгил нидоси. (Демак, ичимизда ифодаси тилда, сўзда йўқ жуда кўп азиз туйғу ва хаёллар яшайди).

«— Ўзинг айтабер (жавобнинг қўпол ва ҳиссизлигини — В.Ф.)

— Қўрқаман-да, Насим ошна. (Ҳа, севги изҳори шунақа ҳам даҳшатли ҳодисаки, паҳлавонларнинг-да оёғи қалт-қалт титрайди, юраги хонасидан чиқиб кетай дейди, юраги тўхтаб қолай дейди.) Сен билмайсан, неча марталаб айтаман, дедим, бўлмади. Кўзига кўзим тушиб қолса… гаранг бўп қоламан. Ҳалиям айтаман, деб бориб, нима дейишимни билмай қайтиб келдим. Насим ошна, сен менинг қиёматли ошнамсан-ку, сен айт».

Насим эса омонатга хиёнат қилди, каззоб бўлди.

«— Бўри, мен гапларингни оқизмай-томизмай айтдим. Бўри ошнамга сенсиз кундуз ҳам қоронғу, дедим.

— Уҳ, бормисан, ошна! У нима деди?

— Жўра, у, бети қурсин, деб қўл силтади. Сенга кўнгли йўқ экан, жўра. Ишонмаяпсанми? Мана, Қиблага қараб айтаман: агар ёлғон айтсам кўр бўлайин».

Бу ёлғони ҳам иш бермасдан… Бўри жаҳл устида ўзи бориб, дилидагини айтиб қўядиганини кўргач: «Бўри, мен сени алдаб эдим», дейди. Лекин ёлғонга ишониб, дарз кетган юрак кейинги рост иқрорни ҳам тингламайдиган бўлади. Номард, хиёнаткорлар эса тинчимайдилар, сувни лойқалатиб, отни қамчилаганлари қамчилаган.

«— Момоқиз, Бўри сенга бир гап айтаман, деб юрибди.

— Биламан, айтолмаяпти.

— Момоқиз, у менга кўнгилини ёрди, тайин айт, деди.

— Ўзимга айтишга уялган гапни сенга асло айтмас.

(Энг муборак, покиза хушхабарни номардлар, кўролмаслар, кўнгилсизлар, ишқсизлар қандай нопок кўринишга келтиришларини.)

— Айтишга бет чидамайдиган гап-да, Момоқиз. Айтайинми, нима деди? Момоқиз билан… ўйнагим келяпти. Қўйнига кираман, деди.

— Ё пирим, чини билан шундай дедими?

— Алдасам, кўр бўлайин.

— Унда, Бўрининг бетига қарамаганим бўлсин! Бетини мурдашўй кўрсин».

Йиллар ўтиб, сўз тақдир бўлди. Сўз чинакам қисматга эврилди. Сўз отилган ўқ янглиғ Насимнинг кўзини тешиб ўтди. Қалбининг ўртасига ўрнашди. Иймонсиз ўз сўзи билан ўз бурдига, табиатига, ёруғ инсоний руҳиятига қасд қилди.

Шунинг учун севган кишилар бахтсиз! Кўнглини бой берган, кўнглидагини айтолмай, нажотсиз, бўғилган туради: «Бировга айтма, жонивор, ҳай анови қирда бир қиз бор, шу қиз менинг кўнглим эди… Қиёматли ошнам кўнглимга чанг солди! Уҳ, кўргулик.

…Қиёматли ошнангдан шу иш келганидан кейин ўзгалардан нима умиду нима хайр…»

Одамзотнинг бошқа мавжудотлардан битта жуда бетимсол афзаллиги бор. У Аллоҳ таоло томонидан кўнгилли қилиб яратилган. Тоғай Мурод асарларининг жони кўнглида. У сўнгги имкониятдан туриб, ана шу кўнгилнинг ҳолатини тадқиқ этади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Инсон танасида бир нарса борки, у касалга чалинса, бутун аъзолар касал, у соғ бўлса жами аъзолар соғ бўлади. У қалбдир». Хаста қалб барча қинғирликларнинг уяси, соғлом-софдил, мард, оқил кўнгил бутун яхшиликларнинг булоғи, ҳаёт яраларининг малҳамидир.

Одам кўнгилга, кўнгил одамга эврилгани учун ҳам соғиниб, мана бу юрак иқрорига дил ташлайверасиз: «Ошна, Момоқиз ҳамон кўз олдимдан кетмайди…

Одамда покдомон туйғулар кўп бўлади, сўнмас туйғулар кўп бўлади…

Аммо биринчи… биринчи кўнгил.

Насим ошна, мен биринчи кўнгилдан иффатлисини кўрмадим, биринчи кўнгилдан сўнмасини кўрмадим».

Юракнинг тўридагина қолиб, фақат юракка айтадиган бу армонли муножотни юракдангина ҳис қиламиз. У жуда ҳам покиза, у жуда ҳам юксак. Ҳаётнинг бош сўзи Қодирийнинг Отабегида шу хислат борлиги боис, у қачонлардан буён ардоқланади. Ундай бўлгимиз келади. Худди шу даражадаги инсоний севги «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида Бўри полвон тимсолида дунёни кўрган. Фақат бу ишқ достони Отабекникига қараганда фожиали ва армонли, хотираси тирик, руҳи қатл этилган ишқ, ундан Ёдгор қолмаган…

 

* * *

Аллоҳ одамни яратиб, унинг кўксига жонни жойламоқчи бўлди. Аммо бундан жон бўйин товлади. Мен юксакман, хор ва кир, паст мавжудотнинг ичига кирмайман, деди. Шунда Парвардигор уни илоҳий куй билан авраган эди, жон шоду хуррамлик ила Одамнинг кўксига жойлашди… (Рабғузийда келади)

Одамнинг жони ана шунақа оҳанги бор лаҳзада фароғат топади, ҳамма нарсани қилмоққа чоғланади, улғаяди, пасткаш, майда, ночор, ҳайвоний туйғулар ундан чекинади. Эҳтимол, шунинг учун оддий сўзлар куйланганида маъно кашф этади, манзара бўлади. Кўнгилни мутаассир қилади, уни мавжлантиради. Бир қадар жасур, журъатли, эзгу, одамохун, мунис қилади. Тасаввурни кенгайтиради, тахайюлга олам-олам майдон, шахсга эрк, қанот беради. Бекордан-бекорга ҳофизи қуръонларга ўз овози билан муқаддас Каломни зийнатлаш буюрилмаган.

