Маҳмуд Саъдий. У — ҳамон саҳнада

      Комментарии к записи Маҳмуд Саъдий. У — ҳамон саҳнада отключены

Тоғай Мурод асл ёзувчи сифатида ўзининг илк қиссаси «Юлдузлар мангу ёнади» билан элга танилди. Қисса бирдан жамоатчиликни ҳайратга солди. Тўғри, унинг кейинги «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари биринчисидан юксакроқ турса-да, лекин Тоғайнинг бу асарини халқ бошқача қабул қилди. Назаримда, китобхонлар ана шундай янги, илҳом билан ёзилган кўтаринки, халқ руҳиятидаги асарга эҳтиёж сезаётган эди. Ўша кезлар мен «Гулистон» журналида ишлардим. Бир неча адабиётшуносларга Тоғай Муроднинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси тўғрисида тақриз ёзишни таклиф этдим. Биласизми, ҳеч қайси танқидчи асар хусусида жўяли бир гап айта олмади. Чунки бу қисса бошқача ёндашишни тақозо этарди. Тўғрисини айтишим керак, Тоғайнинг илк қиссаси адабий жамоатчиликни-да эсанкиратиб қўйди. Кўплар асар таҳлилига қўл уролмадилар. Бу ҳодисанинг ўзи, ана шу факт адабиётда янгилик, мутлақо янги асар пайдо бўлганидан далолат берарди. Яқинда бир мақолада қизиқ фикрни учратиб қолдим. «Адабиётда янгилик яратиш учун аввало тафаккурда, тушунчада янгилик бўлмоғи лозим», дейди муаллиф. Шундан келиб чиқиб, Тоғай Мурод асарларида ҳам янгича қарашлар борлигини таъкидлаш мумкин. Тоғай ўзининг илк қиссасидаёқ юрагидаги орзулари, армонлари халқнинг орзу-армонларига эш бўлиб кетганлигини намоён қилган. Ёдингизда бўлса, «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасида шундай гап бор: «…дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг ҳеч бўлмаганда битта спортини жаҳон миқёсига кўтарган. Биздан эса жаҳонга кўтарилган биттаям спорт тури йўқ.

— Бу ўзимизга боғлиқ» (77-бет).

Бу ўринда гап миллий курашимизнинг халқаро олимпиада мусобақаларига киритилишидагина эмас. Гап ҳамма халқнинг, жумладан, ўзбек халқининг ҳам жаҳонда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлиши ҳақида. «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасига ёзилган тақдим сўзи — аннотацияда асарга «кураш ҳақидаги китоб» қабилида таъриф берилган. Йўқ, бу асар фақатгина кураш ҳақида эмас, инсоннинг ори ҳақидаги китоб. Инсоннинг ғурури, инсоннинг нималарга қодирлиги ҳақида ёзилган мардона китобдир. Асарда ифодаланган ана шу туйғуларнинг бари бадиий тасвирланиб, ягона мавзу атрофида мужассамлаштирилади. Қаранг-да, ажойиб ҳолатни: бош қаҳрамон Бўри полвоннинг ўғли Тиловберди беллашувда қатнашиб турса-да, ота ўғлига ён босмайди. Бўри полвон мардлик қилади. Дунё азал-азалдан эзгулик ва ёвузлик курашидан иборат. Ана шу азалий кураш ғояси жаҳоннинг таниқли адиблари сингари Тоғай Мурод асарларининг ҳам замирини ташкил этади. Тоғайнинг нав­батдаги қиссаларини нашр этишда ҳам мен у билан кўп бирга бўлдим. У фикрида қатъий турадиган шахс сифатида ўзини намоён қилган эди. Агар ёзувчининг ўзи шахс бўлмаса, у яратган асарлар ҳам бирор қийматга эга бўлмайди. Тоғай Мурод асарлари унинг шахсини кўрсатиб туради. Тоғай Мурод орзулари мамлакатимиз ўз мустақиллигига эга бўлгандан кейин рўёбга чиқмоқда. Мана, миллий курашимиз жаҳон спорти даражасига кўтарилди. Бадиий адабиётнинг ижтимоий ҳаётга кўрсатган таъсирига яққол мисол бу.

