Нурислом Тўхлиев. Армон

      Комментарии к записи Нурислом Тўхлиев. Армон отключены

Ўша пайтлар нуфузли ҳисобланган идорада ишлардим. Биров телефонда бир неча дақиқага қабул қилишимни сўради. У мен сиртдан яхши билган, саксонинчи йилларда қўлдан-қўлга ўтавериб, жилдлари титилиб кетадиган, баҳсу мунозараларга сазовор бўладиган асарлар муаллифи Тоғай Мурод эди.

Унинг «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» каби қиссалари ва ҳикояларини мириқиб ўқигандим. Айниқса, «От кишнаган оқшом»даги Тарлон лақабли отнинг жонли, сержилва тасвирларидан беҳад таъсирланган эдим. Адиб от образини шу қадар ҳаяжон ва меҳр билан, ишонарли қилиб ёзганки, беихтиёр Толстой асаридаги Холстомер, Айтматовнинг Гулсариси ёдингизга келади. Ўшанда ўзимизда ҳам айтматовлар етишиб чиқяпти экан, деб кўнглим ғурурга тўлган эди.

Дарҳақиқат, у тасвирда ҳассос рассом, сўзларнинг оҳангини теран англаб, ҳатто қаҳрамонларининг киприклари жарангини ҳам ҳис этиб, қоғозга тушира олишда гўёки бастакор, беназир адиб эди.

У ширали овози билан баралла, гоҳ ёниб, гоҳ ўртаниб, баъзан фарёд уриб, ўқувчиларини ҳам гоҳида ёндириб, гоҳида севдириб юрган қиличдай ёзувчи эди. Шу боис, унинг ўзи қўнғироқ қилиб, учрашувга изн сўраётганидан қувондим.

Орадан кўп ўтмай, хона эшигини ийманибгина очиб, полвон келбатли, одми кийинган, тўпоригина кўринишли (ундай дейишга тилинг бормайди, аслида бениҳоя нозик дидли) йигит кириб келди.

Суҳбат асносида у дабдурустдан:

— Ака, айтинг-чи, нима учун мени бу идорага йўқлаб қолишди? — деб сўради. — Оддий бир ёзувчи бўлсам, бошқалар билан, сиёсат билан ишим бўлмаса, мендан нимани сўрашлари мумкин? Мен бу вазиятда ўзимни қандай тутишим керак?

— Бу ерга ҳар қандай одамни ҳам чақираверишмайди. Балки асарларингиз ёқиб қолгандир, балки бирор тилак, истак билдириш учун яхши мақсадда таклиф қилишгандир. Аввало, яхши ният қилинг, — деб бироз далда бергандай бўлдим.

Биз қисқа, аммо илиқ, самимий суҳбатлашдик. Хонага руҳсиз кирган йигит кўнгли кўтарилиб, полвонларга хос гавдасига ярашган чаққонлик билан чиқиб кетди.

Орадан анча вақт ўтиб, акам яхши маслаҳатлар бериб, далда бўлиб, катта яхшилик қилди-да, деб мени алқаганини эшитдим. Кейинчалик ҳам яна бир неча кишига шундай гап айтгани қулоғимга чалинди.

Балки у ўша вақтда менга ўхшаган, уни тушунишга ҳаракат қиладиган маслакдош ака, инига жуда эҳтиёж сезгандир. Сабаби, у кўпчилик талант эгалари каби ёлғиз, ҳамма билан ҳам бирпасда киришиб кетиши қийин характерга эга инсон эди.

Йиллар оқиб ўтди. Тоғай Мурод катта ёзувчи бўлиб, элга танилди. Юксак унвонларга мушарраф бўлди. Унинг «Отамдан қолган далалар» романи жуда кўп шов-шувларга сабаб бўлиб, адибга шон-шуҳрат келтирди. Бу асар асосида Шуҳрат Аббосов кинофильм яратди.

Мен унинг ижодини кузатиб борар, эълон қилган ҳар бир асарини ўқир эдим. Унинг йил сайин асардан асарга ўсиб, улғайиб, қалами чархланиб бораётганидан қувонар, адиб билан учрашиб, дилдан суҳбат қуришни истардим. Адибнинг асарларини ўқиб, юрак қони билан ёзиб, маҳорат ила тасвирлаган образларидан таъсирланиб, изтиробга тўлиб-тошган, кўзидан дув-дув ёш тўккан мухлисларини кўрганман.

Ёзувчининг қаҳрамонлари дардли, бу армонли дунёга сиғмагандай эди гўё. Бироқ Тоғай Мурод асарларининг кучи ва жозибаси ҳам шундаки, уни ўқиганингиздан кейин ҳаётдан безмайсиз, балки унга янада меҳрли-муҳаббатли бўласиз. Тақдир зарбалари олдида бош эгмайсиз, аксинча, ўзингизни иродали, матонатли деб ҳис қила бошлайсиз. Мен нима учундир унинг қаҳрамонларини танигандай бўлардим, қишлоғимиздаги мен кўриб-учратиб юрган кишиларга ўхшатардим.

Доимо Тоғай Мурод билан кўришиш, суҳбатлашишни ўйлаб юрардим. Унда ҳам шунга эҳтиёж борлигини билардим. Аммо аксарият катта истеъдодлар каби Тоғай Мурод ҳам кўп яшамади. Бизни изтиробга солиб, ёлғончи дунёнинг ғавғоларига истеҳзоли жилмайиб, дўстлари, мухлисларини армонга қўйиб, чин дунёга кетди.

Адибнинг жанозасига борар эканмиз, шу каби ўйлар хаёлимдан кечди. У билан бирор марта ҳам тузукроқ суҳбатлаша олмаганимдан, унинг асарларидан олган ҳаяжонларимни айтиб, унга сиз зўр ёзувчисиз, халқимизнинг фахрисиз, деб айта олмаганимдан жуда ўкиндим.

Унинг изтиробли кунларида маънавий кўмак, мадад ва далда бера олмаганимдан чексиз афсусландим.

Инсоннинг табиати қизиқ экан! Гўёки икки аср яшайдигандек, баъзида хайрли юмушларни орқага суриб, бу ишни эртага ёки индинга қиларман, бугун жуда бандман деб, гоҳида иккинчи даражали юмушлар оғушида юрарканмиз. Бироқ маънан яқин, ўзи ёқтирган одамини йўқотганида, кеча нега унга яхшилик қила олмадим, нега уни тириклигида ардоқлай олмадим, дея надоматлар чекар экансиз.

Шоир билиб ёзган экан: «Кетди дўстлар, топ оёғин гардини», деб…

Тоғай Муроддан менга шундай маҳзун ва ёрқин хотиралар қолган…