Шунинг учун ҳам ҳофизи даврон ҳазрат Навоийнинг «Излаганлар излаганни саҳрои балодан изласин» мисрасини ёниб куйлаганда ғазал матни маъноларидан-да кенгроқ, қиёмат-қо­йим тасвири юракни ёриб, ҳаёт жаҳонномасидан ўтаверади.

Бу фазилат адабиётнинг донғил йўли насрда ноёблашиб, кам кузатиладиган бўлди. Ғарбда бунга чучмал, ортиқча нарса деб қарайдиганлар катта куч. Ва шунинг учун ҳам XIX, XX аср Ғарб, Амриқо насрининг сўзи совуқ, руҳни эзади. Кўнгил билан ҳисоблашганда Жойс, Кафка, Фолькнер, Камю каби жаҳоншумул ёзувчиларнинг насри қанча зўр бўлгани билан тинка-мадорингизни қуритиб, нафасингизни қисади. Сўзда ҳаво истайсиз, жумлада коинотни соғинасиз. Битикда куй, оҳанг, шеърият нашъасига очлик сезилади. Ҳартугул бу борада Ғарбга нисбатан Шарқнинг имкони ҳам, эҳтиёжи ҳам тош босади.

Узоққа боришга ҳожат йўқ, биринчи романчимиз Абдулла Қодирий асарларидаги ичкин оҳанг, мансур шеърият насрига куч, имконият, парвоз ва осмон ҳадя этган. Бу мусиқа, шеърият руҳи Чингиз Айтматов насрида ҳам мавжланади. Унинг илк асарларидан машҳур «Жамила» қиссаси даставвал «Куй» деб аталган.

Тоғай Мурод насри ҳам ана шундай шоирона. Унинг сўзи шеърият руҳи билан суғорилган. Бежиз адибнинг онаси «Сен шоир бўлмагунча, мен ўлмайман», деб мардона тилак билдирмаган экан. Тоғай Мурод асарлари туғма, куйланган сўз. Гиря қилинган наср. Ҳар бир имлоси, сўз қурилиши шеърий, ҳатто шеърий сатрлари, ўйноқи термалари, ташвиқ ва тароналари борки, бир йўла ҳам насрдан, ҳам назмдан баҳраманд бўламиз.

 

* * *

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасининг бир ўрнидаги эврилиш боисига ақл жавоб тополмайди. Бўри полвондай вазмин, паҳлавон кишининг Тамарахоним олдига келиб, тарона қилганда, ўзини билмай, ақли ҳушини йўқотиб, белбоғини ечиб гўзаллик ва қўшиқ пойига тўшайди. Ҳақиқатан ҳам куй, қўшиқ куйланаётган ҳолат фавқулодда ҳолат, чўққидаги харсангни кучли довул жарга қулатиши ҳеч гап эмасдай, одам руҳиятини ағдар-тўнтар қилишга кучи етади. Етук асарнинг одамни лол этадиган лаҳзаларни кашф этадиган синоатларидан биттаси бу.

«От кишнаган оқшом» асарининг ҳикоянавис қаҳрамони Зиёдулла кал — Зиёдулла чавандоз аслида ўланчи, бахши, ҳатто ҳаётда дўмбира сайратар оқин бир одам. У куйлаб-куйлаб, овозим етмай қолганда, дўмбира сотиб олдим деб, ўзининг ожизлигидан маъюс тортади. Бироқ бўлак ҳунарлари ўтмаганда достон айтиб одамнинг назарига тушишга уринади. Рости ҳам, куйлай билиш одамнинг кўрки, оламни жалб қила билишгина эмас, уни ўйлашга даъват қилиш ҳамдир.

«От кишнаган оқшом» қиссасининг услуби ҳам, руҳияти ҳам «Ўв, биродарлар», деб бошлаган илк иссиқ ҳароратли сўздан бошланиб, олис ва яқин замонга, чигал ва осойиш муҳитга бизни ҳайқириқ билан олиб кириб, жониворларга-да етказиб: «Аё Тарлон, сен менинг қиёматли биродаримсан!» деганча авжи сусаймай, савти юксалиб борган драматик, фожиий, ҳофизаси жуда кўлвор улуғ достондир.

Назаримда, ана шу достонларнинг энг сараси, энг оригинали, энг дардкашию энг ҳамдарди, таронаси, сўзи, муножоти энг баланди «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидир. Ундаги сўз, шеър, терма, ибораларнинг аксарияти ҳаётда бир марта айтилиб, бир умрга татийдиган қўшиқ матнидай туюлади. Бу қўшиқдаги инсон дарди дунёни кўриш назари, бу теградаги эътиқоди, амали ниҳоятда ўзбекона, халқнинг энг мардона фазилатларидан тикланиб, бир қўшиқ, бир дунё таассуротини беради.

Хусусан, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги аёлга сир эркак дунёси, эркакка тилсим аёл, қиз олами ҳиссий, фикрий басират кўзи билан чизиладики, ўзбекнинг ўзбекдан бошқа ҳис қилиш жуда қийин ор-номуси, бахт ва бахтсизлиги, ҳайвоний ва илоҳий феъл-атвори тиниқдан-тиниқ кўз очгандир.

