Иброҳим Ғафуров. Ҳассос дарё

      Комментарии к записи Иброҳим Ғафуров. Ҳассос дарё отключены

Тоғай Муроднинг илк асарларини ўқиганда уларнинг кутилмаган поэзияси мени ўзига ром этди. Эсимизда, ўша асарлар дунёга келиб ўқилаётганда жуда кўпчилик ўқувчиларга ва қалам аҳлига бу кутилмаган поэзия шундай жуда чуқур таассурот қолдирган эди. Улар яқин-йироқ адабиётлар сарҳадлари ва уфқларига қараганда ҳам ўхшаши йўқ адабий-бадиий ҳодисалар эканлиги кўриниб турарди.

Грузинларнинг Пиросмани деган рассоми ўтган. Унинг суратлари худди жуда талантли болалар чизган суратларга ўхшайди. Буни примитивизм ҳам дейишади. Яхши маънода. Пирос­мани шу ўта одми суратларида грузиннинг қиёфаси, грузиннинг том шоирлиги, санъаткорлиги ва ўз-ўзига бўлган ишончини жуда ёрқин ва такрорланмас тарзда акс эттирган. Пирос­манининг Тоғай Муродга ҳеч алоқаси йўқ. Лекин Тоғай Мурод ҳам худди шу грузин рассоми каби такрорланмас, шоирона, ўзбекона ва халқонадир.

Тоғай Муродни ўқисангиз, одам дам-бадам тўлиб кетади. Йиғи. Завқ-шавқ… Илҳомга.

Тоғай Мурод бу – Тўполондарё. Уни мен дунёдаги энг чиройли дарёлардан бири деб биламан. Вой, бу дарёнинг шўхлиги! Вой, бу дарёнинг ўзига одамни сиғдирмаслиги! Бир кафт сув ололмайсиз! Бир зум оёғингизни роҳат тўлқинга сололмайсиз. Қўймайди! Шитоб билан оқизиб кетади. Чирпирак қилиб юборади. Лекин бутун Сурхон унинг боис гул-гул яшнайди, очилади, тириклик қўшиғини айтиб жар солади, нашъа суради.

Ниагара Америка диёрида шоирларни яратганми, яратмаганми, айтолмайман. Лекин Тўполондарё Сурхонда Тоғай Муродни яратган. Унга ўз шаддод шоирлигидан улуғ улуш ато этган. Мени бу икки улуғвор ҳассослик доим ҳайратга солади. Бу икки дарё бўйида доим одам ўзини бағри кенгайгандай, яйрагандай, дунёнинг таҳлил этиб бўлмас сирларига ошно бўлгандай сезади.