Тоғай ҳар хил масалаларга ўзича, ўзига хос ёндашарди. Масалан, муҳаббатни олайлик. Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг машҳур «Жамила» қиссаси ёдингиздами? Ана шу қисса, тўғрироғи, муҳаббатдаги эркинлик талқини Ғарб ҳаётига жуда мос келган. Таниқли француз ёзувчиси Луи Арагон бу асарни французчада чоп эта туриб, «Муҳаббат ҳақидаги энг буюк қисса», деб таъриф берган. Албатта, Луи Арагоннинг гапида жон бор. Ғарб тушунчасига кўра, Жамиланинг муҳаббати, унинг бахт­га эришишдаги ҳаракатлари олқишланади. Лекин Шарқда эса аксинча, бу ҳол оқланмайди. Шу сингари «Жамила» қиссаси Қирғизистонда оғриқ билан қабул қилинган. Лекин Жамиланинг ўз бахти, муҳаббати йўлидаги ҳаракатларини қоралаб бўлмайди. Шунга қарамай, Шарқ барибир Шарқ-да!

Тоғай Мурод асарларида эса муҳаббат талқини бошқачароқ. Унда муҳаббат ўз халқи руҳиятидан, қалбидан келиб чиқади. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини ёдга олинг-чи. Асарда тасвирланган муҳаббат — жуда буюк муҳаббат. Жаҳон маънавияти тарихига назар солайлик: қаердаки ахлоқсизлик бўлса, ахлоқ бузилса, ўша ерда маънавият таназзулга юз тутади. Тоғай Мурод асарлари эса одамларни покиза, ахлоқли бўлиб яшашга ундайди. Ушбу қисса қаҳрамонлари Оймомо билан Қоплон фарзандлари бўлмаса-да, бир-бирларини севиб ардоқлаб, эъзозлаб яшайдилар. Дунёда яшашдан мақсад нима? Аввало, кишининг ўз суянадиган таянчи — дардкаш одами бўлиши керак. Ўзбек тилида икки бир-бирига яқин сўз бор: суяниш ва суялиш. Дунёда суяниш мумкин бўлган одамлар кўп, аммо суялиш мумкин бўлганлари кам. Ҳаммага суяниш мумкин: суяниб турган кишингни йўқотиб қўйсанг, йиқилмайсан, ўзингни тутиб оласан. Бироқ суялиб турган одаминг ўзини сендан олиб қочса, йиқилиб чоҳга тушасан. Оймомо ва Қоплон сингари одамларга суяниш ҳам, суялиш ҳам мумкин. Уларнинг фарзандлари бўлмаса-да, бир-бирларига суяниб бошқаларга ўрнак бўлиб яшайдилар. Дили дардли одамлар уларга ҳамдард бўладилар. Машраб дейдики, «Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама». Дилида дарди бор кишилар Қоплон ва Оймомонинг муҳаббат қиссасини ўқиганда қалбан юксалади, ўзлигини англай бошлайди.

Тоғай Муроднинг адабиётда ўз йўли бор эди. XX аср ўзбек адабиёти ривожига Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом сингари Тоғай Мурод ҳам ўзининг катта улушини қўшди. У мумтоз адиб сифатида ўз асарларини таҳрир қила оларди. Алишер Навоий, Пушкин, Гоголлар ана шундай бўлган. Бир куни Тургеневдан сўрабдилар: «Ўз асари­н­гизга ўзингиз баҳо бера оласизми?» Жавоб шундай бўлибди: «Йўқ, мен Гоголмидимки, ўз асаримга ўзим баҳо бера олсам».

Ҳақиқий ёзувчи ўзини ўзи баҳолай олади. Тоғай Мурод ҳам ўз асарларига ўзи баҳо бера оларди. Тоғай ҳеч бир асарига мукаммал деб қарамаган. У қиссаларини тинимсиз таҳрир қилар эди. Таҳрир қилганда ҳам яхши томонга ўзгартирган. Одатда, бадиий асардаги ҳар қандай таҳрир китобхонга маъқул келмайди. Унинг илк таассуротларини чалкаштириб юборади. Тоғай Муродда эса мана шу нуқсон учрамайди. Агар Тоғай ҳаёт бўлганида асарлари таҳрири устида ҳали кўп ишларди. Бизга янада мукаммал бадиий асарлар тақдим қилар эди…

Ҳа, у ана шундай буюк ёзувчимиз эди. Назаримда, Тоғай сира ўлган эмасдай, орамизда яшаётгандай. Аслида ҳам шундай, у бизнинг орамизда, у асло ўлган эмас.

Тоғай Мурод ҳамон саҳнада!