«Ойдинда юрган одамлар» қўшиқ билан бошланиб, қўшиқ билан адоғига етган. Бу қўшиқ нақорати ҳар баҳор янгича келадигандай кўнглимизни умид ва янгиликка ўрайди. Унутилган ривоятларни фақатгина Айтматов ўз асарларида жонлантириб наср хаёлини, наср имкониятларини назм мавжлари билан кенгайтирмаган экан. Тоғай Муроднинг ривояти — қўшиқ ичида қўшиқлари, асар ичида асарлари хаёл ва ҳаётни, олам ва одамни, мозий ва келажакни бир нуқтада жамлаб тамаддундан қисилаётганимизда шарқона санъат обиҳаёти билан руҳимизни яйратади.

«Асл қўшиқ турганда мухаммас қўшиққа йўл бўлсин? Асл қўшиққа тараф йўқ!» Шу жумлада бутун борлиғи билан ошиқнинг қўшиққа, маъшуқанинг асл қўшиққа эврилганига гувоҳ бўламиз. Бунчалик гўзал ўхшатиш қилинганини қайси насрий асарда учратгансиз? Қўшиқ, асл қўшиқ. Улар айтган қўшиқлар дунёни гўзаллаштиради, дарди армони, осмони билан… Рост! Қўшиқ ҳеч қачон тинмас экан, кўнгил ҳеч қачон ўлмайди! Шоир адибнинг кўнгли шаҳиддир!

 

* * *

Асарлари назарга тушган адиб шахси ҳам эътиборда бўлади. Сўзи — адибнинг ўзи! Ўзи — адибнинг сўзи. Юлдузли онларда бу ўзликнинг басират кўзи очилади. Юракдаги кўзи чарақлайди. Лекин ўзи билан сўзи икки қутб эканлигини кўриб, ёқа ушлайсан. Азалий Қонун ўзгариб, сўз вақтинча алдаш ва вақтдан ютиш учун изғиб юрган фирибгар бўлдими? Ёлғон, ёлғон, фақат ёлғон сўзланаверади… Алдовлар ошкор бўладиган кун — Қиёматда бир-биримизнинг юзимизга қандай қарар эканмиз?! Кўзимиз кўзимизга тушганда чеҳрамиз ёриша оладими?!

Тоғай Мурод ростгўй эди. Хато бўлса-да, дилидагини тилига чиқарувчи эди. Меҳрини ҳам, нафратини ҳам тап тортмай билдиргувчи эди. Бу асарларининг ҳароратидан сезилади.

Адиб аввало сўзида туриши керак. Сўзга муносабати унинг шахсига ойна. Шоир Шукур Қурбоннинг бир хотираси ҳеч эсимдан чиқмайди: «Мен Тоғай билан шаҳарнинг бир чеккасидаги ижарахона эшиги олдида кечга яқин учрашмоқчи бўлдим. Аммо боролмадим. Вой, бу Афандини… Балки Шукур келиб қолар, деб ваъдалашган жойимизда тонггача мени кутибди».

Радиода ишлаб юрганимда Шукур акага таклиф қилдим: Тоғай Мурод билан бир суҳбат қилиб бермайсизми?

Шукур Қурбон олдимда адибнинг хонадонига сим қоқди. Туппа-тузук ҳол-аҳвол сўрашишди. Аммо радио учун суҳбатлашиш таклифини айтиши билан гўшакнинг у томонидан Шукур ака кутмаган бир довул эсиб, суҳбатдошнинг узун, қалин қошлари янада ўсиб кўз устига тушгандай бўлди. Бошини кўтарганда, юзи қизариб, кайфияти бутунлай ўзгариб кетганди. Гўшакдан эса тутақиб кетган бир овоз нафратини баралла айтаётгани эшитиларди. Биз ҳайрон бўлдик. Ҳатто Тоғай акадан бир оз хафа ҳам бўлдик.

Кейинчалик Маъсума опадан эшитсам, радионинг ўша пайт­даги бошлиғи «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи қўлёзмасини олганча, «Мен ўқимагунимча эфирга берилмайди», дея уч-тўрт ой судраб, адибнинг гўзал ва ҳақгўй сўзини ерга урмоқчи бўлади… Асл адиб мард бўлади. Номарднинг амали, кучидан ҳайиқиб ўтирмайди. Ҳамиша рост сўзини айтади. Тоғай Мурод асарлари йиллаб ётса-да, рост гапидан қайтмади, амалдорларга қуллуқ қилмади, улардан қўрқмади. Бу фазилатсиз асл адиб ҳеч қачон ўзини намоён эта олмайди. Қўрқоқ адибнинг сўзи эса сариқ чақага арзимайди!

«Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг қаҳрамони Қоплон: «Асл гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса ёлғон бўлади», дейди. Бу ниҳоятда қалби пок, меҳр-муҳаббати бетаъма кишининг самимий қараши. Бу — Тоғай аканинг ўз қараши. Шу билан одамни, миллатни қандай севиш кераклиги сирини очган. Одам муҳаббатсиз яшолмайди. Муҳаббатини изҳор этолмасдан ҳам яшолмайди. Тоғай Мурод асарлари ана шу муҳаббат бунёдидир. Шу муҳаббат изҳорининг хушбўй чаманзоридир. Қалбдан қалб­га айтиш йўлини топган, шу боис рост ва ёниқ кўнгил покликлари кўнгилни мафтун этади. Кўнгилни асир қилади. Адибга бошқа ҳеч бир шону шуҳрат, мартаба ва мақтов керак эмаслигини ўзим гувоҳ бир воқеа мисолида ҳам айтишнинг ўрни келди.

