Ҳалима Худойбердиева. Тоғай Мурод дегани — тоғдай мурод дегани…

      Комментарии к записи Ҳалима Худойбердиева. Тоғай Мурод дегани — тоғдай мурод дегани… отключены

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Тоғай Мурод — фақат ижодкор, ёзувчигина эмас, ўтмишни чуқур биладиган ўткир кўзли тарихчи ҳамдир. Чунки унинг асарларини қўлдан қўймай ўқимоқдалар, ўқиш баробарида ўзларининг кимликларини чуқурроқ билмоқдалар, ўз илдизларини топмоқдалар, чуқурроқ инсонийлашмоқдалар.

Тоғай Мурод ҳақида Жасур Кенгбоев мана бундай ёзади:

«Ниҳоят бир куни Тоғай Мурод деган адибнинг «Отамдан қолган далалар»ини кўриб қолдим. Сотиб олдим. Романни ўқиб оромимни йўқотдим.

Халқимизнинг совет тузуми сиёсати юритган пайтидаги ночор, хўрланган турмуши, «бахтли ҳаёти» ҳақида тарих китоб­ларидан ўқигандим.

Аммо… бу даражада таъсирланмаган эканман. Халқимиз, миллатимиз бошига не-не қора кунлар тушгани, мен тенги болалар, ўқувчилар илк қадамини мактабдан эмас, пахта далаларидан бошлагани, жуда кўп аёллар, оналаримиз асардаги Зиёд ошнамнинг онаси сингари далаларда «Пахта уриб кетган болам-ай», дея фарёд чекиб ўтганини билиб олдим. Бир сўз билан айтсам, мен шу роман орқали кимлигимни тушуниб етдим! Ота-бобом ким эканини билдим!».

Шу ўринда машҳур америка адиби Эрнест Хеменгуэйнинг «Катта ёзувчи бўлиш учун худо берган 99 фоиз истеъдод билан биргаликда ижодкор оғир болаликни бошидан кечирган бўлиши керак», деган ниҳоятда тўғри хулосасини келтиришни истардим. Биз истаймизми-йўқми, асарнинг асосида ижодкорнинг бошидан ўтган воқеалар ётади. Айнан бўлмаса-да, воқеалар баъзан тўлдирилиши, умумлаштирилиши мумкин. Аммо асос ёзувчининг ўз кечинмалари бўлмаса асарлар бу қадар табиий чиқмас эди.

Тоғай шундай катта муаммоларни, дардларни қоғозга туширибдими, демак, ундан каттароқларини ўз бошидан, ўз қалбидан ўтказган. Тоғай, юракда шунча зил-замбил юкларни кўтариб, майин жилмайиб юришга қаердан куч топардингиз, дўстим!

Тоғай Мурод билан ёшларимиз яқин эмасми, бошдан кечган воқеаларни ҳам ўхшашлигини қаранг. Менинг онам Шарофат Хонназар қизи ўттиз беш ёшида, пахта даласида ўқариқдаги дориланган сувдан ичиб қўйиб вафот этганлар. Мен ўн беш йиллар олдин ёзган «Энамнинг айтганлари» шеърим ана шу бошимизга тушган мусибатли кунлар ҳақида эди.

 Энамнинг айтганлари

Ҳаёт қийин ҳаёт эди, ў болам-а,
Онанг тили новвот эди, ў болам-а.
Тирикликнинг бор юклари елкасида
Онанг аёл, ҳам от эди, ў болам-а.

Сизлар унинг боласига ўхшамайсиз,
Сочининг бир толасига ўхшамайсиз.
Азаларда ҳиқиллашдан нари ўтмай
Унинг йўқлов, ноласига ўхшамайсиз.

Ўриш, арқоқ йигирмоққа қўлингиз йўқ,
Ғамни бахтга ўгирмоққа тилингиз йўқ.
Базмларда бало борми сиполикка —
Наҳот бахтдан тарс ёрилгич дилингиз йўқ?

Онанг юрса қувонтириб юрди ерни,
Ҳамроҳ эмас, паноҳим деб ўтди эрни.
Бир куз… қув-қув… кўп йўталди, рентгенчилар
Гуллаб кетган ўпкасининг расмин берди.

Қушмиди-ей, яширди-я учганини,
Кўчиб кетди кўрсатмасдан кўчганини.
Куйиб кетдим, эшитганда, ўзи билмай
Ўқариқдан дорили сув ичганини!

Дил овлашда мерган болам, ў болам-а,
Дориларга берган болам, ў болам-а.
Ул гўшани супурибми турмоқ учун
Мендан олдин борган болам, ў болам-а…

Биз мозийда, яқин ўтмишда бошидан катта талофатли кунларни ўтказган жафокаш халқмиз. Бу кунлар қайтиб келмаслиги учун улар ҳақида сўзлаб, ёзиб авлодларга эслатиб туриш керак. Тоғай Мурод мана шу маънода қулочни катта ёзди. Қадамни катта қўйди. Бу кунлар ёддан чиқмаслиги, қайтарилмаслиги учун даҳо шоиримиз Шавкат Раҳмон айтганидек, миллатга Тоғай Муроддай «юзлаб овози тошларни ёрар куйчилар керак».

Шундай куйчиларнинг бири, эҳтимолки, шу саф сардорларидан бири сифатида у ўзининг суюкли халқи олдидаги масъул бурчини мардона адо этиб кетди.

1977 йил… Мен Москвадан таътилга келганимда уни жуда дилкаш қиёфада учратдим. Республика Радио биносининг олдида уч-тўрт ўртоқлари билан чақчақлашиб турган экан.

— Мана шу бармоқлар билан битилган сатрларингизни, — деди у қўлимни ўпиб китобини очиб кўрсатаркан, — китобимизга киритдик.

Ҳақиқатан ҳам, Тоғай менинг:

Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган ер,
Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган ер,

сатрларим билан бошланган шеъримни янги «Ойдинда юрган одамлар» қиссасига киритган экан.

Тоғай Мурод дегани — тоғдай мурод дегани, Кетганлигин хабари — фиғон, фарёд дегани,

Келганида одамдай қувонган, кетганида —
Одамдан баланд уввос кўтарган от дегани.

Бировларнинг дунёдан ўтганини баъзан одамлар сезмай ҳам қоладилар. Тоғай ўтганда эса… бир-бирига суйиб дилдорлик қилаётган ошиқ-маъшуқларнинг кўзларига ёш тўлди! Чап бериб бир-бирларининг елкаларини ерга теккизолмаётган полвонлар ҳолсизланиб, мунғайишди, қадларини ердан аранг кўтаришди. Отлар, айниқса Тоғай яхши кўрадиган Тарлонлар бир-бирларининг бўйинларига бошларини осилтириб, мўлт-мўлт кўзёш тўкавердилар.Узоқ сиқтаб-сиқтаб йиғладилар… Тоғай-эй, дўстим, Сиздай дунёни бошқача эркалайдиган, бошқача суядиган одамлар ҳам бехосдан дунёни армонда қолдириб ўтиб кетаверар эканда-а. Бундай вақтда қолганлар нима иш қилади? Қолганлар ҳам доғда қолганларини бирдан тушуниб одамларга қўшилиб, отларга қўшилиб, сиқтаб-сиқтаб йиғлайверади, йиғлайверади… то сокин тортиб, ўзларига келиб олгунча.

Одамлар-ов, кетар чоғда юракларни ларзага солиб, бор дунё­ни йиғлатиб кетиш ҳам ҳамманинг қўлидан келадиган иш эмас. Демак, Тоғайда бизнинг кўпчилигимизда йўқ нимадир бор эди-да…