1993 йилда Ёзувчилар уюшмасида «Ёшлик» журналида эндигина чиққан Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романи муносабати билан бир тадбир ўтказиладиган бўлди. Кеча кутилмаган тарзда бошланди. Уни очмоқчи деб ўйлаганимиз таниқли бир адибимиз минбардан туриб: «Тоғайникига ўхшаган асарни биз ҳам ёза оламиз, ёзганмиз ҳам…» деди-да, даврани бошқариш ўрнига йиғилишни ташлаб, жўнаб қолди. У гўё шу билан йиғилишни «байкот» қилган, ҳамма тарқаб кетади деб ўйлаган, балки бу асар гаплашишга арзимайди, менинг фикрим шу, демоқчи бўлганди…

Аммо ундан бошқа ҳеч ким кетмади, бир зумлик карахтликдан кейин давра қайта жонланди, минбарда айтилиши учун фикрлар кетидан фикрлар навбатга турди. Аммо бу самимий юрак сўзларини маҳаллийчилигини енга олмаган, худбин ва ўзига бино қўйган ёзувчимиз эшитмагани каби Тоғай Муроднинг ўзи ҳам эшитгани йўқ. У йиғилишга таклиф этилганига қарамай келмаганди.

Тоғай ака рост гапни айтиб, эътиқодини баралла изҳор қилиб, дўст орттирган каби душманларини ҳам шундан кўпайтирганга ўхшайди. Чин дўстлари, ўзбек китобхони балки унга холис далда берган бўлса бордир, аммо моддий ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмагани аниқ, аммо сўнгги нуқтагача қайси содиқ ва вафодор дўсти унинг олдида турган экан… билмадим. Аммо душманлари инсонни шунчалик сева олиши ва миллатни шу даражада яхши билишини кўролмай куйиб-пишдилар-эй…

Энди ўша кибрли адибимиз «биз ҳам ёзганмиз» деган «Отамдан қолган далалар» ҳақидаги луқмаси ҳақиқатдан ҳам адолатданми? Афсуски, ўзбек турмушини бор-бўйи билан кўрсатишга уринган, имконияти энг улуғ жанр — роман дегулик асарлар адабиётимизда жуда оз. Қодирийнинг икки романи — икки юз йил наридаги ҳаёт мисолида чинакам ўзбекона фожиадан баҳс этади. Аммо унинг бош қаҳрамони Отабек савдогар, Анвар — мирзо, ХХ асрда энг узоқ давр зулмга маҳкум ўзбек қишлоғи, ўзбек деҳқони тақдири эса…

Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи унинг маънавий давомчиси, акс томони — янги шароитда Отабекнинг Мирёқубга эврилиши таассуротини ҳам уйғотади… Қодирий билан мусобақалашиб, ҳам ўн йил кейинги ўрганиш ва ўзлаштиришларни қўшиб Чўлпон реализмда бир қадам олға босган, кучайган психология, конкретлашган хаёлот орқали ўзбек романига янгиликлар киритган, уни шафқатсиз ва рангин ҳаётга яқинлаштирган эди… Аммо унинг иккинчи қисми қани? Беихтиёр хаёлга романчилигимиз йўлида янги довон — шу ўртада битилган «Сароб» келади-ю, тасвири, руҳшунослиги билан мафтун этса-да, ғояси дилга ғашлик солиб, миллий дард билан яшаганини ҳис қилмаймиз. Ундаги миллат дарди сиёсат ўлиги тагида кўмиб ташланган, гўё ўзбеклик сароб, у Саидийнинг ўлими, янада тўғрироғи, уни қатл этишга ҳукм этади.

Бу чўнг юрак ҳасрат кейин Ойбек дилига из солди. «Қутлуғ қон», «Навоий»… Улар ўзига хос, яхши романлар. Аммо ундаги ҳаёт… исканжага олинган, хуружлар тазйиқида қисилган манфур сиёсат қиличи тепасида нимага индамаса, «марҳамат қилса», шу тасвирга кўчган, холос…

Фақат 1988 йили ёруғлик юзини кўрган Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романида ХХ аср совет даври ўзбек ҳаёти нафаси уфуради. Бу асардагина эллик йил ўтиб, Чўлпондан ке­йин услуб ва сўзда ўзбек романида янгилик қилишга уриниш сезилади. Жиддий романларимизнинг «Лолазор» ҳажман энг кўламдори. Унда тирик, яшаган анча-мунча кишиларнинг ҳаёт каби бетакрор образи, қисмати, ўтмиши ва келажаги бор… Аммо бу асар ҳам миллатнинг катта қисми ҳақида эмас, балки ижтимоий ва маънавий ҳаётида қандайдир из солган, доғ қолдирган зиёлилар қатламини баҳоли қудрат тадқиқ этади…

Ва ниҳоят «Отамдан қолган далалар» романининг кўз очиши… Биз қулликка маҳкум этилган етмиш йил давомида ўзбекнинг манглайига ёзиб қўйилган битта ҳалол, эзилган ҳунари қолган эди — деҳқонлик. Биз ким бўлмайлик, қаерда туғилиб, қаерда яшамайлик, деҳқон, Ўзбекистон пахтазор эди. Деҳқонча ўйлардик, пахтанинг бўйича келарди фикрларимизнинг бўйи. Қулдоримиз ҳам пахта, ёлғон ифтихоримиз ҳам пахта… Шаҳарда, даст­гоҳ олдида ишласак ҳам, об-ҳаво яхши, йил ёғинли, серҳосил келсин, деб дуо қилар эдик. Аксариятимиз пахта дарди билан оғриб, шу дард билан қийратилаётган эдик. Аммо бу мавзуни ким романига биринчи марта тўлақонли асос қилиб олди? Тоғай Мурод. Ким ўша миллий руҳдаги, миллий дарди янгроқ ўзбекни, ХХ асрда қул бўлиб, қалбини йўқотган, ўзини бой берган ўзбек образини тиклаб бера олди? «Мен ўзбекка ҳайкал қўяман», деб бу ишга мардона бел боғлаган Тоғай Муроднинг Деҳқонқули тирик одам бўлди, ўзбекнинг дардидан нафас олди.

Албатта, «Отамдан қолган далалар», «Лолазор» романи каби полифоник эмас, турли услублардан, икки хил воқеа йўналиши ва шунга яраша тасвирлари мароми йўқ, ғарбона санъаткорликдан ҳам холи асар. Бироқ «Лолазор»да кўринмаган жуда кўп ўзбекона хусусиятлар бўртиб, таъсирлантириб кўзга ташланади.

Бир пайтлар Қодирий «Обид кетмон» повестини ёзиш ниятида от минганча деҳқонлар ҳаётини ўрганган эди. Аммо «Обид кетмон» шўро мафкурасининг буюртма асари бўлгани боис ҳам муваффақиятли чиқмади. Бироқ кўп адиблар стол қучоқлаб, асар ёзишни «дўндирган» замонда «Обид кетмон» тажрибаси — Қодирий ибрати Тоғай Муродга сабоқ бўлган, қолаверса, Обид кетмон номи Жамолиддин кетмон номини топишда Жамолиддин кетмон образини хаёлан тасаввур қилишга туртки бергандай туюлади.

Тоғай ака «Отамдан қолган далалар» романини ўтириб эмас, юриб ишлаб, Тошкентда эмас, Сурхонда ёзди. Туғма ижодкорликни, деҳқонча ижодкорликни яна тиклади.

Нега бизда бошқа ҳамма ишни йиғиштириб, ёзувчими ёзувчилигини қиладиган адиб йўқ даражада? Шу боис иқтидор бўлгани ҳолда ёзгани шунга яраша адиб кам, йўқ ҳисоби. Адиб Олёша ҳикматидагидек, ёзувчилик қисмат, ҳаёт-мамот даражасига етгандагина мўъжиза яратади…

…Ўзим ҳам ўн уч ёшдан пахтадаги ҳамма ишларни қилганман. Ҳатто самолёт дори сепадиган далада байроқ кўтариб турганман. Аммо булар инсон ҳаётига ҳалокатли эканлиги, одамни ўлдириш, энг армонли дардларга дучор қилиши мумкинлигини ўшанда қаердан билибман? Деҳқонқулнинг мактабдан пахтага чиқиши, дўсти Зиёднинг ўлими боғлиқ эпизодлар билан тўқнашганимдан кейин кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Мени ҳам ҳамқишлоқларим, қаттол тузум билиб-билмай ўлимга маҳкум этганини ҳис қилганимдаги даҳшатга тушганларим… Худо сақлабди, Худо! Худди шундай қанча-қанча Зиёдлар-чи? Пушти куйиб, ўзи ногирон, ҳеч қаерга исми сиғмаган бошқалар-чи?!

Оқин адиб Тоғай Мурод «Отамдан қолган далалар» романида қарийб чорак асрлик ўзбеклар ҳаётининг энг оғир чоғларини бор бўйи билан очади. Қаранг, боболаримиз ким эди? — Жамолиддин кетмон? Ақраб қўрбоши? Биз ким бўлдик? — Деҳ­қонқул! Бу бизнинг болалик ва катталик замонимиздаги оталик сийрати, ўзбекча майдалашиш, руҳан адо бўлиш манзаралари эмасми? Рости, ҳозиргача ўзбек деҳқони, деҳқонқуллик психологияси жиддий очилган «Отамдан қолган далалар» романидан ўтадиган бирор-бир жиддий асар ўқимадим…

Мен Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романини ўқисам, қишлоққа боргандай, ўзим терлаб ишлаган далаларимни кўргандай бўламан… Йиллар, замонлар ўтди, у одамлар кетди, кетмоқда, далалар қолгани каби «Отамдан қолган далалар» ҳам яшаяпти, яшайверади!

 

* * *

…Баҳор адоқлади. Кўклам оёғини чўзди. Қани кўксига гул-чечак таққан кунлар? Қани кўнгилга гўзал, алвон қадаҳ тутган лолалар? Пана-пастқамларда кечикиб очилган охирги лолақизғалдоқлар… Излаганда йўқ эди, энди одамлар тирикчиликларига уриб кетганда йўлга интизор қарайди. Жовдирабгина. Эрта-индин улар ҳам қовжирайди. Эрта-индин кўклам хаёли-да хотирадан кўтарилишга тушади. Нима қолади бизга… нима қолади биздан?..

«Задар, — дейди «Лўли» фильмида бир бағри ёниқ киши давраларига кириб келган алп йигитга, — дилингда борини сўйла, Задар, сен кетсанг, сўзинг биз билан яшайди!»

Рост гап! Cўзда яшаш имкони бор. Ҳақиқатнинг абадияти сўзда. Меҳру муҳаббатнинг, вафо ва садоқатнинг умри узоқлиги сўзда. Шу боисми момо ва боболарнинг дили чўғида пишиб, бизга етган сўзларнинг ажабтовур довюраклиги, ғаройиб оқиллиги, тасвирга сиғмас сийрати, аломат сеҳри, синоати бор. Чинакам шоир уларга ёниқ умр ато этади. Ҳақиқий адиб асарида улар бор қудратини намоён этади. Кўнгил шоҳлиги тахтига ўтиради.

Сўз ғам-ғусса, шод-хуррамлигини рационал айтишга имкон беради. Сўз одамларни уйғотадиган якка-ягона қўнғироқдир… Сўзлар бедор бўлади.

…Дарвоқе, оқин адиб, бахши шоир Тоғай Муроднинг илк ҳикоясидан сўнгги романи охирги жумласигача тилимиз балоғати, сўзимиз нафосатини кузатиш, томоша қилиб, мароқланиш мумкин. Тоғай Мурод миллатнинг боқий қадриятлари — инсонлик ўрни, ажиб урф-одатлари ҳимояси учун қанча хизмат қилган бўлса, унинг тили софлиги, жилоси, оҳанги учун бундан кам бўлмаган қатъийлик билан курашди.

У сўзларни заргар каби тўплар экан, ҳар бир ҳудуднинг сўзлари ўша жой одамларининг қалб коди — қулфи дили эканлигини исботлади. Шу боис шева сўзлар, лаҳжавий иборалар чирой ё безак учунгина эмас, руҳиятнинг очқичи бўлиб ёзганларига кирди. Хуржундан тушиб қолган тиллалар — сўзларни хазинага қайтарди.

Унинг насридаги ихчамлик хаёли кенг шеърият лўндалигидир. У тасвирда жуда кўп сўз кетадиган ҳолатни халқона бир ибора билан бериб, тасвири тасаввурга йўл очувчи шоир бўла олди. Унинг сўзлари бахшиёна сўзлар, куйловчи сўзлар. Руҳияти кенг, маъноси бепоён сўзлар…

Тоғай Мурод тузган жумлалар, айтган фикрларининг катта қисми ҳикмат бўлиб таваллуд топади. Машғулотлари маърифатгўйлик. Улар Тоғай Мурод мақоллари.

Билмадим, балки тажриба сифатида ўзини оқлар, балки уриниш деб баҳоланар, у сўзлар яратди. Ва XX аср ўзбек адабиётида бунчалик бўртиб кўзга ташланмас лисоний ўзгаришлар, лисоний экспромтлар қилди. Аксарияти китобхонни завқлантиради, эътиборини тортади. Қуруқ тилда ёзишга ўрганганларнинг ғашини келтиради…

Адиб бошқа тиллар тажовузида қисилган, эзилган адабий тилимиз дарди билан нафас олди. Даҳрий, худосиз жамият сургун қилган, бадарға этган, қатл-қатағон қилмоқчи бўлган тақводор сўзларни, ботини ёруғ, умри узоқ сўзларнинг ҳимоячиси, дўсти, ҳабиби каби асарларига олиб кирди. Бундан туркий ҳиссиётимиз жўш уради, туркиёна эркчи руҳиятимиз ҳаволанади.

«Юлдузлар мангу ёнади» қиссасининг бошида бир атама келади: «тўй хўжаси». Буни бошқа ном билан ҳам атаса бўладими? Мумкиндай. Матн мазмунига ҳеч қанақа путур етмайди. Аммо бу атама асар руҳи учун зарур. Миллатнинг асл эътиқодини эслатиш учун керак. У эллик йилдан буён оқ калтак, қора калтак қилинган «хўжа» сўзини олиб кириб, одамнинг фитрий идеалига эътиборни қаратади. Тоғай Муроднинг ишлатган аксарият рангдор, сермаъно сўзлари ана шу бош маъно учун хизмат қилади. Инсоннинг ўзлигини эсга солади. Дунёга нега келганлигини билдириб қўяди. Бу жуда катта ҳиммат. Бошқа бир асл адиб, ҳақиқатгўй шоирга туртки бериши билан янаям муҳим.

Худди шундай унинг асарлари орқали қалбга ўрнашган «ит йиқилиш», «қони тортди», «обтова», «чиғана», «ғужмоқи буғдой», «ҳанги», «чайла», «халачўп», «гардкам», «чориқ», «чўнқайма», «уччога», «аччиқ шапалоқ», «аёлбоз», «эркакзот», «чалдеворхона», «моча», «жуҳуди атлас», «дилбузар», «узанги йўлдошлар» каби минглаб тилимизда бор, лекин жуда кам ишлатиладиган бўлиб қолган тарзи аломат сўзлар, иборалар, назаримда, қафасда кенгликни, шаҳарда қишлоқни, мустамлакада мустақиллик хаёлини беради.

Тоғай Мурод сўзларининг имкони кенг. Калтафаҳм қарашлар сиқувида тожигу арабий деб ёзувда қўймай, халқ тилида барҳаёт кўпгина шева сўзлар — аслида тилимизни қувватлантириб, захирадаги аскардай адабий тилда ишсиз қолган уста сўзларга, лаҳжавий ибораларга меҳрли, қадрдон муносабатда бўлади. Уларнинг юлдуздай ёруғ, чўғ каби тафтли эканлигини кўрсатади. Бир маъносида қолган, аслида кўп маъноли сўзларнинг навбатдаги икки, учинчи, аслида аслига яқин маъноларини ишга солади. «Дўржи», «эб-эй», «шуйтиб-шуйтиб», «эмчакдош», «пошикаста», «бинойи», «мом», «мояк поянаги», «кади», «ҳамсоя-қўллар», «туз-намак», «галагов», «хушрўй», «мурдашўй», «хайла», «даст кўтармоқ», «лоппи», «говкалла», «домангир», «ҳароммағиз», «тенгсариб», «бадрабхона», «чалпак», «сағир», «бузмакор», «макиён», «айнам», «аззанча», «вахшимор» каби юзлаб сўзлар келадики, бири асрлар давомида аждодлар ўй-хаёлини кўтариб юрганлар, баъзиларини адиб озгина ишлов бериб, асл маънога хизмат қилдирган. Мисол учун, «Вахшивор»ни адиб «Вахшимор» деб тўғрилаб, маъноси асл аждаҳо илонлар макони эканлигини тиклайди…

Ҳолбуки, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»га кирмаган неча минглаб сўзларимиз йўқолиб боряпти, истеъмолдан чиқиб, унутилиб кетяпти. Нега уларни асраб қолмаяпмиз? Нега бошқа миллатларда аллақачон шаклланган, ўтмишда ўзимизда ҳам бўлган луғатлар тузмаймиз? Ахир, энди ҳеч ким бунга монелик қилолмайди-ку. Тилимизнинг бор кучи, сўзлари йиғилиб, китобларга муҳрлаб қўйилса, бундан фақат ютамиз. Ахир ҳар бир сўзда, ҳар бир миллатнинг фақат унинг ўзига хос руҳий жараёнлари, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти яшайди.

Тоғай Мурод асарларининг ўзи бир луғат. Уни тўплаб, шарҳ­лаб, чуқур изоҳлаб нашр қилинса, кўпгина унутилган сўзларимиз ёхуд воҳа ва водийларимиздагина ишлатилиб, маҳаллий бўлиб қолаёзган сўзларимиз адабий тилимиз хазинасини бойитиб, тилимизнинг кучига куч қўшади. Яна бир жиддий омил — адиб ясаган янги сўзлар тилимиз тароватига ёт, ҳуснига доғ, талаффузига беўхшов ажнабий сўзлар ўрнига тушиб, бу оғриқни муолажа қилиши турган гап. Мана, айримлари (Луғат тарзида келтирдик, кейингиси Тоғай Муродники).

Керосин — ер мойи;

Шамол тўсувчи — елпана;

Зажигалька — ёндиргич;

Шампунь — сочсовун;

Папка — жуздон;

Доска — битик тахта;

Сеялька — уруғ сепгич;

Лаб бўёқ — лолаб ва ҳоказо.

…Худди шундай, Тоғай Мурод сўзлаб туриб, сўзларни қайтара туриб, воқеа ҳаяжонини кучайтиради. Cўзларнинг маънодорлигини оширади. Сўзлар такрорлангани сари эзмалик қилмайди, балки қўшиқнинг нақорати, ғазалнинг шоҳ байти бир ички мусиқа мавжида маъно устига маъно, тасаввур қатига тасаввур индиради. Бироқ Тоғай Мурод ифодада кўпинча одатий ҳолларни синдиради, қонуний деб қаралган аслида маъносиз қотиб қолган сифатлашларни бузади. Шу боис бу ҳаракатлар бошқача жозиба касб этади, ғаройиб жаранглайди. Эҳтимол кимгадир эриш туюлиши ҳам мумкин.. Мутолаада ёд бўлиб қолган айрим ифодалардан: (ўйлади эмас) хаёлланди, қамчи (кўтарди эмас) ҳаволатди, (шўхлик қилмоқ эмас) шўхлашмоқ, (қайлиғиникига борди эмас) — қайлиқлаб борди каби бу гапларнинг кесими ўзгарганига гувоҳ бўламиз. Фазилатли томони ҳаракат — образли тасаввурга, ташбеҳга айланган, сўз лўндалашган. Янги шаклда янги маъно шундай — Тоғай Мурод насри­да туғилади.

Ҳатто Тоғай Мурод матнда кўпинча –га қўшимчасини тушириб қолдиради. Бу бошда ўринсиздай туюлади. Кишини дудуқлантиради. Нега бундай йўл тутди экан? Асл қандайдир қонунни адиб тикламоқчи бўлган? Мен бунинг нималигига ақлим етмади. Фақат шахс ўй-фикри, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини тил билан эмас, дил билан, қалб билан ўқишга одатландим… Китоб ўқиётиб қочган, ўзи билан ўзи гоҳи андармон бўлиб қоладиган хаёлим ҳушёрлашди. Бунақа матн тузиш эса ўзбек насрида учрамаган адабий ҳодиса.

Бир замондоши Абдулла Қодирийни шоирликни ҳавас қилиб, шоир бўлмай қолган, деган экан. Бу Қодирий насридаги шеърият мавжи ҳақидаги фикр ҳам. Қодирий эса шоир эди. Чунки Қодирий, Айтматов каби жуда катта қалбли адиблар асарларида сочилган минглаб туйғулар, юксак романтик хаёллар катта шоирларда ҳам сийрак учрайди. Шоирлик сўзни сўзга уриштириб, қофия қилиш эмас. Шоирлик — чинакам маънодаги ҳислар ва туйғуларни уйғотиш, инсоннинг жўшқин, ғамгин хаёлига эрк беришдир. У ижодкор қалбининг миқёси билан белгиланади.

Ҳар қандай шоирда адиблик истеъдоди бўлади. Лекин жуда камдан-кам адибда шоирлик иқтидори юзага чиқади. Тоғай Мурод ҳам худди шундай ижодкорлар сирасидан. Унинг ижоди том маънода шоирона. Мардона шеърият руҳи билан суғорилган.

Айниқса, унинг қиссаларида шеърларда-да кам учрайдиган сийрак фавқулодда ташбеҳлар гурас-гурас учрайди.

«Баҳор подасидан сут ҳиди келди…» Наср сифатида бу гапни шунчаки ўқийсиз. Аммо бу назм ўрнида киши қалбини сар­ҳуш қилади. Тасаввурни ишга солади. Ҳис-ақл биргаликда сўзлар ортидаги манзаралардан кўп ва хўп тасвирларни кўриб, руҳланади.

Ўзимнинг тасаввуримдан бир улуш:

Баҳор подаси — булутлар. Аммо баҳорда икки хил булутлар рўй кўрсатади. Бирдан осмонда кўриниб, ана-мана дегунча осмонни қоплаб олиб, сел қўйиб беради. Улар яйловга эндигина етиб, ўт-ўланга ёпириладиган қўй-қўзининг ўзгинаси. Баҳор подаси, ҳолбуки, сут ҳидини оқ булутлар эсга солади. Демак, биргина шеърий жумла — ташбеҳ Тоғай Мурод насри майдонини кенгайтириб ташлайди. Китобхон хаёлот уфқини очади. Икки, уч хил манзараларни бир йўла томоша қилишга имкон беради. Замин ва осмонга кўприк солади. Табиат ва жамият, инсон ва борлиқни сўз билан, шеър билан узвийлигини кашф этади. Кашф этиб тўлқинлантиради.

Адиб насридаги бундай сатрларни мен шеърдай ўқийман. Улардан шеърдек руҳланаман.

Уккағар қирлар ҳамон юксак-юксак…

Қишдан чопар келди.

Бу каби ташбеҳ, тасвир, баланд тўхтамлар энг қалтис муносабат нуқталарида, шунчаки ҳеч ҳам айтиб бўлмас ҳаёт шаф­қатсизликларини ҳам нафис, ҳам гўзал, ҳам орифона, ҳам дангал айтади-қўяди. Жуда дағал, фавқулодда фожиа, кутилмаган эврилишлар ҳам ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган халқона тарз­да кифти келтирилиб айтилар экан, бу чидовсиз воқелик дилбар йўсинда ҳам ақлга, ҳам ҳисга босимни бўлиб ташлайди. Дард шавқ ботинида туради. Мусибатнинг гўзал, бетакрор ифодаси эзилганга руҳ, тик боқиш имконини беради. Негадир Тоғай Мурод қаҳрамонлари оғир, фавқулодда лаҳзада «елкасидан нафас олади». Зиёдулла чавандоз отдан, Бўри полвон одамдан ҳеч қачон йиқилмайди — балки «юлдуз санайди». Чунки жўнгина «йиқилди» сўзида «юлдуз санаш» ҳолатининг реализми ва романтикаси қаердан бўлсин…

Тоғай ака табиатнинг ниҳоятда нозик кузатувчисидир. Аммо табиат шаклларини беҳудадан-беҳуда шунчаки ёзиб ўтирмайди. Қоғозни, қаламни асрайди, китобхон вақтини ундан ҳам. Лекин баъзида бир жараён шакли билан икки жараённи тасаввур қилдиртиради. «Ари уяси кунгабоқардай бўлди». Худди шу хабардан кейинги аксарият ўқувчи бу икки дунёдаги шаклан ўхшашликни сезиб қолади ва хотирасида нақшланади.

Ана шундай бир дунё ҳолатининг иккинчисига кўчиши, катталашиши моддий оламнинг ҳислашиши, ҳиссиётларни моддийлаштирилиши Тоғай Мурод сўзи, олами, тасвирини юза, ўрта чуқур қатламларини ҳосил қилади. Ҳам прозаик, ҳам поэтик асар сифатида мутолаа қилишга имкон яратади.

Эл чеҳраси чечак бўлди, эл кўнгли кўклам бўлди.

Отамиз баҳор оралади.

Отамиз қирларга сиғмай қолди.

Ҳикмат айтиш шоиру адибларнинг ҳаммасига ҳам насиб этмайди. Кўп адиблар воқеа андармони, кўп шоирнинг чираниши кайфият ҳаяжонидан ортмайди. Маърифат, ибрат сифатида улардан ўрганиш, юракка нақшлаб қўйиш қийин. Тоғай Мурод насрида ақллилик қилишни хаёлига келтирмаган кишиларнинг оддий гапи гоҳида ҳикматдай қуйма. Инсонга ҳақ йўлни кўрсатади, аччиқ, шафқатсиз ҳақиқатларни айтишдан қочмайди. Ана шу фазли билан янада қудратли, таъсирчан, дилбар, қадрдон бўлади.

«Эркакмисан — оёғида тик турган эркак билан олиш!» Қанчалик адолатли ҳакамнинг гапи.

«Ўз аслига тортмаган, ўз аслини унутган одам одам эмас!»

Хўш, қандай қилиб одам бўлиш мумкин? «Одам бўламан десангиз, эл гапига парво қилманг, аммо бепарво-да бўлманг».

Демак, адабиёт ҳеч нарса ўргатмайди, деганлар адашади. Балки тасвир танлови, қаҳрамонларнинг рост ўй-хаёлига кўра яхшиликдан дарс бериши мумкин. Шунчаки бетараф асар бўлиши мумкин эмас. Тафаккурда бетарафлик йўқ. Ё маърифат, ё жаҳолат. Боши бутун донишманд адибгина асл қарашларни ақллиликни даъво қилмай маълум қилади. Ўқувчисини тарбия­лайди. Китобхонини ўқитади. Шунинг учун ҳам Тоғай Мурод қаҳрамонлари донишманд миллатдошлар каби фикрчан кишилар, улар хаёлпараст эмас, фикри бутун одамлар. Оламга, теваракка тўғри, одил, маърифатли фикр сочадилар. Бу одамларнинг оддий қизиқиши замирида инсон усталиги, унинг меҳнати мўъжизаси ётибди. Мана, Зиёдулла калнинг фикрига қаранг: «Биродарлар, ёмон гап ракетадан тез юради, яхши гап тошбақадан секин юради». Шу теран қараши билан у дунёнинг манаман деган олимлари — ракета ихтирочиларидан ҳам муҳимроқ фикр, ҳақиқатни кашф қилади. Инсон ичкарисидаги тезлик ўлчови, яъни жаҳолат ва маърифатнинг тезлигини адашмай ўлчайди.

Руҳшунослик инсон қалбини ниҳоятда нозик англашдир. Тоғай Мурод ҳикматларида ана шу теран руҳшунослик, покиза бир ички кўз бор.

«Чин гаплар кўнгилда бўлади». Тоза кўнгил ҳақида бундан ошириб яна нима дейиш мумкин? Аллоҳнинг каломи ҳақ! Аллоҳ ҳеч нарсангизга қарамайди. Фақатгина қалбингизга қарайди. Бу бир-биримизга муносабатда мезон бўлиши керак!

«Бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади».

«Одам умидини йўқотиб тамом бўлади».

Тоғай Мурод ўгитлари, ҳикматлари икки дунё оралаб, бу ёлғончи дунё ҳудудларидан-да чиқиб кетган.

«Асл инсоннинг баҳосини ўлим беради». «Бу дунёга келдинг­ми? Энди яша. Тишни тишга қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша! Чидаб-чидаб яша! Яшашни чидаганга чиқарган. Бу дунёда ўлиб бўлмайди»!»

Армонсиз адиб, армонли инсон Тоғай Муродни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Бу миллат, бу тил бор экан, қиёмат қадар дийдорлашув, руҳият суҳбати, юрак гурунги давом этаверади. Дунёларда ўлим йўқ. Бир оламдан иккинчисига кўчиш бор, холос. Сафарингиз бехатар бўлсин, Тоғай ака! Омин!